Линклар

Шошилинч хабар
22 сентябр 2018, Тошкент вақти: 02:34

Туркманистон: Чегарада бўлган отишмада камида 20 нафар туркман чегарачиси ҳалок бўлди


Иллюстратив сурат.

Афғонистон-Туркманистон чегарасида камида 20 нафар туркман ҳарбийси ҳалок бўлди. Бу ҳақда Озодлик радиоси туркман хизмати маълум қилди.

Хабарда айтилишича, воқеа бундан уч ҳафта аввал Афғонистоннинг Бадғис ва Туркманистонинг Мари вилоятлари чегарасида содир бўлган. Ҳалок бўлган туркман чегарачиларининг жасадлари темир тобутларда яқинларига топширилган.

Озодлик радиоси туркман хизмати ҳалок бўлган ҳарбийларнинг шахси бўйича маълумотларга эга экани, бироқ хавфсизлик нуқтаи назаридан уларнинг исмини эълон қилмагани ҳақида ҳам ёзган.

Хабарда билдирилишича, чегарада Афғонистондан гиёҳванд моддалар олиб ўтмоқчи бўлган гуруҳ туркман чегарачиларига ҳужум қилган. 6 соат давом этган отишма пайтида ўнлаб чегарачи яраланган, 25 нафарга яқин чегарачи ҳалок бўлган.

Туркманистон махсус хизматлари ҳалок бўлганларнинг яқинларига “бўлиб ўтган воқеа ҳақида оғиз очиш”ни тақиқлаб қўйган.

Туркман-Афғон чегарасида бўлиб ўтган отишма тўғрисида ҳар икки давлат ҳукумати расмий билдирув берган эмас.

Озодлик радиоси туркман хизмати мазкур хабарни тарқатганидан сўнг ҳукуматга қарашли Turkmenportal агентлиги уни инкор қилди.

XS
SM
MD
LG