Линклар

Шошилинч хабар
30 март 2020, Тошкент вақти: 22:09

Ўзбекистон хабарлари

Бош прокурор ўринбосари Наманган вилоятига прокурор бўлди

Ўзбекистон прокуратураси эмблемаси.

Бош прокурор ўринбосари Рашид Рахматов Наманган вилояти прокурори лавозимига тайинланди. Бу ҳақда ўз манбасига таянган ҳолда Kun.uz 4 март куни хабар берди.

“У президентнинг Наманган вилоятига ташрифи давомида фаолиятида йўл қўйган камчиликлари учун лавозимидан озод қилинган Улуғбек Тошев ўрнида иш бошлайди”, деб ёзди нашр.

Бош прокуратура матбуот хизмати 4 март куни Улуғбек Тошев “қонунийлик, ҳуқуқбузарликлар эрта профилактикасини таъминлаш, кадрлар тарбиясида йўл қўйган камчиликлари учун” лавозимидан бўшатилгани, унинг ўзи ҳам ишдан бўшатишларини илтимос қилиб, ариза ёзганини билдирган эди.

1978 йилда туғилган Рашид Рахматов 2004 йилда Тошкент давлат адлия институтини битирган. У 2018 йилнинг ноябрида Бош прокурорнинг қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосари лавозимига тайинланганди.

Кун янгиликлари

Марказий банк 10 мингга яқин кредит муддати узайтирилганини маълум қилди

Марказий банк биноси

АОКА ҳузуридаги штабда Марказий банк бошқарма бошлиғи Ҳусанхўжа Абидов иштирокида брифинг ўтказилди.

Унинг айтишича, ҳозирда кредит бериш амалиётлари тўхтатилмаган, банклар томонидан барча турдаги кредитлар ажратиб келинмоқда.

Абидовга кўра, вазиятдан келиб чиқиб, банклар мавжуд кредитлар муддатини узайтириб, қарз юкларини камайтирган.

"Маълумот учун, 10 мингга яқин кредитлар муддати узайтирилди", деди Абидов.

Брифингда мулозимга: "Барча пулларим пластик карточкада. Шаҳарда эса терминал йўқ. Пулларимни қандай нақд қилсам бўлади?" деган савол берилди.

Марказий банк мулозими: "транспорт чекловларига қарамай, шаҳардаги барча банкоматлар ишлари тўхтатилмаган ва улар етарли миқдорда пул маблағлари билан тўлдирилган. Бугунги кунда 5 мингдан ортиқ банкоматлар ишлаб турибди ва улардан ўз пулларингизни нақдлаштириб олишингиз мумкин", деб жавоб берди.

Қуйида Марказий банк бошқарма бошлиғи Ҳусанхўжа Абидов иштирокида брифингни тўлиқ томоша қилишингиз мумкин:

Чекка ҳудудлардаги аҳоли учун зарур дориларни дорихоналар уйига етказиб бериши айтилди

АОКА ҳузуридаги штабда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков иштирокида брифинг ўтказди.

Отабековга Ўзбекистондаги қатор вилоятлар ва қарийб барча йирик шаҳарларда ҳаракатланиш чекланган, хусусий автомобиллардан фойдаланиш тўхтаган бир пайтда касаллар шифохонага қандай етиб олиши мумкинлиги ҳақида сўралди.

Отабековга кўра, бунинг бир йўли бор - шифокорни чақириш:

"Бундай вазиятда шифокорни чақирсангиз улар уйингизга келишади, зарур ҳолатда тез ёрдам машинасида шифохонага етказилади".

Бундан ташқари, чекка туман ва қишлоқлар аҳлига кундалик зарур дори воситаларини дорихоналар етказиб беришини таъкидлади.

Коронавирусга қарши курашга қўшилиш истагини билдирган тиббиёт ходимларига эса захирадаги шифокор ва тиббиёт персоналлар рўйхатига ёзилишни, 14 кунда шифокорлар гуруҳи алмашаётгани боис, уларга эҳтиёж борлигини айтди.

Шунингдек, Отабековдан вакцина чет мамлакатларда яратилса у Ўзбекистонга қанчада келиши мумкинлиги ҳақида сўралди.

Нурмат Отабеков: "Вакцина даволаш воситаси эмас. Вакцинация профилактика мақсадида амалга оширилади. Мабодо вакцина ишлаб чиқарилиб, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан ушбу вакцинани самарали деб топиб, кенг жамоатчиликни эмлаш календари ёки эпидемик кўрсатмага асосан эмлаш лозим деб топилса, шунга қараб кейинги тактика белгиланади", деб жавоб берди.

Брифингни тўлиқ қуйида томоша қилишингиз мумкин:

Юнусободда ими-жимида "куёвнавкар чақириш" маросимини қилган ота устидан жиноят иши очилди

ИИВ ходимлари аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб бормоқда, 25 март, 2020

АОКА ҳузуридаги штабда Ички ишлар вазири матбуот котиби Шуҳрат Ғиёсов бирифинг ўтказди.

Матбуот котибига мамлакатда автотранспорт воситалари ҳаракатининг чекланиши, тўйлар ва карантин қоидаларига риоя қилиниши бўйича саволлар берилди.

Ғиёсовнинг маълум қилишича, 28 март куни Тошкент шаҳри, Юнусобод туманида “куёв навкар” маросимини ўтказган отага нисбатан жиноят иши очилган.

Матбуот котибига кўра, яшовчи 1965 й.т. фуқаро қизини узатиш мақсадида “куёв навкар” маросимини ўтказган. Тадбирга, ўзининг қариндошларини, куёв ва унинг дўстларини таклиф этган.

"Ваҳоланки бир кун олдин бу фуқаро профилактика инспектори ва маҳаллари раиси томонидан бундай тадбир ўтказиш карантин қоидаларини қўпол равишда бузиш эканлиги билан, расмий равишда тилхат олиб огоҳлантирилган", деб маълум қилди Ғиёсов.

Аммо, огоҳлантирувга амал қилмагани учун бу шахсга Жиноят кодексининг 257 прим 1-моддаси, яъни эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш билан жиноят иши қўзғатилгани маълум қилинди.

Ғиёсовга кўра, бу шаклда - “ими-жимида” тўй маросими ёки бошқа йиғинларни ўтказиш тақиқланган. Агар ички ишлар органлари тўй ёки бошқа маросимларни ўтказилаётганини аниқласа, шахс жиноий жавобгарликка тортилади.

Айни пайтда, ИИВ матбуот котиби дафн маросимлари бундан мустасно эканини қўшимча қилди.

Шунингдек, Ғиёсов хаста одамни шифохонага олиб бориш зарурати туғилса, фуқаролар шахсий автомобилидан фойдаланиши мумкинлиги ва буни ИИВ ходимларига тушунтириши кераклигини айтди.

30 март ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 2 бемор вафот этди, 145 кишида вирус аниқланди.

7 бемор тузалиб, реабилитация марказига ўтказилди.

Барча вилоятлар маркази ва йирик шаҳарлар ёпилган, 25 мартдан кўчада ниқобсиз юриш тақиқланган.

Алоҳида автотранспорт воситаларига махсус рухсатнома билан ҳаракатланишга рухсат берилди, шахсий автомобиллардан шахсий мақсадда фойдаланиш 30 мартдан тақиқланди.

Дунёда вирус юқтирганлар расмий сони эса 725 мингдан, ўлганлар сони эса 34 мингдан ошди. Тузалганлар 152 минг атрофида.

Марказий банк аҳоли ва тадбиркорларга битта мурожаатнома асосида кредит таътили беришга оид кўрсатма чиқарди

30 март куни Ўзбекистон Марказий банки коронавирус пандемияси оқибатида оғир аҳволга тушиб қолган жисмоний ва юридик шахсларнинг кредит тўлов муддатини узайтириш бўйича тижорат банкларига кўрсатма берди.

Унга кўра¸ тижорат банклари тўлов муддатини узайтиришни соддалаштирилган тартибда - фақат битта мурожаатнома асосида кўриб чиқиши лозим.

Бу мурожаатномани берувчи шахс кредит тўловларини узайтириш юзасидан асослантирилган изоҳ келтириши¸ карантин даври якунлангандан сўнг қарздорликни кредит шартномасига киритиладиган ўзгартиришларда кўзда тутилган тартибда тўлаш мажбуриятини зиммасига олиши шарт.

Айни пайтда Марказий банк “карантин даври тугагандан сўнг белгиланган муддат ичида қўшимча ҳужжатларни қонунчиликка мувофиқ расмийлаштирилмаган тақдирда кредит шартномасига киритилган ўзгаришлар кредит ташкилоти томонидан бекор қилиниши ва дастлабки шартнома шартлари кучга киришини” ҳам алоҳида таъкидлаган.

Иқтисодчи Отабек Бакиров ўз Telegram каналида Марказий банк берган тавсияси қуйидагича изоҳлади.

"​Кредит муддатини узайтириш бўйича Қарздор Таъсисчиларининг қарори, Гаровга қўювчиларнинг кредит муддатини узайтиришга розилик хатлари, Кафиллик ва суғурта полислари берган субъектларнинг розилиги каби ҳужжатлар карантин даври тугагандан кейин талаб қилинади.

Агар ушбу ҳужжатлар карантин даври ва чекловлари тугагач, Банкка тақдим этилмаса ва тегишли шартлар бажарилмаса, Банкнинг Кредит шартномаси бўйича реструктуризация қарори бир томонлама бекор қилинади".

Ўзбекистон Марказий банки кейинги икки ҳафта ичида икки марта тижорат банкларига коронавирус оқибатида оғир аҳволга тушган аҳоли вакиллари ва тадбиркорлик субъектларига кредит таътили беришга оид тавсиясини эълон қилди.

Айни пайтда¸ ўз кредит фаолиятини Марказий банкдан мустақил тарзда юритиш ваколатига эга тижорат банклари бу тавсияни амалга оширишга ошиқмаëтгани ўзбекистонлик тадбиркорлар эътирозига сабаб бўлмоқда.

ИИВ автотранспорт учун стикер бериш жараёнидаги ажиотаж ва навбатларга аниқ изоҳ бермади

Хусусий автомобил назорат қилинмоқда, 25 март, 2020 (иллюстратив сурат)

АОКА ҳузуридаги штабда Ички ишлар вазири матбуот котиби Шуҳрат Ғиёсов бирифинг ўтказди.

Матбуот котибига мамлакатда автотранспорт воситалари ҳаракатининг чекланиши, тўйлар ва карантин қоидаларига риоя қилиниши бўйича саволлар берилди.

Жумладан, Шохруҳ Ғиёсовга автотранспорт воситалари учун махсус рухсатнома - стикерлар бериш жараёнида кузатилган ажиотаж ва навбатлар ҳақида савол берилди:

"Давлат хизмати агентликларида одамлар тўпланиб ажиотаж ҳосил қилишди, бугун эрталабдан ҳам шундай ҳолат кузатилмоқда. Кўпчиликка рад жавоби бериляпти, биринчи савол нега уларга рад жавоби бериляпти, иккинчи савол шу чекловларни уч-тўрт кун олдин эълон қилса бўлмасмиди?"

Ғиёсов аввалига қайси турдаги транспорт воситаларига стикер берилишини санаб ўтди-да, сўнгра: "Бошқа транспорт воситаларига стикер берилмайди. Давлат хизматлари марказларида тўпланманг, у ердаги ходимларни ва ўзингизни асабингизни бузманг!" деди.

Матбуот котиби навбатларнинг асл сабаби - яъни, бу чекловлар нега бир неча кун олдиндан эълон қилинмади, деган саволга жавоб бермади.

Шунингдек, Ғиёсов хаста одамни шифохонага олиб бориш зарурати туғилса, фуқаролар шахсий автомобилидан фойдаланиши мумкинлиги ва буни ИИВ ходимларига тушунтириши кераклигини айтди.

Ғиёсов билан мулоқотни тўлиқ қуйида томоша қилишингиз мумкин:

Ўзбекистонда 30 мартдан шахсий автомобилда шахсий мақсадда ҳаракатланиш тақиқланди.

Ҳукумат комиссияси қарори билан маълум турдаги автранспорт воситаларига махсус рухсатнома - стикер билан ҳаракатланишга рухсат берилди.

Стикерлар 29 март Давлат хизматлари агентликларида берила бошлади. Ўша кезданоқ, агентликлар олдида автомобили бор кишиларнинг тирбанд навбатлари кузатила бошлади.

Бу навбатлар ва тўсатдан жорий этилган чекловлар ижтимоий тармоқларда кескин эътирозларга сабаб бўлди.

Озодликка келаётган хабарларга кўра, автомобил учун рухсатнома олиш истагида бўлган кишиларнинг навбатлари бугун ҳам давом этмоқда.

Қашқадарёлик 14 яшар бемор COVID-19 билан вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилди

Вирусология илмий текшириш институти клиникаси шифокорларининг илк гуруҳи 14 кунлик давом этган сменани топширди, 29 март, 2020

Ўзбекистонда коронавирус касаллигини юқтириб олган энг сўнгги бемор иккинчи вафот этган марҳум билан мулоқотда бўлган 14 ёшли жияни эканлиги маълум қилинди.

У айни пайтда Қарши шаҳрида жойлашган Қашқадарё вилояти юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда.

ССВга кўра, беморнинг ҳолати ўрта оғир даражада. Бемор билан мулоқотда бўлган яқинлари ва бошқа фуқаролар қатъий назоратга олинган.

Айни пайтда яна 2 нафар қашқадарёлик бемор Тошкентдаги Вирусология илмий текшириш институти клиникасида даволанмоқда.

30 март ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 2 бемор вафот этди, 145 кишида вирус аниқланди.

7 бемор тузалиб, реабилитация марказига ўтказилди.

Барча вилоятлар маркази ва йирик шаҳарлар ёпилган, 25 мартдан кўчада ниқобсиз юриш тақиқланган.

Алоҳида автотранспорт воситаларига махсус рухсатнома билан ҳаракатланишга рухсат берилди, шахсий автомобиллардан шахсий мақсадда фойдаланиш 30 мартдан тақиқланди.

Дунёда вирус юқтирганлар расмий сони эса 725 мингдан, ўлганлар сони эса 34 мингдан ошди. Тузалганлар 152 минг атрофида.

Ота-оналарга карантин пайдида меҳнат таътили бериш низоми қабул қилинди

Мактабларнинг номаълум муддатга ëпилгани ортидан ишловчи ота-оналарнинг танг аҳволда қолгани кузатилмоқда.

Ўзбекистонда мактаб ва мактабгача таълим муассасаларининг коронавирус эпидемияси боис номаълум муддатга ëпиб қўйилиши ортидан боласига қараш учун уйда қолаëтган ота-оналарга меҳнат таътили беришнинг ҳуқуқий асоси ишлаб чиқилди.

Адлия вазирлиги ҳукуматнинг 28 март кунги "Карантинга оид чоралар амал қилиш даврида мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим муассасаларининг фаолияти тўхтатилганда мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ва умумтаълим муассасалари бошланғич синф ўқувчиларининг ота-оналарига йиллик меҳнат таътили беришнинг вақтинчалик тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги буйруғининг давлат рўйхатидан ўтказилганини билдирди.

30 март куни эълон қилинган расмий изоҳга кўра¸ карантин пайтида боғча тарбияланувчиси ва 1-4-синф ўқувчиларининг ота-она (уларнинг ўрнини босувчи шахс, васий, ҳомий)сига карантин пайтида меҳнат таътили берилиши шарт.

Бундай таътил ходимнинг ўз хоҳишига кўра, таътиллар жадвалидан қатъи назар берилади¸ агар ходим буни истамаса¸ у масофавий ишлашга ўтказилиши ëки иш ҳақи сақланмаган таътилга чиқарилиши мумкин.

«Иш берувчи ходимга аризасида кўрсатилган санадан бошлаб иш ҳақи сақланмаган таътил беришга мажбур, Меҳнат кодексида белгиланган максимал муддат бўйича чекловлар карантин даврида татбиқ қилинмайди”¸ дейилади Адлия вазирлиги расмий изоҳида.

16 мартдан бошлаб Ўзбекистондаги барча таълим муассасаларида таътил эълон қилинди ва номаълум муддатга ëпилди.

Таълим вазирликлари ўқув жараëнини масофавий усулга ўтказишга тайëрланмоқда¸ Ўзбекистондаги қатор телеканалларда мактаб дастури асосида ҳозирланган видеодарслар намойиш этилмоқда.

Айни пайтда¸ мамлакатнинг чекка ҳудудларида электр тақчиллиги ва Интернет йўқлиги боис¸ ҳукуматнинг дарсларни масофавий режимга ўтказиш ҳаракатининг муаммога учраëтгани айтилмоқда.

Хитой коронавирусга қарши кураш учун Ўзбекистонга гуманитар ëрдам юборди

Хитой гуманитар ëрдамини ўзбек ҳарбийлари қабул қилиб олган.

Хитой ҳукумати коронавирусга қарши кураш учун Ўзбекистонга гуманитар ëрдам юборди.

29 март куни Хитой армиясига қарашли ҳарбий учқичда Тошкентга келган 20 тонналик ëрдамни Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги расмийлари қабул қилиб олган.

Айтилишича¸ Хитойдан юборилган ëрдам орасида тиббий қўлқоп ва фильтрлик ниқоблар¸ шунингдек тана ҳароратини масофадан туриб ўлчовчи махсус термометрлар бор.

Хитой ҳарбийлари етказган бу тиббий жиҳозлар¸ айтилишича¸ Ўзбекистонда жорий этилган карантин режимини назорат қилаëтган ҳарбийлар¸ ИИВ ва тиббиëт ходимларига тарқатилади.

Февраль ойида Хитой коронавирус ўчоғи бўлиб қолаëтган бир пайтда¸ Ўзбекистон ҳукумати Хитойга айни шундай гуманитар ëрдам юборган эди.

Коронавирус тарқашини деярли тўхтатишга муваффақ бўлган Хитой ҳукумати¸ март ойи охирига келиб¸ жаҳоннинг бу вирус тарқаëтган давлатларига гуманитар ëрдам беришни кучайтира бошлади.

Хитойнинг глобал миқëсдаги иқтисодий-сиëсий мавқеини мустаҳкамлашга қаратилган бундай ëрдам дастури¸ таҳлилчилар томонидан "пандемия дипломатияси" деб аталмоқда.

Масофавий (уйдан) ишлашга оид махсус тартиб тасдиқланди

"Уйда қолинг" акцияси давом этмоқда.

Адлия вазирлигида 28 март куни рўйхатдан ўтган буйруқ билан¸ Ўзбекистонда масофавий ишлашга ўтиш тартиби тасдиқланди.

Бу ҳақда 30 март куни вазирлик ўз Telegram каналида хабар қилди.

Карантинга оид чоралар амал қилиш даврида ходимларни масофавий иш усулида, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга ўтказишнинг вақтинчалик тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруқ билан тасдиқланган низомга кўра, карантин даврида иш берувчи ходимнинг розилиги билан уни масофавий иш усулида, мослашувчан иш жадвалида ёки уйда ишлашга ўтказиши мумкин”¸ дейилади расмий хабарда.

Масофавий¸ яъни уйдан ишлаш тартиби¸ вазирликнинг таъкидлашича¸ биринчи навбатда ҳомиладор аёллар, кексалар, имконияти чекланган шахслар ва сурункали касалликларга чалинган ходимларга қўлланилади.

Ходимнинг масофавий иш усулида, мослашувчан иш жадвалида ёки уйда ишлашга ўтказилиши иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади ва бу ҳақда меҳнат шартномасига ўзгартиш киритилади.

Адлия вазирлиги изоҳида масофавий ишлашга ўтганларга иш берувчи томонидан иш учун зарур бўлган жиҳозларнинг берилиши¸ алоқа воситалари ва Интернет билан таъминлаш, ходим шахсий жиҳоз, техника воситаларидан, Интернетдан фойдаланганда харажатларни қоплаш тартиби ҳам меҳнат шартномасида кўрсатилиши лозимлиги айтилган.

Мазкур ишлаш усулига ўтказилган ходимларнинг меҳнат таътили, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақа олиш ҳамда қонун ҳужжатлари ва жамоа шартномасида назарда тутилган бошқа ҳуқуқлари сақлаб қолинади”¸ дейилади Адлия вазирлиги изоҳида.

Коронавирус тарқалишини тўхтатиш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати ҳам аҳолини уйда қолишда рағбатлантиргани ва мамлакатнинг аксар қисмида карантин режими жорий қилингани ортидан аксар давлат ва нодавлат ташкилотлари ўз хохимларини масофавий ишлашга ўтказишга мажбур бўлмоқда.

Расман: Тошкентда етарли даражада озиқ-овқат заҳираси мавжуд

29 мартдаТошкентда одамларнинг катта миқдорда маҳсулотлар харид қилаётгани кузатилган эди.

Тошкентда шаҳар аҳолисини таъминлаш учун етарли даражада озиқ-овқат заҳираси мавжуд. Бу ҳақда пойтахт ҳокимияти 29 март куни кечга яқин маълумот тарқатди.

Қуйида Тошкент ҳокимияти маълумотини тўлиқ келтирамиз:

“Маълумки, 30 мартдан Тошкент шаҳрига фақат махсус рухсатномага эга машиналар кириб чиқиши ва ҳарактланишига рухсат берилди.

Аммо бу шаҳримизга озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари олиб кирилмайди дегани эмас.

Бугун шаҳримизнинг кўплаб бозорлари ва дўконларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига навбат кузатилди. Бу эса карантин талабларига зиддир.

Шу сабаб аҳолимизга мурожаат қилиб, захирада қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари етарли эканлигини, бозор ва дўконлар бундай маҳсулотлар билан мунтазам таъминланишини маълум қиламиз.

Фақат заруратга кўра кўчага чиқинг, одамлар билан оралиқ масофани сақланг, санитария-гигиена талабларига риоя этинг ва бу билан ўзингиз ҳамда яқинларингиз саломатлигини асранг!” дейилади билдирувда.

29 март куни ижтимоий тармоқларда Тошкентнинг бозорлари ва дўконларида навбатлар пайдо бўлгани ва одамларнинг катта миқдорда маҳсулотлар харид қилаётганига оид суратлар ва видеолар пайдо бўлган эди.

29 март ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 144 кишида коронавирус аниқланди. 2 бемор вафот этди, 7 бемор тузалиб, реабилитация марказига ўтказилди.

Прокуратура тадбиркорлардан нархларни оширмаслик тўғрисида кафолат хатлари ёздириб олди

Нархларни асоссиз равишда оширмаслик тўғрисида 40 мингта тушунтириш тадбирлари ўтказилган.

Прокуратура ходимлари 23 мингдан ортиқ тадбиркордан нархларни оширмаслик ҳақида кафолат хати ёздириб олди.

Маҳаллий нашрларнинг 29 мартда ёзишларича, бу ҳақда 28 март куни Тошкентда ўтган брифингда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бошлиғи Дилшод Раҳимов маълум қилди.

Расмий карантин пайтида 215та деҳқон бозори, 167та савдо мажмуаси, дорихоналар, улгуржи савдо базалари ва товар хомашё биржалари прокуратура ҳамда солиқ идораларининг 2604 нафар ходими томонидан кучайтирлган тарзда назорат қилинаётганини ҳам билдирган.

Дилшод Раҳимовга кўра, нархларни асоссиз равишда оширмаслик тўғрисида 40 мингта тушунтириш тадбирлари ўтказилган. 23 мингдан ортиқ тадбиркордан нархларни оширмаслик борасида кафолат хатлари олинган.

Прокуратура томонидан шу кунларда 728та ҳолатда умумий қиймати 2 миллиард сўмга яқин маҳсулотлар асоссиз равишда қиммат нархда сотилгани аниқланган. Прокуратура томонидан айбдорларга нисбатан жазо чоралари қўлланилган.

Пахтачида "коронавирусдан ўлган одам ҳақида ёлғон хабар тарқатган" шахс 30 суткага қамалди

Юқумли касалликлар тўғрисида ёлғон маълумотларни тарқатган шахслар Ўзбекистонда уч йилгача қамалиши мумкин.

Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида яшовчи 43 ёшли А.Ш. “қўшниси коронавирусга чалиниб ўлгани” тўғрисида ёлғон хабар тарқатганликда айбланиб, ўттиз суткага қамалди.

Daryo.uz нашрининг 29 мартда ёзишича, Пахтачи туман маъмурий суди А.Ш.ни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 205-моддаси (Фавқулодда ҳолат тартиби шароитида жамоат тартибига тажовуз қилиш) билан айбли деб топган ва 30 сутка қамоқ жазоси белгилаган.

Хабарда таъкидланишича: “фуқаронинг қилмиши ДХХ вилоят бошқармаси ва ИИБ ходимлари томонидан фош этилган”.

Аниқланишича, А.Ш., 25 март куни соат 16:00 да марҳум маҳалладошини "кўп миқдорда спиртли ичимлик истеъмол қилганлиги учун вафот этди" деб эшитган. У, шундан сўнг, ижтимоий тармоқда "Пахтачи тумани “Тома” маҳалласида яшовчи О., исмли шахс коронавирусга чалиниб, кўп миқдорда ароқ ичиб, бугун вафот этганлиги айтилмоқда", деб хабар тарқатган.

26 март куни Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” телеграм канали юқумли касаллик ҳақида ёлғон маълумот тарқатганлик учун жиноий жавобгарлик белгилангани ҳақида маълум қилган эди.

Расмий маълумотда айтилишича, “Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” Қонун 26 март куни президент томонидан имзоланган.

Ўзгартишларга мувофиқ бундан буён юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёки ОАВ, шунингдек, Интернет орқали тарқатганлар БҲМнинг 200 бараваридан (44 млн 600 минг сўмдан) 400 бараваригача (89 млн 200 минг сўм) миқдорда жаримага тортилади.

Бундан ташқари юқумли касалликлар тўғрисида ёлғон маълумотларни тарқатган шахсларга нисбатан 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишларига, 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишларига жалб этиш, 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум жазолари ҳам белгиланган.

Барча авиақатновлар 30 мартдан бошлаб тўхтатилди

Авиақатновлар 20 апрелгача тўхтатилди.

30 март соат 00:01дан бошлаб 20 апрель соат 00:01га қадар Ўзбекистондаги мавжуд барча авиақатновлар бутунлай тўхтатилди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.

Хабарда бундай қарор “Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ, коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси” томонидан қабул қилингани билдирилган.

Аввалроқ республика махсус комиссиясининг қарори билан Ўзбекистонда 30 март эрталабки соат 6 дан 20 апрель тунги соат 12 га қадар мамлакат бўйлаб шахсий машинадан шахсий манфаат йўлида фойдаланиш тақиқланган эди.

Қарорга асосан автотранспорт воситалари давлат хизматлари марказлари томонидан бериладиган махсус рухсатнома (стикер) асосидагина ҳаракатланиши мумкин.

Бугунги кунгача Ўзбекистонда 144 кишида коронавирус аниқланди, 2 бемор вафот этди, 7 бемор тузалиб, реабилитация марказига ўтказилди.

Хитойлик шифокорлар гуруҳининг Ўзбекистонга келиши кутилмоқда

Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлардан 11 нафари шифокор экани айтилган.

Хитойлик бир гуруҳ шифокорларнинг 30 март куни Ўзбекистонга келиши кутилмоқда. “Кун уз” нашри Ўзбекистоннинг Пекиндаги элчихонасига таянган ҳолда бу ҳақда хабар тарқатди.

Хабарда айтилишича, хитойлик шифокорлар коронавирусга қарши курашда “ўзбек ҳамкасбларига амалий кўмак кўрсатади”.

Маълумотда шифокорлар сони айтилмаган. Айни пайтда хабарда: “Хитой Халқ Республикаси ҳукумати яқинда 15 кишидан иборат хитойлик шифокорларнинг яна бир гуруҳини Ўзбекистонга юбориш масаласини кўриб чиқмоқда”, деб маълум қилинган.

20 март куни ўтган брифингда Давлат санитария-эпидемиология назорати инспекцияси бошлиғи, давлат бош санитария инспектори Нурмат Отабеков президент Шавкат Мирзиёев хитойлик мутахассисларни махсус рейс билан Ўзбекистонга олиб келиб, профилактика тадбирлари бўйича маслаҳат ва кўмак олиб бўйича топшириқ бергани тўғрисида айтган эди.

Хабарларда Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашга 100 мингга яқин тиббиёт ходими жалб этилгани айтилган.

ИИВ: 29 мартга келиб, карантинни бузганлар сони 10 минг 350 нафардан ошди

Аҳоли орасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда, 27 март, 2020

Ички ишлар вазирлиги 29 март, тонгги соат 9 га қадар республика бўйича карантинни бузиш ҳолати жами – 10 минг 350 та бўлганини маълум қилди:

- Тошкент шаҳрида – 1 731 та ҳолат;

- Тошкент вилоятида – 867 та ҳолат;

- Жиззах вилоятида – 975 та ҳолат;

- Бухоро вилоятида – 543 та ҳолат;

- Самарқанд вилоятида – 1 179 та ҳолат;

- Қашқадарё вилоятида – 546 та ҳолат;

- Сурхондарё вилоятида – 678 та ҳолат;

- Хоразм вилоятида – 167 та ҳолат;

- Сирдарё вилоятида – 326 та ҳолат;

- Фарғона вилоятида – 1 386 та ҳолат;

- Навоий вилоятида – 206 та ҳолат;

- Наманган вилоятида – 830 та ҳолат;

- Андижон вилоятида – 576 та ҳолат;

- Қорақалпоғистон Республикасида 340 та ҳолатни ташкил этмоқда.

Карантин қоидаларини бузганлар, асосан ниқобсиз юрганлар, карантин жойидан қочганлар ёки ижтимоий тармоқларда "ваҳима уйғотувчи, асоссиз маълумотни тарқатган"лардир.

Ўзбекистонда карантин қоидаларини бузганлик учун 11 миллион 150 минг сўмгача жарима солиниши мумкин.

29 март ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 2 бемор коронавирусдан вафот этди, 133 кишида вирус аниқланди.

7 бемор тузалиб, шифохонадан чиқди.

Вирусни юқтирганлар расмий сони дунё бўйича 667 мингдан, ўлганлар сони эса 30 мингдан, тузалганлар сони 142 мингдан ошди.

Вирусология институти клиникасида COVID-19 беморлари билан ишлаган 1 гуруҳ шифокор сменани топширди

Шифкорлар коронавирусдан тузалган 7 беморни кузатмоқда, 29 март, 2020, Тошкент

29 март куни Вирусология илмий текшириш институти клиникасида коронавирусга чалинган беморларни даволаган бир гуруҳ тиббиёт ходимлари юксак эҳтиром билан кузатилди.

Уларнинг ўрнида тиббиёт ходимларининг навбатдаги гуруҳи иш бошлайди.

Президентнинг “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорга кўра, бу шифокорлар 14 кунлик қўшимча рағбат тўловини оладилар.

Қарорга биноан коронавирус инфекциясидан зарарланган беморлар билан мулоқотда бўладиган, беморлар жойлаштирилган объектларда ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга 5 миллион сўмдан 25 миллион сўмгача рағбатлантириш тўлови белгиланган.

29 март ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 2 бемор коронавирусдан вафот этди, 133 кишида вирус аниқланди.

7 бемор тузалиб, шифохонадан чиқди.

Вирусни юқтирганлар расмий сони дунё бўйича 667 мингдан, ўлганлар сони эса 30 мингдан, тузалганлар сони 142 мингдан ошди.

Янги аниқланган 29 ҳолатнинг 6 таси Умрага борган наманганлик аёл яқинларидан топилди

Умрада бўлиб қайтган наманганлик аёлнинг 5 қариндоши ҳамда унинг яқинда вафот этган онасига қараган ҳамширада коронавирус аниқланди.

Daryo.uz нашри келтирган тафсилотларга кўра, 29 март куни Ўзбекистонда аниқланган 29 та янги ҳолатнинг 6 таси Наманганда.

Наманган вилояти Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бош врачи ўринбосари Давлатали Қосимовга кўра, вилоятда коронавирусга чалинганлар сони 12 нафарга етган.

12 март куни Туркия орқали Умра зиёратига бориб келиб, уй карантинида назоратда бўлган Наманган шаҳрида яшовчи 51 ёшли аёл коронавирус инфекциясига чалинганликда гумон қилиниб, 24 март куни юқумли касалликлар шифохонасига карантин кузатувига ётқизилганди.

Унинг коронавирус инфекциясига чалингани 26 март куни тасдиқланган.

Сўнгра аёлнинг онаси, синглиси, қизи ҳамда неварасида ҳам инфекция аниқланди. Аёлнинг 72 ёшли онаси инфекция юққани аниқланган куни - 27 март тонгда миокард инфаркти оқибатида вафот этгани хабар қилинган.

Бу аёл Умра зиёратидан қайтгач, уни кўргани камида 231 киши уйига келган. 29 март куни тонгда аёлнинг карантинда бўлган яна 5 қариндоши — яна бир синглиси, синглисининг келини, акаси, акасининг рафиқаси, жияни ҳамда унинг онасига тиббий хизмат кўрсатиб келган патронаж ҳамшираси — жами 6 кишида коронавирус инфекцияси аниқланди.

ССВ: Франциядан қайтган бемор билан мулоқотда бўлган шифокор вафот этди

Ўзбекистонда сўнгги 24 соат ичида коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони 16 тага ошиб, 104 нафарга етди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 28 март куни хабар берди.

Вазирликка кўра, 28 март куни Франциядан келган илк коронавирус юқтирган аёл билан яқин мулоқотда бўлган 39 ёшли шифокор эркак оламдан ўтган.

"Бугун 39 ёшли 1 нафар эркак беморда ўлим ҳолати қайд этилди. Вафот этган бу бемор Франциядан юртимизга биринчи касалликни олиб келган бемор билан мулоқотда бўлган", дейилади вазирлик 28 март куни эълон қилган хабарда.

Вазирлик хабарида таъкидланишича, шифокор ўзининг коронавирус юқтирганини билган ҳолда уйда даволанишга ҳаракат қилган.

Шу тариқа Ўзбекистонда коронавирусдан ўлганлар иккитага етди.

26 март куни наманганлик 72 ёшли эркак бемор коронавирус инфекцияси ташхиси билан вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.

Шу куни унда коронавирус инфекцияси аниқланган ва вафот этганди.

Беморга ушбу инфекция 12 март куни Туркия сафаридан қайтган ва касаллиги тасдиқланиб, карантинга олинган қизидан юққан, деб билдирганди

Тошкентда карантин шартларини бузиб, тўй ўтказганлар жазоланди 

27 март куни Тошкентнинг Чилонзор туманида эълон қилинган карантин шартларини бузиб, тўй ташкиллаштирганлар жазоланди.

Ўзбекистоннинг йирик шаҳарлари ва пойтахт Тошкент 27 мартдан коронавирус тарқалиши олдини олиш учун карантинга олинган, кўчада ва жамоат жойларида 3 кишидан ортиқ одам тўпланишига чеклов ўрнатилди.

Repost нашрига кўра, тўй эгалари одам тўплаб, карантин қоидасини бузгани етмай, ўзлари ва меҳмонларнинг аксар қисми тиббий ниқоб ҳам тақмаган.

Уйда яшовчи фуқаролар ИИБга мурожаат қилган ва воқеа жойига шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари етиб келган.

Тўй ташкилотчилари билан суҳбат ўтказилиб, уларга карантин тартиб-қоидалари тушунтирилгач, маросим бекор қилинган.

Карантин қоидасини бузганлар 1 миллион сўмдан ошиқроқ миқдорда жаримага тортилган

Коронавирус аниқланганлар сони 88га етди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 27 март куни яна 5 кишида касаллик аниқланган.

"Ушбу инфекцияни юқтириб олганларнинг 2 нафари Фарғона вилоятида, яна 2 нафари Хоразмда ва бир нафари Тошкент шаҳрида қайд қилингани тасдиқланди", дейилади вазирлик хабарида.

Covid-19 инфекцияси аниқланганлар жами 88 нафарга етди. Бугун эрталаб наманганлик 72 яшар аёл касаллик сабаб оламдан ўтди, яна 7 бемор оғир аҳволда экани айтилди.

Вазирлик маълумотига кўра, беморларнинг 5 нафари болалардир.

192 киши ниқоб тақмагани учун жаримага тортилди

Ўзбекистонда жамоат жойларида ниқоб тақмагани учун 178 киши 61,8 млн сўм жаримага тортилди.

Бу ҳақда хабар қилган Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига кўра, Ўзбекистон маъмурий судлари томонидан 192 нафар шахсга нисбатан жамоат жойларида ниқоб тақмагани учун маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақидаги ишлар кўриб чиқилган.

Жумладан, таниқли хонанда Муниса Ризаева карантин пайтида жамоат жойида тиббий ниқобсиз юргани учун жавобгарликка тортилди.

Бу ҳақда хабар қилган Маданият вазирлигига кўра, вазир Озодбек Назарбеков хонандага нисбатан қаттиқ огоҳлантириш бериб, жарима тўловини амалга оширишини уқтирган.

Ризаева томонидан 26 март куни Инстаграмдаги саҳифасига жойланган видеода хонанданинг Тошкентдаги қурилиш компаниясига ниқобсиз боргани акс этган.

Ушбу видео ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлгач, вазир Назарбеков хонандани ўз қабулига чақирган ва унга огоҳлантириш берган.

Коронавирус тарқалишининг олдини олиш чораларига кўра, тиббий ниқобсиз кўчага чиққан одам 1115000 минг сўмлик жаримага тортилади.

Ички ишлар вазирлигига кўра, карантин тадбирлари эълон қилинган 24 мартдан 27 мартга қадар республика бўйича карантин қоидаларига амал қилмаслик билан боғлиқ жами – 3649 та ҳолат аниқланган.

Энг кўп ҳолат Самарқанд ва Фарғона вилоятларида аниқланган.

Ҳуқуқбузарларга нисбатан "Маъмурий жавобгарлик" тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси асосида жарима қўлланган.

Пенсионерлар нафақаси стерилланган пуллар билан тўланади

Эндиликда пенсионерлар нафақаси стерилланган пакетда берилади.

Пенсия ва нафақа тўловлари учун Марказий банкдан стерилланган нақд пуллар олинади.

Бу ҳақда бугунги брифингда маълум қилган Халқ банки бошқарув раиси ўринбосари Ҳасан Аҳмедовга кўра, ҳар бир пенсия ва нафақа олувчига бериладиган нақд пуллар стерилланган пакетларда тарқатилади.

Пенсия ва нафақа пулларини фуқаролар уйларига етказиб бериш учун сайёр кассаларга қўшимча банк ходимлари жалб қилинади.

Барча сайёр кассалар ходимлари ва автомашина ҳайдовчилари тиббий ҳимоя ниқоби ва қўлқоп, спиртли антисептик воситалар билан таъминланган.

Аввал пенсия пулларини олиш учун пенсионерлар маҳалла фуқаролар йиғини биноларига тўпланишган.

Аҳмедовга кўра, 26 март ҳолатига 2 трлн. 103,1 млрд. сўмлик ёки 98 фоиз пенсия маблағлари нақд пул шаклда тарқатиб берилган ва 405 мингга яқин пенсионерларга 252,8 млрд. сўм банк карталари орқали тўланган.

Коронавирусдан ўлганларни кўмишга оид қоидалар эълон қилинди

Эндиликда дафн маросимида чекланган одамгина қатнашади

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати коранавирус касаллиги мавжуд бўлган майитни дафн этиш тўғрисидаги қоидаларни эълон қилди.

Майитни ювиш, кафанлаш, дафн қилишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили иштирок этади.

Коронавирус касаллиги мавжуд бўлган майитнинг дафн маросими фақат яқин қариндошлари иштирокида қилинади.

“Дафн маросимида иштирок этувчилар тиббий кўрсатмаларга амал қилишлари, жумладан, ниқоблар ва қўлқоплардан фойдаланишлари ҳамда маросимдан сўнг карантин талаблари асосида дезинфекция ва шахсий гигиена амалларини бажаришлари лозим”, дейилади Фатво ҳайъати хабарида.

Коронавирусга қарши кураш махсус комиссия қарорига кўра, дафн маросимлари қатъий чекланган таркибда ўтказилади.

Бугун коронавирусдан илк бемор вафот этди. Наманганлик 72 яшар онахон касалликни Истанбулдан келган қизидан юқтиргани аниқланган.

Кўчага сабабсиз чиқиш тақиқланди

Эндиликда кўчага фақат зарурат бўлсагина чиқиш мумкин

Коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида зарур бўлмаган ҳолларда (хизмат фаолиятини амалга ошираётган давлат органлари ва муассасалари ҳамда жамоат ташкилоти ходимларидан ташқари), уйидан ташқарига чиқиши чекланади.

Бу ҳақда коронавирусга қарши кураш Республика махсус комиссияси ахборотида айтилади.

Шунингдек, эпидемиологик ҳолатни инобатга олган ҳолда, фуқаролар ўзаро мулоқот чоғида икки метр масофа сақлаши шарт.

Кўчада ва жамоат жойларида 3 кишидан ортиқ одамларнинг тўпланишига чеклов ўрнатилади. Бу таъқиқ бир вақтда ҳаракатланаётган оилага нисбатан қўлланилмайди.

Ўта зарур ҳоллардагина кўчага чиққанда (дорихона, озиқ-овқат дўконлари) – шахсий ҳимоя воситаси (ниқоб)да бўлиши шарт. Акс ҳолда 1 115000 минг сўмлик жаримага тортилади.

Расман: Коронавирус аниқланган беморларнинг беш нафари болалар

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси аниқланган 83 беморнинг 35 нафари эркак, 48 нафари эса аёллар. Шундан 5 нафари вояга етмаган болалардир.

Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар қилди.

Коронавирус аниқланган беморлар ёш жиҳатдан қуйидагича:

  • 0-9 ёшгача – 5 нафар,
  • 10-19 ёшгача – 2 нафар,
  • 20-29 ёшгача – 24 нафар,
  • 30-39 ёшгача – 17 нафар,
  • 40-49 ёшгача – 16 нафар,
  • 50-59 ёшгача – 11 нафар,
  • 60-69 ёшгача – 7 нафар,
  • 70 – 79 ёшгача - 1 нафар (миокард инфарктдан вафот этган бемор).

Вазирликка кўра, ҳозирга қадар Франция, Туркия, БАА, Россия, Саудия Арабистони ҳамда Швейцария давлатларида бўлиб қайтган 23 нафар кишида коронавирус инфекцияси аниқланган, 60 нафар киши эса улар билан яқин мулоқотда бўлган пайти юқтирган.

Айни пайтда коронавирус инфекцияси билан касалланганларнинг 6 нафари Фарғона, 5 нафари Наманган ва 3 нафари эса Андижон вилоятларидаги юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда.

Шу йилнинг 22 март куни Истанбулдан чартер рейсида олиб келиниб, Бухородаги карантин марказига жойлаштирилганлар орасида 3 кишида ҳам инфекция аниқланган. Улардан иккиси тошкентлик, бири андижонлик.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG