Линклар

Шошилинч хабар
19 июн 2018, Тошкент вақти: 17:16

Меҳнат муҳожирларини Ўзбекистондан Россияга ташувчи автобус қатнови очилади


Россиядан автобусда қайтаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари

Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги тез орада меҳнат муҳожирларини Ўзбекистондан Россияга ташувчи автобус қатнови йўлга қўйилишини маълум қилди.

Sputnik нашрининг вазир ўринбосари Зокир Умаровга таяниб хабар қилишича, бу борада президент қарори лойиҳаси ҳозирланган ва тез орада ҳужжатнинг қабул қилиниши кутилмоқда.

Бунга қадар президент Мирзиёев фармойиш бериб, тегишли давлат идораларини Ўзбекистон ватандошлари кўп қатнайдиган йўналишларни аниқлаб, автобус қатновини йўлга қўйиш бўйича топшириқ берган эди.

Меҳнат вазирлиги расмийсига кўра, ҳозирча Бухоро вилоятидан Россияга мунтазам автобус қатнови, шунингдек, Қозоғистон орқали Россияга қатновчи янги поезд рейсларини очиш ва поездларга қўшимча вагонлар улаш масаласи кўрилмоқда.

Меҳнат вазирлиги мулозими автобус қатнови тез орада йўлга қўйилиши, бунинг учун президент қарори даражасидаги бир неча қўшимча ҳужжат қабул қилиниши кутилаётганини билдирди.

Россия ИВВ берган маълумотга кўра, ҳозирда бу давлатдаги жами мигрантларнинг 10 фоизи ёки 1 миллионга яқинини ўзбекистонликлар ташкил қилади. Ўзбекистонликрларга Россияда ишлаш учун берилган жами рухсатнома - патентнинг ярми (765 мингтаси) расмийлаштирилган.

XS
SM
MD
LG