Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:42

Ўзбекистон келажакда ўз сунъий йўлдошини учирмоқчи


Ўзбекистон келажакда ўз сунъий йўлдошини учиради. Бу ҳақда Ўзбекистон инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Халқаро пресс-клубнинг жума кунги сессиясида маълум қилди.

“Бу олдимизда турган стратегик йўналишлардан бири. Сабаби бизда аэрокосмик тадқиқотлар йўқолиб кетган эди. Давлат раҳбари ўз мурожаатномасида ҳам бу ҳақда жуда тўғри айтди. 25 йил давомида бу соҳада фаолият олиб бормадик ва аэрокосмик ҳудудимизда бизда эгалик йўқ. Шундан келиб чиқиб, бу соҳада ҳозир стратегик режалар ишлаб чиқиляпти, қўйиладиган энг катта қадамлардан бири – яқин вақтлар ичида ўзимизнинг сунъий йўлдошларимизни учирамиз. Ўзбекистоннинг аэрокосмик ҳудудида сунъий йўлдошларимиз бўлади", - деди вазир.

Ўзбек мулозимига кўра, сунъий йўлдошнинг учирилиши натижасида телевидениедаги узатишлар, интернет тезлиги ошади.

Марказий Осиё давлатлари орасида Қозоғистон ва Туркманистон ўз сунъий йўлдошига эга.

Қозоғистон 2006 йилда Россияда ишлаб чиқарилган КАЗСАТ 1 аталмиш сунъий йўлдошни, Туркманистон эса “Turkmen Alem 52°E” сунъий йўлдошини 2015 йилда АҚШнинг Канаверал космодоромидан учирган эди.

XS
SM
MD
LG