Линклар

Шошилинч хабар
10 декабр 2018, Тошкент вақти: 01:21

Норвегиядаги глобал уруғ омборидаги ўсимликлар сони 1 миллиондан ошди


Норвегияда жойлашган экин уруғлари сақланадиган «охират» омборидаги ўсимлик турлари сони 1 миллиондан ошди. Лойиҳага 10 йил олдин асос солинган бўлиб, унинг мақсади жаҳондаги экинларни табиий офатлардан сақлашдир.

«Экинларнинг Нуҳ кемаси» деб номланган Глобал уруғ омбори Норвегияга тегишли Шпицберген (норвегча Свальбарг деб аталади) архипелаги оролларидан биридаги тоғ ичида жойлашган. Омборда 4,5 миллиард уруғ сақлаш мумкин.

Душанба куни омбор ўзининг 10 йиллигини нишонлади. Глобал уруғ омборига ҳар йили дунёнинг турли бурчагидан ҳосил олиш учун экиладиган ўсимликлик уруғи юборилади.

Уруғлар Норвегияда сақланса-да, улар юборган давлатга тегишлидир. Бу давлатлар исталган пайтда уруғларни омбордан олиши мумкин.

Вақт синови ҳамда табиий ва одамлар сабаб бўлган офатларга бардош бера оладиган омбордаги уруғлар сони душанба куни 1 059 646 га етди.

Норвегия қишлоқ хўжалиги вазири Жон Жорж Дейл:

- Ушбу эшикдан бир миллиондан ошиқ уруғ мангу сақланиш учун ўтишини мамнунлик билан эълон қиламан, - деди.

Омборда ҳозирда 967 216 экин уруғи бор, чунки Суриянинг Ҳалаб шаҳридаги тўқнашувлар тугаганидан кейин, маҳаллий уруғларни қайта етиштириш учун айрим навлар мамлакатга қайта юборилди.

Ҳозирда жаҳон бўйлаб экинлар турлари сақланадиган 1 700 омбор бор. Аммо уларнинг кўпчилигига уруш ва табиий офат таҳдид солади.

Шимолий қутбдан 1000 километрча масофада жойлашган Шпицберген архипелагида 2 300 одам яшайди. Олисда жойлашган ушбу ороллар экин уруғлари омбори қуриш учун идеал жой ўлароқ танланган.

XS
SM
MD
LG