Линклар

Шошилинч хабар
15 сентябр 2019, Тошкент вақти: 21:20

Олимлар карбонат ангидридни қайтадан “кўмир”га айлантирди


Мельбурн университети тадқиқотчилари газдан олинган карбонат ангидридни (CO2) қайтадан қаттиқ “кўмир“га айлантиришга муваффақ бўлди. Бу эса атмосферани иссиқхона газларидан тозалашга кўмаклашиши мумкин.

Тадқиқотчилар ишлаб чиққан янги услуб суюқлик электролизи ёрдамида газ таркибидаги CO2 ни углероднинг қаттиқ зарраларига айлантиради.

Nature Communications журналида чоп этилган мақолада ёзилишича, ушбу янги технология атмосферани CO2 дан узил-кесил тозалаш имконини туғдириши мумкин.

Ҳозирги кунда атмосферадаги CO2 миқдорини озайтириш учун уни тўплаб, суюқликка айлантириш ва бу суюқликни ер остига юбориш услубидан фойдаланилади. Аммо бу ўта қиммат жараён бўлгани ҳамда атроф-муҳитга зарар етказиши мумкин бўлгани учун мазкур услуб кенг тарқалмаган.

Янги ўйлаб топилган метод эса карбонат ангидридни кўмирга ўхшаш қаттиқ зарраларга айлантириш имконини беради.

Мельбурн технологик университети тадқиқотчиси доктор Тореб Дайнеке:

- Бугунга қадар CO2 ни фақат ўта юқори ҳароратда қаттиқ материалга айлантиришга муваффақ бўлишган. Шу сабаб мазкур методдан кенг қўлланиб бўлмайди. Биз эса суюқ металлардан катализатор сифатида фойдаланиб, хона температурасида газни самарали ва кенг қўлланиш мумкин бўлган йўл билан қайтадан углеродга айлантириш мумкинлигини кўрсатиб бердик, - деди.

Мақоланинг етакчи муаллифи доктор Дорна Исрофилзода:

- Ушбу жараённинг қўшимча яхши жиҳати бор: углерод электр зарядини ушлаб тура олади. Шундай экан, ундан суперконденсатор ўлароқ фойдаланиш мумкин. Келажакда ундан автомобилларда қўлланиш мумкин бўлади, - деди.

Исрофилзоданинг айтишича, янги жараён давомида синтетик ёқилғи ҳам ажралиб чиқади. Бу ёқилғини саноатда ишлатиш мумкин бўлади.

XS
SM
MD
LG