Линклар

Шошилинч хабар
18 октябр 2018, Тошкент вақти: 05:43

Эрон Форс кўрфазида ҳарбий машқлар ўтказмоқда


Эрон Форс кўрфазида йирик ҳарбий машқларни бошлаб юборди. Бу машқлар АҚШ Эронга қарши қайта жорий қилган санкциялар кучга киришидан бир неча кун олдин бошланди.

2 август куни АҚШ расмийси Reuters агентлигига берган интервьюсида машқларда 100 дан ошиқ кема қатнашаётганини айтди.

Бошқа бир АҚШ расмийси AFP агентлиги билан суҳбатда машқларда қатнашаётган кемалар асосан кичик ҳужумчи қайиқлардан иборат эканлигини айтди.

Эрон ҳарбий-денгиз кучлари одатда кузда машқ ўтказишини эътиборга оладиган бўлсак, ўтказилаётган машқлар билан Эрон Вашингтонга ўз кучини кўрсатмоқчи эканлигини хулоса қилиш мумкин.

Май ойида АҚШ Президенти Дональд Трамп Вашингтон Теҳрон ядровий дастури бўйича Эрон ва жаҳоннинг қудратли давлатлари ўртасида 2015 йил имзоланган келишувдан чиқишини ва Теҳронга қарши санкциялар қайта жорий қилинишини эълон қилган эди. Натижада икки давлат ўртасидаги алоқалар янада ёмонлашди.

7 август куни санкцияларнинг айримлари кучга киради. Санкциялар қайта жорий қилиниши ҳақидаги хавотирлар Эрон иқтисодига салбий таъсир кўрсатмоқда. Жорий ҳафтада Эрон пул бирлиги риал нархи мисли кўрилмаган даражада тушиб кетди. Натижада айрим шаҳарларда норозилик намойишлари бўлиб ўтди.

Хабар қилинишича, Теҳрон, Исфаҳон, Шероз, Машҳад ҳамда Аҳвоз шаҳарларида тушиб бораётган риал ва ошиб бораётган инфляцияга қарши намойишлар бўлиб ўтмоқда.

XS
SM
MD
LG