Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2019, Тошкент вақти: 00:43

Депутат сунъий уруғлантиришга оид қонун йўқлиги сабаб йилига 10 миллион доллар четга чиқиб кетаётганидан ёзғирди


Ўзбекистон қонунчилигига “суррогат она” тушунчасини киритиш таклиф этилмоқда. Парламентда муҳокама этилаётган “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида ана шу жиҳат кўзда тутилган (“Даракчи”, 14 февраль). Қайд этилишича, қонунда ЭКО, яъни сунъий экстракорпорал уруғлантириш амалиётига рухсат бериш белгиланган. “Суррогат она” хизматига қонунан рухсат бериш таклифи Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари орасида жиддий мунозаралар уйғотган. Депутат Нодир Мухторовга кўра, “суррогат она” амалиёти жорий этилиши никоҳсиз фарзанд дунёга келишига қонуний асос яратади. Депутат Алия Юсупова эса мазкур хизмат одам савдосининг яширин шакли эканини таъкидлаган. Газетанинг эслатишича, Ўзбекистон мусулмонлари идораси сунъий уруғлантиришни ўта зарур ҳолларда, эр ва хотин орасидагина амалга оширишга изн берган. Мусулмонлар идораси фатвосига кўра, уруғлантириш жараёнига учинчи шахс, яъни “суррогат она”нинг жалб этилиши тақиқланади.

Депутат Раҳим Ҳакимов эса қонунчиликка “суррогат она” тушунчаси киритилиши кераклигини айтган. Унга кўра, мазкур қонун мажбурий эмас, яъни диний эътиқоди изн бермаганлар “суррогат она” хизматидан фойдаланмаслиги мумкин. Р. Ҳакимовнинг айтишича, сунъий уруғлантиришга оид қонун йўқлиги сабаб ўзбекистонлик оилалар бепуштликдан даволаниш учун хорижга боришга мажбур бўлмоқда ва мамлакатдан йилига 10 миллион доллар четга чиқиб кетмоқда.

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG