Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:33

Муллалар Лениннинг синган қўлини таъмирлаб қўйишди


Таъмирланган Ленин ҳайкали
Таъмирланган Ленин ҳайкали

Жанубий Тожикистондаги Шаҳртус тумани жомеъ масжиди имомлари Ленин ҳайкалининг синиб кетган қўлини тиклади ва қор-ёмғир ва қуёшдан қорайиб кетган коммунистлар доҳийси ҳайкалини бўяб чиқди.

Улар бу амал ихтиёрий равишда ва одамлар жамлаган хайр-эҳсон пуллари ҳисобига ижро бўлганини айтади.

Мусулмон руҳонийлари коммунистлар пешвосининг атеистик қарашларини ҳамиша танқид қилиб келган.

Шу боис, баъзилар имомлар босим остида ёки туман ҳукуматининг фармони билан Ленин ҳайкалини таъмирлаган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Мажбурийми ёки ихтиёрий?

Шаҳртус тумани ҳокимининг муовини Меҳринисо Ражабзода 4 сентябрь куни Озодлик билан суҳбатда “бу иш руҳонийлар томонидан ихтиёрий равишда бажаралга”ни айтди.

“Ўзлари келиб, ҳайкални таъмирлаб, унинг атрофини тозаладилар. Ҳозир ҳайкал атрофидаги фаввора ҳам ишга тушди ва бу жой жуда гўзал бўлди,” - деди у.

Шаҳртус тумани расмийларининг айтишича, туман ҳокими Рамазон Оймаҳмадзода жомеъ масжиди имомларини мақтаб, "улар Ленин руҳини шод этдилар" деган.

“Одамларнинг хайр-эҳсон пуллари”

Исмини ошкор этмаслик шарти билан Озодлик билан суҳбатлашган Шаҳртус туманидаги бир имомнинг айтишича, ҳафтада жомеъ масжидида 1000 сомонийга яқин ёки тақрибан 100 АҚШ доллари миқдорида пул жамланиб, бу пуллар ободончилик ишлари учун сарфланади.

Унинг қӯшимча қилишича, ўтган ҳафта жамланган пуллар коммунистлар пешвоси ҳайкалини тиклаш ва ҳайкал атрофини обод қилиш учун сарфланган.

Шаҳрус тумани марказий жомеъ масжидининг имоми Исомиддин Муродов масжидларда хайр-эҳсон пуллари жамланганини тасдиқлади, аммо Ленин ҳайкалини таъмирлаш мавзусида суҳбатлашишни истамади.

Шаҳртус туманида имомлар томонидан Ленин ҳайкали таъмирланар экан 2016 йили туман расмийлари коммунистлар пешвосининг 4 метрли катта ҳайкалини марказий бозордан Обшорон жамоатига олиб борганди.

Ҳозирга қадар бу ҳайкал бирон жойда ўрнатилмаган ва аста-секин тўкила бошлаган.

7 йил олдин Владимир Лениннинг энг катта ҳайкали Хатлон вилоят марказидан олиб ташланган эди.

Ҳозир Лениннинг катта ҳайкали фақат Норак шаҳрида сақланиб қолган.

Совет Иттифоқи даврида Ленин ҳайкаллари Тожикистонинг шаҳар ва туманлари марказини безиб турарди.

Мустақиллик даврида Ленин ҳайкали ӯрнини Исмоил Сомоний, Рӯдаки ва Мавлави ҳайкаллари олди.

Ленин ҳайкалини олиб ташлаш ҳаракатлари 1991 сентябрида бошланиб, бу ҳодиса коммунистларнинг Душанбе шаҳрида норозилик намойишларига боис бўлган эди.

Баъзилар фикрича, айни шу ҳодиса Тожикистонда ички урушнинг бошланишига замин яратганди.

XS
SM
MD
LG