Линклар

Шошилинч хабар
20 июл 2018, Тошкент вақти: 02:09

АҚШ фуқароси Зокир Алиев конституциявий тузумга тажовузда айбдор деб топилди ва жарима билан озод қилинди


Зокир Алиев

4 июль куни Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди асли чироқчилик АҚШ фуқароси Зокир Алиев устидан ҳукм чиқарди.

Алиевнинг Озодликка билдиришича¸ маҳкама судланувчини Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 159-моддаси 1-қисми (конституциявий тузумга тажовуз қилиш) ва 244-2-моддаси 1-қисми (диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш)да кўзда тутилган жиноятларни содир этишда айбдор деб топган.

Айни пайтда¸ суд “инсонпарварлик ва адолат” тамойилларидан келиб чиқиб¸ судланувчининг кейинги 18 йил давомида жиноий фаолият билан бошқа шуғулланмаганлигини инобатга олиб¸ Алиевга жиноят содир этилган пайтдаги энг кам иш ҳақининг 600 баравари миқдорида жарима тўлаш жазоси тайинлаган. Бу жарима миқдори¸ Алиевга кўра¸ 1 миллион 50 минг сўмни ташкил этган.

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси берган виза асосида июнь ойи бошида яқинларини кўриш учун Ўзбекистонга келган Алиев¸ 16 июнь куни Қашқадарë вилояти Чироқчи туманида ДХХ ходимлари томонидан қўлга олинган¸ аммо 22 июнь куни озодликка чиқарилган эди.

Бу воқеа юзасидан ДХХ эълон қилган расмий баëнотда¸ “Ўзбекистон ислом ҳаракати”нинг бошқа аъзолари берган кўрсатмаларга асосан, диний-экстремистик ва террористик фаолиятни амалга оширгани учун 2005 йилда ДХХ тергов бўлимлари томонидан З. Алиевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159, 223 ва 2442-моддалари бўйича 646-сонли жиноий иш қўзғатилган”и хабар қилинган эди.

XS
SM
MD
LG