Линклар

Шошилинч хабар
12 декабр 2019, Тошкент вақти: 06:08

Марказий банк: 2018 йилда банклар аҳолидан 2.7 млрд. доллар сотиб олди


Ўзбекистон Марказий банки ўтган йили мамлакатда юридик шахслар томонидан сотиб олинган жами валюта ҳажми 10,4 миллиард долларга етганини маълум қилди.

Расмий маълумотга кўра, бу сумманинг қарийб 3 миллиарди аҳоли томонидан банкларга сотилган.

Марказий банкнинг Telegram каналида берилган маълумотга кўра, ички валюта бозорида хорижий валютани харид қилаётган хўжалик юритувчи субъектлар сони 5 мингтадан ошган.

"2018 йилда аҳоли томонидан тижорат банкларига 2,7 миллиард доллар сотилган бўлиб, ўз навбатида ушбу маблағлардан 969 миллион доллари банклар томонидан қайта аҳолига сотилган, қолган 1,7 миллиард доллари юридик шахсларнинг эҳтиёжини қондириш учун сарфланди", деб ҳисобот берди Марказий банк.

Бу сумма ўтган йилнинг 9 ойида биргина Россиядан Ўзбекистонга юборилган пул ҳисобидан оздир.

Россия Марказий банки 2018 йилнинг декабрида эълон қилган статистик маълумотга қараганда, 9 ой ичида Россиядан Ўзбекистонга 3 миллиард 50 миллион АҚШ доллари миқдоридаги пул юборилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Марказий банки ўтган йилнинг январь-июнида жисмоний шахслар қабул қилиб олган халқаро пул жўнатмалари умумий ҳажми 2,3 млрд долларни ташкил этгани ҳақидаги расмий маълумотни эълон қилганди.

Банк ҳисобича, бу маблағларнинг 600 миллион доллари нақд хорижий валютада юборилган, 1 миллирад 100 миллион доллари ёки 39 фоизи эса трансфер қилинган.

Шунингдек, жисмоний шахсларнинг хориждан амалга оширган трансферт ўтказмалари ҳисобига биринчи ярим йилликда иккиламчи даромадлар сальдоси 552,7 млн долларга етгани айтилди.

Марказий банк ўтган йил давомида миллий валюта алмашув курсининг, хорижий валюта курсига таъсир қилувчи "мавсумий омиллар" асосида, ўзгариб келганини ҳам қўшимча қилди.

"Натижада, 2018 йил охирига келиб миллий валютанинг алмашув курси йил бошига нисбатан 2,7 фоизга (8 120 сўмдан 8 339 сўмгача) пасайиб, йил мобайнида курснинг минимал ва максимал миқдори ўртасида ўзгариши 7,3 фоизни (август ойида 7 781 сўм, декабрь ойида 8 348 сўм) ташкил этди", дея хабар қилмоқда Марказий банк.

Расмий маълумотга кўра, 2018 йил якунига келиб соф олтин-валюта захираларининг ҳажми 26,4 миллиард долларни ташкил этган.

XS
SM
MD
LG