Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:36

Грузияга аёл киши раҳбар бўлди, аммо у ерда жинсий тенгсизлик барҳам топмади


 “На мени тўхтата, на овозимни ўчира ва на ўзимни йўқота оласизлар!!!” деди Эка Беселия (архив сурати)
 “На мени тўхтата, на овозимни ўчира ва на ўзимни йўқота оласизлар!!!” деди Эка Беселия (архив сурати)

Грузияда беҳаё видеоролик билан боғлиқ яна бир можародан сўнг аёл депутат қараб турмай жавоб қайтаришга ваъда берди. Ушбу Кавказ республикасида илк марта аёл киши президент этиб сайланганидан буён эркаклар шовинизмига барҳам бериладигандек эди.

Ҳокимиятдаги “Грузия орзуси” партияси аъзоси Эка Беселия, ўз таъбири билан айтганда, “маънавий террор” кампанияси қурбонига айланди.

Бунга дам олиш кунлари ўзи бехабар ҳолда шахсий ҳаётига оид тасвирга олинган видеонинг тарқаб кетиши сабаб бўлди.

Беселия Грузияда Олий суд судьяларини умрбод сайлашга қарши позицияси билан танилган.

Айтишича, тарқалган видеолар Михаил Саакашвили бошлиқ “Бирлашган миллий ҳаракат” партияси ҳокимиятда бўлган кезлар тасвирга олинган.

У декбрь ойига қадар Грузия парламентининг Ҳуқуқий масалалар қўмитасига раҳбарлик қилган.

Мени ҳеч қачон тўхтата олмайсизлар, на овозимни ўчира ва на йўқота оласизлар!!! – деб ёзди у 28 январда Фейсбукдаги саҳифасида. – Ичимдаги янги Экани уйғотиб юбордингиз. У менинг эътиқодим, садоқатим ва масъулиятимга кўпроқ ишонади. Аёл кишини ўзидан бошқа ким ҳам яхшироқ ҳимоя қилиши мумкин?

Ижтимоий тармоқларга сиздирилган видеолар Грузияда одамларнинг қаҳр-ғазабини уйғотди.

Бу ерда норасмий видеоларни сиздиришни бартараф қилиш юзасидан берилган ваъдаларга қарамай, таниқли сиёсатчилар ва журналистлар акс этган видеолар тез-тез пайдо бўлиб туради.

Жинсий алоқа билан боғлиқ жосуслик амалиёти совет давридан қолган ва ўша пайтлар махфий кадрлардан бир қатор жамоат арбобларига қарши фойдаланилган.

Сўнгги йилларда бундай тактика Россия билан Озарбайжонда қўлланган эди.

Грузияни 2004-2012 йилларда бошқарган Михаил Саакашвили ҳукумати бундай обрўсизлантирувчи видеоларни мухолифат аъзоларига қарши қўллаган эди.

Гарчи 181 соатлик бундай ёзувлар жамоатчилик кўз ўнгида йўқ қилинган бўлса-да, кўпчилик ҳали юзлаб соатлик ёзувлар мавжудлигидан хавотирда.

“Барча аёлларга эслатма”

Беселиянинг шахсий ҳаётига тегишли видеонинг Саломе Зурабишвили президент этиб сайлангандан бир неча ҳафта ўтиб сиздирилиши бежиз бўлмаса керак.

Аёл қишининг президент этиб сайланиши жинс билан боғлиқ тўсиқни бартараф қилгандай эди.

Ушбу нохуш воқеадан сўнг парламент раиси Ираклий Кобахидзе ўзи “ғайриахлоқий” деб атаган жиноятни зудлик билан тергов қилишга даъват этди.

Грузияда ҳали ҳам жинсий алоқа билан боғлиқ можаролар эркаклардан кўра аёлларга кўпроқ зарар келтиради, чунки эркаклар жинсий муносабатлари учун деярли қораланмайди.

Грузияда аёллар ҳақларини ҳимоя қилиш билан шуғулланадиган “Сапари иттифоқи” ташкилоти раҳбари, юрист Бая Патарая бошқа ҳуқуқ ҳимоячилари сингари видеонинг сиздирилиши ва таҳдидларни ушбу мамлакатдаги эркаклар ҳукмронлигига берилган зарбага жавоб деб ҳисоблайди.

Патараяга кўра, видеоларнинг сиздирилиши аёлларга сиёсатга қадам қўйишдан олдин “ўйлаб кўриш” тўғрисидаги эслатмадир.

XS
SM
MD
LG