Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:08

Россия ТИВ матбуот котибаси амалдаги депутатни шилқимликда айблади


Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котибаси Мария Захарова машҳур депутатни шилқимликда айблади. Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котибаси машҳур депутат Леонид Слуцкийни шилқимликда айблаган яна бир аёл бўлди.

Ғарб матбуоти сўзларидан тез-тез иқтибос келтирадиган матбуот котибаси Мария Захарова 10 март куни, бундан 5 йил муқаддам депутат “Леонид ресторанда менга жуда ноқулай сўзларни гапирган”, деб айтди.

– Мен ўша ердаги одамлардан ҳайрон бўлдим... ўша пайтда лом-мим дейишмади, менинг ёнимни ҳам олишмади, – деди у Россиянинг НТВ телеканалига.

Айтишича, кўнгилсиз воқеа беш йил олдин содир бўлган пайтда у "машҳур эмас эди”.

Мен, “нега энди шу гапларни энди айтяпти, буларнинг барчасини ўйлаб топган”, қабилидаги гапларга мутлақо қаршиман. – деди у.

Захарова депутатни шилқимликда ошкора айблаган уч журналист аёл қаторига қўшилди.

Уч аёл – RTVI телеканалининг муҳаррир ўринбосари Екатерина Котрикадзе, “Дождь” ТВ продюсери Дарья Жук ва Би-Би-Си Рус хизмати мухбири Фарида Рустамова – яқинда Слуцкийни шилқимликда айблаган эди. Уларга кўра, депутат ўзларига нисбатан қўпол хатти-ҳаракатлар қилган, ўпмоқчи бўлган ва нозик жойларига қўл югуртирган.

50 яшар Слуцкий ноқонуний хатти-ҳаракатлар қилганини инкор этиб, айблаётган аёлларни судга бериш билан таҳдид қилди. Бироқ негадир 8 март куни Фейсбукдаги саҳифасида улардан узр сўради. Ўша кун Россия ва бошқа мамлакатларда Халқаро Хотин-қизлар куни сифатида нишонланади.

“Байрам муносабати билан кимнидир истаб ёки истамай хафа қилган бўлсам, кечирим сўрайман, – деб ёзди Слуцкий. – Ишонинглар, мен бу ишни ёмон ниятда қилганим йўқ”.

Мухолифат етакчиси Алексей Навальний Слуцкийни депутатликдан кетишга даъват қилди. Президентликка номзод Ксения Собчак ва яна бир неча фаоллар Давлат Думаси биноси олдида якка норозиликлар уюштирди.

Навальний журналист аёллар билан бирдам эканини айтиб, Давлат думасининг Халқаро алоқалар қўмитаси раиси Слуцкийни “жирканч депутат” деб атади. У яна айбланаётган Слуцкийни ҳимоя қилиб чиққан бошқа депутатларни ҳам танқид қилди.

– Слуцкийни ёқлаётган ва ҳимоя қилаётганлардан қўрқиш керак,– деб ёзди Навальний вебсайтида. – Слуцкий шилқимлик қилиш билан одамларни хафа қилиб, таҳқирлайдиган жирканч одамгина бўлиб қолмасдан, қаллоб ҳамдир.

Навальний Слуцкийни коррупцияда айблади. Мухолифнинг билдиришича, у бекларча яшайди, қонуний йўл билан торпаётган пули бунақа ҳаёт тарзига етиши даргумон, уни Думадан “шармандаларча ҳайдаш керак”.

Президентликка номзодлар орасида ягона журналист бўлган Собчак Давлат Думаси олдида “Депутатлар, бизга керак эмассиз!” деган плакат билан норозилик билдирди.

Собчак президентликка номзод ва Либерал демократик партия (ЛДПР) раҳбари Владимир Жириновскийни Слуцкийни “ҳимоя қилаётганлик”да айблади, чунки Слуцкий ҳам унинг партияси аъзосидир.

XS
SM
MD
LG