Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:15

Эриётган музлик қатламлари кескин иқлим ўзгаришига олиб келиши мумкин


Гренландия ҳамда Антарктикадаги муз қатламлари эриб, дунё океанларига қуйилаётгани миллиардлаб тонна сув бир неча ўн йил ичида экстрим об-ҳаво келтириб чиқариши ҳамда минтақалардаги иқлимни беқарорлаштириши мумкин.

Nature журналида чоп этилган мақолада ёзилишича, музларнинг эриши Атлантика океани тубида совуқ оқимларни жанубга, тропик сувларни эса океан сатҳи яқинида шимолга олиб борувчи океан оқимларини сустлаштириши мумкин. Ушбу оқимлар Ернинг иқлим тизими учун ўта муҳим бўлиб, Шимолий яримшар нисбатан илиқ бўлишини таъминлайди.

Янги Зеландиянинг Веллингтон Виктория университети қошидаги Антарктика тадқиқот маркази профессори, илмий мақола муаллифларидан бири Николас Голлеж шундай деди:

- Моделларимиз шуни кўрсатдики, эрув сувлар океандаги оқимларни издан чиқариб, дунё бўйлаб исиш даражасини ўзгартиради.

Антарктикадаги музликлар ўз массасини йўқотиб бораётгани иссиқ сув океан сатҳи остида сақланишига ва музликларнинг остки қисми эришишига олиб келади. Бу эса океан сатҳи янада кўтарилишига сабаб бўлади.

Бугунга қадар олимлар асосан глобал исиш туфайли муз қатламлари қанчалик тез эришини, улар бутунлай парчалана бошлаши учун глобал ҳарорат қай даражада кўтарилиши кераклигини ўрганишга эътибор қаратиб келади. Аммо муз қатламларининг эриши иқлим тизимига тўғридан-тўғри қандай таъсир кўрсатиши оз ўрганилган.

Канаданинг Макгилл университети қошидаги Ер ва сайёрларни ўрганиш бўлими тадқиқотчиси Наталья Гомез AFP агентлиги билан суҳбатда:

- Симуляцияларимизда кузатилган йирик ўзгаришлар биз ўйлагандан ҳам хаотик ҳамда кўпроқ ва кучлироқ иссиқлик тўлқинларига эга кескин об-ҳаво ҳодисаларига мос келади, - деди.

Мақола муаллифларининг хулоса қилишича, аср ўртасигача Гренландиядаги муз қатламларининг эриши Атлантика океанидаги оқимларни сезиларди даражада издан чиқаради.

Тадқиқот муаллифлари бундай хулосага келишда мураккаб симуляциялар ҳамда муз қатламларининг 2010 йилдан бери сунъий йўлдош ёрдамида олинган тасвирларига таянган.

Қалинлиги 3 километрга етадиган Антарктика ва Гренландия муз қатламлари сайёрадаги чучук сувнинг учдан икки қисмини ўзида жамлаган. Агар Антарктикадаги муз қатламлари тўлиқ эриса, глобал океанлар сатҳи 58 метрга, Гренландиядаги муз қатламлари эриса 7 метрга кўтарилади.

Nature журналида чоршанба куни чоп этилган иккинчи илмий мақолада Антарктика 2100 йилгача денгиз сатҳи қай даражада кўтарилишига сабаб бўлиши юзасидан тахминлар келтирилди.

Ҳар икки мақолада 2100 йилгача Антарктиканинг денгиз сатҳи кўтарилишига қўшадиган ҳиссаси 15-40 см бўлиши башорат қилинган.

Жорий йилнинг сентябрь ойида БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича ҳукуматлараро кенгаши навбатдаги ҳисоботини эълон қилади. Унда денгиз сатҳи кўтарилиши бўйича ҳисоблар ҳам келтирилади.

Кенгашнинг 2013 йилда эълон қилинган сўнгги ҳисоботида маълумот етарли бўлмагани учун музлик қатламлари эътиборга олинмаган эди.

XS
SM
MD
LG