Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2019, Тошкент вақти: 12:43

Ўзбекистон хабарлари

Тошкентнинг Бош арчаси ёнида йўқолган 24 бола топилди

Тошкентда Алишер Навоий номидаги кутубхона қаршисидаги мамлакат бош арчаси атрофида 2 январь куни йўқолган ёши 2 дан 15 гача бўлган 24 бола топилди, деб хабар қилди пойтахт ИИББ матбуот хизмати.

Айтилишича, бир ҳолатда болаларнинг яқинлари ИИББ ходимларига мурожаат қилса, бошқа ҳолатда ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари йиғлаётган болаларни учратиб қолган ёки уларни атрофдаги кимдир келтирган.

Масалан, икки ёшли Севинч ёрқин чироқлари бўлган арчани кўргач, унга қараб чопиб боради. Ота-онаси эса қизалоқни топа олмай қолади ва ИИББ ходимларига мурожаат қилади. Бола беш дақиқада топилади.

Тошкентда Янги йил байрами тадбирлари 8 январгача давом этади. ИИББ болаларнинг қўлидан маҳкам тутиш, кийимларида осон ажратиб олиш мумкин бўлган қисмлар (ёрқин рангли шарф ёки бош кийим) бўлиши ёки қўлларида байроқча тутқазиб қўйишни тавсия қилмоқда. Агарда бола йўқолиб қолса, зудлик билан ички ишлар органлари ходимларига мурожаат қилиш лозим.

Кун янгиликлари

Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова Фарғона водийсида сайёр қабулларни ўтказди

Светлана Ортиқова имконияти чекланган одамлар ҳолидан хабар олди.

Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятларида 11—16 ноябрь кунлари сайёр қабуллар ўтказиб, аҳолини қабул қилди.

Бош прокуратура матбуот хизматининг билдиришича, қабул давомида Светлана Ортиқова имконияти чекланган одамлар ҳолидан хабар олди ва уларга ногиронлар аравачаларини топширди.

“Сайёр қабуллар давомида жами 283 нафар фуқаронинг мурожаатлари қабул қилинди. Мурожаатларнинг 85 таси суд масалалари, 50 таси прокуратура, 57 таси ички ишлар иш юритувига ҳамда 91 таси бошқа масалаларга оид мурожаатни ташкил этган. Ушбу мурожаатларнинг ижроси бош прокуратура томонидан назоратга олинган. Бу борадаги ишлар давом этмоқда”, дейилади хабарда.

Светлана Ортиқова президентнинг жорий йил 7 ноябрдаги фармонига асосан Бош прокурорнинг ўринбосари лавозимига тайинланган эди. Бундан аввал у Ўзбекистон Сенати раиси ўринбосари лавозимида ишлаб келган.

“Ўзтрансгаз” автомобилга газ қуйишда муаммолар юзага келиши мумкинлигидан огоҳлантирди

Иллюстратив сурат.

“Ўзтрансгаз” автомобил ҳайдовчиларини яқин кунларда автомашиналарга сиқилган газ қуйишда муаммолар пайдо бўлиши эҳтимолидан огоҳлантирди.

Ширкатнинг 18 ноябрда расман билдиришича, Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида об-ҳавонинг кескин совиб кетиши соат 17-00 дан 22-00 гача газ таъминоти тизимида айрим муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

“Ҳурматли автотранспорт эгалари! Куннинг кечки вақтларида (соат 17-00 дан 22-00 гача) аҳолига, ижтимоий аҳамиятга эга объектларга, шунингдек республиканинг иссиқлик, электр-энергия ишлаб чиқарувчи корхоналарига табиий газ максимум етказиб берилишини инобатга олиб, Сизлардан автомашиналарингизга сиқилган газ қуйишда ушбу вақтларда вужудга келиши мумкин бўлган вазиятларга тушунган ҳолда муносабатда бўлишингизни сўраймиз. АЖ истеъмолчиларни табиий газ билан таъминлашдаги узилишларнинг олдини олиш учун барча чораларни кўради”, дейилади хабарда.

“Ўзтрансгаз” аввалдан келиб чиқиши мумкин бўлган вақтинчалик ноқулайликлар учун ҳайдовчилардан узр сўради.

Фарғонада алимент тўлашни истамаган ота собиқ хотини ва икки боласини сувга чўктириб ўлдирди

Иллюстратив сурат.

Фарғонада 22 миллион сўмлик алимент пулини тўлашни истамаган 29 ёшли шахс ҳали қонунан ажрашмаган хотини ва икки боласини Катта Фарғона каналига чўктириб юборди.

MY5 телеканалининг «Марказий студия» кўрсатувида айтилишича, терговда у бу ишни шаръий никоҳдаги хотини билан келишган ҳолда амалга оширгани аниқланган.

Маълум қилинишича, 29 ёшли шахс 2011 йилда турмуш қурган биринчи хотини билан 2013 йилда ажрашган. У бир неча йил алимент тўламагани учун қарздорлиги 22 миллион сўмга етган.

Суд ҳукми билан эркак 19 йилга, унинг шаърий хотини эса 13 йилга озодликдан маҳрум этилди.

"Меҳр ва Оқибат" итга ўт қўйган одам ҳақида маълуот берганларга 2 миллион сўм ваъда қилди

Иллюстратив сурат.

Ташкентдаги ҳайвонларни ҳимоя қилиш “Меҳр ва Оқибат” жамияти фаоллари итнинг устига бензин сочиб ёқиб юборган одам ҳақида маълумот берган шахсларга 2 миллион сўм миқдорида мукофот ваъда қилди.

Меҳр ва Оқибат” жамияти 18 ноябрь куни Facebook тармоғидаги саҳифасида бу одамнинг исми Баҳодир бўлиши мумкинлигини билдирган.

Устига бензин сочилиб ёқиб юборилган ит видеоси октябрь ойининг охирларида ижтимоий тармоқларда пайдо бўлиб, одамларни ларзага солган эди.

“Меҳр ва Оқибат” жамияти бу одам тўғрисида тўпланган маълумотларни ички ишлар органларига тегишли тарзда жазо чоралари кўрилиши учун тақдим этишини маълум қилган.

Ўзбекистон қонучилигида ҳайвонларга бешафқат муносабатда бўлингани учун энг кам иш ҳақининг 1дан 3гача бўлган миқдорида, яъни 203 минг сўмдан 608 минг сўмгача жаримага тортиш назарда тутилган.

Ўзбекистон тарихида биринчи марта бешкураш бўйича Олимпиада лицензиясини олган россияликларга мукофотлар топширилди

Бешкураш бўйича терма жамоа аъзолари. МОҚ сайтидан олинган сурат.

Ўзбекистон тарихида биринчи марта бешкураш бўйича Олимпиада лицензиясини қўлга киритган Александр Савкин ва Алисэ Фахрутдинова Тошкентда тантанали кутиб олинди ҳамда уларнинг ҳар бирига юз миллион сўмдан мукофот пули топширилди. Бу ҳақда 18 ноябрь куни Миллий Олимпия қўмитаси маълум қилди.

Россия спорт фуқаролигини тарк этиб, Ўзбекистон спорт фуқаролигини қабул қилган Александр Савкин ва Алисэ Фахрутдинова Токио олимпиадасига йўлланмага 12 ноябрь куни Хитойнинг Ухан шаҳрида ўтган Осиё ва Океания чемпионатида сазовор бўлган. Бунга қадар спортнинг бошқа турлари бўйича Ўзбекистон Токио олимпиадасига 11та йўлланмани қўлга киритган эди.

Бешкураш чемпионатида жамоа ҳисобида Ўзбекистон Жанубий Корея ва Япониядан кейинги учинчи ўринни эгаллади. Тўртинчи ва бешинчи ўринлар эса Хитой ва Қозоғистонга насиб қилди.

Жорий йилнинг 21 августида Алисэ Фахрутдинова ва Александр Савкин Россия ва Ўзбекистон Бешкураш федерациялари ўртасидаги имзоланган ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум доирасида Тошкент спорт фуқаролигига ўтказилган эди.

29 ёшли Фахрутдинова эстафета бўйича жаҳон чемпионатида бронза, Европа чемпионатида кумуш медални қўлга киритган. У икки марта Россия чемпиони бўлган.

31 ёшли Савкин эса 2013 йилда эстафета бўйича жаҳон чемпиони бўлган. У, шунингдек, икки марта Европа ва беш карра Россия чемпиони ҳисобланади.

Бешкураш (пентатлон) спортнинг мураккаб турларидан бири бўлиб, унда спортчилар конкур, қиличбозлик, ўқ отиш, югуриш ва сувда сузиш мусобақаларида иштирок этадилар.

Самарқандда афюн сотмоқчи бўлган тожикистонликлар узоқ йилларга қамалди

Иллюстратив сурат.

Жорий йилнинг июнь ойида Самарқандда олти пакетга жойлаштирилган афюн моддасини сотмоқчи бўлган пайтда қўлга олинган икки нафар тожикистонлик 11 ва 12 йилданга қамалди. Бу ҳақда 18 ноябрь куни Ички ишлар вазирлиги Тергов департаменти маълум қилди.

Тожикистоннинг 34 ва 36 ёшдаги фуқаролари Хоразм вилоят Ички ишлар бошқармаси ва ДХХнинг қўшма амалиёти пайтида қўлга олинган эди. Улар 5 июнь куни ВАЗ-2110 автомашинасининг бензобакида олтита сув қоғозга ўралган афюн моддасини олиб ўтишган ҳамда Самарқандда 20 минг долларга сотишга ҳаракат қилган пайтларида қўлга олинган.

Тожикистонликларнинг афюн моддасига харидор ролини Ички ишлар вазирлиги ходими ўйнаган.

Хабарда айтилишича, ўтган йили Ўзбекистонда наркотик моддалар ноқонуний савдоси билан шуғуллангани учун хориж давлатларининг 45 нафар фуқароси қўлга олинган. Улардан 1960 килограмм гиёҳванд модда мусодара қилинган.

Британия элчиси Тошкент шаҳар ҳокимининг журналистларга таҳдидидан ташвиш билдирди

Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тим Торлот

Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тим Торлот Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг журналистлар билан мулоқоти чоғида уларга таҳдид қилганидан ташвиш билдириб, бу масалани у билан учрашув чоғида муҳокама қилишини билдирди.

Твиттер орқали баёнотида Британия элчиси “журналистлар хавфсизлиги матбуот эркинлигининг тамал принципи эканлигини, Буюк Британия ҳар доим эркин матбуот ва журналистлар ҳимоясини қўллаб-қувватлвчилар ортида туражагини” билдирди.

16 ноябрь куни тармоққа чиқарилган ва Жаҳонгир Ортиқхўжаев овози, деб иддао қилинаётган аудиоёзувда, овоз эгаси кўча тилида журналистларни гейга чиқариш ва сазойи қилиши билан таҳдид қилган.

Бош прокуратура ижтимоий тармоқлар ва маҳаллий нашрларда тарқалган ҳамда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли экани иддао қилинган аудиоёзув бўйича суриштирув бошлаганини билдирди.

Мактаб билан ароқ магазини ўртасидаги масофа 300 метрга қисқарди

МХХ ташкил этилганига бағишлаб чиқарилган ароқ

Таълим, спорт ва диний муассасаларга 200 метргача масофада жойлашган савдо объектларига алкогол ва тамаки маҳсулотларини сотишга рухсат берилди. Бу ҳақда хабар қилган gazeta.uzга кўра, бунга қадар ушбу масофа 500 метрни ташкил этар эди.

14 ноябрь куни президент томонидан имзоланган тузатишлар киритиш тўғрисидаги қонун 15 ноябрдан кучга кирди.

Бунда савдо объекти умумий савдо майдони минг квадрат метрдан ортиқ бўлган савдо мажмуаларининг (бозорларнинг) ва ярмарка павильонларининг ҳудудларида жойлашган ҳоллар мустасно.

Алкогол ва тамаки савдосидаги чекловларга ўзгартишлар киритиш президентнинг 5 февралдаги фармонида кўзда тутилган эди.

Самарқандда икки ишчи тупроқ босиб қолиб ўлди

Иллюстратив сурат

Самарқанд шаҳар, Боғимирзо маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Хишрав кўчасида сувоқава қувурида таъмирлаш ишларини олиб бораётган икки ёлланма ишчи тупроқ босиб қолиши оқибатида ҳалок бўлди.

Бу ҳақда 18 ноябрда хабар қилган "Постда" газетасига кўра, воқеа 13 ноябрь, соат 12:30 ларда содир бўлган. Нашр ҳалок бўлганлар исм-фамилияси бош ҳарфларидан (Н. Р. ва П. Д.) бошқа уларнинг шахсига оид маълумотларни ва воқеа тафсилотларини очиқламаган.

Айни пайтда суриштирув ишлари олиб борилаётгани хабар қилинди.

"Mont Blanc" хусусий шифохонаси билан боғлиқ ўлим ҳолатлари бўйича жиноят иши қўзғатилди

13 ноябрда Москвада вафот этган 22 яшар самарқандлик талаба Ўлмасхон Баҳронов ҳам дастлаб "Mont Blanc" пациенти бўлган.

Тошкентдаги "Mont Blanc" хусусий шифохонасида ўтказилган жарроҳлик амалиётидан сўнг беморлар ўлими ҳолатлари бўйича Бош прокуратура жиноят иши қўзғади.

18 ноябрда Бош прокуратуранинг маълум қилишича, 12 ноябрда ЖКнинг 116-моддаси (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 4-қисми «а,б» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда ушбу жиноят иши бўйича Шайхонтоҳур туман прокуратурасида дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, унинг бориши Бош прокуратура томонидан назоратга олинган.

Бундан ташқари, туман прокуратураси томонидан юқоридаги каби ҳолатларни келгусида содир этилишини олдини олиш бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлигига тақдимнома киритилган.

"Mont Blanc" хусусий шифохонаси устидан жиноят иши очилишига асос бўлган ҳолатлар тўғрисида Озодлик хабар қилган эди.

13 ноябрда Москва шифохоналаридан бирида шу йилнинг августидан буён комада ётган 22 яшар самарқандлик талаба Ўлмасхон Баҳронов вафот этди. Жума, 15 ноябрга ўтар кечаси Ўлмасхоннинг жасади Ўзбекистон консуллиги ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги кўмагида Самарқандга юборилди.

Баҳроновлар оиласи ҳимоячилари Ўлмасхоннинг комага тушишида Тошкентдаги Mont Blanc​ хусусий клиникаси врачлари қўли борлигини иддао қилган.

Жорий йилнинг 24 августида Тошкентнинг Mont Blanc хусусий пластик хирургия клиникасида жарроҳлик амалиётидан ўтаётган 20 яшар самарқандлик Гулшан Шарифова вафот этган эди. Бундан 5 кун олдин, 19 август куни, худди шунақа операция пайтида клиникада 42 яшар қозоғистонлик Лилия Апостолова ҳам вафот этгани тўғрисида Озодлик хабар қилганди.

Фарғонада газ портлади, 1 киши жароҳат олди

18 ноябрь, соат тахминан 12:00 да Фарғона вилоят, Олтиариқ туман, Х.Олимжон маҳалласидаги икки қаватли уйларнинг бирида содир бўлган портлашдан 1 киши жароҳат олди.

Бу ҳақда хабар қилган ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментига кўра, тўпланиб қолган газ портлаган.

Ҳодиса содир бўлган жойига зудлик билан етиб борган тергов тезкор гуруҳи ишлаётгани хабар қилинди.

Ўзбекистонда бир ой ичида ис газидан заҳарланиб ўлганлар сони камида 15 нафарга етди.

“Туркистон ислом ҳаракати” гуруҳи аъзоси 9 йилга қамалди

“Туркистон ислом ҳаракати” аъзолари.

Андижон вилоятининг Асака туманида туғилган 33 ёшли Ботир Мадаминов “Туркистон ислом ҳаракати” гуруҳига аъзо бўлганлик ва Покистондаги жанговар ҳаракатларда иштирок этганликда айбдор деб топилиб, 9 йилга қамалди.Унга нисбатан суд жараёни Ўзбекистонда ўтказилган.

ЎзАнинг хабар беришича, Ботир Мадаминов 2008-2011 йилларда Россияда ишлаган.

“У 2011 йилнинг декабрь ойида фарғоналик Абдураҳим ва андижонлик Умид исмли шахслар билан биргаликда қурилиш ишларида ишлайди. Аммо бу икки кимса “Жиҳодчилар” диний экстремистик ташкилотининг “Москва жамоати” аъзолари бўлганликлари боис, улар аста-секин Ботирни “ҳижрат”, “жиҳод” қилишга даъват этишади. Натижада Ботир уларга эргашиб, “Жиҳодчилар” оқимининг “Москва жамоати” аъзосига айланади”, деб ёзади агентлик.

Ботир Мадаминов 2011 йил декабрь ойида Покистоннинг Мир-Али шаҳрига бориб, “Туркистон ислом ҳаракати” халқаро террористик ташкилотига қўшилади.

2012-2013 йиллар давомида “Носир” тахаллуси остида Покистон ҳукумати қўшинларига қарши жанговар ҳаракатларда иштирок этади.

2015 йилнинг охирида Ботир Мадаминов “Ислом Давлати Хуросон вилояти” террор гуруҳига аъзо бўлади. 2019 йилнинг 3 апрель куни у ватанига қайтганида қўлга олинган.

Петербургда яна бир ўзбекистонликка ҳужум қилган тўрт ўсмир қўлга олинди

Рус миллатчилари.

Санкт-Петербургнинг Ленин туман суди Ўзбекистон фуқаросига миллий нафрат асосида ҳужум қилганликда гумонланиб қўлга олинган тўрт ўсмирдан бир нафарини эҳтиёт чораси сифатида 2020 йилнинг 13 январигача қамоқда қолдирди, қолган тўрт ўсмирга эса уй қамоғи жазосини тайинлади.

Санкт-Петербург судлари бирлашган матбуот хизматининг билдиришича, бундай қарор 16 ноябрь куни чиқарилган.

15 ноябрь куни Ўзбекистон фуқаросига ҳужум қилган 15-17 ёшли ўсмирлар қўлга олингани билдирилган эди. Улар Петербургдаги боғлардан бирида ўзбекистонликни калтаклаб, ундан Россияни тарк этишни талаб қилишган.

14 ноябрь куни ҳам Санкт-Петербургнинг Красногвардейский туман суди 38 яшар ўзбекистонликка ҳужум қилган 3 нафар коллеж талабасини ҳибсга олган эди.

Ўсмирлар ўзбекистонлик меҳнат муҳожирини пичоқлаб, ундан қўл телефони ва пулини тортиб олган.

Беш жойидан пичоқланган, танасининг бошқа қисми лат еган ва мияси чайқалган ўзбекистонлик маҳаллий шифохоналардан бирида ўрта оғирликдаги аҳволда қолмоқда.

Марказий Осиё давлатлари президентлари Тошкентда қачон учрашиши аниқ бўлди

Минтақа давлатлари раҳбарларининг биринчи норасмий учрашуви 2018 йилда Остона (ҳозирги Нур-Султон)да ўтказилган эди.

Марказий Осиё давлатлари президентларининг иккинчи консультатив учрашуви Тошкентда 29 ноябрь куни ўтказилади. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.

Аввалроқ агентликлар 12 ноябрь куни Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев Тошкент учрашуви 27 ноябрда ўтказилишини айтгани ҳақида хабар берган эди.

Назарбоев 27 ноябрга мўлжалланган учрашув кечиктирилмасдан, ўз вақтида ўтказилишига умид билдирганди.

2018 йилнинг март ойида Остона (ҳозирги Нур-Султон)да Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг биринчи консультатив учрашуви бўлиб ўтган.

Иккинчи консультатив учрашув 2019 йил мартида Тошкентда ўтказилиши режалаштирилганди. Бироқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги июль ойида учрашув кузда ўтказилишини билдирган, аммо учрашувнинг аниқ кунини маълум қилмаган эди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил сентябрида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида минтақа давлатлари раҳбарларининг норасмий учрашувини ташкил этиш ғоясини олға сурган эди.

Kun.uz ўз журналистларини ҳақорат қилган Тошкент шаҳар ҳокими билан "муросага келгани"ни билдирди

Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

Kun.uz таҳририяти Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан ўзаро муросага келди. Бу ҳақда Kun.uz 17 ноябрда хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, 17 ноябрь куни Kun.uz таҳририяти вакиллари Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан учрашган.

“Шуни расман маълум қилмоқчимизки, мазкур мулоқот якунига кўра сайт жамоаси ва пойтахт ҳокимлиги раҳбарияти ўртасидаги барча тушунмовчиликлар барҳам топди. Томонлар бир-бирини тушуниб, ўзаро муросага келди”, дейилади хабарда.

Kun.uz бошқа нашрлардан “бу масалани ортиқ муҳокама қилмасликни сўраймиз, зеро фақат икки тарафгагина тегишли бу низо турли сиёсий кучлар ва шахслар томонидан тор манфаатлар йулида қурол сифатида фойдаланилишини хоҳламаймиз”, деб илтимос қилган..

16 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли экани иддао қилинган аудиоёзув тарқатилган эди.

Ёзувда, овоз эгаси журналистларни жисмонан йўқ қилиш, гейга чиқариб маҳалласида сазойи қилишини айтиб, очиқдан-очиқ таҳдид қилади.

Kun.uz нашри бу таҳдидлар нашр мухбирлари - Раҳматилла Исроилов, Шерзод Эгамбердиев ва Баҳодир Аҳмедовлар ҳоким қабулида бўлган чоғда янграгани ҳақида ёзган эди.

Бош прокуратура 17 ноябрда аудиоёзув бўйича суриштирув бошлаганини билдирганди.

Байроқ қабул қилинган кун муносабати билан вазирлар пиёда марафонга чиқди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан 16 ноябрь куни Тошкентда пиёда юриш марафони ўтказилди.

Расмий хабарга кўра, Тошкентдаги “Ашхобод” сайилгоҳида ўтказилган марафонда минглаб одам иштирок этган.

Уларнинг сафида Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова ва Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновлар ҳам бўлди.

1991 йил 18 ноябрда “Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи тўғрисида”ги қонун қабул қилинган.

Вазирлик хабарида айтилишича, оддий пойтахтликлару амалдорлар иштирокидаги марафондан мақсад "соғлом турмуш тарғиботи"дир.

Журналистлар уюшмаси касбдошларига таҳдид қилган ҳокимга чора кўришни сўради

Журналистлар уюшмаси логоси

Журналистлар ижодий уюшмаси Тошкент шаҳар ҳокимига тегишли эканига ишонилган ҳақорат ва таҳдидларга тўла аудиоёзувга ўз муносабатини билдирди.

Уюшма баёнотини Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги - ЎзА чоп этди.

Уюшма баёнотида айтилишича, тармоқларда кескин қораланаётган аудиоёзувдаги овознинг шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли эканига ишонилса, бу сўзлар мулозимнинг нафақат эгаллаб турган лавозими, балки умуман инсонийликка тўғри келмайди.

"Қўшимча қилиб шуни алоҳида таъкидлаймизки, Журналистлар уюшмаси тегишли ҳуқуқ-тартибот идоралари ушбу ҳолат юзасидан ўзларининг адолатли хулосаларини билдиришлари зарур, деб ҳисоблайди. Инсон шаъни, жумладан журналист шаъни ва ҳақ-ҳуқуқи ҳимояси Ўзбекистон Республикаси Конституциясида кафолатланган ва унинг ҳар қандай бузилишлари қонуний баҳоланиши лозим", дейилади уюшма баёнотида.

Ижтимоий тармоқларда ва маҳаллий нашрларда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг овози деб айтилаётган аудиоёзув 16 ноябр куни тарқалди.

Унда овоз эгаси журналистларни йўқ қилиш, гейга чиқариш билан таҳдид қилади.

Дарвоқе, Журналистлар ижодий уюшмасининг бу аудиоёзувга тезкор муносабати ҳам янгилик бўлди.

Бунга қадар уюшманинг амалдорлар томонидан журналистларга таҳдид, давлат идоралари томонидан босимларга жавобан бу қадар тезкор ва кескин муносабат билдиргани кузатилмаган эди.

Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг овози деб иддао қилинаётган аудиоёзувда овоз эгаси, жумладан, журналистларни гейга чиқариш ва сазойи қилиш билан таҳдид қилади:

"Что, мне трудно чтоли объявить вас геем? (Мен буни қилишим мумкин. Нима, менга сизларни гей деб эълон қилиш қийинми?) Это легко, легко! (Бу жуда осон, осон!) Легко! (Осон) Свобода слова! (Сўз эркинлиги!)"

Аудионинг охирида овоз эгаси журналистларни, ҳатто жисмонан йўқ қилиш билан таҳдид қилади:

"Уч кун йўқ бўлиб қолса, ҳамма жим-жит! Ў-ў-ў, сан тирикмисан, ҳеч ким хабар олмайди, айтиб қўяй, санга! У ер - бу ерда ёзишади, бир ҳафтадан кейин унутишади. Бўлди! Қаердадир чўкиб ўлгандир-да, чўмиловотганда кўп сув ичадидейишади. И всё (Тамом!). Ҳаёт шунақа! Шунинг учун, лучше с нами работайте (яхшиси биз билан ишланглар). Если у вас будут какие-то проблемы, помогите нам, чтобы мы решили эту проблему (Агар сизларда қандайдир муаммо туғилса, бизга бу муаммони ечишда ёрдам беринглар)".

Ҳозирча Ортиқхўжаев ҳам, у раҳбарлик қилаётган Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати ҳам тармоқда тарқалган аудиога муносабат билдирмади.

Айни пайтда, ижтимоий тармоқларда шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг истеъфосини талаб қилиш бошланди.

Ўзбекистон хотин-қизлари раиси ҳам Лола Йўлдошеванинг видеоклипига муносабат билдирди

Ўзбекистон хотин-қизлари раиси Эльмира Боситхонова хонанда Лола Йўлдошеванинг шув-шувга сабаб бўлган "Севгингни менга айт 2" деб номланган видео клипига муносабат билдирди.

Боситханова шоу-бизнесдаги алоҳида ҳолатларни танқид остига олиш мумкинлиги, бироқ бу миллий қадрият устидан кулиш мумкинлигини англатмаслигини таъкидлаган.

Хотин-қизлар қўмитаси расмий сайтида эълон қилинган Боситханованинг баёнотида жумладан бундай дейилади.

"Куни кеча Лола Йўлдошеванинг клипи чиқди. У "Ўзбекконцерт"нинг лицензия олиб, бериш тартибини балки тўғри танқид қилгандир. Лекин атласни масхарабоз кийими қилгани, маънавият сўзини ўйинчоқ қилиб қўйгани — бу йигирма бешинчи кадр. Афсуски, буни яна ижтимоий тармоқда кўпчилик қўллаб-қувватлаган. Ана шундай ҳолатларда бошланғич ташкилотларнинг фаол бўлиши эса жуда ҳам муҳим", - деган хотин-қизлар раиси.

Ўзбекистонлик 34 яшар қўшиқчи, ижоди тез-тез баҳс-мунозаралар келтириб чиқарувчи Лола Йўлдошеванинг «Севгингни менга айт-2» клипи Youtube ва Instagramга 13 ноябрь куни қўйилганидан бир соат ўтар-ўтмас камида 100 минг марта томоша қилинган эди.

Ўзбекистонлик блогер Нурбек Алимов бу клипни “Лола инқилоби” деб атади.

Лола Йўлдошеванинг ўзи режиссёрлик қилган бу клип Озодлик суҳбатлашган санъатшунослар назарида санъатнинг “ижтимоий протест” жанридаги асардир.

Ўзбек поп қўшиқчиси Лола Йўлдошеванинг «Севгингни менга айт-2» клипида замонавий мусиқа гуруҳининг “давлатнинг маънавият посбони” бўлган "бадиий кенгаш назоратидан ўтиш жараëни" акс этади.

7 минут давом этадиган клипда “мусиқага изн берувчи мулозимлар”, ҳар қандай янгиликни “менталитетга зид бачканалик” дея танқид қиладиган “Ойша холалар” ва қўшиқчини “Ғарб оммавий маданиятига кўр-кўрона тақлидда” айблайдиган “Хейтер” образлари бор. Шунингдек, клипда жамиятнинг барча қатламлари вакиллари, хусусан “соқол қўйган”лар гуруҳи ҳам акс эттирилади.

Ўзбекистон Маданият вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Мавлуда Асқархўжаева Озодликнинг Душанбедаги мухбири билан суҳбатда ўзбек қўшиқчиси Лола Йўлдошеванинг шов-шувга сабаб бўлган “Севгингни менга айт 2” видеоклипига муносабат билдирган эди.

- Клипни диққат билан томоша қилдим. Чунки бу клип ҳақида кенг кўламда маълумотлар чиқа бошлади. Бу маълумотларда Маданият вазирлигига оид ташкилот “Ўзбекконцерт” бадиий кенгаши танқид қилинади. Аслида барча клиплар¸ мусиқа ва қўшиқлар Ўзбекистон менталитетига мос келиши керак, - деган эди Асқархўжаева.

Ўзбек меҳнат муҳожирлари ватанига 5 миллиард доллардан ортиқ пул жўнатган

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ўтган йил ватанига 5 млрд доллардан кўпроқ пул жўнатган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Муҳиддинов маълум қилди.

Муҳиддиновнинг таъкидлашича, ҳозирда Ўзбекистоннинг 2,6 миллион фуқароси хорижда ишлайди

Улар ҳисобига 2018 йилда 5,1 млрд доллар олинган.

Ўзбекистон фуқароларининг чет давлатлар, жумладан Россия, Қозоғистон, Жанубий Корея, Туркия каби давлатларда ишлаши учун шароит олдинги йиллардагига нисбатан яхшилангани айтилмоқда.

Ўзбекистоннинг марҳум президенти Ислом Каримов даврида мигрантлар "дангаса" деб таърифланган, уларнинг муаммо ва қийинчиликларига давлат қизиқмаган.

Бугунги кунда Ўзбекистон аҳолиси ҳар йили камида 500-600 минг кишига ўсиб бормоқда.

Меҳнатга лаёқатли аҳоли сони ҳам йилма-йил 300-360 мингга ортаяпти.

Бандлик вазирлиги: Ўзбекистонда ишсизлик 8,9 фоизни ташкил этади, энг кўп ишсизлар Сурхондарёда

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Сурхондарё вилоятини ишсизлик энг юқори бўлган вилоят деб топган.

Вазирликка кўра, 2019 йилнинг январь-сентябрь ойларида ишсизлик мазкур вилоятда 9,3 фоизни ташкил этган.

Кейинги ўринларни Қашқадарё, Самарқанд, Сирдарё ва Фарғона вилоятлари эгаллаган.

Бу вилоятларда ишсизлик 9,2 фоизни ташкил этган.

Ишсизлик бўйича энг паст кўрсаткич эса Тошкент шаҳрида (7,5 фоиз) кузатилган.

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳисоботда 2019 йилнинг январь-сентябрь ойларида мамлакат бўйлаб ишсизлик даражаси 8,9 фоизни ташкил этган. Ишга муҳтож бўлганларнинг умумий сони 1,3 миллион кишига тенгдир.

16-29 ёшгача бўлганлар орасида ишсизлик даражаси 14,9 фоиз, аёллар орасида эса ишсизлик даражаси 12,5 фоиздир.

Ўзбекистоннинг 33 миллионли аҳолисидан 19 миллион киши меҳнатга лаёқатли ёшда.

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳисоботда келтирилишича, бугунги кунда 2 миллион 600 нафар Ўзбекистон фуқароси ўзга давлатларда меҳнат қилмоқда.

Уларнинг 80 фоизи, яъни 2 миллион 200 нафари Россияда, 350 минг нафари Қозоғистонда, 80 минг нафари Жанубий Корея Республикасида, 60 минг нафари Туркия ва бошқа мамлакатлар ҳиссасига тўғри келади.

Ўзбекистонда расмий ишсизлик кўрсаткичлари ҳақиқатга яқинлигини кўпчилик савол остига олади.

Турли ҳисоб-китобларга кўра, ишлаш ёшидаги бу ўзбекистонликларнинг 5-6 миллиони узоқ-яқин хорижий давлатларда доимий ёки вақтинчалик меҳнат мигрантларига айланган.

"Миллий тикланиш" партияси "Лукойл"нинг танобини тортиб қўйишни талаб қилди

Ўзбек ишчилари ҳақоратлангани акс этган видеодан олинган кадр.

“Компания томонидан ҳақорат қилинган шахс миллатининг аҳамияти йўқ. У қайси миллат вакили бўлмасин, уни ҳақорат қилган одам қонун олдида жавоб бериши шарт. Миллий манфаатлар биринчи ўринда. “Лукойл” 50 та бўлса ҳам у бизни фуқароларни ҳурмат қилмас экан, танобини тортиб қўйиш керак”.

Бу баёнот билан 15 ноябрь куни Халқаро матбуот марказида бўлиб ўтган "Пресс-қаҳва" партиялар дебати иштирок этган "Миллий тикланиш" партияси вакили чиқиш қилгани тўғрисида ЎзА хабар қилди.

“Лукойл Узбекистан Оперейтинг Компани” бош энергетиги Иван Александрович Шилов Қашқадарё вилоят, Деҳқонобод туман, Жарқудуқ газ тайёрлаш мажмуаси ишчиларини "қўй подаси", деб ҳақорат қилгани тўғрисида Озодлик хабар қилган эди.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси 13 ноябрь куни "Лукойл" мулозимининг маҳаллий ишчиларини ҳақорат қилгани юзасидан ташвиш билдирган эди.

Мазкур ҳолатга ЎзЛиДеП ва ХДП партиялари ҳам ўз муносабатини билдирди.

ЎзА ахборот агентлигининг 14 ноябрда хабар қилишича, “Лукойл Узбекистан Оперейтинг Компани” МЧЖ раҳбар ходимининг номақбул ҳаракатини компаниянинг исмини айтишни истамаган вакили изоҳлаб, бундай деган:

“Компаниямизда юз берган ушбу ҳодисадан хабардормиз. Айни дамда бу иш юзасидан тегишли текширувлар олиб борилмоқда. Текширув натижалари ўрганилгач, чора кўрилади ва бу ҳақда компаниямиз баёнот беради".

ЎзА 15 ноябрдаги хабарида ҳозиргача ҳақорат қилган шахс қонуний жавобгарликка тортилмаганини ўз хабарида эслаб ўтди.

121 ўқитувчидан 47 нафари ёзган диктант "1"га баҳоланди, ҳеч ким "5" олмади

Иллюстратив сурат

Малака ошириш таҳсилидаги ўқитувчилардан улар доимий фойдаланиб келган дарсликдаги матн асосида лотин ёзуви бўйича диктант олишга тўғри келди. 275 сўздан иборат диктант матнини 121 тингловчидан бирортаси «5» баҳога ёзолмади.

Бу маълумот Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессори, филология фанлари доктори Нусратулло Жумахўжанинг Kun.uz сайтида эълон қилинган мақоласида келтирилди.

"Республика таълим марказидан олинган (диктант қайси йили ёздирилганини айтилмаган - таҳр.) ​«Диктантни баҳолаш мезонлари» асосида текширилганида, ўқитувчилардан 23 нафари – «4», 24 нафари – «3», 27 нафари – «2», 47 нафари – «1» баҳога лойиқ диктант ёзгани маълум бўлди. Баҳолаш мезонига кўра, хатолар миқдори 15тадан ошса, «1» баҳо қўйилади. Ҳолбуки, 30дан ортиқ хатога йўл қўйган тингловчилар ҳам бўлди" деб хабар қилди профессор.

"Ёзув қўшҳокимиятчилиги қачонгача? Давлат тили ва унинг ҳуқуқий, назарий ва амалий муаммолари" деган сарлавҳа остида ёритган мақоласида профессор Нусратулло Жумахўжа "Ўқитувчининг аҳволи шу бўлса, ўқувчининг аҳволи, оддий фуқаронинг саводхонлиги қандай бўларкан?" деган саволни ўртага ташлаган.

МСК партиялардан кўрсатилган номзодларни рўйхатга олди. "Бирлик" ва "Эрк" яна жараёндан ташқарида

Ўзбекистондаги 5 та сиёсий партиянинг лидерлари МСК раиси билан.

15 ноябрда Марказий сайлов комиссияси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига партиялардан кўрсатилган номзодларни расман рўйхатга олди. Бу ҳақда МСК матбуот хизмати хабар қилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ва маҳаллий кенгашларга сайлов 22 декабрда бўлиб ўтади.

Маҳаллий нашрларнинг хабар қилишича, ноябрь бошида бешта сиёсий партия — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (ЎзЛиДеП), Ўзбекистон Халқ демократик партияси (ЎзХДП), Миллий тикланиш Демократик партияси, «Адолат» Социал-демократик партияси ва Экологик партияси сайлов округлари сонига мос равишда 150 нафардан номзодни кўрсатган эди.

15 ноябрь куни 750 нафар номзоднинг барчаси Марказий сайлов комиссияси томонидан расман рўйхатга олинди ва сайловда қатнашишга рухсат берилди. Тасдиқланган номзодлар орасида 43 нафари парламент қуйи палатанинг ҳозирги таркибида депутат сифатида фаолият кўрсатмоқда.

  • Мустақиллик арафасида Ўзбекистонда тузилган, 90- йиллар бошидаёқ мамлакатдан қувғин қилинган "Бирлик" ва "Эрк" партиялари давлат тепасига Шавкат Мирзиёев келганидан сўнг ҳам тақиқдалигича қолди, бинобарин улар бу йилги сайловларда ҳам иштирок этмаяпти.
  • Каримов даврида тузилган ва расман тан олинган 5 та сиёсий партиядан бошқа Мирзиёев даврида янги сиёсий партия пайдо бўлмади.

Москвада ойлаб комада ётган 22 ёшли ўзбекистонлик талаба вафот этди (ВИДЕО)

Иллюстратив сурат.

Москвадаги 67-касалхонада бир неча ойдан бери кома ҳолатида бўлган ўзбекистонлик талаба Ўлмасхон Баҳронов вафот этди.

Ўлмасхон Баҳроновнинг қариндоши Фарруххон Шукурлаев Facebook саҳифасида жиянининг жанозаси 15 ноябрь куни соат 12да Самарканд тумани Қуйи Чордара маҳалласида ўқилиши ҳақида хабар берди.

“Фергана” агентлигининг ёзишича, шифокорлар 22 ёшли Ўлмасхон Баҳроновнинг ўлимини 13 ноябрь куни соат 20:45да қайд этганлар.

Озодлик радиоси шу йилнинг сентябрь ва октябрь ойларида 20 августида бурнидан қон келгани учун Москва шифохоналаридан бирига олиб келинган ва комага тушиб қолган самарқандлик Ўлмасхон Баҳронов ҳақида лавҳалар берган эди.

Ўлмаснинг яқинлари ўзбекистонлик йигит касалхона врачлари тайинлаган нотўғри препаратлар ва Ўзбекистонда хато ўтказилган жарроҳлик амалиёти оқибатида комага тушганини иддао қилган эдилар.

Ўлмасхон Баҳронов Москвада Россия халқлар дўстлиги университетининг тиббиёт бўлимида тахсил олган.

ИДнинг Туркия қамоқларида сақланаётган ўзбекистонлик аъзолари экстрадиция қилинади

Май ойида Яқин Шарқдан Ўзбекистонга қайтарилган аёллар ва болалар.

Туркияда “Ислом давлати” террор гуруҳига мансублика айбланиб қамоққа олинган 956 нафар одамнинг 82 нафари ўзбекистонликдир. Улар тез орада ватанига экстрадиция қилинади.

Бундан ташқари экстрадиция қилиниши кутилаётган жангарилар орасида Қирғизистоннинг 23, Қозоғистоннинг 10, Туркманистоннинг 6 ва Россиянинг 99 нафар фуқароси бор.

Ўтган ҳафтада Туркия ички ишлар вазири Сулайман Сойлу “Ислом давлати”га мансубликда айбланиб қамоқларда сақланаётган 956 нафар одам 11 ноябрдан бошлаб ўз ватанларига экстрадиция қилинишини билдирган эди.

Жорий йилнинг 30 май куни ўзбекистонлик 156 аёл ва бола "Меҳр" инсонпарварлик операцияси доирасида махсус авиарейс билан Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудидан Тошкентга олиб келинганди. ​

10 октябрь куни эса Ўзбекистонга Ироқдан 64 нафар ўзбек бола қайтарилган эди.

Айни пайтда Сурия ва Ироқ ҳудудида қолаётган ёки 2011 йил – Сурияда фуқаролик уруши бошланганидан сўнг бу давлатга, кейинроқ Ироққа борган ўзбекистонликларнинг аниқ сони Озодликка маълум эмас.

АҚШдаги Soufan Group тахминича, 2016 йилнинг майига қадар Ироқ ва Сурияга камида бир ярим минг ўзбекистонлик борган, Марказий Осиёдан борганлар сони эса 4 минг 200 кишидир.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG