Линклар

Шошилинч хабар
18 август 2022, Тошкент вақти: 02:53

ОАВ Жамол Хашогги ҳақида нималарни айтмаяпти?


Туркия Хашоггининг Саудия элчихонасида ўлдирилгани тасвирлари борлигини айтмоқда.

Араб дунёси ва Ғарб жосуслик хизматлари билан 30 йил қалин ҳамкорлик қилган саудиялик диссидент ва “Washington Post” газетаси шарҳловчиси Жамол Хашогги ушбу мамлакатнинг Истанбулдаги консуллигига кираётиб, ҳаётини қанчалик хатарга қўяётганини билар эди. Лекин собиқ хотини билан ажрашгани тўғрисидаги гувоҳномани олиш ундан муҳимроқ кўринди.

Бир пайтлар режимга хизмат қилган Хашогги бирдан Саудия қироллиги раҳбари бўлган валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмоннинг танқидчисига айланиб қолди.

Маълумки, қироллик танқидга умуман тоқат қилмайди. Хашогги мамлакатида мустақил овозлар бўғилаётгани сабабли ўтган йили Вашингтонда ихтиёрий қувғинликда яшади.

У Ғарбнинг Яқин Шарқ бўйича шарҳловчилари эркатойи бўлган. Твиттердаги икки миллиондан ошиқ издошлари билан араб дунёсининг энг машҳур сиёсатшуноси Британия ва Қўшма Штатлардаги ахборот телетармоқларининг кунда-шунда меҳмони эди. Наҳотки саудияликлар уни соғ қўймаса? Ушбу саволнинг жавоби “бўлмасам-чи” кўринади.

Хашогги Саудиянинг Вашингтондаги консуллигига хавфни менсимай бориб турганидан сўнг шундай ҳалокатли, сурбетларча ва ваҳший режа тузоғига илинди. Бу Жон ле Карре романидаги нозик фитнага ўхшаб кетади. У Истанбулдаги консуллик биносига кирди-ю, қайтиб чиқмади.

Туркия полицияси ва разведка зобитлари Саудиянинг дипломатик паспортларига эга 15 ёлланма қотил ўша куни эрталаб иккита хусусий реактив учоқда Истанбулга келганини иддао қилмоқда. Уларнинг лимузин минган отряди Хашоггидан олдинроқ консулликка етиб келган эди.

Туркия расмийлари Хашогги қийнаб ўлдирилиб, жасади бўлакларга бўлиниб, қопларга жойланиб, ойналари қорайтирилган қора фургонда олиб кетилганини, қотиллар эса мамлакатдан чиқиб кетганини айтмоқда.

Саудияликлар Хашоггини ўлдирганини қатъиян рад этмоқда. Бироқ унинг консулликдан қайтиб чиққанини камералар қайд этмади. Айни ҳол бин Салмон шарҳловчини ўлдиришга буйруқ бергани ҳақидаги гумонларга сабаб бўлмоқда. Туркиянинг ҳукуматга яқин бир газетаси жорий ҳафтада ёлланма қотилларнинг сурат ва исмларини эълон қилди ва уларнинг уч нафари бин Салмоннинг қўриқчилари эканини ёзди.

Бин Салмон режими кўп жиҳатдан инқилобий ишлар қилди: у аёлларга автомобиль ҳайдашига рухсат берди, Эронга қарши тортишувда Исроилга ён босди, диний полиция фаолиятини чеклаб қўйди. Аммо шафқатсизлик ва қон тўкиш ҳалиям тўхтаган эмас.

Коррупцияга қарши кураш баҳонаси билан ҳибсга олинган шаҳзодалар ва иш одамлари қийноққа солинди. Намойишчилар ва ижтимоий тармоқ фаоллари ё йўқ қилинди, ёки ўзбошимчалик билан қамоққа ташланди. Бин Салмон буни мамлакатда фуқаролир урушига йўл қўймаслик, террорчилик ва экстремизага қарши кураш истаги билан изоҳлади.

Хашоггининг тақдири бутун дунёда ғазаб уйғотди, лекин бунинг сабаби асосли эмас. У Саудиянинг озодлик ва демократия учун курашаётган тараққийпарвар кишиси эди, ҳокимиятга ҳақ гапни айтгани учун балога гирифтор бўлди, деб қулоғимизга қуйишмоқда. Бу ёлғон бўлиши баробарида қиролликнинг мисли кўрилмаган ларзаларни бошидан кечираётган ички ҳокимият динамикаси ҳақида нотўғри тушунча ҳам беради. Яна бу Саудиянинг мафия сифатида фаолият юритаётган ҳукмрон оиласи ишларига аралашиб қолган кишининг бошига тушган фожиа ҳамдир. Бир марта уларга қўшилдингми, бир умр бирга қоласан, агар қочмоқчи бўлсанг, ўлдим деявер.

Тўғриси, Хашоггининг ҳеч қачон Ғарбдаги кўпфикрлилик демократиясини ўзлаштиришга етарли вақти бўлган эмас. У ХХ асрнинг 70-йилларида ислом дунёсини Ғарб таъсиридан қутқаришга бел боғлаган “Мусулмон биродарлар” ташкилотига аъзо бўлди ва дунёвий жамият ғояси душмани эди.

80-90-йилларда журналистлик қилди, аммо кейинчалик томошабиндан кўра ўйинчига айланди. Саудия шаҳзодалари билан ишлашдан олдин ушбу мамлакат газеталарини таҳрир қилар эди. Саудия ҳукумати тайинлайдиган газета муҳаррирининг вазифаси ҳалол журналистикани газета саҳифаларига яқинлаштирмасликдир. Хашогги пулини банкка қўйди ва яхши яшаш асосий мақсадига айланди. Ҳар доим одамнинг амали сўзидан кўпроқ маънони англатади.

Хашогги Туркия парламентининг собиқ аъзоси Ясин Ақтайга, агар қайтиб чиқмасам, қайлиғимга хабар берасиз, деб айтган экан. Аслида Актай аъзаси бўлган “Адолат ва тараққиёт” партияси“Мусулмон биродарлар”нинг Туркиядаги бўлимидир. Унинг ишонган дўсти кейинчалик президент Эрдўғонга маслаҳатчи бўлди. Эрдўғон кейинги пайтларда журналистларни энг кўп таъқиб қилувчи сиёсатчи сифатида ном қозонди. Хашогги ҳеч қачон уни очиқ танқид қилган эмас. Шунинг учун бу ҳолни либерал ислоҳотчининг ўлдирилиши деб қараш нотўғри.

Хашогги 2003 йили Саудиянинг “Ал-Ватан” газетаси муҳаррилигидан бўшатилгани сабаб Ғарбда ноҳақ обрўга эга бўлди. У газета шарҳловчисига ваҳҳобийлик асосчиси деб ҳисобланган мутафаккирни танқид қилишга рухсат бергани учун ишдан бўшатилган эди. Шу билан бир юмалаб, либерал тараққийпарварга айланди-қолди.

Энг ёмони, қирол оиласи Хашоггининг қўлида Саудиянинг 2001 йил 11 сентябрдаги АҚШга қилинган ҳужумларни уюштиришда “Ал-Қоида” билан алоқаларига оид фош қилувчи материаллар бор, деган хавотирга тушиб қолди. Чунки Хашогги 80-90-йилларда Усама бин Лодин билан дўстлашган, унинг советларга қарши жиҳодини қўллаб-қувватлаб турган эди. Айни чоқда уни Саудия разведка хизматлари Усамани Саудиянинг қирол оиласи билан муроса қилишга кўндириш учун ёллаган, бинобарин, у “Ал-Қоида”нинг ҳам, қирол оиласининг ҳам кирдикорларидан хабардор эди. Агар у билганларини ошкор қилса, бу валиаҳд шаҳзоданинг обрўсини тўкиши турган гап эди.

Саудиянинг қирол оиласи сингари Хашогги ҳам 11 сентябрь воқеаларидан сўнг ўзини бин Лодиндан четга тортди. Кейинчалик у Саудиянинг Лондондаги ва Вашингтондаги элчихоналарида ва шаҳзода Турки ал-Файсалга маслаҳатчи бўлиб ишлади. Ал-Файсал 1977 йилдан 11 сентябрдан 10 кун олдинги вақтга қадар Саудия разведка хизмати бошлиғи бўлиб ишлаган. Ўшанда унинг нега ишдан кетгани сабаби очиқланмади.

Хашоггининг бир дўсти айтишича, бин Салмон душманни яқинроқ тутиш ҳақидаги мақолга амал қилиш учун бўлса керак, бин Салмон унга қиролликка қайтиб келса, малаҳатчи вазифасини таклиф қилган. У “ахлоқий ва диний” принципларидан келиб чиқиб, таклифни рад этган. Яна у АҚШда “Ҳозирги араб дунёси учун демократия” партиясини тузган. Бундан мақсад минтақада демократик сайловларни қўллаб-қувватлаш эди. Хашогги бошчилигидаги исломий сиёсий мухолифат шаклланиши мумкинлиги бин Салмонга тинчлик бермаётган эди.

Ғарб Хашоггига тилёғламалик қилиб келди. Лекин энди мафия услубидаги шафқатсиз қотилликни қандай эътиборсиз қолдиради? Доналд Трамп эса, бу ҳақда эшитишни истамайман, деб айтди.

Мухолифлари йўқолиб қолаётган шафқатсиз шаҳзода ҳақидакўплаб гап-сўзлар юрибди. Хашоггининг тақдири Саудия Арабистонида рўй бераётган воқеалар аломатидир. Қани, кўрайлик-чи, раҳбарларимиз қачонгача буни билиб билмаганга олар экан.

XS
SM
MD
LG