Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:12

Толибон ва Афғонистон ҳукумати делегацияси Москвада "муваффақиятли" ўтган йиғинни олқишлади


Собиқ президент Ҳамид Карзай учрашувни "муваффақиятли" дея баҳолади
Собиқ президент Ҳамид Карзай учрашувни "муваффақиятли" дея баҳолади

Толиблар вакили ҳамда Афғонистоннинг собиқ президенти Ҳамид Карзай етакчилигидаги делегацияси вакили Россияда икки кун давом этган музокаралар ортидан Қатарда ушбу музокараларни давом эттиришга келишиб олинганини маълум қилишди.

5-6 февраль кунлари Москвада бўлиб ўтган музокараларда Карзай қарийб 40 нафар сиёсатчидан иборат делегацияга етакчилик қилди.

Аммо делегация вакиллари орасида Афғонистоннинг ҳозирги ҳукумати аъзолари йўқ.

Икки тараф эълон қилган қўшма билдирувда йиғинлар давомида Доҳада қайта учрашишга келишиб олингани айтилади.

Қатар пойтахтида толибларнинг ярим расмий офиси бор.

Москвадаги учрашув АҚШ ҳамда толиблар вакиллари иштирокида Доҳада олиб борилаётган музокаралар сурати тезлашаётган бир пайтда содир бўлди.

АҚШ ҳамда толиблар вакиллари 25 февраль куни Доҳада яна учрашиши кутилмоқда. Бундан бир неча ҳафта олдин АҚШнинг Афғонистондаги махсус вакили Залмай Халилзод Вашингтон расмийлари ҳамда Толибон вакиллари тинчлик келишувининг “асоси” бўйича келишиб олгани ҳақида билдирган эди.

Аммо Халилзод Москвадаги музокараларда иштирок этмади. Шундай бўлса-да, 8 февраль куни у Афғонистонда тинчлик ўрнатиш жараёни қандай кетаётгани ҳақида сўзлаб беради.

Москвадаги учрашув ортидан Карзай музокаралар “жуда қониқарли” бўлганини айтди.

Учрашувда Афғонистон ҳукумати вакиллари иштирок этмаган бўлса-да, Москвада бўлиб ўтган музокаралар “афғонлар ўртасида” тинчлик ўрнатиш жараёнида катта ютуқ бўлгани айтилмоқда.

Аммо Афғонистон президенти Ашраф Ғани ушбу учрашувни танқид қилди. Tolo News агентлигининг хабар қилишича, президент:

- Музокараларда иштирок этаётганлар мустақил индивидуаллар, деган Жаноб Карзай Москвадан қайтиб келганидан кейин, нима олиб келганини кўрамиз. Унга муваффақият тилайман, - деди Ашраф Ғани.

Карзай Москвада кўриб чиқилган асосий масала Афғонистони “хорижий кучлардан озод қилиш” бўлганини айтди. Унинг сўзларига кўра, ушбу масалада бир келишимга деярли келинган.

Москвага борган 10 нафар толиб делегациясининг етакчиси Шер Муҳаммад Аббос Станикзай учрашув “ўта муваффақиятли” бўлганини айтди.

- Кўп масала бўйича келишиб олдик. Келажакда бундан-да илгари силжишимизга, ниҳоят ечим топиб, Афғонистонда тўкис тинчлик ўрнатилишига ишонаман, - деди Станикзай.

Шунингдек, Станикзай Афғонистондан АҚШ ҳарбийларини олиб чиқиб кетиш санаси аниқ белгиланмаганини, ушбу масалада музокаралар давом этаётганини билдирди.

XS
SM
MD
LG