Линклар

Шошилинч хабар
13 декабр 2018, Тошкент вақти: 15:50

Тожикистон ички ишлар вазири Ислом давлатидан огоҳлантирувчи драматик асар ёзди


Ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзоданинг ёзувчиликка ҳам уқуви бор кўринади.

Тожикистон ички ишлар вазири сўнгги ойлардаги расмий учрашув ва нутқларида Ислом давлати (ИД) экстремистик ташкилоти хавфидан қайта-қайта огоҳлантириб келмоқда. Айни дамга келиб, Рамазон Раҳимзода ИД сафига кириш инсон ҳаётини барбод, оиласини эса пароканда қилиши тасвирланган драмани саҳнага олиб чиқмоқчи.

“Она юраги” драмаси ИД жангариси бўлган ўғлини Ватанига қайтариш учун Сурияга борган тожик аёли ҳақида ҳикоя қилади.

Раҳимзода ёзгани тахмин қилинаётган пьеса 5 август куни Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси ва маданият вазири ҳам қатнашган аъёнларга намойиш этилди.

Унинг премьераси 13 августда Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳридаги давлат драма театрида бўлиб ўтади. Пьесадаги бош ролни ветеран актриса Марям Исоева ижро этмоқда.

Бугунги кунда ИД Тожикистондаги “қайноқ” мавзуга айланди. Давлат идораларига кўра, 2014 йилдан буён камида 1200 киши ушбу экстремистик ташкилот сафида жанг қилиш учун Сурия билан Ироққа йўл олган.

ИД 29 июль куни ғарблик велосипедчиларга уюштирилган ҳужум учун масъулиятни зиммасига олди. Бироқ ҳукумат ушбу қотиллик ортида фаолияти тақиқланган Тожикистон ислом уйғониш партияси (ТИУП) турганини иддао қилмоқда. Ўша ҳужум чоғида 4 нафар муҳожир ўлдирилган эди.

Раҳимзода ушбу қотиллик учун айбни – ҳали тергов ҳам ўтказилмай туриб – ТИУПга тўнкаб қўя қолди. Ушбу партия авторитар раҳбар Эмомали Раҳмон бошқараётган ҳукуматга мухолифат ҳисобланади.

ТИУП ҳукуматнинг айбловини “шармандали ва ғайримантиқий” дея рад қилди.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги Сурия билан Ироққа ўз ихтиёри билан кетган, аммо жиноятларга қўл урмаган Тожикистон ватандошларини ортга қайтариш бўйича ишлаб чиқилган давлат дастурининг асосий ижрочисидир.

Президентга аталган шеърлар

Асли касби ветеринар ва ҳуқуқшунос бўлишига қарамай, 58 яшар Раҳимзоданинг ёзувчиликка ҳам уқуви борга ўхшайди.

Сўнгги йилларда у “Ниҳоний” тахаллуси билан Тожикистон ОАВда кўплаб шеърлар чоп эттирди.

Вазирнинг айрим шеърлари президент Раҳмонга бағишланган. Қолганлари Роғун электр станцияси ёки отларнинг инсон ҳаётидаги ўрни сингари турли мавзулардадир.

Унинг очиқ хушомаддан иборат “Миллат пешвоси мақтови” деб номланган қасидасида президент “шаҳаншоҳ”, “миллат халоскори”, мамлакат “ютуқлари” сабабчиси ва унинг “келажаги кафили” деб улуғланади.

Раҳмон Марказий Осиёдаги энг қашшоқ мамлакатни 1992 йилдан бери бошқариб келади. Мамлакатда ишсизлик оммавий тус олган. Шу сабаб унинг 1 миллиондан ошиқ ватандоши иш излаб, Россияга чиқиб кетган.

Ушбу Раҳмонни улуғловчи шеърни машҳур хонанда Сурайё Қосимова икки қизи ва куёви билан қўшиқ қилиб куйлади.

Раҳимзоданинг ўтган йили полициячилар ва Ички ишлар вазирлиги бошқа ходимларига ойига камида бир марта театрга тушиб туришга буйруқ бергани шов-шувга сабаб бўлган эди.

XS
SM
MD
LG