Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2019, Тошкент вақти: 00:37

Халқаро хабарлар

Эрдўғон Туркия курдлар масаласида АҚШ билан муроса қилмаслигини айтди

Туркия президенти Режаб Тоййип Эрдўғон.

Туркия президенти Режаб Тоййип Эрдўғон 8 январда ўз мамлакати АҚШ билан Суриядаги курд жанггарилари хавфсизлигини таъминлаш масаласида ҳеч қачон келиша олмаслигини айтди.

6 январь куни Исроилга борган АҚШ президентининг хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон Туркия курдлар хавфсизлигини таъминлаш мажбуриятини зиммасига олган тақдирдагина Суриядан АҚШ ҳарбийлари тўлиқ олиб чиқиб кетилишини билдирган эди.

Эрдўғон бу масалада сўзлаган нутқида:

-Жон Болтон бу масалада жиддий хатоликка йўл қўйди. Шундай ўйлаётганлар ҳам хато қилмоқда. Бу масалада биз ҳеч қандай муросасозлик қилмаймиз. Суриядаги террорчиларнинг бир қисми ҳисобланганларнинг барчасига муносиб сабоқ берилади, -деб айтди.

Болтон 8 январь куни Анқарага борган ва Эрдўғоннинг маслаҳатчиси Иброҳим Қалин билан икки соатлик учрашув ўтказган эди.

Болтон Суриядан АҚШ аскарлари олиб чиқиб кетилса, Туркия курдлар хавфсизлигини таъминлашига кафолат олмоқчи эди.

Туркия курд жанггариларини террорчилар деб ҳисоблайди, АҚШ эса курд жанггарилари билан «Ислом давлати» гуруҳига қарши урушда яқин иттифоқчи бўлган.

АҚШ президенти Дональд Трамп 19 декабрда Суриядан АҚШ қўшинлари олиб чиқиб кетилишини билдирган эди. Бугунги кунда Сурияда 2 минг нафар АҚШ ҳарбийси бор.

Кун янгиликлари

Норозиликларга қарамай, Эрон олий раҳбари бензин нархи ошишини қувватлади

Исфаҳон, 16 ноябрь, 2019 йил

Эрон олий раҳбари ҳукумат бензин нархини кескин оширганини қўллаб-қувватлашини айтди ҳамда мамлакатнинг ўнлаб шаҳарларида юзага келган норозилик намойишларини танқид қилди.

Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг 17 ноябрдаги изоҳлари мамлакатнинг айрим жойларида намойишчилар билан полиция махсус бўлинмалари ўртасида рўй берган тўқнашувлардан сўнг янгради.

Намойишлар ҳукумат 15 ноябрда бензин сотиб олишни чеклаш ва бензин учун ажратилаётган субсидия миқдорини камайтириш ҳақида маълум қилгандан кейин бошланиб кетди.

Мамлакат жанубидаги Сиржан шаҳрида 16 ноябрда бир киши ўлдирилди.

Тасдиқланмаган хабарларда айтилишича, бошқа шаҳарлар, жумладан, Беҳбаҳон, Исфаҳон ва Мариван шаҳарларда рўй берган тўқнашувларда 4 киши ҳалок бўлган.

50 ка яқин шаҳарда намойишлар ўтказилгани ҳақида хабарлар бор.

Улкан энергия захираларига эга Эронда ҳукумат субсидиялари ажратилаётгани сабабли ёнилғи баҳоси жуда паст эди.

Аммо қайта ишлаш қувватлари етишмаётгани сабабли мамлакатда ички талабларни қондириш учун кўп ҳаракат қилинмоқда. Халқаро санкциялар сабаб қайта ишлаш заводларини таъмирлаш ва янгилаш учун эҳтиёт қисмлар етишмаяпти.

АҚШ президенти Доналд Трамп жорий йил бошида Эронга қарши санкцияларни қайта жорий этган ва Теҳронни 2015 йилги ядро дастури битимини бажармаётганликда ва ракета дастурини давом эттира ётганликда айблаган эди.

Хоманаий давлат телевидениеси орқали билдирган фикрларида номи очиқ айтилмаган чет эл кучларини саботаж қилишда айблади ҳамда мамлакатнинг кучишлатар қўшинларини “ўз вазифасини бажариш”га даъват қилди, аммо ўша вазифа нима эканини очиқламади.

Айрим кишилар ушбу қарордан хавотирга тушгани шубҳасиз... Бироқ саботаж билан ўт қўйишни бизнинг халқимиз эмас, безорилар қилган. Аксилинқилоб ва Эроннинг душманлари саботажни, хавфсизликка зарар етказишни ҳар доим қўллаб-қувватлаб келган, ‒ деди Хоманаий.

Грузияда сайловга оид ислоҳотлар талаби билан намойишлар бошланди

Тбилиси, 14 ноябрь, 2019 йил

Грузия парламенти сайлов тизимини ислоҳ қилиш бўйича янги чораларни кўришдан бош тортгач, Тблисида янги намойишлар бўлиши кутилмоқда.

Полиция махсус бўлинмалари мамлакат парламенти биноси олдида саф тортди.

Норозилик намойиши ташкилотчилари қонун чиқарувчиларга ўтган ҳафтада берган овозини бекор қилиши учун босим ўтказиш мақсадида 17 ноябрда Тбилиси марказига минглаб кишиларни бошлаб келишга умид қилган эди.

14 ноябрда қонун лойиҳасига етарли овоз берилганида эди, Грузия парламенти сайловида тўлиқ пропорционал овоз беришга ўтиш мумкин бўлар эди. У ҳолда ҳозирги депутатларнинг ярми шундай овоз бериш йўли билан сайланарди.

Ўзгариш 2024 йили рўй бериши керак эди, аммо мухолиф партиялар буни тезлаштиришни талаб қилди. Чунки мавжуд тизим ҳокимиятдаги “Грузия орзуси” партиясига ютиши учун қулай шароит яратиб беради.

Етарли овоз олинмай қолгани 15 ноябрда намойишларга туртки берди. Омма ва фаоллар Тбилисидаги парламенти биноси олдида йиғилиб, шаҳарнинг бош кўчасидаги ҳаракатни тўсиб қўйди.

Овоз етарли бўлмай қолганини Европа кенгашининг Парламент ассамблеяси ва АҚШнинг Тбилисидаги элчихонаси танқид қилди.

“Грузия орзуси” партияси, жумладан, унинг миллиардер асосчиси ва етакчиси жадаллаштирилган ислоҳотни қўллаб чиққан эди, аммо таклиф этилган қонун лойиҳаси барибир қабул қилинмади.

Бу айрим қонун чиқарувчилар, хусусан, спикер ўринбосари Тамар Хангошвилининг партиядан чиқиб кетишига сабаб бўлди.

Босния-Герцеговинадаги жамлоқда мигрантлар чодирларини бўрон учириб кетди

Вучак жамлоғи, 15 ноябрь, 2019 йил

Босния-Герцеговинадаги Вучак жамлоғида бўрон туриб, мигрантлар тиккан вақтинчалик чодирларни учириб кетди.

Бу жамлоқдаги 2 мингга яқин кишининг аҳволини янада оғирлаштирди.

Хорватия яқинидаги жамлоқнинг кўплаб мигрантлари 16 ноябрда ёмғир ва шамолдан паноҳ излаб, ёрдам сўраб мурожаат қилишга мажбур бўлди.

Илтимос, менга ёрдам беринг. Мен ҳайвон эмас, одамман, менга бошпана беринг, − деди покистонлик мигрант Комрон Хон. − Бу жой одамларга мўжалланмаган... Бу ер – ўрмон, одамларнинг эмас, ҳайвонларнинг жойи.

Бир кун олдин “Чегара билмас шифокорлар” ташкилоти вакили Босния шимоли-ғарбидаги вақтинчалик чодирлар тикилган қочқинлар жамлоғи энг оддий яшаш шароити талабларига ҳам жавоб бермаслигини ҳамда “хавфли ва инсон яшаши учун мўлжалланмаган жой” эканини айтган эди.

Ўтган йили тахминан 50 минг мигрант Боснияга келди, бу мамлакатга қўшимча машаққатлар туғдирмоқда.

Этник можаролардан боши чиқмайдиган Сараеводаги ҳукуматнинг муаммони ҳал этиши жуда қийин бўляпти.

Россия Керч бўғозида қўлга олган учта украин кемасини қайтаради

Кемалар ҳозирда Россия аннексия қилган Қримнинг Керч портида ушлаб турилибди. 

Россия Керч бўғозида қўлга олинган учта украин ҳарбий кемасини қайтаради.

Бу ҳақда "Коммерсант" нашри Россия ҳукуматидаги иккита расмийга таяниб хабар берди.

Хабарда айтилишича, кемаларнинг қайтарилиши 9 декабр кунига белгиланган "Норманд тўртлиги" саммитидан олдин амалга ошиши мумкин.

Ўтган йил ноябр ойида Россия аннексия қилинган Қрим яримороли яқинида Украинага тегишли учта ҳарбий кемани қўлга олган.

Керч бўғозида кемаларнинг қўлга олинишидан олдин икки ўртада ўт очилган ва бир қанча Украиналик ҳарбий яраланган эди.

Россия ҳам, Украина ҳам ушбу зиддиятнинг келиб чиқишида бир-бирини айблашган.

Кемалар ҳозирда Россия аннексия қилган Қримнинг Керч портида ушлаб турилибди.

Шу йилнинг май ойида денгиз ҳуқуқлари бўйича БМТ халқаро трибунали Россия кемаларни Украинага қайтариши кераклиги ҳақида қарор чиқарганди.

"Коммерсант" нашрига кўра, Украина ва Россия ҳозирда кемалар топширилиши санаси ва жойини муҳокама қилмоқда.

Сербия президенти юрак ҳасталиги белгилари билан Белграддаги касалхонага ётқизилди

Сербия президенти Александр Вучич юрак ҳасталиги белгилари билан Белграддаги касалхонага ётқизилди.

Шифокорлар Вучичга қандай ташхиз қўйишгани номаълум.

Президент маслаҳатчиси Сузана Василевич президентнинг аҳволи стабил эканини айтди.

49 ёшли Вучич 2017 йилда президент этиб сайланган эди.

У 2012 йилдан ҳукуматда мудофаа вазири, бош вазир ўринбосари ва бош вазир лавозимларида ишлаган.

Ундан олдин Вучич Сербиянинг аввалги президенти Томислав Николич асос солган партияга етакчилик қилган.

Литва президенти жосусликда айбдор деб топилиб, қамалган икки россияликни афв этди

Литва президенти Гитанас Науседа

15 ноябрь куни президент Гитанас Науседа 2017 йилда Литва суди жосусликда айблаб, қамоқ жазосига ҳукм қилган россияликлар: Николай Филипченко ҳамда Сергей Моисеенкони афв этиш ҳақидаги фармонни имзолади.

Филипченко ва Моисеенко Россияда 2016 йилда жосусликда айбланиб, қамалган литваликлар Евгений Матайтис ва Аристидас Тамошайтис билан алмашиниши мумкин. Россия бу икки литваликни ўз ҳарбий разведкаси маълумотларини Литвага юборишда айблаб келади.

Науседа ўз фармонини жосус алмашиниш бўйича қабул қилинган янги қонун асосида имзолади.

15 ноябрь куни Россия разведка хизмати етакчиси Литва қарорига Москва ўхшаш жавоб қайтаришини таъкидлади, аммо бошқа тафсилот бермади.

Хабарларга кўра, жосусликда айбланиб, Россияда қамалган Норвегия фуқароси Фроде Берг ҳам жосуслар алмашиниш дастури доирасида ватанига қайтарилиши мумкин. Ой бошида Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Бергнинг кечирим сўраб ёзган мурожаати кўриб чиқилишини маълум қилган эди.

Германия 61 озарбайжонликни бадарға қилди

Боку аэропорти

Германия расмийлари мамлакат бўйлаб ноқонуний муҳожирларни аниқлаш мақсадида ўтказган рейдлар ортидан ўнлаб Озарбайжон фуқаросини бадарға қилди.

15 ноябрь куни Озарбайжон Давлат миграция хизмати 61 нафар озарбайжонлик Бокуга махсус рейс билан қайтарилганини маълум қилди.

Хизматнинг билдиришича, Озарбайжонга қайтариб юборилганларнинг 22 нафари эркаклар, 18 нафари аёллар, 21 нафари эса болалардир,

13 ноябрь куни Spiegel нашри Германия полицияси мамлакат бўйлаб рейд ўтказиб, Германияга ноқонуний тарзда олиб келинган кўплаб Озарбайжон фуқаросини аниқлаганини хабар қилган эди.

13 ноябрь куни, шунингдек, Германия полицияси “Легат интеграция маркази“ раҳбари Аловсат Алиевни қўлга олди. Алиевнинг ўғли Туркел Рустамханли Озодлик билан суҳбатда отаси Дюссельдорфдан Берлинга кетаётганида қўлга олинганини, бунга нима сабаб бўлганини билмаслигини айтди.

Алиев очган иттеграция маркази озарбайжонлик оилаларга Германияга кўчиб боришга кўмаклашиб келган.

Эронда бензин нархи ошиб, ёнилғи таъминотида чекловлар жорий этилди

Эрондаги АЁҚШда ҳайдовчи бензин сотиб олмоқда.

Эрон расмийлари бензин нархини ошириб, ҳайдовчилар бир ойда арзон нархда сотиб олиши мумкин бўлган ёнилғи кўламига чеклов жорий қилди. Бундай чораларга АҚШ молиявий санкциялари сабаб бўлгани айтилмоқда.

14 ноябрь куни Миллий нефть маҳсулотларини тақсимлаш ширкати ҳар бир хусусий автомобиль бир ойда 60 литр ёнилғини арзон нархда сотиб олиши мумкинлигини ҳамда бензин нархи 9 центдан 12,7 центга кўтарилишини маълум қилди. Такси ҳайдовчилари ва тез ёрдам машиналари эса ойига 500 литргача ёнилғини арзон нархда харид қилиши мумкин бўлади. Белгиланган лимитдан кейин ёнилғини қимматроқ нархда - литрини 26 центга сотиб олиш керак бўлади.

Эрон ёнилғи энг арзон давлатлар қаторига киради. Мамлакат йирик энергия захираларига бой бўлса-да, нефтни қайта ишлаш қобилияти чекланган бўлиб, ички бозорни етарлича ёнилғи билан таъминлай олмай келади.

Халқаро санкциялар нефтни қайта ишлаш заводларини қайта таъмирлашни ва керакли эҳтиёт қисмларни харид қилишни мушкуллаштирди, натижада муаммо янада кескинлашди.

2007 йилда ўша пайтдаги президент Маҳмуд Аҳмадинажоднинг ёнилғини тақсимлаш қарори мамлакат бўйлаб норозилик намойишларига сабаб бўлган эди.

Трампга импичмент тергови доирасидаги тингловни АҚШда жонли эфирда 14 миллионга яқин одам кўрди

Дипломат Уильям Тэйлор Конгрессда Трампга қарши кўрсатма бермоқда.

АҚШда президент Дональд Трампга нисбатан импичмент тергови доирасидаги тингловни жонли эфирда 13 миллион 800 минг одам томоша қилди.

Nielsen компаниясининг 14 ноябрда хабар беришича, тингловни 10та тармоқ жонли тарзда эфирга узатган ва тингловлардан репортажлар тайёрлаган.

Бу кўрсаткич 2018 йилда Олий суд судялигига номзод Бретта Каванога оид тингловни томоша қилганлар сонидан анча озроқдир. Жинсий тегажоқлик қилганликда гумонланган Бретта Кавано воқеасини жонли эфир орқали 20 миллион 400 минг одам кузатиб борган. Охир оқибат у Олий суд судялигига тайинланган.

Дональд Трампга нисбатан импичмент тергови доирасидаги тинглов 13 ноябрда бошланган ва унда АҚШнинг Украинадаги элчиси Уильям Тэйлор кўрсатма берган. Тинглов 15 ноябрда давом этади ва унда АҚШнинг Украинадаги собиқ элчиси Мари Йованович кўрсатма бериши кутилмоқда.

АҚШ Конгрессининг демократ аъзолари Трампни жорий йилнинг июлида Украина президенти Володимир Зеленский билан телефон мулоқоти давомида уни 2020 йилги президент сайловида асосий рақиби бўлиши кутилаëтган демократ Жо Байден ва унинг ўғлини тергов қилишга ундаганликда айбламоқда.

Қозоғистонда ҳибс муддати якунланган фаол қамоқдан қочиб кетгани иддао қилинмоқда

Нур-Султонда ўтган пикет иштирокчилари.

Қозоғистонлик фаоллар инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Дулат Агадил ҳибс муддати якунланишига бир кун қолганида қамоқдан қочгани тўғрисидаги хабардан ташвиш билдирмоқдалар.

Агадилнинг турмуш ўртоғи Гулнар Қасимханова ва ўнлаб фаоллар 14 ноябрь куни пойтахт Нур-Султонда Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги олдида Агадилнинг қаерда экани тўғрисида “тўлақонли ва батафсил маълумот” берилишини талаб қилиб пикет ўтказдилар.

13 ноябр куни Ақмўла полицияси Агадил қамоқдан қочгани ҳақида хабар тарқатган эди. Бироқ фаоллар Агадил қамоқхонада калтакланган ёки ўлдирилган бўлиши мумкин, деб ҳисобламоқдалар.

42 ёшли Агадил 4 ноябрь куни полициянинг қонуний талабига бўйсунмаслик айблови билан 10 кунга ҳибс қилинган эди.У 14 ноябрь куни қамоқдан озод этилиши кутилаётганди.

Покистонда жангарилар полициянинг террорчиликка қарши курашувчи зобитини ўлдирди

Покистонда полициячиларга ҳужум тез-тез содир этиб турилади.

Покистон шимоли-ғарбида жангарилар полиция машинасига ҳужум қилиб, террорчиликка қарши кураш бошқармасининг катта зобитини отиб ўлдирдилар. Зобитнинг ҳайдовчиси ва воқеага қўқисдан гувоҳ бўлиб қолган бир йўловчи яраланган.

Пешавор полицияси бошлиғи Захур Бабар Афридийнинг билдиришича, полиция суперинтенданти ўринбосари Ғани Хон 14 ноябрда шаҳар чеккасида ўлдириб кетилган. Айни пайтда ҳужумчиларни қидириш ишлари давом этмоқда.

Пешавор Афғонистон билан чегарадош Хайбер-Пахтунхва вилоятининг маркази ҳисобланади. Сўнгги йилларда мазкур вилоятга ўнлаб марта жангарилар ҳужумлари уюштирилди, уларнинг асосий қисми учун масъулиятни Покистон толиблари ўз зиммасига олган.

Террорчиликка қарши кураш бошқармасининг катта зобити Ғани Хон жангариларга қарши ўтказилган бир қатор амалиётларга раҳбарлик қилган эди. Ғани Хонга қилинган ҳужум учун масъулиятни ҳали ҳеч ким ўз зиммасига олмади.

АҚШда мактаб ўқувчиси икки мактабдошини отиб ўлдирди, сўнгра ўзига ўқ узди

Санта-Кларитедаги ўрта мактаб эвакуация қилинаётган пайт.

АҚШнинг Калифорния штати Санта-Кларите шаҳарчасидаги ўрта мактабда 14 ноябрь куни 16 ёшли ўсмир ўқотар қуролдан икки ўқувчини отиб ўлдирди ва уч ўқувчини яралади. Ҳужум эрталаб дарслар бошланишига бир неча дақиқа қолганда содир этилган.

Лос-Анжелес округи шерифи Алекс Виллануевнинг айтишича, 16 ёшли қиз ва 14 ёшли ўғил бола ҳалок бўлган. 15 ва 14 ёшли икки қиз ва 14 ёшли ўғил бола яраланган.

Шерифга кўра, 16 ёшли ҳужумчи 14 ноябрда туғилган кунини нишонлаши лозим эди.У мактабга келиб, рюкзагидан тўппонча чиқарган ва мактабдошларига ўқ узган. Шундан сўнг у ўзининг бошига ўқ отган. Расмийларга кўра, ҳужумчи ўсмирнинг аҳволи оғирлигича қолмоқда.

Россиянинг Амур вилоятида коллеж талабаси тенгдошларига қурол билан ҳужум қилди

Терговчилар ҳужум қилинган синфни текширмоқда.

Россиянинг Амур вилояти Благовешченск шаҳридаги қурилиш коллежида талаба ўқотар қуролдан бир одамни отиб ўлдирди, уч одамни яралади.

ТАССнинг хабар беришича, полиция воқеа жойига етиб келганида 19 ёшли ҳужумчи коллежнинг иккинчи қаватидан уларга қарата овчилар милтиғидан ўқ отган. Полиция ҳам бунга жавоб тариқасида ўқ узган.

Дастлабки маълумотларда, талаба ўзини ўзи ўлдиргани айтилмоқда. 17, 19 ва 20 ёшда бўлган ярадорлар касалхонага ётқизилди. Улардан икки нафари жарроҳлик амалиётидан ўтказилди.

Гувоҳларнинг айтишларича, ҳужум қилган талаба эрталаб дарсга кечикиб келган. Ўқитувчи уни дарсга киритмаган. Шундан сўнг соат 10ларда талаба овчилар милитиғи билан яна коллежга кириб келган ва ўқ ота бошлаган.

АҚШ сенатори арманларни турклар геноцид қилганини тан олиш тўғрисидаги резолюцияни блоклади

Линдси Грэм ”сенаторларнинг тарихни қайта ёзишга ҳаққи йўқ”, деб баёнот берди.

АҚШнинг республикачи сенатори Линдси Грэм Туркия президенти Эрдўғон билан учрашувдан сўнг арманларнинг геноцид қилинганини тан олиш тўғрисидаги Конгресс резолюциясини блоклади. Линдси Грэм ”сенаторларнинг тарихни қайта ёзишга ҳаққи​ йўқ”, деб баёнот берди.

12 ноябрда Вашингтонгга борган Туркия президенти Эрдўғон 13 ноябрда президент Трамп билан учрашувидан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида:

-Мен аниқ айтаманки, бу масалада Туркия мулоқот ва очиқ баҳс-мунозаралар тарафдори. Биз арман тарихчилари билан ҳамкорликда ишчи гуруҳи ташкил этишни таклиф қилганмиз ва бу таклиф ҳамон ўз кучида қолмоқда. Биз қуролли кучларимизнинг 1 миллионта ҳужжатдан иборат архивини тўлиқ очиб бердик. Хоҳлаган одам архивга кириб, тадқиқот билан шуғулланиши мумкин, - деб айтган эди.

Конгресс арманларнинг геноцид қилинганини тан олиш тўғрисидаги резолюцияни 29 октябрда қабул қилган эди. Резолюция учун 405, унга қарши 11 депутат овоз берган.

Ҳужжатда 1915 йилда Усмонли империясида содир этилган воқеалар арманлар геноциди деб тан олинган ва қораланган.

Венецияда сўнгги 50 йилдаги энг кучли сув тошқини юз берди

12 ноябрь куни кечқурун Венециянинг 90 фоиз ҳудудини сув босди.

Италиянинг Венеция шаҳрида сўнгги 50 йилда энг кучли сув тошқини юз бериши муносабати билан фавқулодда ҳолат эълон қилинди.

14 ноябрь куни Италия ҳукумати Венецияга зудликда 20 миллион евро миқдорида молиявий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қарорни қабул қилди.

-Сув тошқини келтирган зиённи қоплаш йўналишида биз икки босқичда иш олиб борамиз. Биринчи босқичда жисмоний шахслар ва трейдерларга 5 минг еврогача бўлган миқдордаги зарарни тўлаб берамиз. Иккинчи босқичда юридик шахсларга 20 минг еврогача бўлган зарар тўлаб берилади,-деди Италия бош вазири Жузеппе Конте.

12 ноябрь куни кечқурун Венециянинг 90 фоиз ҳудуди 1 метр 87 сантиметр сув остида қолди.

Италия бош вазири Жузеппе Конте «бу табиий офат ватанимиз юрагига урилган зарба бўлди», деб айтди.

Трампга нисбатан импичмент тергови доирасида муҳим гувоҳ аниқланди

Импичмент жанжали Трампнинг Зеленский билан телефон мулоқоти ортидан бошланди.

АҚШ Демократик партиясининг Разведка қўмитаси раиси Адам Шифф Киевдаги Америка элчихонаси ходимини президент Дональд Трампга нисбатан импичмент тергови доирасида кўрсатма бериш учун чақирганини маълум қилди. Шифф Украинадаги АҚШ элчихонаси ходимини “муҳим гувоҳ” дея таърифлади.

АҚШ Конгрессининг демократ аъзолари Трампни жорий йилнинг июлида Украина президенти Володимир Зеленский билан телефон мулоқоти давомида уни 2020 йилги президент сайловида асосий рақиби бўлиши кутилаëтган демократ Жо Байден ва унинг ўғлини тергов қилишга ундаганликда айбламоқда.

13 ноябрь куни Трампнинг Украина бўйича мутасаддиси Уильям Тэйлор қўмитага берган кўрсатмасида ходимларидан бири Трамп телефон орқали АҚШнинг Европа Иттифоқидаги элчиси Гордон Сондленддан терговлар ҳақида сўраётганини эшитиб қолганини айтди.

Тэйлорга кўра, элчилик ходими Сондланд украиналиклар режага амал қилишга тайёр эканлигини таъкидлаганини эшитган.

Кечаги тингловларда Тэйлор билан қаторда АҚШ давлат котибининг Европа ва Евросиё бўйича ўринбосари ёрдамчиси Жорж Кент ҳам кўрсатма берди. Беш соатга чўзилган эшитув давомида Тэйлорнинг Киевдаги элчихона ходими эшитиб қолган гаплари ҳақидаги кўрсатмаси энг муҳим маълумот бўлди.

Тэйлорнинг сўзларига кўра, Киевдаги элчихона ходими Сондланддан “Трамп Украина ҳақида қандай фикрда?” деб сўраганида, Сондланд унга: “АҚШ президентини кўпроқ Байденларнинг тергов қилиниши қизиқтиради”, деб жавоб берган.

Тэйлор элчихона ходими ва Сондланд суҳбати ҳақида ўтган ҳафта хабар топганини айтди. Шифф бу маълумотни “жуда муҳим” дея таърифлади. 13 ноябрь кунига белгиланган тингловлар ўз якунига етганидан кейин, Шифф қўлга киритилган янги маълумот Украина ишларига аралашиш буйруғи президентнинг ўзидан чиққанини кўрсатишини айтди.

Зеленский имзолаган қонунга биноан коррупция ҳақида хабар берганлар пул мукофоти олади

Украина президенти Володимир Зеленский

13 ноябрь куни Украина президенти Володимир Зеленский мамлакат парламенти ўтган ойда маъқуллаган коррупцияни фош қилганларни мукофотлаш тўғрисидаги қонунни имзолади.

Янги қонун коррупция ҳақида хабар берганларни ҳукуматга етказилган зарарнинг 10 фоизи билан тақдирлашни кўзда тутади. Бундан мақсад мамлакатда чуқур илдиз отган коррупцияга қарши курашишдир.

Пора ҳақида хабар берганлар мукофот пулини олиши учун мамлакатга кўрсатилган зарар ёки пора миқдори минимал ойликнинг 5000 бараваридан кўпроқ, яъни 10 миллион гривна ёки 410 минг доллар бўлиши керак.

Бошқача қилиб айтганда, порахўрлик ҳақида хабар берганлар камида 41 минг доллар пул билан тақдирланади.

Порахўрлик ҳақида хабар топганлар ўз ишхоналари орқали ёки матбуот, фуқаровий жамият, касаба уюшмалари ёки Коррупциянинг олдини олиш миллий агентлиги орқали хабар бериши мумкин.

Берилган ҳар қандай маълумот коррупция билан боғлиқ жиноят содир этилганини кўрсатиши ҳамда 10 кун ичида ўз тасдиғини топиши керак. Бунинг ортидан ички тергов ўтказиш ёки ишни тергов идораларига ўтказиб бериш тўғрисида қарор қабул қилинади. Фактлар етарли бўлмаса, иш ёпилади.

Текширувнинг дастлабки натижалари тайёр бўлганидан кейин, улар уч кун ичида порахўрлик ҳақида хабар берган шахсга юборилади. Ички текширув 30 кунгача, лозим бўлса 60 кунгача чўзилиши мумкин.
Коррупция ҳақида хабар берганларга максимум 51 минг доллар мукофот пули берилиши мумкин.

Исроил рус ҳакерини АҚШга экстрадиция қилди

Россия фуқароси Алексей Бурков (чапдан иккинчи) Қуддус шаҳри суди залида. 2015, 13 декабрь.

Исроил америкаликлар кредит карталаридан 20 миллион доллар ўғирланишига сабаб бўлган рус ҳакерини АҚШга экстрадиция қилди
Россиянинг АҚШдаги элчилиги Исроил Россия фуқаросини АҚШга экстрадиция қилиши ортидан расмий дипломатик эътироз хатини юборганини маълум қилди.

АҚШ Алексей Бурковни Америка истеъмолчилари кредит карталаридан 20 миллион доллар ўғирланишига сабабчи бўлишда айбламоқда.

13 ноябрь куни Россиянинг АҚШдаги элчихонаси Вашингтонни жаҳон бўйлаб Россия фуқароларини "овлашда" айблади. Элчилик билдирувида ёзилишича, Россия АҚШ Давлат департаментига расмий шикоят хатини юборган.

АҚШ Адлия вазирлиги 12 ноябрь куни Виржиния суди Бурковга онлайн фирибгарлик, шахсий маълумотларни ўғирлаш ҳамда пул ювиш айбловларини қўйганини маълум қилди.

Суд ҳужжатларида ёзилишича, Бурков компьютер ҳужумлари орқали ўғирланган дебит ва кредит карталар рақамлари сотилган Cardplanet​ вебсайтига раҳбарлик қилган. Сотувга қўйилган карталарнинг аксари АҚШ фуқароларига тегишли бўлган.

Бурков сайти орқали сотилган маълумот ёрдамида америкаликлар кредит карталари ёрдамида 20 миллион доллар қийматга эга маҳсулот ва хизматлар ноқонуний тарзда харид қилинган.

Бурков ўзига қўйилган барча айбловлар бўйича айбдор деб топилса, 80 йилга қамалиши мумкин. У 2015 йил Исроилни тарк этаётиб қўлга олинган эди.

Вашингтонда муносабати совуқлашган АҚШ ва Туркия президентлари музокара ўтказди

Дональд Трамп ва Ражаб Тоййиб Эрдўғон Вашингтонда 13 ноябрь куни учрашди.

АҚШ президенти Дональд Трамп Туркия томонидан Россиянинг С-400 зенит -ракета комплексларининг сотиб олиниши "жиддий муаммоларни туғдиргани", аммо бу муаммолар “ҳал этилишига умид қилиши”ни билдирди.

Трамп бу ҳақда 13 ноябрь куни Туркия президенти Ражаб Тоййип Эрдўғон билан Вашингтонда учрашганидан сўнг айтди. Учрашув НАТО бўйича ҳамкор бўлган икки давлат ўртасидаги муносабатлар ўта совуқлашган бир пайтда ўтказилди.

Эрдўғон 12 ноябрда Вашингтонгга учиб кетиш арафасида журналистларга берган интервьюсида АҚШ Сурия -Туркия чегарасидан курд жангариларини олиб чиқиб кетиш бўйича ваъдасини бажармаганини айтган эди.

Туркиянинг Сурия шимолидаги курд отрядларига қарши ҳарбий амалиёти 9 октябрь куни бошланган. Бироқ бир неча ҳафтадан сўнг Вашингтон воситачилигида Туркия курд жангарилари билан сулҳ тузганди.

Бундан ташқари АҚШ Туркия Россиядан С-400 комплексларини сотиб олгани учун Анқарага F-35 қирувчи самолётларини сотишдан бош тортган.

Трамп учрашувдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида Туркияни “НАТОнинг буюк иттифоқчиси ва АҚШнинг стратегик ҳамкори” деб атади ҳамда “президент Эрдўғоннинг муҳиби” эканини қўшимча қилди.

Эрдўғон эса ўтган ойда АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси томонидан1915 йил воқеалари турклар томонидан арманларнинг геноцид этилиши деган резалюциянинг қабул қилиниши икки давлат муносабатларига соя солишини айтди.

Словакияда автобус юк машинаси билан тўқнашди, 13 одам ҳалок бўлди

Иллюстратив сурат.

Словакия пойтахти Братиславадан юз километр узоқликдаги Нитра шаҳрида юк машинаси ва автобус тўқнашгани оқибатида ўндан ортиқ одам ҳалок бўлди.

-Сўнгги маълумотларга қараганда, 13 одам ҳалок бўлган ва йигирма одам жароҳатланган. Ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар сони янада кўпайиши мумкин, - деди Словакия ўт ўчириш ва қутқариш хизмати матбуот котиби Катарина Крижанова.

Ҳозирча 13 ноябрь куни юз берган мазкур авариянинг тафсилотлари маълум эмас.

Айрим агентликлар Нитра шаҳрида ўқувчиларни олиб кетаётган автобус қарама-қарши йўналишга чиқиб кетган юк машинаси билан тўқнашгани ва ҳалок бўлганларнинг барчаси балоғатга етмаган болалар эканини ёзмоқдалар.

Швецияда инсониятга қарши жиноят содир этганликда гумонланган эронлик қўлга олинди

Иллюстратив сурат.

Швецияда Эрон фуқароси 1980 йилларнинг охирларида инсониятга қарши жиноят содир этганликда гумонланиб қўлга олинди.

Швеция прокурори Каролина Висландер 13 ноябрь куни Стокҳолм аэропортида 9 ноябрь куни қўлга олинган 58 ёшли шахс 1988 йилнинг 28 июлидан 31 августигача Техронда жиноят содир этганликда гумонланаётганини айтди. Прокурорга кўра, қўлга олинган шахс ўзига билдирилаётган айбларни рад этмоқда ва ҳуқуқ-тартибот тузимлари адашганини айтмоқда. Прокурор бошқа маълумотларни айтмади.

Швециялик фаол Ирас Месдаги ва инсон ҳуқуқлари бўйича адвокат Каве Мусавий Озодлик радиосига ўзларида қўлга олинган шахс Караж шаҳри яқинидаги Гўхардашт қамоқхонасида судья бўлганини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эканини билдирмоқдалар.

Уларнинг айтишича, бу одам 1988 йилда қамоқхонадаги сиёсий маҳбусларни оммавий қатл қилинишида муҳим роль ўйнаган. Ўшанда “Мужоҳидлар ва халқ” ташкилотининг минглаб аъзолари, сўлчи гуруҳлар фаоллари ва талабалар оммавий қирғин қилинган эди.

Трампга қарши импичмент тергови доирасидаги тинглов бошланди

Импичмент жанжали Трампнинг Зеленский билан телефон мулоқоти ортидан бошланди.

АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатасида президент Дональд Трампга қарши импичмент тергови доирасида тингловлар бошланди. Тинглов телевидение орқали намойиш этилмоқда.

Тингловнинг биринчи кунида АҚШнинг Украинадаги элчиси Уильям Тейлор кўрсатма берди.

-20 июлда мен Украина президенти Зеленскийнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Александр Данилюк билан суҳбатлашдим. У суҳбатда президент Зеленский АҚШ президентлик сайловида қайта сайланишни истаганлар қўлида қўғирчоқ бўлиб қолишни истамаслиги ҳақида маълум қилди,-деди Тейлор.

АҚШ Конгрессининг демократ аъзолари Трампни жорий йилнинг июлида Украина президенти Володимир Зеленский билан телефон мулоқоти давомида уни 2020 йилги президент сайловида асосий рақиби бўлиши кутилаëтган демократ Жо Байден ва унинг ўғлини тергов қилишга ундаганликда айбламоқда.

Терговдан мақсад Трамп ўз ҳаракатлари билан импичментга сабаб бўладиган қонунбузарликларга қўл урганми-йўқлигини аниқлашдир.

Трампга қарши импичмент тергови доирасида олиб борилаётган суриштирувлар ТВ орқали кўрсатилади

Дональд Трамп

АҚШ Демократик партиясининг Конгрессдаги намояндалари президент Дональд Трампга қарши олиб бораётган импичмент тергови доирасида ўтказиладиган сўроқлар 13 ноябрдан бошлаб телевидение орқали намойиш этилади.

АҚШ Конгрессининг демократ аъзолари Трампни жорий йилнинг июлида Украина президенти Володимир Зеленский билан телефон мулоқоти давомида уни 2020 йилги президент сайловида асосий рақиби бўлиши кутилаëтган демократ Жо Байден ва унинг ўғлини тергов қилишга ундаганликда айбламоқда. Терговдан мақсад Трамп ўз ҳаракатлари билан импичментга сабаб бўладиган қонунбузарликларга қўл урганми-йўқлигини аниқлашдир.

Маҳаллий вақт билан эрталабки соат 9:00 да Уильям Тэйлор кўрсатма беради. Трампнинг Украина бўйича мутасаддиси лавозимида ишлаган Тэйлор ёпиқ эшиклар ортида берган кўрсатмаларида Трамп маъмурияти Украина бўйича ташқи сиёсатида альтернатив каналлардан фойдаланганини "ножўя" ҳаракатлар​ дея таърифлаган.

Демократлар айбловига кўра, Трамп Зеленский ота-ўғил Байденларни тергов қилиш талабини бажармаса, Украинага ваъда қилинган ҳарбий ёрдам тўхтатиб қўйилишини айтиб, таҳдид солган.

Тэйлор Украинага ваъда қилинган ёрдамни сиёсий терговлар эвазига тўхтатиб қўйиш "аҳмоқлик" эканлигини таъкидлаган.

Ўз кўрсатмалари давомида дипломат, шунингдек, Трамп Украинадан уч нарса талаб қилганини айтган: "Терговлар, Байден ҳамда [собиқ АҚШ давлат котиби Ҳиллари] Клинтон".

Истанбулдаги қотиллик ортидан Қирғизистоннинг бош консули ишдан олинди

Қирғизистоннинг Истанбулдаги собиқ бош консули Эркин Сопоков.

Қирғизистоннинг Истанбулдаги бош консули Эркин Сопоков Туркияда тадбиркор Айэркен Саймаити ўлдириб кетилганидан икки кун ўтиб ишдан олинди.

Уни бош консул лавозимидан бўшатиш тўғрисидаги буйруқни президент Сўўрўнбай Жээнбеков 12 ноябрда имзолади.

Расмий маълумотда айтилишича, бунга Айэркен Саймаити ўлдириб кетилган жойда Эркин Сопоковга тегишли бўлган дипломатик номерга эга автомашина топилгани сабаб бўлган.

Озодлик радиоси қирғиз хизмати - Азаттик радиосининг «Қирғизистондан олиб чиқиб кетилган миллионларнинг изи» деб номланган журналистик суриштирувида номи тилга олинган тадбиркор Айэркен Саймаити Туркияда 10 ноябрда ўлдириб кетилган эди.

«Қирғизистондан олиб чиқиб кетилган миллионларнинг изи» журналистик суриштируви натижалари 2019 йилнинг май ойида эълон қилинган.

Суриштирувда Хитой фуқароси бўлган Айэркен Саймаити исмли тадбиркор воситасида Қирғизистондан ноқонуний йўллар билан 700 миллион доллар олиб чиқиб кетилгани ҳақида гап бўлган.

Истанбул прокуратураси тадбиркорни ўлдирганликда гумонланиб уч киши қўлга олингани, улардан икки нафари Қирғизистон фуқароси эканини билдирди.

Хитойлик қочқин Қозоғистондан бошпана сўради

Шинжон-Уйғур мухториятидаги лагерларда сақланаётган қариндошлари суратларни кўтариб ўтирган этник қозоқлар.

Қозоғистон чегарасини ноқонуний кесиб ўтишда айбланиб судланаётган Кайша Акан 12 ноябрдаги суд жараёнида ўзини Хитойга топширмасликни илтимос қилди.

Шинжон-Уйғур мухториятида яшаган Кайша Акан 2018 йилнинг май ойида Қозоғистонга келган эди. Жаркент шаҳрида ўтаётган судда Кайша Акан Хитой ҳукумати вакиллари уни мусумлонлар учун ташкил қилинган «қайта тарияблаш лагери»га жўнатиш билан таҳдид қилгани ортидан чегарани бузиб ўтишга мажбур бўлганини айтган.

«Мен Қозоғистонга таъқиблардан қочиб, бошпана излаб келдим. Мени Хитойга топширмангалар», деган 36 ёшли Кайша Акан Шинжон-Уйғур мухториятида унинг 70 ёшли онаси, собиқ эри ва ўғли қолганини айтди.

Ўтган йили БМТ Хитойда 1 миллион уйғур ва бошқа миллатга мансуб мусулмонлар «экстремизмга қарши кураш» баҳонасида «қайта тарбиялаш лагерлари»да сақланаётгани ҳақида билдирган эди.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG