Линклар

Шошилинч хабар
15 август 2018, Тошкент вақти: 23:45

Медведев АҚШнинг янги санкцияларини “иқтисодий уруш” эълон қилиш деб атади


Россия бош вазири Дмитрий Медведев

Россия бош вазири Дмитрий Медведев, агар Қўшма Штатлар Россия банклари ёки муайян валютадан фойдаланишни тақиқлаш тўғрисида санкциялар жорий қиладиган бўлса, расмий Москва буни “иқтисодий уруш эълон қилиш” деб ҳисоблашини айтди. Унинг фикрича, Россия бунинг учун “иқтисодий, сиёсий ва зарур бўлса, бошқа воситалар билан” жавоб қайтаради.

Медведев 10 августда АҚШ янги санкциялар туркумини жорий этишни эълон қилганига жавобан шундай кескин гапни айтди. АҚШ парламенти аъзолари Росиянинг бир қанча давлатга қарашли банклари амалиётини ва улар АҚШ долларидан фойдаланишини чеклаш бўйича қўшимча таклифларни илгари сурмоқда.

Медведев тафсилотларга берилиб ўтирмади, аммо у “бошқа воситалар” деганда, Россия ҳарбий куч ёки урушнинг бошқа шакли, масалан, киберҳужумлар уюштириши мумкинлигини назарда тутган бўлса ажаб эмас.

“Дўзахий санкцияларга оид қонун лойиҳаси”

Медведев эслатиб ўтган потенциал санкциялар ҳақидаги қонун лойиҳасини иккала партияга мансуб сенаторлар 2 август куни Сенат муҳокамасига киритди. Улар орасида республикачи сенатор Линдсей Грэҳем ҳам бор. Грэҳемнинг айтишича, қонун лойиҳаси тарафдорлари “президент Владимир Путинга АҚШ сайлов тизимига аралашишни ва унинг инфратузилмасига киберҳужумларни тўхтатмагунча, қўшинларини Украинадан олиб чиқмагунча, Сурияда бошбошдоқлик келтириб чиқаришга уринишларни бас қилмагунча Россияга қарши қақшатқич санкциялар ва бошқа чоралар қўллайвериш”ни истайди.

Грэҳем “дўзахий санкцияларга оид қонун лойиҳаси” деб атаган қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ёки қилинмаслиги ҳали аниқ эмас.

АҚШ Конгресси сентябргача Вашингтонга тўлиқ таркибда қайтмайди. Конгресс аъзолари ёрдамчилари ушбу қонун лойиҳасининг тўлиқ қабул қилиниш эҳтимоли камлигини айтмоқда.

“Америка хафсизлигини Кремль тажовузидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси тақдим этилгандан сўнг орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас, яъни 8 август куни шов-шувларга сабаб бўлди. Россияннг “Коммерсант” газетаси унинг тўлиқ деб аталаётган матнини эълон қилди.

У чоп этилиши билан Россия пул бирлиги рублнинг қадри тушиб кетди. 8 август куни унинг қадри янада пасайиб, сўнгги икки йилдаги энг паст нуқтага етди. Бунга АҚШ Давлат департаментининг Россияга қарши янги санкциялар жорий этилиши хусусидаги баёноти сабаб бўлди. Янги санкцияларга эса жорий йил мартида Англияда собиқ рус жосуси Сергей Скрипаль ва қизининг Совет Иттифоқида ишлаб чиқарилган асабни фалажловчи “Новичок” моддаси билан заҳарлангани туртки бўлди.

Ўша баёнотда санкцияларнинг илк туркуми 22 август куни кучга кириши кутилаётгани айтилмоқда. Улар электроника, назорат-текширув қурилмалари, газ турбинаси агрегатлари сингари АҚШнинг илғор технологиялари ва саноат ускуналарига дахлдор бўлади.

Санкцияларнинг иккинчи туркуми қамрови биринчисидан кенгроқ бўлади. Фақат улар қўлланмаслиги учун Москва 90 кун ичида бундан буён кимёвий қуролларни қўлламасликка “ишонарли кафолат” бериши, БМТ ва бошқа халқаро кузатув ташкилотларига улар қўлланган жойда текширув ўтказилишига рухсат этиши ҳамда АҚШнинг бошқа талабларига жавоб қайтариши керак бўлади.

Кремль матбуот котиби Дмитирй Песков янги санкцияларни “мутлақо номақбул” ва “ноқонуний” деб атади.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги воизи Мария Захарова Қўшма Штатларни Россияни “олабўжи” қилиб кўрсатишга уринаётганликда айблади. У Москва “ушбу ғайридўстона хатти-ҳаракат”га жавоб тайёрлаётганини айтди, аммо айнан қандай жавоб эканини очиқламади.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG