Линклар

Шошилинч хабар
13 декабр 2018, Тошкент вақти: 18:11

Зайд Раад ал Ҳусайн Ўзбекистоннинг Инсон ҳуқуқлари кенгаши аъзоси бўлиш ҳаракатини қўллади


БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий Комиссари Зайд Раад ал Ҳусайн.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий Комиссари Зайд Раад ал Ҳусайн Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашига аъзо бўлиш интилишини қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

“Газета уз” нашрининг билдиришича, бу борада Зайд Раад ал Ҳусайн Ўзбекистон адлия вазири Русланбек Давлетов ва Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори Акмал Садиов билан Женевада Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг 37- сессияси доирасида бўлиб ўтган учрашув пайтида билдирган.

26 февраль куни кенгашнинг 37-сессиясида чиқиш қилган Русланбек Давлетов Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига 2021—2023 йиллар оралиғида аъзоликка сайланиш ниятида эканини маълум қилган эди.

Учрашув чоғида Ўзбекистон ва БМТ ўртасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама қилинган.

Январь ойида Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий Комиссарлиги бошқармасига юз минг доллар миқдорида маблағ ўтказиб бериши маълум қилинган эди.

ЎзАнинг билдиришича, бу ҳақда Шавкат Мирзиёев кўрсатма берган. Аввалроқ БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий Комиссари Зайд Раад ал Ҳусайн Тошкент ҳукуматини бошқарма бюджетига ихтиёрий бадал тўлашга чақирган эди.

Зайд Раад ал Ҳусайн 2017 йилнинг 10-12 май кунлари Ўзбекистонга иш сафари билан келган ва инсон ҳуқуқларига оид вазиятни ўрганган эди. Ҳусайн Ўзбекистонга ташриф қилган БМТнинг энг биринчи комиссари бўлди.

Сўнгги бор 2007 йилда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича ўша кездаги Олий комиссари Луиз Арбурнинг Ўзбекистонга бориш тўғрисидаги мурожаати расмий Тошкент томонидан рад этилган эди.

XS
SM
MD
LG