Линклар

Шошилинч хабар
17 май 2021, Тошкент вақти: 18:50

Ўзбекистон хабарлари

Тошкентда янги қурилган уйлардаги 1000 га яқин хонадон ҳарбийларга берилди

uzbekistan

Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманидаги "Олмос" маҳалласида қурилган 1000га яқин янги квартира имтиёзли ипотека кредити асосида ҳарбийларга топширилди.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизматига таянган Daryo.uz нашрининг хабар қилишича, 14 январь - Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан совға тариқасида улашилган жами 904 та хонадон 31 та кўп қаватли янги уйда жойлашган.

Хабарда айтилишича, янги уй калитларини Мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари – Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғи, генерал-майор Павел Эргашев ва Тошкент ҳарбий округи қўшинлари қўмондони, генерал-майор Баҳодир Қурбоновлар топширган.

2018 йилда ҳам Тошкент ҳарбий округи хизматчилари учун айнан шу "Олмос" маҳалласида жойлашган 18 та кўп қаватли уйдаги 540 та хонадон имтиёзли ипотека кредитлари асосида берилган эди.

Кун янгиликлари

Судда 9 ёшли қизни “ўлдирганини қийноқлар остида тан олгани”ни айтган аёл оқланди

Аёл ўтган йилнинг 30 июлида қўлга олинган эди.

Асакада 9 ёшли қизни ўлдирганликда айбланаётган Асрорахон Ҳамдамова суд ҳукми билан оқлангани тўғрисида ўз манбаларига таянган ҳолда “Кун уз” хабар берди.

"Айбланувчи ўз кўрсатмасида ИИБ ходимлари унга руҳий ва жисмоний тазйиқлар ўтказгани, қийноқларга чидай олмай 9 ёшли гўдакни ўлдиришдек мудҳиш жиноятни бўйнига олишга мажбур бўлганини айтган”,-дейилади хабарда.

Озодлик радиоси 2020 йилнинг 2 июлида 23 яшар асакалик аëл Андижон вилоят, Асака туман Кужган МФЙ Мўдай маҳалласида содир бўлган қотилликда гумонланиб 1 июль куни қамоққа олингани ҳақида мақола эълон қилган эди.

Ўшанда Озодлик билан суҳбатда гумонланувчининг яқинлари¸ 3 ойлик чақалоқнинг онаси бўлган ëш аëл¸ қаттиқ босим ва қўрқитиш орқали “иқрор” ҳақидаги хатга қўл қўйиб бергани ва қотилликни ëш она содир қилганига ишонмаслигини билдирганди.

Асакада 2020 йилнинг 21 июнь куни 9 яшар қиз жасади ўз уйида қонга беланган ҳолда топилгани, унга пичоқ билан 16та зарба берилгани хабар қилинган.

Суд жараёнида экспертларнинг қизча ўлдирилишидан олдин зўрланганини, қиз ўлдирилган хонада 4 нафар номаълум шахснинг бармоқ излари топилганини, аммо бу бармоқ изларидан бирортаси судланувчига тегишли эмаслиги тўғрисидаги далиллари эътиборга олинган.

“А.Ҳамдамова Ўзбекистон Республикаси ЖК 168-моддаси 1-қисми (фирибгарлик) билан айбли деб топилиб, 2 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланиб, унга қўлланилган қамоқ эҳтиёт чораси бекор қилинган ва суд залида қамоқдан озод этилган”,-дейилади “Кун уз” хабарида

Айни пайтда суд аёлни қотилликда айблаб, унга нисбатан “асосиз равишда жиноят иши очган” ички ишлар ходимларига нисбатан қандай ажрим чиқаргани тўғрисида маълумот йўқ.

“Ўзбекистон темир йўллари” уч ойда деярли юз миллиард сўм зарар кўрганини билдирди

2020 йилнинг 1-чорагида ширкатнинг зарари бундан 10 миллиард сўмга кўпроқ бўлган.

“Ўзбекистон темир йўллари” 2021 йилнинг 1-чорагида 95,6 миллиард сўм зарар кўргани ҳақида ширкатнинг чорак якунлари бўйича Корпоратив ахборот ягона порталида эълон қилинган ҳисоботида қайд этилди.

Spot нашрининг маълум қилишича, бу маълумот ширкатнинг молиявий вазияти анча яхшиланганини англатади. Чунки 2020 йилнинг 1-чорагида ширкатнинг зарари бундан 10 миллиард сўмга кўпроқ бўлган.

Айни пайтда “Ўзбекистон темир йўллари”нинг 2021 йилнинг 1-чорагидаги ялпи 1,6 триллион сўм миқдорида тушум олган, соф тушум эса 2,3 триллион сўмни ташкил қилди.

Ширкатнинг ҳаражатлари ўтган йилги 227,5 миллиарддан 297,6 миллиардга етган. Асосий фаолиятдан даромад 671,9 миллиард сўмдан 512 миллиард сўмга тушиб қолган.

Шундан келиб чиққан ҳолда ширкат тўлаган солиқлар миқдори ҳам камайган. Масалан, 2020 йилнинг 1-чорагида “Ўзбекистон темир йўллари” 22,6 миллиард сўм солиқ тўлаган бўлса, 2021 йилнинг биринчи уч ойи учун тўланган солиқ миқдори 21,2 миллиард сўм бўлган.

Ўзбекистон Қуддусдаги вазиятга ўз расмий муносабатини билдирди

Исроил бомбардимонидан сўнг Ғазода қутқарувчилар ва аҳоли вайроналар остидан тирик қолганларни қидирмоқда. 2021 йил, 16 май.

Ўзбекистон Шарқий Қуддусдаги вазиятнинг кескин тус олишидан қаттиқ хавотирда. “Дарё” нашрининг хабар беришича, бу ҳақда 17 май куни Тошкентда ўтган брифингда президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

Расмий Қуддусдаги вазиятга Ўзбекистоннинг позициясини билдирар экан, Тошкент томонларни зўравонликларга чек қўйиш, қон тўкилишини дарҳол тўхтатишга чақиришини айтди.

“Бундан ташқари, Қуддусдаги ал-Ақсо масжиди ва бошқа қадамжолар урушдан аввалги ҳолат қайтарилиши керак деб ҳисоблаймиз. Ва албатта, Фаластин—Исроил муаммоси халқаро меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, хусусан, БМТнинг тегишли резолюциялари ва биз кўп йиллардан бери қўллаб-қувватлаб келаётган ‘икки халқ учун икки давлат’ тамойили асосида ечилиши керак деб ҳисоблаймиз”, — деб иқтибос келтирди президент матбуот котиби сўзларидан нашр.

"Газета.uz"нинг ёзишича, брифингда Шерзод Асадов президент Шавкат Мирзиёев ўтган ҳафтада Туркия президенти Режаб Тоййип Эрдўғон билан телефон орқали суҳбатлашганини, мулоқот пайтида Фаластин ва Исроил ўртасидаги вазият муҳокама қилинганини ҳам билдирган.

Президент Шавкат Мирзиёев 14 май куни Тошкентнинг Учтепа тумани Тепақўрғон маҳалласи аҳолиси билан учрашувда Фаластин-Исроил низосига ҳам тўхталиб ўтган эди.

“Фаластин ва Исроилдаги воқеалар, Ал-ақсо масжиди атрофидаги ҳаракатлар ҳақида гапирар эканмиз, биз фақат тинчлик бўлиши тарафдоримиз. Албатта, ҳар қандай масала бир стол атрофида ўтириб, муроса қилинсагина ҳал бўлади”,- деб иқтибос келтирган президент сўзларидан "Газета.uz".

Термизда мактабга ўт кетди

Ўзбекистонда юз берган ёнғинлардан бири.

Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги мактабда 17 май куни ёнғин чиқди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билдирди.

Хабарда айтилишича, соат 10да Термизий кўчасида жойлашган 6-умумтаълим мактабида ёнғин содир бўлгани ҳақида маълумот келиб тушган. Термиз шаҳар Фавқулодда вазиятлар бўлимининг 6 та ёнғин-қутқарув гуруҳи мактабга соат 10:05да етиб борган.

“Соат 10:15да ёнғин қуршаб олинган ва соат 10:40да тўлиқ бартараф этилган.Ёнғин натижасида бино 2-қаватининг тахминан 120 кв.м майдонда ички ва том қисми ёниб зараланган. Ёнғин оқибатида тан жарохат олганлар йўқ”, - дейилади хабарда.

Ўт ўчирувчилар айни пайтда енғиннинг келиб чиқиш сабабларини ва зарар миқдорини аниқлашмоқда.

Ўзбекистон Афғонистон орқали Покистонга биринчи юкни етказиб берди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистоннинг Асад Транс ва Покистоннинг Best Trans Pvt. Ltd транспорт ширкатлари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни Афғонистон орқали Покистонга экспорт қилиш бўйича пилот лойиҳани амалга оширди. Pakistan observer нашрининг хабар беришича, бу борда Покистон савдо вазирлиги ва Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонаси қўшма баёнот тарқатди.

“11 май куни ўзбек давлат рақамига эга бўлган юк автомашинаси Афғонистон транзит маршрутини икки кунда босиб ўтиб Пешавордаги Тўрхам назорат ўтказиш пунктига етиб келди”,-дейилади баёнотда.

Мазкур юк автомашинаси Покистон тери фабрикаларига тери маҳсулотларини олиб борган. Бундан ташқари Ўзбекистондан Покистоннинг Лаҳор, Карачи, Таксила ва Файсалобод шаҳарларига кўмир, минерал ўғитлар ва текстиль маҳсулотлари экспорт қилинади. Йил охиригача юк ташувчи автомашиналар сони 50тага етказилади.

Best Trans Pvt. Ltd ширкати расмийси Рамиз Раббонийга кўра, Покистонга Ўзбекистондан биринчи юк ташувчи автомашинасининг кириб келиши тарихий воқеа бўлди. Чунки бундан аввал ҳам Ўзбекистондан Покистонга Афғонистон орқали юкларни тўғридан-тўғри етказиб бериш лойиҳалари ишлаб чиқилган, аммо амалга ошмай қолган эди.

Автомобилда йўловчи ташишни тартибга солиш бўйича эксперимент йўлга қўйилди

Ўзбекистон жорий йилнинг 15 майидан 2022 йил охиригача автомобилда йўловчи ташиш фаолиятини тартибга солишни соддалаштириш бўйича эксперимент ўтказилади. Бу ҳақда мамлакат президенти томонидан шу йил 7 майида қабул қилинган “Aвтомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолиятини тартибга солишни янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда айтилган.

Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм-канали қайдича, бунда:

  • йўловчиларни ҳайдовчидан ташқари тўрттадан ортиқ бўлмаган ўриндиқларга эга бўлган енгил автотранспортларда ташиш якка тартибдаги тадбиркорлар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатига киритилади;
  • якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан йўловчиларни енгил автотранспортларда ташиш лицензия варақасига асосан амалга оширилади;
  • лицензия варақаси 21 ёшга тўлган ва бошқарувида аризани бериш вақтида 10 йилдан ортиқ бўлмаган вақт давомида эксплуатация қилинаётган автомобиль мавжуд бўлган якка тартибдаги тадбиркорларга “Лицензия” ахборот тизими орқали берилади;
  • автомобилда йўловчиларни ташиш билан шуғулланадиган якка тартибдаги тадбиркорлар “Aккредитация маркази” ДУКда аккредитациядан ўтган техник хизмат кўрсатиш станцияларида 6 ойда камида 1 маротаба транспорт воситасини техник кўрикдан ўтказиши шарт;
  • якка тартибдаги ташувчилар лицензияга эга корхоналарда ҳамда йўловчи ташувчиларга мижозларни излаш бўйича интерактив хизматларни кўрсатувчи тадбиркорлар (агрегаторлар) томонидан ташкил қилинган махсус текширув пунктларида ойлик тиббий кўрикдан ўтиши шарт;
  • якка тартибдаги ташувчиларга йўловчиларни автомобиль транспортида ташиш фаолияти доирасида ходимларни ишга ёллашга рухсат этилмайди.

Қарорда 2021 йил 1 сентябргача якка тартибдаги ташувчиларни давлат рўйхатидан ўтказганлик учун давлат божи ундирилмаслиги айтилган. Айни пайтда якка тартибдаги ташувчилардан лицензия варақаси берилганлиги учун давлат божи йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари (245 минг сўм) миқдорида ундирилиши кўзда тутилган. Бунда давлат хизматларини кўрсатганлик учун йиғим ундирилмайди.

Ҳужжатда якка тартибдаги ташувчилар қатъий белгиланган миқдорда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини 3 тоннагача юк кўтариш имкониятига эга автомобиль транспортида юкларни ташиш фаолияти билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркорлар учун белгиланган ставкада тўлаши ҳам уқтирилган.

Коронавирус юқтириб олганларнинг умумий сони 97 минг нафарга яқинлашди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2021 йилнинг 16 май ҳолатига кўра, 96 минг 893 нафарни ташкил этмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги қайдича, ўтган кеча-кундузда мамлакатнинг истисносиз барча ҳудудларида жами 223 киши коронавирус юқтириб олган.

Айни пайтда якшанба куни Наманган, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё, Фарғона, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 192 нафар бемор соғайиб, тузалганларнинг жами 92 минг 303 нафарга етган.

Касалхоналарда муолажаси давом этаётган беморлар сони эса шу кунда 3 минг 920 нафарни ташкил этмоқда.

Вазирлик кеча 2 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этиб, касаллик қурбонлари сони 670 нафарга етганини ҳам қўшимча қилган.

Мирзиёев Тожикистонга ташрифи чоғида Хўжандга ҳам сафар қилади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев шу йил 10-12 июнь кунларига мўлжалланган Тожикистонга расмий сафари доирасида Хўжанд шаҳрига ҳам ташриф буюради. Бу ҳақда “Азия-Плюс” ахборот агентлиги Тожикистон ҳукуматидаги ўз манбасидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Қайд этилишича, Хўжандга сафар чоғида Мирзиёевга тожикистонлик ҳамкасби Эмомали Раҳмон ҳамроҳлик қилади.

Икки давлат лидери Сўғд вилояти марказига Душанбеда расмий музокаралар якунланганидан ҳамда 30 дан зиёд ҳукуматлараро шартнома имзоланганидан кейин бориши кутилмоқда.

Хўжандга сафар чоғида Шавкат Мирзиёев Сўғд вилоятининг савдо-иқтисодий салоҳияти билан танишиб, бир қанча саноат корхоналарга бориши ва тарихий-маданий объектларни зиёрат қилиши режаланган.

Ўтган ҳафта Тошкентга Тожикистон бош вазири Қоҳир Расулзода бошчилигидаги ҳукумат делегацияси ташриф буюриб, икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 8-йиғилишида иштирок этганди. Маълумотларга кўра, музокаралар чоғида Ўзбекистон билан Тожикистон савдо айланмасини яқин йиллар ичида 1 миллиард долларга етказиш имкониятлари муҳокама этилган.

Андижонда келинчакнинг номусига теккан 6 нафар оилали кишига нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Андижон вилояти Андижон туманида 6 нафар эркак дала шийпонида беш ой аввал турмушга чиққан аёлнинг номусига тегиши ҳодисаси бўйича Ўзбекистон Жиноят кодексининг 118-моддаси (номусга тегиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда Kun.uz нашри Андижон вилоят ички ишлар бошқармасидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Андижон вилоят ИИБ қайдича, жорий йилнинг 3 май куни фуқаро О.О. 102 қисқа рақамига мурожаат қилиб, шу куни соат 14:00 ларда Андижон тумани Қорақалпоқ маҳалласида жойлашган дала шийпонида фуқаролар С.А. ва О.М. ўзига нисбатан зўрлик ишлатиб жинсий алоқада бўлганини маълум қилган. Бунинг ортидан тергов-тезкор гуруҳи воқеа жойига бориб, ҳодиса содир бўлган жой кўздан кечирган ва видеотасвирга олган.

Терговга қадар текшириш ҳаракатларининг тўлалигини таъминлаш мақсадида О.О.га тегишли бўлган қизил-қора рангли аёллар кўйлаги ва бошқа кийимлар далилий ашё тариқасида ҳолислар иштирокида олинган. Мазкур ҳолат юзасидан суд-тиббий экспертизаси, судга оид боилогик экспертиза ва судга оид физика-техникавий экспертиза тайинланган.

Вилоят прокуратураси маълумотига кўра, мазкур жиноятни содир этишда 28 ёшдан 40 ёшгача бўлган 6 нафар фуқаро гумонланмоқда. Тажовузда гумон қилинганларнинг барчаси оилали бўлиб, улардан 4 нафарининг 2 нафардан, бирининг 3 нафар, яна бирининг эса 4 нафар фарзанди бор.

ФВВ: Тошкентдаги Ботаника боғида ёнғин содир бўлди, жабрланганлар йўқ

Иллюстратив сурат

Тошкент шаҳар Юнусобод туманида жойлашган Тошкент Ботаника боғида 16 май куни соат 11.55 да ёнғин содир бўлган.

Бу ҳақда маълум қилган Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ёнғинда боғнинг орқа томонидаги очиқ майдонда қуриган хас-хашак ва буталган шох-шаббалар ёнганини билдирган.

Қайд этилишича, ҳодиса юзасидан Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ёнғин-қутқарув гуруҳи воқеа жойига етиб борган ва қутқарувчиларнинг саъй-ҳаракатлари билан ёнғин ўз вақтида ўраб олиниб, аланганинг боғ ҳудудига ўтишига йўл қўйилмаган.

Вазирлик ёнғин чоғида ҳеч ким жабрланмагани, боғнинг ўрмон фондига зарар етмаганини урғулаган.

Ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилмоқда.

Яна бир ҳоким ўринбосари ва бир неча мансабдор пора билан қўлга тушди

ДХХнинг маҳаллий матбуотга сиздирган маълумотларида айтилишича, Янгиқўрғон тумани ҳокими ўринбосари Наманган вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармаси мансабдори воситачилигида 10 минг доллар пора олаётган вақтда ушланган.

Билдирилишича, қишлоқ хўжалиги бошқармаси мансабдори тадбиркорлардан бирига Янгиқўрғон тумани ҳудудидан боғдорчилик учун 10 гектар ер ажратиб бериш ваъдаси билан 10 минг доллар олаётганида қўлга тушди.

У терговгача текширув жараёнида бу пулларни Янгиқўрғон тумани ҳокими ўринбосарига бериши кераклигини айтган. Тезкор тадбир давомида туман ҳокими ўринбосари 10 минг долларни мансабдордан олаётганида ушланган.

Бундан ташқари ДХХ Тошкент шаҳар Юнусобод тумани солиқ инспекцияси катта инспектори 3,5 минг доллар, Булоқбоши тумани солиқ инспекцияси бош инспектори 15 миллион сўм миқдорида пора олаётганида ушланганини ҳам билдирди.

Аввалроқ Жиззах шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи шахс 2 минг доллар пора олаётганида қўлга тушгани ҳабар қилинган.

Ўзбекистон халқ артисти Баҳодир Йўлдошев оламдан ўтди

Баҳодир Йўлдошевнинг театр тўғрисидаги мақолаларидан бири.

Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Баҳодир Йўлдошев 76 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Кинематография агентлиги 16 май куни хабар берди.

1945 йилда Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳрида санъаткорлар оиласида туғилган Баҳодир Йўлдошев 1970 йилда Тошкент театр ва рассомлик институтини тугатган.

У 1971–1974 йилларда Ҳамза номидаги Ўзбек академик драма театрида режиссёр, 1974–1984 йилларда бош режиссёр бўлиб ишлаган.

Бундан ташқари Баҳодир Йўлдошев кинофильмларда актёр сифатида Олчинбек ("Оловли йўллар"), Мухторов ("Тоғдаги учрашув"), Шерзод ("Олмос камар"), Собиров («Ошпаз») каби образларни яратган.

У Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, Ўзбекистон халқ артисти, «Буюк хизматлари учун», «Меҳнат шуҳрати», «Эл-юрт ҳурмати», «Фидокорона хизматлари учун» орденлари соҳиби, Калифорния академиясининг ҳақиқий аъзоси ҳисобланади.

Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлардан яна бири вафот этди

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида 3891 нафар бемор даволанмоқда.

Ўзбекистонда 15 май куни коронавирусга чалинган беморлардан яна бири вафот этди. Бу билан пандемия бошланганидан то шу кунгача мазкур касалликдан ўлган беморлар сони камида 668 кишига етди.

Соғлиқнини салаш вазирлиги 15 май куни яна 302 кишида вирус аниқланганини билдирди. Улардан 131 нафари Тошкент шаҳрида, 73 нафари Самарқанд вилоятида ва 38 нафари Тошкент вилоятида.

Ўтган йилнинг8 мартидан то шу кунгача коронавирус инфекцияси қайд этилганларнинг умумийц сони 96670 нафарни ташкил этмоқда. Касалликдан жами 92111 соғайган.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида 3891 нафар бемор даволанмоқда.

"Ўзбекистон" меҳмонхонаси нега Исроил байроғига бурканганини изоҳлади

Ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги “Ўзбекистон” меҳмонхонаси биносидаги экранда Исроил байроғи акс этгани тасвирланган сурат ва видеолар ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди.

Бу ҳолат Яқин Шарқда зўравонликлар бўлаётган кезда рўй берди.

Qalampir.uz нашрининг ёзишича, "Ўзбекистон" меҳмонхонаси бино экрани бундан роппа-роса бир ой аввал, 14 апрель куни – Исроил мустақиллигининг 73 йиллиги муносабати билан шу давлат байроғи тусига киргани, бунинг Яқин Шарқдаги ҳозирги вазиятга алоқаси йўқлигини маълум қилди.

Нашр меҳмонхона ходимининг бунинг учун Исроилнинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан шартнома тузилгани ҳақидаги сўзларидан иқтибос келтирган.

“Ўзбекистон дипломатик алоқа ўрнатган давлатлар байроқларини қўйиб борамиз. Бу қонун доирасида”, деб айтган меҳмонхона ходими.

Яқин Шарқда зўравонликлар беш кундирки давом этмоқда.

Душанба кунидан буён юздан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилликлар орасида талафотлар сони саккиз кишини ташкил этмоқда.

Ғазо ва Исроилдаги сўнгги зўравонликлар 2014 йилдан буён кузатилган энг ёмони экани айтилади.

Россиялик овчи Ўзбекистонда Тяншан қўнғир айиғини ўлдириш учун қанча ҳақ тўлагани маълум қилинди

Ўзбекистон Адлия вазирлиги мамлакат ҳудудида ҳайвонларни ов қилиш маълум ҳақ эвазига амалга оширилишини маълум қилди.

Вазирликнинг бу баёноти Тошкент вилоятида россиялик овчи Ўзбекистон "Қизил китоби"га киритилган Тяншан қўнғир айиғини отиб ўлдиргани муҳокамаларга сабаб бўлаётган кезда янгради.

Адлия вазирлиги матбуот хизматига кўра, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси 10 декабрга қадар (қўшимча квота учун 10 майга қадар) бўлган муддатда Фанлар академиясининг хулосаси асосида ёввойи ҳайвонларни тутишга доир квоталарни тасдиқлайди ва тегишли тартибда қўмитанинг маҳаллий бошқармаларига юборади. Қўмитанинг ҳудудий органлари эса ҳайвонот дунёсидан фойдаланишга доир рухсатномаларни беради.

"Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида"ги қонунда, шунингдек, Ўзбекистон "Қизил китоб"ига киритилган камёб ва йўқолиб бораётган сутемизувчилар турлари бўйича алоҳида тўлов миқдорлари белгиланган", - дейилади Адлия вазирлиги матбуот хизмати билдирувида.

Ўзбекистонда ёввойи ҳайвонларни овлаш учун нархлар рўйхатида Тяншан қўнғир айиғини илмий, тиббий ва назорат мақсадида тутиш учун ўзбекистонликларга 19,6 миллион сўм, спорт, ҳаваскорлик ва ўлжа олиш мақсадида тутиш учун эса 24,5 миллион сўм тўлов белгиланган.

Хорижлик фуқароларга эса ушбу ҳайвонни ов қилишнинг барча турлари бўйича тутишга 3 минг доллар миқдорида тўлов белгиланган.

Мирзиёев журналистлар билан мулоқотда гематология ва онкология соҳаси муаммолари ҳақида гапирди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентнинг Учтепа туманига ташриф чоғида журналистлар билан суҳбатда гематология ва онкология шифохоналарини керакли ускуналар билан таъминлашга ваъда берди.

"Бизда тана аъзоларини кўчириш соҳасида мутахассис ҳам йўқ, марказ ҳам йўқ, ускуналар ҳам йўқ. Шунинг учун бу борада катта тажрибага эга Россия, Корея, Германиядан ускуналар олиб келиб ҳамма вилоятда марказлар очамиз. Фақат Тошкентда эмас, Тошкент вилоятида ҳам ташкил қиламиз. Тошкентда 10 гектарга яқин жой ажратиб энг замонавий марказ ташкил қиламиз", деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон президенти муаммоларни бир қарор билан ҳал қилиб бўлмаслиги, қарорлар ижросини назорат қилишда журналистлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари кўмачки бўлиши кераклигини урғулади.

Сўнгги пайтларда Ўзбекистон президенти жойларга уюштирилган сафарлари чоғида журналистлар қаршисида чиқиш қилиши кузатилмоқда.

Бу каби жонли мулоқотларнинг биринчиси Мирзиёевнинг шу йил февраль ойида Наманган вилоятига қилган сафари пайтида амалга ошган.

Мазкур чиқишларда журналистлар, матбуот анжуманларида бўлганидек, президентга ўзлари истаган саволни бериш имконига эга бўлмаган бўлсалар-да, бундай жонли мулоқотлар халқаро кузатувчилар томонидан “муҳим ҳодиса” ўлароқ баҳоланмоқда.

Коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 96 минг нафардан ошди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2021 йил 13 май ҳолатига кўра, 96 минг 117 нафарни ташкил этган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги қайдича, ўтган кеча-кундузда мамлакатнинг истисносиз барча ҳудудларида жами 291 киши коронавирус юқтириб олган.

Айни пайтда Рамазон ҳайити куни Бухоро, Наманган, Хоразм, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 136 нафар бемор соғайиб, тузалганларнинг жами 91 минг 507 нафарга етган.

Касалхоналарда муолажаси давом этаётган беморлар сони эса шу кунда 3 минг 943 нафарни ташкил этмоқда.

ССВ аввалроқ Ўзбекистонда коронавирус қурбонлари сони 667 нафарга етгани ҳақида билдирган эди.

ССВ масъули Ўзбекистонга Хитойнинг яна бир вакцинаси олиб келиниши мумкинлигини билдирди

Ўзбекистонга Хитойда ишлаб чиқарилган Sinovac вакцинасидан олиб келиниши мумкин. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Нурмат Отабеков 12 май куни АОКАда ўтказилган брифингда маълум қилган.

“Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, COVAX дастури доирасида Хитойнинг Sinopharm фирмасида ишлаб чиқарилган Sinovac вакцинаси Ўзбекистонга олиб келиниши эҳтимоли бор”, деган вазирлик мулозими.

Хитойнинг Sinovac хусусий компанияси ва Sinopharm давлат фирмаси томонидан ишлаб чиқарилган вакциналар Мексика, Туркия, Индонезия, Венгрия, Бразилия ва Туркия сингари ўнлаб мамлакатга тарқатилган. Аммо мазкур ширкатлар ўз вакциналарининг сўнгги босқич клиник синовлари ҳақида нуфузли илмий журналларда маълумот чоп этмагани учун танқидга учраган. Турли мамлакатларда ўтказилган синовлар “Sinovac” вакцинаси самарадорлиги 50 фоиздан 83 фоизгача ўзгаришини кўрсатган.

Н. Отабековга кўра, айни пайтда Россиянинг “Спутник V” вакцинасидан 1 миллон доза олиш учун буюртма берилган. Ҳозирги пайтда 50 минг аҳолини эмлаш учун мазкур вакцинадан 100 минг доза олиб келинган. Қолган буюртмалар келиши билан хавф остидан ташқари бўлган аҳолига ҳам таклиф этилади.

Ўзбекистонда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари 1 апрелдан бошланган. Эмловда Хитойнинг Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co. Ltd ширкати томонидан ўзбекистонлик мутахассислар ҳаммуаллифлигида яратилган ZF-UZ-VAC2001 ҳамда Британияда ишлаб чиқарилган AstraZeneca вакцинаси қўлланилган. 28 апрелдан бошлаб эса эмловда Россиянинг “Спутник V” вакцинасидан ҳам фойдаланила бошлаган.

Расмий: Пандемия шароитида Тошкент масжидларида 10 минглаб одам ҳайит намози ўқиди

Тошкентдаги “Ҳазрати Имом” масжидида ўқилган ҳайит намози (архив сурати)

Рамазон ҳайити муносабати билан 13 май тонгидаги ибодатга Тошкентдаги “Ҳазрати Имом” мажмуасига 18 мингдан зиёд, “Шайх Зайниддин” масжидига 30 мингдан зиёд, “Қуддуси Шариф” масжидига эса 20 мингга яқин намозхон ташриф буюрган. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов пайшанба куни АОКАда ўтказилган брифинг чоғида маълум қилди.

Мулозимга кўра, кеча Ўзбекистон бўйича 2090 та масжиддан 2021 тасида умумий ҳисобда 2 миллион 576 минг ўзбекистонлик Рамазон ҳайити намозини адо этган. Пойтахтдаги 106 та масжидга эса байрам ибодати учун 497 минг намозхон келган.

Айни пайтда М. Комилов мамлакат бўйлаб ҳайит намози Республика махсус комиссияси томонидан белгиланган талабларга тўлиқ риоя қилинган ҳолда адо этилганини иддао қилган. Унинг айтишича, жойларда ҳайит тадбирларини юқори савияда ташкил этиш, ҳайит намози ўтказиладиган масжид ҳудудлари ва халқ сайиллари ўтказиладиган жойларда карантин талаблари, жамоат хавфсизлигини таъминлаш чоралари кўрилган. Хусусан, намозни тартибли ва карантин қоидаларига мувофиқ ўтказиш мақсадида 13 мингга яқин ички ишлар ва бошқа мутасадди ташкилотлар ходимлари, 5 мингдан зиёд тиббиёт ходимлари, 2 мингга яқин махсус транспорт воситалари жалб этилган.

Дин ишлари бўйича қўмита мутасаддиси ҳайит муносабати билан ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига жами 13 миллиард 4 миллион сўмга яқин моддий ёрдам кўрсатилганини қўшимча қилган.

Бош вазир Расулзода етакчилигидаги Тожикистон делегацияси Тошкентга келади

Ўзбекистон бош вазири А. Арипов ва Тожикистон бош вазири Қ. Расулзода (архив сурати)

Тожикистон бош вазири Қоҳир Расулзода бошчилигидаги делегация 14 май куни Ўзбекистонга ташриф буюради.

Бу ҳақда маълумот тарқатган Ўзбекистон бош вазири матбуот хизматига кўра, қўшни давлат расмийлари Тошкентга Ўзбекистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси ўртасида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг 14-15 май кунлари бўлиб ўтадиган 8-йиғилишида иштирок этиш учун келмоқда.

Тожикистон ҳукумат делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи дастуридан Тошкент шаҳридаги бир қатор саноат объектлари фаолияти билан яқиндан танишиш ўрин олган.

Айни пайтда жума ва шанба кунлари бўлиб ўтажак Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши якунлари бўйича қатор ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган.

Қўшни давлат расмийларининг Тошкентга сафари масаласи Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ўртасида 13 май куни бўлиб ўтган телефон мулоқоти чоғида ҳам муҳокама қилинган.

Мулоқот чоғида Ш. Мирзиёев ва Э. Раҳмон Марказий Осиёда барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашнинг муҳим омили сифатида Тожикистон-Қирғизистон чегарасидаги вазият барқарорлашганини мамнуният билан қайд этганлар.

Рамазон ҳайити куни Ўзбекистон президенти Қирғизистон президенти билан ҳам телефон орқали мулоқот қилгани хусусида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди.

Кейинги ойдан Тошкент билан Ар-Риёд ўртасида мунтазам авиақатнов йўлга қўйилади

Ўзбекистон билан Саудия Арабистони пойтахтлари ўртасида жорий йилнинг 12 июнидан бошлаб мунтазам авиақатновни йўлга қўйиш режаланмоқда.

“Дунё” ахборот агентлиги хабарига кўра, бу ҳақда куни кеча Ўзбекистоннинг мутасадди вазирлик ва идоралари ҳамда Саудия Арабистонининг “Flynas” авиакомпанияси ва “Seera” туристик агентлиги вакиллари ўртасида видеоконференция шаклидаги ташкил этилган мулоқот чоғида билдирилган.

Мулоқотда Саудия Арабистони подшоҳлиги делегациясининг жорий йил январь ойида Ўзбекистонга ташрифи доирасида Бухоро шаҳрида ўтказилган бизнес-форумда “Uzbekistan airways” АЖ ва Саудиянинг “Flynas” авиаширкати ўртасида туризмни ривожлантириш тўғрисида имзоланган Англашув меморандумида белгиланган вазифаларнинг амалий натижалари хусусида фикр алмашилган. Шунингдек, Саудия Арабистонида Ўзбекистон туризм салоҳиятини кенг тарғиб этиш орқали саудияликларнинг Ўзбекистонга саёҳатларини уюштириш истиқболлари муҳокама қилинган.

“Flynas” вакиллари кейинги ойдан “Ар-Риёд–Тошкент–Ар-Риёд” йўналиши бўйича ҳафтасига уч марта мунтазам авиақатнов амалга ошириш режаланганини маълум қилишган.

Коронавирус пандемияси туфайли Саудия Арабистони ўтган йили ўз фуқаролари учун хорижга чиқиш бўйича вақтинча чекловлар ўрнатган эди. Айни пайтда мазкур мамлакат расмийлари саудияликларга коронавирус билан боғлиқ вазият яхшиланган давлатларга жорий йил 17 майидан бошлаб сафар қилишга рухсат берган.

Ўзбекистонда коронавирусдан ўлганлар сони яна биттага кўпайди

Янги касалланиш ҳолатларининг 163 таси Тошкент шаҳрида аниқланди.

Ўзбекистонда 12 май куни коронавирусга чалинган беморлардан яна бири вафот этди. Бу билан мазкур касалликдан ўлганлар сони 667 кишига етди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 12 май куни яна 359 кишида коронавирус аниқланганини, бугунги кунгача коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 95826 нафарни ташкил этаётганини билдирди.

Янги касалланиш ҳолатларининг 163 таси Тошкент шаҳрида, 63таси Тошкент вилоятида ва 65 нафари Самарқанд вилоятида аниқланган.

Касалликдан соғайганлар жами 91301 нафарга етди ва соғайиш кўрсаткичи 95 фоизни ташкил этмоқда.
Айни пайтда тиббиёт муассасаларида 3858 нафар бемор даволанмоқда.

Мирзиёев Жапаров билан телефон орқали гаплашди. Расмий маълумотда чегарадаги муштлашув эсланмади

Садир Жапаров Шавкат Мирзиёев билан 11-12 март куни Тошкентда музокаралар олиб борган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 13 май куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан телефон орқали Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги вазиятни барқарорлаштириш масаласида суҳбатлашди.

Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг билдиришича, мулоқот пайтида Марказий Осиё минтақасида дўстлик, яхши қўшничилик ва шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш масаласи ҳам тилга олинган.

Бироқ расмий маълумотда 13 май куни Ўзбекистоннинг Чашма ва Қирғизистоннинг Сай қишлоғи аҳолиси ўртасида юз берган инцендент ҳақида маълумот берилмади.

Аввалроқ Қирғизистон томони 13 май куни Ўзбекистоннинг Сўх тумани Чашма қишлоғи ва Қирғизистоннинг Боткен тумани Қиштут қишлоқ ҳукуматига қарашли Сай овули аҳолиси ўртасида “келишмовчилик оқибатида муштлашув содир этилган”и, бунинг ортидан икки қишлоқ аҳолиси чегара атрофига йиғилгани ҳақида маълум қилган эди. Мазкур ҳодиса юзасидан хабарни мана бу жойда ўқишингиз мумкин.

28,29, 30 апрель ва 1 май кунлари Қирғизистон-Тожикистон ҳарбийлари ўртасида отишма бўлган ва унда қирғиз томонидан камида 36 киши, тожик томонидан эса 19 тожикистонлик ҳалок бўлгани хабар қилинган.

Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг билдиришича, мулоқот чоғида президентлар муқаддас Рамазон ҳайити муносабати билан бир-бирларини самимий қутлаб, “биродар халқларимизга тинчлик, фаровонлик ва равнақ тилаб, эзгу истакларини изҳор қилдилар”.

Қашқадарёда рўй берган ЙҲТ икки гўдак дохил 7 кишининг умрига зомин бўлди

Қашқадарёдаги автоҳалокат иштирокчиси бўлган автомобиллардан бири (Касби туман ҳокимлиги ахборот хизмати фотоси)

Қашқадарё вилояти Касби туман Тошқўрғон маҳалласи ҳудудидан ўтувчи “Қарши-Таллиқўрғон-Касби-Жейнов” автомобиль йўлининг 26 километрида 8 май содир бўлган йўл транспорт ҳодисасида 7 киши нобуд бўлган.

Касби туман ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, ўтган ҳафта охирида ҳаракат қоидаларини қўпол равишда бузиб, катта тезликда келаётган ВАЗ-2101 автомашинаси ва йўлнинг қарама-қарши томонидан катта тезликда ҳаракатланаётган Нексия автомашинаси бир-бири билан тўқнашган. Тунги соат 22:10 да содир бўлган бу автоҳалокат бирданига 7 кишининг умрига якун ясаган.

Қайд этилишича, ЙТҲ қурбонларининг бири 1 яшар, яна бири 4 яшар бола бўлган, қолган беш қурбон ҳам ёши қирққа етмаган кишилар бўлгани айтилмоқда.

Биржада чигит нархи арзонлади, бунинг ортидан ёғ баҳоси ҳам пасайди

Жорий йилнинг 6−12 май кунлари Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида ўтказилган очиқ биржа савдолари якунлари кўра техник пахта чигитининг биржадаги нархи 31,2 фоизга пасайиб, 12 май ҳолатига кўра маҳсулотнинг бир тоннаси учун ўртача 3 миллион 403 минг 900 сўмни ташкил этди. Бу ҳақда Газета.uz нашри Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси (UzEx) маълумотларига таянган ҳолда хабар қилди.

Қайд этилишича, ўтган ҳафта ичида биржа савдоларига сотувчи-корхоналар томонидан 7 961 тонна пахта чигити қўйилган ва улардан 5 903 минг тоннаси, яъни 74,1 фоизи сотилган.

“Техник пахта чигитининг биржадаги нархларини пасайишига унинг бошланғич нархларини сотувчи-корхоналар, яъни пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан пасайтирилганлиги ўз ижобий таъсирини ўтказди”, дейилган UzEx хабарномасида.

Техник пахта чигити нархининг пасайиши оқибатида пахта ёғининг бошланғич қиймати ва биржадаги нархлари ҳам пасайган. Хусусан, ўтган даврда пахта ёғининг бошланғич нархи ўртача 5,3 фоизга, биржа савдолари натижасида шаклланган нархи эса 11,3 фоизга пасайиб, бугунги кунда маҳсулотнинг бир тоннаси учун 14 миллион 739 минг 300 сўмни ташкил қилмоқда.

Аввалроқ Монополияга қарши курашиш қўмитаси биржада техник чигитнинг бошланғич нархларини келишиб сунъий ошириш аломатлари билан 34 та пахта кластерига нисбатан иш қўзғатгани ҳақида хабар қилган эдик.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG