Линклар

Шошилинч хабар
13 декабр 2019, Тошкент вақти: 05:09

Океан сувларининг илиши денгиз жонзодларига хавф солмоқда


АҚШда чоп этиладиган Science журналида чоп этилган илмий мақолада ёзилишича, дунё океанлари ҳарорати тобора тез кўтарилмоқда. Бу эса денгизда яшовчи организмлар ҳаётига ҳамда сайёранинг муҳим озуқа манбасига таҳдид солади.

Хитой Фанлар академия етакчилигида ўтказилган тадқиқот натижалари кейинги йилларда глобал исиш тўхтагани ҳақидаги ҳисоботлар нотўғри эканлигини кўрсатади.

Хусусан, замонавий технологиялар ёрдамида тўпланган маълумотлар глобал исиш умуман тўхтамаганини кўрсатади. Бу эса иқлим ўзгариши сурати ҳамда сайёранинг унга қарши асосий ҳимоячиси бўлмиш океанлар тақдири ҳақида хавотир туғдирмоқда.

Мақола муаллифларидан бири Зеке Хаусфазер:

- Океанлар исиши иқлим ўзгаришининг жуда муҳим кўрсаткичи бўлиб, бизда глобал исиш биз ўйлагандан тезроқ содир бўлаётганини кўрсатувчи кучли далиллар бор, - деди.

Иссиқхона газлари туфайли Ерда қамалиб қолган ошиқча иссиқликнинг тахминан 93 фоизи дунё океанларида тўпланади.

Янги ҳисобот 2014 ҳамда 2017 йиллар ўртасида чоп этилган, океанлардаги тенденциялар ҳақида аниқроқ маълумот келтирилган тўрт мақолага таянган ҳолда ёзилган.

Аниқроқ маълумотни қўлга киритишда дунё океанлари бўйлаб қалқиб юрувчи 4 мингга яқин роботндан иборат Argo кузатув миссияси муҳим ўрин тутган. Бу роботлар ҳафтасига бир неча марта сув остига тушиб, океан ҳарорати, водород кўрсаткичи, шўрлик ҳамда бошқа кўрсаткичлар бўйича маълумот тўплаб келади. Хусусан, Argo 2000 йиллар ўртасидан бери олимларни океан ҳарорати бўйича батафсил маълумот билан таъминлаб келади.

Янги анализ натижаларига кўра, океанлар ҳароратининг ўсиши ҳаво ҳароратининг кўтарилиши билан мутаносибдир.

Мақола муаллифлари ҳисоб-китобларига кўра, иссиқхона газларини озайтириш учун ҳеч қандай чора кўрилмаса, дунё океанларининг сатҳидан 2000 метр чуқурликкача бўлган қисми ҳарорати аср якунигача 0,78 даражага кўтарилади.

Сув ҳарорати кўтарилса, унинг ҳажми ошади. Шу боис 0,78 даража ўзгариш ортидан дунё океани 30 сантиметрга кўтарилади.

Мақолада 2018 йил Ер сатҳида ҳарорат энг иссиқ бўлган тўртинчи йил бўлгани билан, айнан шу йил океанлар ҳарорати бизга маълум бўлган тарихда энг иссиқ йил бўлгани эътироф этилган.

XS
SM
MD
LG