Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:36

Спорт суди россиялик 45 спортчининг апелляциясини рад этди


Спорт соҳасидаги энг юқори суд 45 нафар россиялик спортчининг апелляциясини рад этди. Энди улар Олимпия ўйинларида қатнаша олмайди.

Спорт соҳасидаги энг юқори суд 45 нафар россиялик спортчи ва 2 нафар тренернинг апелляциясини рад этди. Энди улар Жанубий Кореянинг Пёнгчанг шаҳрида бўлиб ўтаётган Қишки олимпия ўйинларида мусобақалаша олмайди.

– Россиялик спортчилар ва тренерлар берган аризалар рад этилди, – дейилади Спорт арбитраж суди (САС) 9 февраль куни тарқатган баёнотда.

Суднинг билдиришича, спортчилар унинг мажлисини “камситувчи, ўзбошимча ва адолатсиз ўтгани” деб топмагани сабабли аризалар рад этилди.

Ушбу қарор бугун Қишки олимпия ўйинлари очилиши маросими бўлиб ўтишидан бир неча соат олдин кучга киради. Қишқи Олимпиада 25 февраль куни ниҳоясига етади.

Декабрь ойида Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) россиялик спортчиларнинг Қишки олимпия ўйинларида ягона команда бўлиб мусобақалашишини тақиқлаган эди. Бунга 2014 йилги Сочи олимпиадаси вақтида давлатнинг олимпиададаги допингдан фойдаланишга қарши кураш тизимини “мисли кўрилмаган тарзда манипуляция қилгани”ни сабаб қилиб кўрсатилди.

Ҳалқаро олимпия қўмитаси вакили САС қароридан сўнг баёнот бериб, “биз допингдан фойдаланишга қарши курашни дастаклайдиган ва барча спортчиларнинг ундан холи бўлишига хизмат қиладиган қарорни олқишлаймиз”, деб айтди.

– Қарор бошқача бўлиши мумкин эмас эди. Қонунбузарлик бўлган ёки бўлмаганидан қатъи назар, таклиф этиш формуласи ўта мураккабдир. Аризаларни кўриб чиқиш тартиби шаффоф эмас, айни ҳол томошабинлар наздида ташкилотга обрў келтирмайди, – деди Россия бош вазири ўринбосари Виталий Мутко.

ХОҚ қонида допинг борлиги аниқланмаган 169 нафар россиялик спортчини бетараф байроқ ва “Россиянинг олимпиада спортчилари” деган ном остида мусобақалашишга таклиф қилди. Шундан сўнг САС россиялик спортчилар юборган бир неча апелляцияни кўриб чиқди ҳамда 169 спортчи қаторида бўлмаган 28 спортчи апелляциясини қондирди.

Бунга уларга қўйилган айбловлар исботланмагани сабаб қилиб кўрсатилди. Бироқ ХОҚ уларни Қишки олимпия ўйинларига таклиф қилишни рад этди. Қўмита айбловлар исботини топганини айтиб, спорт судини танқид қилди.

Бугун эрталаб САС яна олти нафар россиялик спортчи ва етти нафар техник ходимнинг аризасини кўриб чиқишни суд тартиби нуқтаи назаридан рад қилди. Айтилишича, суднинг бундай ишларни кўриб чиқишга ваколати йўқ.

“Хушхабар”

Ариза берувчи спортчилар орасида чанғичилар, биатлончилар, бобслейчилар, конькида югурувчилар, ҳоккейчилар ва фигурали учувчилар бор.

Россия Бобслейчилар ташкилоти раҳбари Сергей Пархоменко давлатга қарашли ТАСС ахборот агентлигига, “САС қароридан ҳафсаламиз пир бўлди, бундай қарорнинг сиёсий сабаблари бор, яхшиликка умид қилган эдик, лекин кутганимиз бўлмади”, деб айтди.

АҚШнинг камида 2 нафар спортчиси россияликларни олимпиада ўйинларидан четлатиш тўғрисидаги қарорни мақтади, аммо умуман олганда ушбу масаланинг кўриби чиқилиши эътиборни чалғитиш бўлганини айтди.

АҚШнинг скелетон бўйича ветерани Жон Дали, россияликларга мусобақалашиш имкони берилмаслиги керак, тўрт йил давом этган хатти-ҳаракатлар “масхарабозлик”дан бошқа нарса эмас, деди.

АҚШнинг аёллар скелетон командаси аъзоси ва Сочидаги мусобақада бронза медали совриндори, россиялик Елена Никитинадан сўнг тўртинчи ўринни олган Кэти Юҳленде россияликларнинг апелляцияси кўриб чиқилмаганини “хушхабар” деб атади.

Никитина тақиқни бекор қилиш тўғрисидаги аризаси рад этилган 45 спортчининг биридир, энди унга мусобақаларда қатнашишга рухсат берилмайди.

XS
SM
MD
LG