Линклар

Шошилинч хабар
20 ноябр 2019, Тошкент вақти: 06:23

ОТБ Тожикистон ва Ӯзбекистон ӯртасидаги электр узатиш линияларини таъмирлашга молиявий ёрдам кӯрсатди


Осиё Тараққиёт Банки Тожикистон билан Ўзбекистон ўртасидаги электр узатиш линияларини таъмирлаш учун 35 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратди.

Тожикистондаги “Барқи тожик” давлат ширкати маълумотига биноан, 2018 йил баҳор мавсумидан шу кунгача Тожикистон Ўзбекистонга 1,5 миллиард киловатт миқдорида электр энергияси етказиб берган.

Осиё Тараққиёт Банкининг 15 ноябрь куни тарқатган баёнотида айтилишича, Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги электр линияларини таъмирлаш ва янгилаш ишлари Тожикистондан Ўзбекистонга катта миқдорда электр энергияси етказишга имкон яратади.

Осиё Тараққиёт Банки молиялаётган лойиҳа 2022 йили якунланади.

2017 йил декабрида Тожикистон энергетика ва сув заҳиралари вазири Усмонали Усмонзода парламент сессиясида Тожикистондан Ўзбекистонга электр энергиясини экспорт қилиш учун 60 километр электр узатиш линияси ва барча подстанциялар таъмирланганини билдирган эди.

Жорий йил баҳорида Тожикистондаги “Регар” кичик станциясидан Ўзбекистоннинг “Гулча” кичик станциясига электр энергияси узатишни бошлади.

Ҳукуматлараро келишувга биноан, бир киловатт электр қувватининг нархи 2,5 АҚШ центини ташкил этади.

“Барқи тожик” раисининг биринчи муовини Маҳмадумар Асозоданинг Озодликка айтишича, Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳукуматлараро битим асосида йилига 1,5 миллиард киловатт-соат миқдорида электр қуввати экспорт қилинади.

“Барқи тожик” ширкатига кўра¸ Тожикистондан Ўзбекистонга электр энергияси фақат баҳор-ёз мавсумида узатилади.

2009 йили ноябрида Ўзбекистон бир томонлама Марказий Осиё ягона электр энергияси тизимидан чиқиши ортидан, Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги энергетика соҳасидаги ҳамкорлик бутунлай тўхтаб қолган эди.

Айни дамда, “Тожиктрансгаз” ширкати Ўзбекистон билан муносабатлар яхшиланиши баробарида бу мамлакатдан Тожикистонга табиий газ етказиб бериши бошланганини маълум қилди.

Ушбу манбага кӯра, 12 саноат корхоналари билан бирга шимолий Тожикистондаги Суғд вилоятидаги баъзи минтақаларда аҳолига табиий газ етказилмоқда.

2012 йилда Ўзбекистон Тожикистонга газ етказишни тўхтатиб қўйган эди.

Жорий йил март ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга давлат ташрифи чоғида икки давлат ўртасида газ бўйича битим имзоланганди.

Расмий маълумотларга кўра, жорий йилда Тожикистон Ўзбекистондан фақат саноат корхоналари эҳтиёжи учун 800 миллион кубометр миқдорида газ олади.

“Тожиктрансгаз” ширкати маълумотига кўра, 1 минг кубометр газнинг нархи 120 АҚШ долларини ташкил этади.

XS
SM
MD
LG