Линклар

Шошилинч хабар
18 январ 2021, Тошкент вақти: 21:56

АҚШ сенатори Россия президенти ва унинг “мафия” ҳукуматини кескин қоралади


Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров АҚШ Конгресси делегацияси билан 3 июль куни учрашди.

Ўтган ҳафтада Республикачилар партияси аъзоларидан иборат Конгресс делегацияси сафида Россияга сафар қилган АҚШ сенатори президент Владимир Путинга ишониб бўлмаслигини айтиб, Москва билан иш олиб боришни “мафия билан иш юритишга” қиёслади.

9 июль куни сенатор Жон Кеннеди журналистларга Россия ҳукумати “Америка сайловларига бурнини суқишни тўхтатиши” кераклигини таъкидлади.

Кеннеди россияликларни ноябрь ойига белгиланган АҚШ сайловларига яна аралашадиган бўлишса, ҳозирги кунгача жорий қилинган санкциялардан ҳам кучли санкцияларга дучор бўлишлари ҳақида огоҳлантирганини қўшимча қилди.

Кеннеди, шунингдек, русларга Украина ва Қримдан чиқиб кетишни ҳамда уларга ўз келажакларини ўзлари ҳал қилишларига йўл очиб беришни айтганини таъкидлади.

Бундан ташқари, сенатор Москвани Суриядаги “қинғир ишларини” бас қилишга чорлаган.

Кеннеди олти республикачи сенатор ҳамда Вакиллар палатасининг бир аъзоси билан 30 июндан 4 июлгача Россияга амалий сафар билан борган эди.

Кейинги йилларда Россиянинг Украина ва Суриядаги ҳаракатлари ҳамда бошқа давлатлардаги сайловларга аралашуви туфайли Москва ва ғарб давлатлари ўртасидаги алоқалар совуб кетган.

АҚШ президенти Дональд Трамп ва Россия президенти Владимир Путин 16 июль куни Хельсинкида илк маротаба саммит ўтказиши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG