Линклар

Шошилинч хабар
21 ноябр 2019, Тошкент вақти: 02:48

Ўзбекистон хабарлари

Фарғонада 3,5 миллион долларни Қирғизистонга олиб чиқмоқчи бўлганлар қўлга олинди

Иллюстратив сурат.

Фарғона вилояти орқали Қирғизистонга 3,5 миллион доллар пулни ноқонуний олиб чиқиб кетишга уринган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда “Ўзбекистон-24” телеканали Давлат хавфсизлик хизмати тарқатган расмий маълумотга таяниб хабар берди.

Хабарда айтилишича, тезкор тадбир доирасида “Фарғона—Юқори Водил” йўналиши бўйича ҳаракатланаётган Nexia автомобили ва Водил қишлоғида яшовчи А.Д.нинг хонадони текширилганида, жами 1 миллион 763 минг доллар топилган.

Бундан ташқари Қирғизистонда туғилиб ўсган 56 ёшли А.Ё.нинг автомашинаси ҳам кўздан кечирилганда 1 миллион 771минг 650 АҚШ доллари топилган.

Аниқланишича, бу пул Қирғизистонга ўтказиб юборилиш учун Тошкентдан жўнатилган.

“Тезкор тадбир доирасида қонунбузарлардан жами 3 534 650 АҚШ доллари ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган. Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Пулларнинг ҳақиқий эгаларини аниқлаш бўйича ҳам зарур чоралар кўрилмоқда”, дейилган хабарда.

Кун янгиликлари

Президент Тошкентда асос солинган IT-паркни бориб кўрди

Шавкат Мирзиёев

Президент Мирзиёев 20 ноябрь куни Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманидаги Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки фаолияти билан танишди.

Бу ҳақда хабар қилган ЎзАга кўра, ушбу IT-парк Президентнинг 2018 йилда Ҳиндистонга давлат ташрифи чоғида эришилган келишув асосида, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан Ҳиндистон Республикасининг Электроника ва ахборот технологиялари вазирлиги қошидаги Дастурий технологиялар парклари жамияти ҳамкорлигида ташкил этилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 10 январдаги қарорида технопарк фаолиятини йўлга қўйиш чора-тадбирлари белгиланган, шу мақсадда дирекция тузилган, июлда унинг дастлабки биноси фойдаланишга топширилди.

Мазкур технопарк резидентлари сифатида рўйхатдан ўтган корхоналар 2028 йилнинг 1 январига қадар солиқлар ва божхона тўловларидан озод этилган. Бу соҳа мутахассисларига катта мадад бўлиб, технопаркка қизиқишни оширмоқда. Қисқа вақтда унинг резидентлари сони 300 дан ортди.

2019 йилда 5441 киши Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинди

Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йил бошидан буён жами 5441 кишини Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилиш тўғрисидаги 25 та фармонни имзолади.

Бу ҳақда хабар қилган ЎзАга кўра, 1991 йилдан 2007 йилга қадар республикада жами 482 нафар фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинган.

2007 йилдан 2016 йилнинг декабрига қадар эса, бир киши ҳам Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинмаган.

2016 йилнинг декабрида Шавкат Мирзиёев 179 кишига фуқароликни бериш тўғрисидаги биринчи фармонни имзолади.

2017 йилда 10 та фармон билан 1064 нафар шахс, 2018 йилда 15 та фармон билан 2759 нафар шахс фуқароликка қабул қилинди.

Уч йил ичида жами 51 та фармон билан 9443 шахс фуқароликка қабул қилинди.

Айни пайтда, Озодликка келаётган маълумотларга қараганда, Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинишини кутаётганлар кўп. Улардан бирининг хати Озодликнинг SizdanTelegram рукнида 19 ноябрда эълон қилинди.

Яқин қариндошларга тегишли автомобилни ишончномасиз бошқаришга рухсат берилди

Транспорт воситаси эгасининг суғурта полисида кўрсатилган яқин қариндошлари (ота-она, эр (хотин), болалар, ака-укалар, опа-сингиллар) транспорт воситасини нотариал тасдиқланган ишончномасиз бошқаришига рухсат берилди.

Адлия вазирлигининг хабар қилишича, бу тартиб нотариат тизими такомиллаштирилганлиги муносабати билан ҳукуматнинг бир қатор қарорларига киритган ўзгартириш ва қўшимчаларда акс этган.

Янги тартибга биноан транспорт воситаси эгасининг талаби билан суғурта компаниялари томонидан суғурта полисида қариндошлик даражаси кўрсатилади.

Шунингдек, қарор билан суғурта полиси бланкасининг янгиланган шакли тасдиқланди.

Қарор билан Йўл ҳаракати қоидаларига киритилган ўзгартиришларга кўра, ДЙҲХХ органлари томонидан суғурта полисида кўрсатилган яқин қариндошлардан транспорт воситасини бошқариши ҳақида ишончнома ҳамда қариндошликни тасдиқловчи ҳужжатлар талаб қилинмайди.

Ўзбекистон Жанубий Корея инвестициялари ҳимоя қилинишини кафолатлади

Жанубий Корея президенти Мун Чжэ Иннинг 2019 йилнинг 19 апрелда Тошкентда кутиб олиниши.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва Корея Республикаси ҳукумати ўртасида инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисидаги битимни тасдиқлади.

Мазкур битим икки давлат ўртасида 2019 йилнинг 19 апрелда Жанубий Корея президенти Мун Чжэ Иннинг Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида имзоланган эди.

Халқаро ҳуқуқ меъёрларига асосан бу каби битимларда шартнома тарафлари инвестицияларини ҳар томонлама ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш, ётқизилган сармояларни миллийлаштиришни тақиқлаш, тўловларни ўтказишда эркинлик бериш, инвесторларга етказилган зарарни қоплаш ҳамда давлат ва инвесторлар ўртасидаги низоларни ҳал этиш каби мажбуриятларни ўз зиммаларига оладилар.

Ўзбекистон бундан аввал бу каби битимларни Россия, Тожикистон, Қозоғистон, Хитой каби давлатлар билан имзолаган.

Нурободда газ ташувчи MAN портлаши оқибатида яна 6 автомашина ёниб кетди

«Тимур ГАЗ» МЧЖга тегишли автомашиналар тураргоҳида ёнган машиналар. Тергов департаменти фотосуратлари.

Самарқанд вилояти Нуробод туманидаги автомашиналар тураргоҳида суюлтирилган газ ташишга мўлжалланган MAN юк машинаси портлаши ортидан яна олтита автомашина ёниб кетди.

Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаментининг хабар беришича, 20 ноябрь куни «Самарқанд—Ғузор» автомобиль йўлининг 33-километрида жойлашган «Тимур ГАЗ» МЧЖга тегишли автомашиналар тураргоҳида суюлтирилган газ ташишга мўлжанланган MAN русумли юк атомашинаси номаълум сабаларга кўра ёна бошлаган.

Ёнғин оқибатида юзага келган портлаш оқибатида автотураргоҳда турган суюлтирилган газ ташиш учун мўлжанланган 2 та MAN, 1 та «ЗИЛ» , «ДАФ» ва «ЗИЛ» русумли юк автомашиналари, Hyundai русумли экскаватор ёниб кетган.

Ҳодиса содир бўлган жойга тергов-тезкор гуруҳи, ФВВ ходимлари ва тез тиббий ёрдам автомашиналари жалб қилинган.

Дастлабки маълмотларга кўра, ҳайдовчиларнинг бир нафари тан жароҳати олиб шифохонага мурожаат этган.

Ҳозирда ёнғин келиб чиқиш сабаби аниқланмоқда.

Вазирлар маҳкамаси енгил автомашиналарни чегарадан 15 дақиқа ичида ўтказишга кўрсатма берди

Ўзбекистон-Қирғизистон чегараси олдида.

Бундан буён автотранспорт воситалари ва уларда бораётган йўловчиларни чегарадан ўтказиш ярим соатдан ошмаслиги лозим. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси 18 ноябрда махсус нимзомни тасдиқлади.

Низомга асосан чегарадан ўтиш «Ягона дарча» божхона ахборот тизими асосида амалга оширилади. Чегарадан енгил автотранспорт воситалари 15 дақиқа, юк автотранспорт воситалари 30 дақиқадан кўп бўлмаган муддатда ўтказилиши шарт.

Низомга асосан Ўзбекистонга кириб келаётган енгил ва юк автомашиналарини текшириш вақти қуйида белгиланган тартибдан кўп вақтни олмаслиги лозим:

санитария-карантин назорати (ҳайдовчи санитария назоратидан ўтказилади) — 3 дақиқа;

чегара назорати (Давлат чегарасини кесиб ўтиш ҳуқуқни берувчи ҳужжатлар мавжудлиги ва паспорт текширилади) — 4 дақиқа;

божхона назорати (ҳайдовчи, товарлар ва автотранспорт воситаси божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказилади) — 15 дақиқа;

фитосанитария назорати (олиб ўтилаётган товар фитосанитария назорати объекти бўлса, фитосанитария назоратидан ўтказилади) — 4 дақиқа;

ветеринария назорати (олиб ўтилаётган товар ветеринария назорати объекти бўлса, ветеринария назоратидан ўтказилади) — 4 дақиқа.

Ўтказиш пунктида фаолият олиб борувчи давлат назорати органлари қонунбузарлик ҳолатларини аниқлаганида назоратдан ўтиш вақти белгиланган муддатдан ортиқ бўлиши мумкин.

ИИБ: Актриса Гавҳар Шарипованинг ўлимига ҳайдовчининг шилқимлиги сабаб бўлган

Актриса Гавҳар Шарипова.

Таниқли актриса Гавҳар Шарипова юк машинасидан ўзини ерга ташлаб ҳалок бўлган. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар Қашқадарё вилояти ИИБ ЙҲХБга таянган ҳолда хабар берди.

Хабарда айтилишича, 19 ноябрга ўтар кечаси соат 02:20 ларда Гавҳар Шарипова Самарқанд—Ғузор автомобиль йўлининг 140-километрида ҳалок бўлган.

Бунга актриса бораётган Isuzu юк автомашинаси ҳайдовчиси шилқимлик қилгани сабаб бўлган. Актриса ҳайдовчининг шилқимлигидан қутулиш учун 140 километр тезликда кетаётган машинадан сакраган.

“Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида яшовчи 1990 йилда туғилган Ш.Ф. бошқарувида бўлган Isuzu юк автомашинаси соатига 140 км тезликда ҳаракатланиб келаётган пайтда ҳайдовчи бир қўлида автомобилини бошқариб туриб, ўнг қўли билан автомобиль салонида йўловчи сифатида кетаётган актрисанинг елка ва қўлларидан ушлаб шилқимлик қилган”, дейилади хабарда.

Ғузор туман Ички ишлар бошқармаси мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатган ва ҳайдовчи қўлга олинган. Агар у айбдор деб топилса, етти йилгача қамалиши мумкин.

Аввалроқ “Ўзбеккино” актриса Гавҳар Шарипова 18 ноябрь куни Қашқадарё вилоятида юз берган автоҳалокат натижасида вафот этгани ҳақида хабар берган эди.

Гавҳар Шарипова 1980 йилда Навоий шаҳрида туғилган. 2001 йилда Тошкент Давлат санъат институти (ҳозирги Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институти)ни драма-театр ва кино актёрлиги йўналиши бўйича тамомлаган. Ўзбек Миллий академик драма театрида фаолият кўрсатган ва кинофильмларда қатор ёрқин образларни яратган.

Чироқчида консервадан заҳарланган оила аъзоларидан бири вафот этди, икки нафари комада қолмоқда

Иллюстратив сурат.

Чироқчи туманидаги Тутли қишлоғида консервадан заҳарланиб касалхонага тушган бир оиланинг 7 аъзосидан бир нафари вафот этди, яна икки нафари кома ҳолатида қолмоқда. Бу ҳақда 19 ноябрь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.

Билдирувда айтилишича, 18 ноябрь куни соат тахминан 08.00 атрофида мазкур оила бошлиғининг турмуш ўртоғи Ю.У. вафот этди. Айни пайтда ота ва катта ўғилнинг аҳволи ҳам ўта оғирлигича қолмоқда. Улар сунъий нафас олдириш аппаратида сақланмоқда.

Вазирликнинг билдиришича, оила бошлиғи, унинг турмуш ўртоғи ва катта ўғлига “Ботулизм касаллигининг оғир даражаси, ўткир токсемия даври, токсик нейропатия, ўткир нафас етишмовчилиги I даражаси” ташхиси қўйилган эди.

“Оиланинг қолган тўрт нафар аъзоси вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда. Уларнинг аҳволи қониқарли”, дейилади хабарда.

Оила аъзолари уй шароитида тайёрланган помидор консервасидан заҳарланиб, вилоят марказидаги шифохоналарга ётқизилган эди.

Тошкент вилоятида VI-VII​ асрлардаги кўчманчиларга оид қабристон топилди

Иллюстратив сурат.

Тошкент вилоятида милоддан кейинги VI-VII​ асрларга оид Турк хоқонлиги даври кўчманчиларининг қабристони топилди.

ЎзАнинг хабар беришича, қабристон пойтахтдан юз километр шимоли-шарқда, Ғарбий Тяншан тоғларининг денгиз сатҳидан 1000 метр баландликдаги этакларида жойлашган.

“Ушбу қадимий қабристон сел, қор ва ёмғирлар юзидан емирилиши натижасида очилиб қолган бўлиб, бу ҳақда археологларга Тошкент халқаро мактаби ўқитувчиси Скот Бекер хабар берган эди”, дейилади хабарда.

Топилма ортидан Ўзбекистон Фанлар академияси Миллий археология марказида Ғарбий Тяншан ҳудудидаги кўчманчи маданиятни ўрганиш учун махсус гуруҳ ташкил этилди.

Хабарда айтилишича, VI​ асрда Қора денгиздан Тинч океанига қадар ҳудудни эгаллаган Турк хоқонлигининг маъмурий марказларидан бири ўша пайтларда Чоч деб аталган Тошкент шаҳри бўлган.

“Тошкент вилояти ҳудудида бундай топилмаларнинг оз учраши эса ушбу янги археологик ёдгорликнинг аҳамиятини янада орттиради. Шунинг учун ҳам йилдан-йилга емирилиб бораётган бу қабристондаги очилиб қолган қабрлар тезлик билан қазиб ўрганилиши керак”, дейилади хабарда.

Ўзбекистон футболчилари реванш олди. Фаластин жамоасини мағлуб этди

Фаластин терма жамоаси.

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси 19 ноябрь куни реванш олиб, Фаластин футболчиларини 2:0 ҳисобида мағлуб этди. Бундан аввал - 5 сентябрдаги ўйинда Фаластин Ўзбекистонни 2:0 ҳисобида ютган эди.

Ўйин “Пахтакор” стадионида 2022 йилги Жаҳон чемпионати Осиё саралаш босқичининг иккинчи раунди доирасида бўлиб ўтди.

Фаластин дарвозасига ҳар иккала голни Элдор Шомуродов киритди. Биринчи гол ўйиннинг 18-дақиқасида, иккинчи гол 58-дақиқада урилди.

5 сентябрь куни Фаластиннинг Ал-Рам шаҳрида ўтган ўйинда Ўзбекистон тарихда биринчи марта Фаластин жамоасига 2:0 ҳисобида ютқизганди.

Бунга қадар Ўзбекистон ва Фаластин жамоалари тўрт марта учрашган, бу учрашувлар ўзбек футболчилари ғалабаси билан якун топган эди.

Айни пайтда Ўзбекистон 9 очко билан саралаш босқичининг Д гуруҳида биринчи ўринга кўтарилди, Фаластин эса 4 очко билан тўртинчи ўринда қолди. Саудия Арабистони (8), Яман (5) ва Сингапур (4) ҳали ўз ўйинларини ўтказишмаган.

Тергов департаменти Озодликнинг Булунғур ИИБдаги ўлимга оид хабари юзасидан баёнот берди

16 ноябрь куни эрталаб Самарқанд вилоят, Булунғур туман Ички ишлар бўлимига олиб келинган 57 яшар Насриддин Жабборов бир неча соатдан сўнг оламдан ўтган.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти Озодликнинг 18 ноябрдаги «ИИБда сўроқ қилинган шахс ўлди. Яқинлари унинг уриб ўлдирилганини иддао қилмоқда» сарлавҳаси остидаги мақоласи юзасидан ўз расмий сайтида баёнот эълон қилди..

Тергов департаменти баёнотида бундай дейилган:

Аниқланишича, 16 ноябрь куни фуқаро Н.Ж. туман ИИБ бошлиғи номига, «О» исмли шахс «марихуана» гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда сотиш билан шуғулланаётганлигини, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб мурожаат қилган.

Шу куни соат 13:30 ларда Булунғур туман ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро О.Р. 150 минг сўм эвазига Н.Ж.га вазни 3,71 грамм «марихуана» гиёҳвандлик воситасини сотган вақтида ушланиб, ёнидан вазни 0,78 грамм «марихуана» гиёҳвандлик воситаси ва тадбирда ишлатилган 150 минг сўм пуллар ашёвий далил сифатида олинган.

Ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида Булунғур тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, О.Р.га нисбатан айблов эълон қилинган ва «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланилган.

Дастлабки тергов давомида Н.Ж. терговга олиб келинмаган ва жиноят иши юзасидан сўроқ қилинмаганлиги аниқланган.

16 ноябрь куни соат 16:10 ларда Н.Ж. Булунғур тумани ИИБ ЖҚБ хизмат хонасида бирламчи ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнида соғлиғи ёмонлашиб, қон босими кўтарилиши ва юрак хуружи билан Тез тиббий ёрдам машинасида Булунғур тумани тиббиёт бирлашмаси жонлантириш бўлимига олиб борилган ҳамда шу ерда вафот этганлиги маълум бўлган.

Суд тиббий экспертизасининг маълумотига кўра, Н.Ж.нинг танасида тан жароҳатлари аниқланмаганлиги, дастлабки суд тиббий ташхиси — ўткир юрак қон томир етишмовчилиги, коронарокардиосклероз, юракнинг ишимик касаллиги эканлиги аниқланган.

Ҳозирда Н.Ж.нинг вафот этганлиги ҳолати юзасидан Булунғур туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда ва тегишли экспертиза тайинланган.

Озодликнинг 18 ноябрдаги мақоласидан:

  • Насриддин Жабборов¸ унинг яқинларига кўра¸ узоқ йиллар давомида ИИБ томонидан махсус амалиëтларда роль ўйнаб беришга мажбурлаб келинган.
  • Ўтмишда уч марта қамашган. Олдинлари наша чеккан¸ лекин охирги марта қамоқдан чиққанидан кейин ичиш ва чекишни ташлаган эди. Ўзини ҳам Россиядан қайтиб келганидан кейин подстава билан наркотиклар савдосида айблаб¸ қамашган. Яна икки марта фирибгарлик билан қамашганди. Биз билан ҳамкорлик қиласан¸ деб уни муддатидан олдин чиқаришган. Махсус учëтда турарди. Уни жиноят қидирувдагилар подстава учун ишлатишарди. Айби бўлмаган одамларни қамашда роль ўйнашга мажбурлашарди. Бундан норози бўлиб президент портали¸ вилоят прокуратурасига шикоят ҳам ëзган. Бегуноҳ одамларни ўзларинг наркотик ташлаб қамаяпсизлар¸ деб оперлар билан очиқчасига урушган. Шунга шанба куни улар буни ўласи қилиб уриб¸ биратўла қутулиб қўя қолишди”¸ деган Озодликка Насриддин Жабборов оиласи вакили.

Таниқли киноактриса Гавҳар Шарипова автоҳалокатда вафот этди

Гавҳар Шарипова

Ўзбек киносининг ёш вакилларидан бири, актриса Гавҳар Шарипова 18 ноябрь куни Қашқадарё вилоятида юз берган автоҳалокат натижасида вафот этди. Айни пайтда ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ҳодиса тафсилотлари ўрганилмоқда. Бу ҳақда "Ўзбеккино" хабар қилди.

Гавҳар Шарипова 1980 йилда Навоий шаҳрида туғилган. 2001 йилда Тошкент Давлат санъат институти (ҳозирги Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институти)ни драма-театр ва кино актёрлиги йўналиши бўйича тамомлаган. Ўзбек Миллий академик драма театрида фаолият кўрсатган. Г.Лессингнинг “Донишманд Натан” спектаклида Реха ролини маҳорат билан ижро этган.

Гавҳар ўзбек киносида ҳам ўзининг бир қатор такрорланмас образлари билан томошабинлар ёдида қолди. “Алпомиш” (2001) фильмида Қалдирғоч, “Алданган аёл” (2011) фильмида Мастура, “Опа-сингиллар” (2010) телесериалида Нафиса сингари қаҳрамонларни гавдалантирди. У қатор фильмларга овоз бериб, дубляж санъатида ҳам ўз имкониятларини намоён этди.

У нафақат актриса, балки шоира ҳам бўлиб, шеърлар ёзган, унинг шеърлари бир неча хонандалар томонидан қўшиқ қилиб куйланган.

“Ўзбеккино” Миллий агентлиги жамоаси ҳамда Ўзбекистон киноарбоблари уюшмаси марҳуманинг вафоти муносабати билан унинг яқинларига чуқур таъзия билдирди.

ДСҚ мамлакатда қанча корхона ишлаётганини хабар қилди

Иллюстратив сурат

2019 йил 1 ноябрь ҳолатига республикада жами фаолият кўрсатаётган корхоналар ва ташкилотлар сони 391,0 мингтага етди, деб хабар қилди Давлат статистика қўмитаси.

Ишлаётган корхоналарнинг 256,8 мингтаси хизмат кўрсатиш корхоналари бўлиб, шу жумладан савдо билан шуғулланувчи корхоналар 38 фоиздир..

Яшаш ва овқатланиш бўйича хизматларини кўрсатувчи корхоналар ва ташкилотларнинг сони 9,7 фоизни ташкил этди.

Ташиш ва сақлаш фаолияти билан шуғулланувчи ва хизматлар соҳасидаги тегишли фаолият кўрсатаётган корхоналар ва ташкилотларнинг уларнинг умумий сонидаги улуши 5,9 фоизга етди.

Ахборот фаолияти билан шуғулланувчи ва алоқа хизматларини кўрсатувчи корхоналар ва ташкилотларнинг улуши 3,1 фоизга тенг бўлди.

Соғлиқни сақлаш, шунингдек, ижтимоий хизматлар соҳасида фаолият кўрсатаётган корхоналар ва ташкилотларнинг улуши 3,0 фоизни ташкил этди.

Хизмат кўрсатиш соҳасидаги корхона ва ташкилотларнинг 40,3 фоизини ДСҚ "Бошқалар" категориясига киритиган.

Маълумот учун: 2018 йил 1 ноябрь ҳолатига, хизматлар соҳасида 210,3 мингта корхона ва ташкилот фаолият кўрсатган. Уларнинг умумий таркибида савдо хизматлари - 33,1 фоиз, яшаш ва овқатланиш бўйича хизматлар - 9,2 фоиз, ташиш ва сақлаш - 6,2 фоиз, ахборот ва алоқа - 3,3 фоиз, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш - 3,2 фоиз, бошқа турлар - 45,0 фоизни ташкил этган,

Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан фаолият кўрсатаётган корхоналар ва ташкилотлар сони 46,5 мингтага кўпайган.

Сайловолди ташвиқотларини бошлашга рухсат берилди

Сиёсий партиялар лидерлари МСКда.

18 ноябрдан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови олдидан сиёсий партияларнинг ва депутатликка номзодларнинг сайловолди ташвиқотига старт берилди.

Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар қилди.

Сайлов кодексининг 44-моддасига мувофиқ, сайловолди ташвиқоти номзодларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан эътиборан бошланади. Сайлов куни ва овоз беришга бир кун қолганида ташвиқотга йўл қўйилмайди.

22 декабрда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови бўлиб ўтади.

Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова Фарғона водийсида сайёр қабулларни ўтказди

Светлана Ортиқова имконияти чекланган одамлар ҳолидан хабар олди.

Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятларида 11—16 ноябрь кунлари сайёр қабуллар ўтказиб, аҳолини қабул қилди.

Бош прокуратура матбуот хизматининг билдиришича, қабул давомида Светлана Ортиқова имконияти чекланган одамлар ҳолидан хабар олди ва уларга ногиронлар аравачаларини топширди.

“Сайёр қабуллар давомида жами 283 нафар фуқаронинг мурожаатлари қабул қилинди. Мурожаатларнинг 85 таси суд масалалари, 50 таси прокуратура, 57 таси ички ишлар иш юритувига ҳамда 91 таси бошқа масалаларга оид мурожаатни ташкил этган. Ушбу мурожаатларнинг ижроси бош прокуратура томонидан назоратга олинган. Бу борадаги ишлар давом этмоқда”, дейилади хабарда.

Светлана Ортиқова президентнинг жорий йил 7 ноябрдаги фармонига асосан Бош прокурорнинг ўринбосари лавозимига тайинланган эди. Бундан аввал у Ўзбекистон Сенати раиси ўринбосари лавозимида ишлаб келган.

“Ўзтрансгаз” автомобилга газ қуйишда муаммолар юзага келиши мумкинлигидан огоҳлантирди

Иллюстратив сурат.

“Ўзтрансгаз” автомобил ҳайдовчиларини яқин кунларда автомашиналарга сиқилган газ қуйишда муаммолар пайдо бўлиши эҳтимолидан огоҳлантирди.

Ширкатнинг 18 ноябрда расман билдиришича, Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида об-ҳавонинг кескин совиб кетиши соат 17-00 дан 22-00 гача газ таъминоти тизимида айрим муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

“Ҳурматли автотранспорт эгалари! Куннинг кечки вақтларида (соат 17-00 дан 22-00 гача) аҳолига, ижтимоий аҳамиятга эга объектларга, шунингдек республиканинг иссиқлик, электр-энергия ишлаб чиқарувчи корхоналарига табиий газ максимум етказиб берилишини инобатга олиб, Сизлардан автомашиналарингизга сиқилган газ қуйишда ушбу вақтларда вужудга келиши мумкин бўлган вазиятларга тушунган ҳолда муносабатда бўлишингизни сўраймиз. АЖ истеъмолчиларни табиий газ билан таъминлашдаги узилишларнинг олдини олиш учун барча чораларни кўради”, дейилади хабарда.

“Ўзтрансгаз” аввалдан келиб чиқиши мумкин бўлган вақтинчалик ноқулайликлар учун ҳайдовчилардан узр сўради.

Фарғонада алимент тўлашни истамаган ота собиқ хотини ва икки боласини сувга чўктириб ўлдирди

Иллюстратив сурат.

Фарғонада 22 миллион сўмлик алимент пулини тўлашни истамаган 29 ёшли шахс ҳали қонунан ажрашмаган хотини ва икки боласини Катта Фарғона каналига чўктириб юборди.

MY5 телеканалининг «Марказий студия» кўрсатувида айтилишича, терговда у бу ишни шаръий никоҳдаги хотини билан келишган ҳолда амалга оширгани аниқланган.

Маълум қилинишича, 29 ёшли шахс 2011 йилда турмуш қурган биринчи хотини билан 2013 йилда ажрашган. У бир неча йил алимент тўламагани учун қарздорлиги 22 миллион сўмга етган.

Суд ҳукми билан эркак 19 йилга, унинг шаърий хотини эса 13 йилга озодликдан маҳрум этилди.

"Меҳр ва Оқибат" итга ўт қўйган одам ҳақида маълумот берганларга 2 миллион сўм ваъда қилди

Иллюстратив сурат.

Ташкентдаги ҳайвонларни ҳимоя қилиш “Меҳр ва Оқибат” жамияти фаоллари итнинг устига бензин сочиб ёқиб юборган одам ҳақида маълумот берган шахсларга 2 миллион сўм миқдорида мукофот ваъда қилди.

Меҳр ва Оқибат” жамияти 18 ноябрь куни Facebook тармоғидаги саҳифасида бу одамнинг исми Баҳодир бўлиши мумкинлигини билдирган.

Устига бензин сочилиб ёқиб юборилган ит видеоси октябрь ойининг охирларида ижтимоий тармоқларда пайдо бўлиб, одамларни ларзага солган эди.

“Меҳр ва Оқибат” жамияти бу одам тўғрисида тўпланган маълумотларни ички ишлар органларига тегишли тарзда жазо чоралари кўрилиши учун тақдим этишини маълум қилган.

Ўзбекистон қонунчилигида ҳайвонларга бешафқат муносабатда бўлингани учун энг кам иш ҳақининг 1дан 3гача бўлган миқдорида, яъни 203 минг сўмдан 608 минг сўмгача жаримага тортиш назарда тутилган.

Ўзбекистон тарихида биринчи марта бешкураш бўйича Олимпиада лицензиясини олган россияликларга мукофотлар топширилди

Бешкураш бўйича терма жамоа аъзолари. МОҚ сайтидан олинган сурат.

Ўзбекистон тарихида биринчи марта бешкураш бўйича Олимпиада лицензиясини қўлга киритган Александр Савкин ва Алисэ Фахрутдинова Тошкентда тантанали кутиб олинди ҳамда уларнинг ҳар бирига юз миллион сўмдан мукофот пули топширилди. Бу ҳақда 18 ноябрь куни Миллий Олимпия қўмитаси маълум қилди.

Россия спорт фуқаролигини тарк этиб, Ўзбекистон спорт фуқаролигини қабул қилган Александр Савкин ва Алисэ Фахрутдинова Токио олимпиадасига йўлланмага 12 ноябрь куни Хитойнинг Ухан шаҳрида ўтган Осиё ва Океания чемпионатида сазовор бўлган. Бунга қадар спортнинг бошқа турлари бўйича Ўзбекистон Токио олимпиадасига 11та йўлланмани қўлга киритган эди.

Бешкураш чемпионатида жамоа ҳисобида Ўзбекистон Жанубий Корея ва Япониядан кейинги учинчи ўринни эгаллади. Тўртинчи ва бешинчи ўринлар эса Хитой ва Қозоғистонга насиб қилди.

Жорий йилнинг 21 августида Алисэ Фахрутдинова ва Александр Савкин Россия ва Ўзбекистон Бешкураш федерациялари ўртасидаги имзоланган ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум доирасида Тошкент спорт фуқаролигига ўтказилган эди.

29 ёшли Фахрутдинова эстафета бўйича жаҳон чемпионатида бронза, Европа чемпионатида кумуш медални қўлга киритган. У икки марта Россия чемпиони бўлган.

31 ёшли Савкин эса 2013 йилда эстафета бўйича жаҳон чемпиони бўлган. У, шунингдек, икки марта Европа ва беш карра Россия чемпиони ҳисобланади.

Бешкураш (пентатлон) спортнинг мураккаб турларидан бири бўлиб, унда спортчилар конкур, қиличбозлик, ўқ отиш, югуриш ва сувда сузиш мусобақаларида иштирок этадилар.

Самарқандда афюн сотмоқчи бўлган тожикистонликлар узоқ йилларга қамалди

Иллюстратив сурат.

Жорий йилнинг июнь ойида Самарқандда олти пакетга жойлаштирилган афюн моддасини сотмоқчи бўлган пайтда қўлга олинган икки нафар тожикистонлик 11 ва 12 йилданга қамалди. Бу ҳақда 18 ноябрь куни Ички ишлар вазирлиги Тергов департаменти маълум қилди.

Тожикистоннинг 34 ва 36 ёшдаги фуқаролари Хоразм вилоят Ички ишлар бошқармаси ва ДХХнинг қўшма амалиёти пайтида қўлга олинган эди. Улар 5 июнь куни ВАЗ-2110 автомашинасининг бензобакида олтита сув қоғозга ўралган афюн моддасини олиб ўтишган ҳамда Самарқандда 20 минг долларга сотишга ҳаракат қилган пайтларида қўлга олинган.

Тожикистонликларнинг афюн моддасига харидор ролини Ички ишлар вазирлиги ходими ўйнаган.

Хабарда айтилишича, ўтган йили Ўзбекистонда наркотик моддалар ноқонуний савдоси билан шуғуллангани учун хориж давлатларининг 45 нафар фуқароси қўлга олинган. Улардан 1960 килограмм гиёҳванд модда мусодара қилинган.

Британия элчиси Тошкент шаҳар ҳокимининг журналистларга таҳдидидан ташвиш билдирди

Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тим Торлот

Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тим Торлот Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг журналистлар билан мулоқоти чоғида уларга таҳдид қилганидан ташвиш билдириб, бу масалани у билан учрашув чоғида муҳокама қилишини билдирди.

Твиттер орқали баёнотида Британия элчиси “журналистлар хавфсизлиги матбуот эркинлигининг тамал принципи эканлигини, Буюк Британия ҳар доим эркин матбуот ва журналистлар ҳимоясини қўллаб-қувватлвчилар ортида туражагини” билдирди.

16 ноябрь куни тармоққа чиқарилган ва Жаҳонгир Ортиқхўжаев овози, деб иддао қилинаётган аудиоёзувда, овоз эгаси кўча тилида журналистларни гейга чиқариш ва сазойи қилиши билан таҳдид қилган.

Бош прокуратура ижтимоий тармоқлар ва маҳаллий нашрларда тарқалган ҳамда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли экани иддао қилинган аудиоёзув бўйича суриштирув бошлаганини билдирди.

Мактаб билан ароқ магазини ўртасидаги масофа 300 метрга қисқарди

МХХ ташкил этилганига бағишлаб чиқарилган ароқ

Таълим, спорт ва диний муассасаларга 200 метргача масофада жойлашган савдо объектларига алкогол ва тамаки маҳсулотларини сотишга рухсат берилди. Бу ҳақда хабар қилган gazeta.uzга кўра, бунга қадар ушбу масофа 500 метрни ташкил этар эди.

14 ноябрь куни президент томонидан имзоланган тузатишлар киритиш тўғрисидаги қонун 15 ноябрдан кучга кирди.

Бунда савдо объекти умумий савдо майдони минг квадрат метрдан ортиқ бўлган савдо мажмуаларининг (бозорларнинг) ва ярмарка павильонларининг ҳудудларида жойлашган ҳоллар мустасно.

Алкогол ва тамаки савдосидаги чекловларга ўзгартишлар киритиш президентнинг 5 февралдаги фармонида кўзда тутилган эди.

Самарқандда икки ишчи тупроқ босиб қолиб ўлди

Иллюстратив сурат

Самарқанд шаҳар, Боғимирзо маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Хишрав кўчасида сувоқава қувурида таъмирлаш ишларини олиб бораётган икки ёлланма ишчи тупроқ босиб қолиши оқибатида ҳалок бўлди.

Бу ҳақда 18 ноябрда хабар қилган "Постда" газетасига кўра, воқеа 13 ноябрь, соат 12:30 ларда содир бўлган. Нашр ҳалок бўлганлар исм-фамилияси бош ҳарфларидан (Н. Р. ва П. Д.) бошқа уларнинг шахсига оид маълумотларни ва воқеа тафсилотларини очиқламаган.

Айни пайтда суриштирув ишлари олиб борилаётгани хабар қилинди.

"Mont Blanc" хусусий шифохонаси билан боғлиқ ўлим ҳолатлари бўйича жиноят иши қўзғатилди

13 ноябрда Москвада вафот этган 22 яшар самарқандлик талаба Ўлмасхон Баҳронов ҳам дастлаб "Mont Blanc" пациенти бўлган.

Тошкентдаги "Mont Blanc" хусусий шифохонасида ўтказилган жарроҳлик амалиётидан сўнг беморлар ўлими ҳолатлари бўйича Бош прокуратура жиноят иши қўзғади.

18 ноябрда Бош прокуратуранинг маълум қилишича, 12 ноябрда ЖКнинг 116-моддаси (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 4-қисми «а,б» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда ушбу жиноят иши бўйича Шайхонтоҳур туман прокуратурасида дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, унинг бориши Бош прокуратура томонидан назоратга олинган.

Бундан ташқари, туман прокуратураси томонидан юқоридаги каби ҳолатларни келгусида содир этилишини олдини олиш бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлигига тақдимнома киритилган.

"Mont Blanc" хусусий шифохонаси устидан жиноят иши очилишига асос бўлган ҳолатлар тўғрисида Озодлик хабар қилган эди.

13 ноябрда Москва шифохоналаридан бирида шу йилнинг августидан буён комада ётган 22 яшар самарқандлик талаба Ўлмасхон Баҳронов вафот этди. Жума, 15 ноябрга ўтар кечаси Ўлмасхоннинг жасади Ўзбекистон консуллиги ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги кўмагида Самарқандга юборилди.

Баҳроновлар оиласи ҳимоячилари Ўлмасхоннинг комага тушишида Тошкентдаги Mont Blanc​ хусусий клиникаси врачлари қўли борлигини иддао қилган.

Жорий йилнинг 24 августида Тошкентнинг Mont Blanc хусусий пластик хирургия клиникасида жарроҳлик амалиётидан ўтаётган 20 яшар самарқандлик Гулшан Шарифова вафот этган эди. Бундан 5 кун олдин, 19 август куни, худди шунақа операция пайтида клиникада 42 яшар қозоғистонлик Лилия Апостолова ҳам вафот этгани тўғрисида Озодлик хабар қилганди.

Фарғонада газ портлади, 1 киши жароҳат олди

18 ноябрь, соат тахминан 12:00 да Фарғона вилоят, Олтиариқ туман, Х.Олимжон маҳалласидаги икки қаватли уйларнинг бирида содир бўлган портлашдан 1 киши жароҳат олди.

Бу ҳақда хабар қилган ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментига кўра, тўпланиб қолган газ портлаган.

Ҳодиса содир бўлган жойига зудлик билан етиб борган тергов тезкор гуруҳи ишлаётгани хабар қилинди.

Ўзбекистонда бир ой ичида ис газидан заҳарланиб ўлганлар сони камида 15 нафарга етди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG