Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:00

OzodDayjest: Қашқадарёда сел бутун бошли оила ҳаётига зомин бўлди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Қашқадарёда сел пайти ҳалок бўлган ватандошларга оид янги маълумотлар эълон қилинди. Олтинкўлда болалар ўлими ва юқумли касалликлар кўпайган. Наманганда 100 ни қоралаган уруш фахрийси ҳукумат ғамхўрлигидан бебаҳра қолган.

_____________________________________________________________

Қашқадарёда сел пайти бутун бошли оила нобуд бўлди

Қашқадарёда 14 майга ўтар кечаси рўй берган сел оқибатида 5 киши ҳалок бўлгани хабар қилинган эди. Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг матбуот нашрларига маълум қилишича, Чироқчи туманининг Юқори сариқамиш қишлоғида яшаган Г.Мухторова ёғингарчилик кучайган пайтда қўрққанидан 3 фарзандини олиб, қайнотасиникига йўл олган. Аммо адирдан ўтаётганда сел келиб, она ва болаларни оқизиб кетган. Шунингдек, Лолабулоқ қишлоғида яшовчи, 1990 йилда туғилган М.Норқораевани ҳам сув оқизиб кетган. Китоб тумани Юқоричил қишлоғида яшовчи 60 яшар Нишон Шамсиев Сағноқ дарёси бу қадар тошганига илк бор гувоҳ бўлганини айтган. 20-30 куб сув сиғимига эга дарё сатҳи тошқин натижасида 100 кубдан ошган. Қайд этилишича, 13-17 май кунлари кузатилган кучли ёғингарчилик ва сел оқибатида кўплаб ватандошларнинг чорва моллари нобуд бўлди, томорқа ва уйлари ҳамда ҳудудлар инфраструктураси жиддий зарар кўрди.

Олтинкўлда болалар ўлими кўпайган, юқумли касалликлар ортган

Андижон вилояти Олтинкўл туманида ўтган йили бир ёшгача бўлган болалар ўлими ортди (“Ҳуқуқ”, 24 май). 2017 йили ҳудудда 2 нафар она ва 55 нафар бола ўлими қайд этилган. Туман прокурори ўринбосари Аваз Рустамовга кўра, чақалоқларнинг 18 нафари пневмония, 10 нафари туғма нуқсон, 22 нафари бошқа сабаблар билан вафот этган. Масалан, Н.Ҳабибуллаев ҳомила ички инфекцияси, пневмония ва мия ишемик шикастланишидан олти кунлигида нобуд бўлган. Аҳоли ўртасида юқумли касалликларга қарши кураш бўйича чоралар ҳам самара бермаган. Биргина вирусли гепатитнинг “А” тури 43,8 фоизга ортган. Болалар ўлими ва юқумли касалликлар ортиши сабаблари очиқланмаган. Қайд этилишича, тиббиёт тизимида аниқланган қонун бузилишлари юзасидан прокурор назорати чоралари қўлланган.

Наманганда 100 ёшли уруш қатнашчиси ҳукумат ғамхўрлигидан бебаҳра қолмоқда

Наманган шаҳри “Қадамжо” маҳалласида яшовчи Абдуллажон ота Йўлдошев Иккинчи жаҳон урушида қатнашиб, орденлар олганига қарамай, уруш фахрийларига кўрсатиладиган моддий ва маънавий рағбатлардан бебаҳра қолмоқда (“Даракчи”, 24 май). 1919 йилда туғилган отахон 1939 йили Коварейский полкида ҳарбий хизматни ўтаган, хизмат тугамасидан биринчилардан бўлиб урушга юборилган ва 2-ўқчи полкида жанг қилган. 1941 йилнинг июнида оёғидан яраланиб, даволанишга қайтарилган. А.Йўлдошев 1948 йилда ҳарбий комиссариат рўйхатига олинган, ўтган йиллар давомида орден ва кўкрак нишонлари билан тақдирланган. Аммо кейинги йилларда ҳукумат томонидан уруш қатнашчиларига кўрсатилаётган ғамхўрликдан Абдуллажон ота бебаҳра қолаяпти. Отахоннинг фарзандлари турли идора ва ташкилотларга мурожаат қилган, аммо мутасаддилар ушбу ҳолатга масъулиятсизлик билан қарамоқда.

XS
SM
MD
LG