Линклар

Шошилинч хабар
12 ноябр 2019, Тошкент вақти: 14:16

OzodBlog: Пуллик пластик пакетлар ёхуд Ургут ҳавосини заҳарлаётган эски шиналар


Тошкентдаги супермаркетлар 1-январдан бошлаб бир дона пакет учун 250 сўмдан олаётгани хабар қилинди. Ўзбекистонлик блогер Ғайрат Йўлдош бу хабар баҳона ўзи яшаб турган Самарқандда пластик пакетларнинг қўлланишию, шиналарнинг ёқилишига доир муаммо ҳақида ўз мулоҳазаларини чоп этди.

Қуйида Telegram тармоғидаги Bugunning gapi UZ каналида чоп этилган ушбу блогни эътиборингизга ҳавола қилаяпмиз.

"Кеча ва бугун бир қатор ОАВ ва блогерлар Тошкентдаги супермаркетлар бир дона пакет учун 250 сўмдан олинаётганини ёздилар.

Ҳозирча бу амалиёт узоқ қишлоқлардаги дўконларга таъсир қилаётгани йўқ. Масалан, бизнинг маҳалламиз ва Ургут шаҳридаги турли магазинлар пластик пакетларни бепул бераяпти.

Умуман олганда, бошқа жойларни билмадим-у айнан биз тарафларда кўча-куйда елим пакетларни тушиб ётганини унча-мунчада кўравермайсиз. "Унда одамлар дўконлардан бериладиган пластик пакетларни нима қилишади?" дейсизми? Бизда ҳар қандай оила пластик пакетларни қишда ҳам, ёзда ҳам ёқади. Қишда печка ёқишда, шунингдек ўчоқларда олов ёққанда тутантириқ сифатида ёқишади. Шу туфайли ҳам бизда пластик пакетлар оёғ остида мусор бўлиб ётмайди. (Бу дегани пластик пакет умуман мусорга чиқарилмайди, деганимас. Айрим жойларда мусор бўлиб ётган жойлари ҳам бор)

Тўғри, пластик пакет ёқилганда ўзидан чиқарадиган заҳарли моддаларнинг кўлами ҳам кам эмас. Аммо....

Куз пайтида узумларни қуритиш учун олдин қайнаган сувга ботириб олиш керак. Ана ўшанда 200 литрли қозондаги сув тинимсиз қайнаб туриши керак. Унга эса кўп ўтин керак. Ўтинни қимматлигини инобатга олсак биз ўша қозонни қайнатиш учун нима топсак ёқаверамиз ва бу асосан машиналарнинг эски шиналари бўлади.

Шина ёнганда чиқадиган қора тутун ва заҳарни миқёсини 2-3 та пластик пакетни ёққанда чиқадиган заҳар билан катта фарқи бор.
Агар туманимизда бир ой узум узиш ва қуритиш мавсуми бўлса, ана шу бир ой давомида 100-200 минглаб(!) шина ёқилади ва улардан чиқадиган тутун ва заҳарни кўламини ўзингиз баҳолаб олаверинг.

Шина ёнганда ундан ажралиб чиқадиган инсон ҳаёти учун хавфли бўлган заҳарли моддаларнинг кўламини тушунтириш учун бир мисол келтираман: ЕвроИттифоқ давлатларида ана шу биз ёқиб сўнг унинг заҳарли моддаларини ичимизга ютаётган эски шиналарни ҳатто мусорхоналарда сақлашга рухсат берилмайди.

Машиналардан ечиб олинган эски шиналар бир неча кун ичида зудлик билан қайта ишлашга, утилизацияга жўнатилиши керак. Сабаби, шиналар шундоқ турган ҳолида ҳам ўзидан заҳарли модда чиқаради. Евроиттифоқда шундоқ ҳолида турли жойларда сақлашга рухсат берилмайдиган шиналарни биз ёқиб ўзимиз нафас олаётган ҳавони баттар заҳарлаяпмиз.

Қизиғи узум узиш мавсумида шина сотадиганларнинг аксарияти 3-4 минглаб эски шиналарни катта кўча ёқасига тушириб, савдони ўша ерда қилади. Аммо, минг афсуски ана шу кўчадан туманни аксар катталари кунора ўтиб турса ҳам биронтаси ўша шина сотадиганларга "ҳой буни ёққанда инсон саломатлиги учун ниҳоятда зарарли бўлган моддалар ажралиб чиқади, йиғиштир бу ишни" дейдиган одам йўқ.

Узум қуритишда ўша шиналарни ёқадиганлар ўзлари ҳам ундан заҳарли моддалар ажралиб нафас олиб турган ҳавомизни заҳарлашини биладилар, аммо барибир ёқаверадилар. Айнан шу масалада олдин одамларни ўзларини тарбиялаш керак деб ўйлайман. Агар одамлар ўша эски шиналарни сотиб олиб ёқмасалар, шина сотадиганлар бир мавсумда банкрот бўлиб сотишга бошқа шина олиб келмайдилар.
Агар одамларни айни масалада дунёқарашида ўзгариш бўлмаса шина ёқишни тақиқласа ҳам фойдаси бўлмайди ва одамлар топиб келиб яширинча бўлса ҳам ёқаверадилар.

Муштарийларда "шунча шинани қайердан оласизлар?" деган савол туғилиши мумкин. Шиналарни ўзимизни вилоятимиздан, шунингдек бошқа вилоятлардан йиғиб келишади".

Энди пластик пакетларга келсак, гарчи биз тарафларда ҳозирча текин берилаётган бўлса-да, мен уни пуллик қилинганини қўллаб-қувватлайман. Одамлар харидга чиққанда ёнларида тўрхалта олиб юрсинлар. "Текинни қадри йўқ дегандай" охирги пайтларда аксарият жойлар пластик пакетлардан иборат мусорга тўлиб кетаяпти.

XS
SM
MD
LG