Линклар

Шошилинч хабар
22 январ 2021, Тошкент вақти: 02:52

Трамп: АҚШ-Россия муносабатларининг аҳволи ҳақида гапирди


АҚШ делегацияси Хельсинкида

АҚШнинг Россия билан муносабатлари ҳозиргидай “ҳеч қачон бу қадар ёмон бўлмаган” ва бунинг учун айб узоқ йиллар АҚШ зиммасида бўлиб келди. Бу фикрини президент Трамп Твиттерда Россия президенти Владимир Путин билан Хельсинкида ўтадиган учрашуви арафасида билдирди.

Трамп яна бир бор “жодугар ови” кетаётганидан зорланди. У 2016 йилги президент сайловига Россиянинг эҳтимолий аралашувини тергов қилинишини шу ибора билан атайди. Унинг фикрича, ўша вақтдаги президент Барак Обама бу аралашувга муносабат билдирмаган, энди эса оппонентлар Трампни Россия билан “тил бириктириш”да айбламоқда.

Душанба куни эрталаб Трамп Финляндия президенти Саули Ниинисте билан учрашди. Унинг Путин билан учрашуви, Оқ уй режасига кўра, маҳаллий вақт билан 13.20 да (Москва вақти билан бир хил) бошланади. Президентлар бир ярим соат яккама якка мулоқотда бўлади, шундан сўнг уларга делегация аъзолари қўшилади.16.50 да қўшма матбуот анжумани бошланиши керак.

Жаҳондаги иккита ядро қуролига эга йирик давлат раҳбарининг музокораларида тарихда биринчи марта кун тартиби белгиланмади. Трампнинг Путин билан суҳбатида Украина шарқидаги вазият, Қрим Россия томонидан аннексия қилиниши атрофидаги ҳолат муҳокама қилинади. Бундан ташқари музокараларда Суриядаги вазият ва Эрон муаммоси муҳокама қилиниши мумкин. Ядро қуроллардан ҳоли қилиш ва ядро қуролларни тарқатмаслик билан боғлиқ муаммолар ҳам муҳокамалар мавзуси бўлади. Трамп сайловларга аралашиш билан боғлиқ масалани кўтариб чиқишини ҳам тасдиқлади.

2016 йилги сайловларда Трампнинг рақиби бўлмиш демократ Хиллари Клинтон Россияда ниҳоясига етган футбол бўйича жаҳон чемпионатига урғу берар экан, АҚШ президенти “қайси жамоада ўйнайди” деган савол билан чиқди.

Аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп Россия президенти Владимир Путин билан 16 июлда Финландия пойтахти Хельсинкида ўтадиган илк музокаралардан катта натижаларни кутмаётганини айтган эди:

-Албатта, учрашувдан ёмон натижа чиқмайди, балки бирор яхши натижага эришармиз. Лекин мен учрашувдан катта натижалар бўлишига умид қилмаяпман, мен учрашувга айрим кичик-кичик умидлар билан кетаяпман, -деди Трамп CBS News телеканалига Шотландиянинг Тернберри курортида туриб берган интервьюсида.

Учрашув чоғида Трамп АҚШда 2016 йилда ўтказилган президентлик сайловига аралашганликда айбланаётган 12 нафар россиялик жосус масаласини ҳам кўтаришини айтди.

АҚШ президенти Путиндан уларни Вашингтонгга топширишни талаб қилиш тўғрисида ўйламаётганини қистириб ўтди. Кремль АҚШ президентлигига сайловга аралашгани тўғрисидаги маълумотларни инкор қилиб келади.

Дональд Трамп Daily Mail газетасига 14 июль куни берган интервьюсида Россия президенти Владимир Путин “шафқатсиз инсон бўлса керак”, деб айтган эди.

XS
SM
MD
LG