Линклар

Шошилинч хабар
17 феврал 2020, Тошкент вақти: 21:19

Ўзбекистон хабарлари

Қашқадарёдаги қишлоқлар агро, эко, этно ва экстремал туризмга ихтисослаштирилади

Экстремал туризм ишқибозлари.

Қашқадарё вилояти агро-, эко-,этно- ва экстремал туризмга ихтисослаштирилади. Бу борада Бош вазир Абудлла Арипов “Қашқадарё вилоятининг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Қарорда айтилишича, бу йўналишда махсус этноқишлоқ ташкил этилади. Этноқишлоққа келган туристлар аттракционларда ўйнаши, Амир Темур сарбозлари лагерида иштирок этиши, миллий таомлардан истеъмол қилиб, миллий уйларда яшаши, чорвачилик, деҳқончилик ва бошқа ҳунарлардан хабардор бўлиши мумкин.

Қарорга асосан Яккабоғ туманидаги қўриқхона яқинида жойлашган Ғилон Ва Кул қишлоқларида меҳмон кутиб олувчи 5тадан уй барпо этилади.

Варганза ва Ҳазрати Башир қишлоқларида агротуризмни шакллантириш учун “Анор” фестивали ўтказилади.

Татар, Зармаст ва Вари қишлоқлари экстремал туризмга ихтисослашади. Бу ерда бештадан қўноқ уйи, бештадан кемпинг ва ўнта ўтов қурилади.

Сарчашма ва Сувтушар қишлоқларида экологик туризмни, Китоб кенглик станциясида эса астрономик туризмни ривожлантириш назарда тутилмоқда.

Кун янгиликлари

Ўзбек ошпазлар Москвада тарихдаги энг оғир лағмонни пиширди

2015 йилда Олмаота шаҳрида тайёрланган 687 килограммлик лағмон бундан олдинги рекорд натижа эди.

13-16 февралда Москвада бўлиб ўтган III халқаро маданиятлар фестивали доирасида ўзбекистонлик ошпаз Ҳаким Ғаниев бошчилигидаги ошпазлар гуруҳи дунёдаги энг оғир - 797 килограммлик лағмон пиширди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига таяниб, ЎзА хабар қилди. Хабарда лағмон хамирининг умумий узунлиги неча километрга чўзилгани айтилмаган.

Лағмон “Интеррекорд” халқаро рекордларни рўйхатдан ўтказиш агентлиги томонидан қайд этилгани, ва бундан аввалги рекордни янгилагани хабар қилинди. 2015 йилда Олмаота шаҳрида тайёрланган 687 килограммлик лағмон бундан олдинги рекорд натижа эди.

II халқаро маданиятлар фестивалида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Грузия, Россия, Татаристон, Озарбайжон ва Доғистондан халқ амалий санъати усталари иштирок этди.

Солиқ имтиёзлари 1 апрелдан бекор қилинади

Солиқ кодексининг эски таҳририда назарда тутилган имтиёзлар 1 апрелдан бошлаб бекор қилинади. gazeta.uzнинг хабар қилишича, 17 февралда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган матбуот анжуманида давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Фазлиддин Умаров солиқ имтиёзлари ва уларни тайинлаш тартибига изоҳ берди.​

Умаровнинг айтишича, энг муҳим урғу ижтимоий аҳамиятга эга бўлган (таълим, тиббиёт, маданият, маиший хизмат) солиқ имтиёзларига қаратилган ва улар сақланиб қолинди.

«Бундан ташқари, иқтисодиётнинг муҳим тармоқлари учун Ўзбекистон Республикаси президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилган имтиёзлар уларнинг амал қилиш муддати тугагунига қадар амал қилиши белгиланди. Эндиликда имтиёз фақат президент томонидан тақдим этилиши мумкин», — деди у.

Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси билан солиқ имтиёзлар беришнинг янги принципи ҳужжатнинг 75-моддасида баён этилган.

Жумладан, асосан айрим солиқлар бўйича солиқ имтиёзлари (ҚҚС, акциз солиғи ва ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқдан ташқари) Ўзбекистон президентининг қарорлари билан фақат белгиланган солиқ ставкасини камайтириш, лекин кўпи билан 50 фоизга камайтириш тарзида ҳамда кўпи билан уч йил муддатга берилиши мумкинлиги белгиланган.

«Шу билан бирга, янги таҳрирдаги Солиқ кодексида молиявий қийинчиликка дуч келган корхоналарни ҳукумат томонидан қўллаб қувватлаш мақсадида, солиқларни тўлаш муддатларини ўзгартириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконини бериш бўйича меъёр киритилди», — дея қайд этди Умаров.

2020 йил 1 январга қадар амалда бўлган Солиқ кодексида солиқ имтиёзларни назарда тутувчи меъёрлар 380тани ташкил қилган. Янги таҳрирдаги кодекс қабул қилиниши арафасида имтиёзларнинг барчаси инвентаризациядан ўтказилиб, ўзини оқламаган меъёрлар бекор қилинган. Янги кодексда доимий амал таъсирига эга 301та солиқ имтиёзи мавжуд.

Ўзбекистон жанубида бодом гуллади

Ўзбекистоннинг энг жанубий вилояти - Сурхондарёда бодом гуллагани тўғрисида kun.uz хабар қилди.

Сайт ўз хабарига гуллаётган бодом дарахтлари суратларини илова қилган.

Бу йил Ўзбекистонда қиш илиқ келди. Бироқ кейинги кунларда ҳаво бироз совигани айтилмоқда.

18 февралда Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ҳаво ўзгариб туради, баъзи жойларда ёмғир ёғади, туман тушиши мумкин. Шарқдан эсган шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан 7-12 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 2-7 даража, кундузи 5-10 даража илиқ бўлади.

ИИБ назорати остидагиларга доир қарор қабул қилинди

Наручники

Ўзбекистон ҳукумати 14 февралда “Ички ишлар органлари пробация хизмати фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни қабул қилди.

Бу ҳақда хабар қилган Адлия вазирлигига кўра, қарорга мувофиқ, 2020 йил 1 мартдан бошлаб назорат остидагиларга ижтимоий-ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш бўйича вазирлик ва идоралар ўртасида ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилади.

Шунингдек, юридик йўналишдаги ОТМлар таълим дастурларига назорат остидагиларнинг психологик портретини ўрганиш бўйича махсус мавзулар киритилади ҳамда тегишли ОТМларда психология йўналишида таълим олаётган талабаларнинг пробация бўлинмаларида амалиёт ўташлари йўлга қўйилади.

Қарор билан 2020-2021 йилларда ички ишлар органлари пробация хизмати фаолиятини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари режаси ҳамда ҳамкорликдаги фаолият механизми тасдиқланди.

Президентнинг тегишли қарорига асосан Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармасининг озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ижро этилишини назорат қилиш негизида вазирликнинг Жазони ижро этиш бош бошқармаси ҳузуридаги Пробация хизмати ташкил этилган.

Венгрия делегацияси Тошкентга келмоқда

Венгрия Ташқи иқтисодий алоқалар ва ташқи ишлар вазири Петер Сийярто.

Жорий йилнинг 18 февраль куни Венгрия Ташқи иқтисодий алоқалар ва ташқи ишлар вазири Петер Сийярто бошчилигидаги делегация амалий ташриф билан Тошкент шаҳрига келади.

Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати маълумотига кўра, ташриф дастуридан Ўзбекистон Ташқи ишлар, Энергетика, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирликларида ва бошқа идораларда икки томонлама музокаралар ўтказиш ўрин олган.

Венгрия делегациясининг Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссия 5-йиғилиши ва Ўзбекистон-Венгрия бизнес-форумида ҳам иштирок этиши кутилмоқда.

Ўзбекистонда Туркия махсус саноат зонасининг филиали очилиши мумкин

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда Туркиянинг "Гебзе" махсус саноат зонасининг филиали ташкил этилиши мумкин. Филиал ташкил этиш бўйича ҳамкорлик истиқболлари Туркия вице-президенти Фуат Ўктой билан Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқовнинг ўтган ҳафтада Анқарада бўлиб ўтган учрашувда муҳокама этилган.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати тарқатган маълумотга мувофиқ, мулоқот чоғида транспорт ва юк ташиш соҳаларида тизимли ўзаро муносабатлар, Туркия ҳукумати томонидан техник кўмак бериш ва имтиёзли кредитлаш дастурлари доирасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига тўхталиб ўтилган.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги Имтиёзли савдо тўғрисидаги келишувини имзолашга тайёргарликни жадаллаштириш ва мазкур битимга киритилиши таклиф этилаётган товарлар позицияларини кенгайтириш масалалари ўрганилди ҳамда уни амалда қўллаш тартиблари келишиб олинган.

“Мазкур чоралар Туркия ва Ўзбекистон республикаларининг ўзаро савдо айланмасини 5 миллиард долларга етказиш борасида икки мамлакат Президентлари томонидан берилган топшириқни амалга оширилишига катта кўмак бериши кутилмоқда”, дейилади вазирлик хабарномасида.

“Beeline-Ўзбекистон” бир йилда 1 миллион мижозини йўқотди

Иллюстратив сурат.

“Beeline-Ўзбекистон” алоқа оператори мижозлари 2019 йил тўртинчи чорагида 8,1 миллион кишини ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 10,7 фоизга камдир.

Мобиль оператор муассисларидан бири бўлган VEON ширкатининг ўтган ҳафта эълон қилган ҳисоботига кўра, 2018 йил тўртинчи чорагида 9,1 миллион мижозга эга бўлган. Ширкат бу қисқаришни доимий равишда маблағ сарфламайдиган мижозларнинг тармоқдан чиқиб кетгани билан боғлаган.

Ҳисоботга кўра, “Beeline-Ўзбекистон”нинг мамлакатдаги умумий даромади бир йилда 8,8 фоизга камайган. Бунга мобиль алоқа учун акциз солиқлар ставкасининг 15 дан 20 фоизга чиқарилгани асосий сабаб ўлароқ кўрсатилган.

Сирдарёдаги ёнғинда бир оиланинг 6 аъзоси ҳалок бўлди

Иллюстратив сурат.

Сирдарё вилоятининг Сардоба шаҳарчасида чиққан тунги ёнғинда бир оиланинг олти аъзоси ҳаётдан кўз юмди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, ҳодиса 17 февралга ўтар кечаси соат 02:40 ларда содир бўлган.

Сардобадаги “Кўркам диёр” маҳалла фуқаролар йиғини Робот кўчасидаги 3-уй 1-хонадонида келиб чиққан ёнғинда хонадон эгалари бўлган эр-хотин, уларнинг икки қизи, ўғли ва набираси қурбон бўлган.

ФВВ ҳодиса юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилаётганини маълум қилган.

Мамлакат бўйлаб 3471 лифтни янгилашга оид президент қарори муҳокамага қўйилди

Кўп қаватли бинодаги лифт, Тошкент вилояти

2021–2027 йиллар иичида Ўзбекистон бўйлаб 3 минг 471та лифтни янгилаш режалаштирилмоқда.

Президентнинг бу борадаги қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Лойиҳада айтилишича, республикада умумий 2 минг 483 та юқори қаватли уйларда 5 минг 922 та лифт ускуналари бор, булардан 5000 дан зиёди (85%) Тошкент шахрида ўрнатилган.

Айтилишича, 2019 йилда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига кўп квартирали уйлардаги лифт ускуналарининг носозлиги юзасидан 716 дан ортиқ мурожаат келиб тушган, Тошкент шаҳридаги 3 минг 270 та (65%) лифт ускуналари белгиланган 25 йил эксплуатация муддатини ўтаб бўлган.

Шу боис, президент қарорида 3 минг 561 та лифтдан 90 тасини капитал таъмирлаш, 3 минг 471 таси янгисига алмаштириш кўзда тутилаётгани айтилган.

Мазкур қарорнинг ижроси назорати эса Бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов зиммасига юкланган.

14 февраль куни жамоатчиликка эълон қилинган лойиҳа муҳокамаси 29 февралда тугайди.

Бош прокурор ўринбосари Андижонда ҳукумат кучлари тинч аҳолини ўққа тутганини тан олди

Андижон 2005 йил 13 май

Ўзбекистон Бош прокурори ўринбосари Светлана Ортиқова 2005 йил 13 майда Андижонда ҳукумат қуролли кучлари тинч аҳолига ўқ узганини тан олди.

Ортиқова "Қалампир" нашри мухбири билан суҳбатда аҳолига ўқ узишга масъул деб кўрилган айрим амалдорлар жазога ҳам тортилганини айтди.

Аммо, Ортиқова жазога тортилганлар шахсини очиқламади.

Шу пайтгача ҳукумат расмийлари Андижонда тинч намойишчилар қуролли жангарилар томонидан ўлдирилгани айтиб келишган.

Ортиқованинг таъкидича, аҳолига қарши Андижонда қурол ишлатилиши номутаносиб бўлган.

"Алоқа воситалари шир-шир бўлган, вақтида айтилган жой очилган Қирғизистонга кетишсин улар, деб. Шир-шир радио, алоқа воситалари яхши ишламаган. Вақтида командир у ёки бу топшириқни вақтида англамаган, етмаган, тайёргарлик бўлмаган, сабаблар кўп", деган Светлана Ортиқова.

2005 йил 13 май куни Андижондаги норозиликлар пайти расмий маълумотларга кўра 187 киши ҳалок бўлган.

Воқеа гувоҳлари эса ҳукумат кучлари тинч намойишчиларни ўққа тутиши оқибатида камида беш юз киши ҳалок бўлганини айтишган.

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан 10 та ректор ишдан олинди; уларнинг аксари яна ректорликка тайинланди

Ўзбекистон ОТМларидаги коррупция ҳам жамоатчилик¸ ҳам президент танқидига учраб келмоқда.

14 февраль куни Вазирлар Маҳкамаси қабул қилган 82-сон қарор билан Ўзбекистондаги ўнта олий таълим муассасаси ректори ишдан олинди.

“Олий таълим муассасалари ректорларини лавозимларга тайинлаш тўғрисида”ги ҳукумат қарори билан ишдан олинганлар ҳақида Адлия вазирлигининг Telegramдаги Huquiy Axborot канали маълум қилди.

Қарорга кўра¸ ректори ўзгартирилган ОТМлар рўйхатида Тошкент давлат педагогика университети¸ Жиззах давлат педагогика институти ¸ Навоий давлат педагогика институти¸ Наманган давлат университети¸ Тошкент кимё-технология институти¸ Тошкент давлат стоматология институти¸ Самарқанд давлат тиббиёт институти¸ Қарши муҳандислик иқтисодиёт институти¸ Наманган муҳандислик-қурилиш институти¸¸ Қўқон давлат педагогика институти ва Астрахань давлат техника университетининг Тошкент вилоятидаги филиали директори бор.

Ҳукумат қарори билан эгаллаб турган лавозимидан олинган ректорларнинг кўпи бошқа ОТМга ректор этиб тайинланган¸ ëки бошқа ишга ўтгани айтилган.

Самарқанд давлат тиббиёт институти ректори лавозимидан бўшатилган Азамат Шамсиевга эса¸ ҳукумат қарорида¸ бошқа лавозим берилмаган.

Президент Шавкат Мирзиëев сўнгги қатор чиқишларида Ўзбекистон ОТМдаги коррупция ва таълим сифати пастлигини бир неча бор кескин танқид қилган эди.

«Яқинда кўп ректорлар ишдан олинади. Менинг столимда турган маълумотларга кўра, бу ректорлар билими, савияси ва ватанпарварлик даражаси билан ректор бўлиш у ёқда турсин, ҳатто қоровул бўлишга арзимайди»¸ деган эди жумладан президент 31 январь кунги чиқишида.

Мирзиëевнинг февралга режаланган Москва сафари июнга қолдирилди

Владимир Путин 2018 йили Тошкентга сафар қилган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Илҳом Неъматов президент Шавкат Мирзиëевнинг Москвага февраль ойида қилиши айтилган ташрифининг июнга қолдирилганини билдирди.

Ўтган йил декабрида Неъматов матбуотга сафарнинг 5 февралга белгиланганини билдирган эди.

14 февраль куни сафар кечиктирилганига изоҳ берган Илҳом Неъматов¸ олий даражали учрашувларни ҳозирлашнинг мураккаб жараëн эканини таъкидлади.

“Биринчидан, кун тартиби ишлаб чиқилади. Унда қайси масалалар муҳокама қилинади? Булар ҳақида ўзаро келишиб олиниши керак. Иккинчидан ташриф давомида қандай ҳужжатлар имзоланади? Бу жуда катта вақт ва жиддий эътиборни талаб этади. Учинчидан, қандай тадбирлар ўтказилади? Шунинг учун ҳам ташриф муддати ўзгартирилди”¸ деб иқтибос келтирди маҳаллий матбуот Илҳом Неъматовдан.

Матбуот ва ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинган тахминларга кўра¸ Мирзиëевнинг Москва сафари давомида икки давлат ўртасидаги иттифоқчилик муносабатларини кучайтириш¸ хусусан¸ Ўзбекистоннинг Кремль етовидаги Евроосиë иқтисоий иттифоқига қўшилиши кутилаëтган эди.

Ижтимоий тармоқларда бундай аъзолик “Ўзбекистон мустақиллигини бой бериш” сифатида жиддий эътирозга учраши ортидан Шавкат Мирзиëев Тошкентнинг бу иттифоққа “кузатувчи мақоми”да киришини маълум қилди.

Москва дипломатик идораси вакили эса¸ тўлақонли аъзоликнинг кузатувчи мақоми билан бошланишини билдирди.

Озодликда Ўзбекистон ва Россия ҳукуматларининг Тошкентни бу иттифоққа қўшиш юзасидан ҳозирликни давом эттираëтганига оид расмий ҳужжатлар мавжуд.

Бош прокуратура: Ўтган уч йилда 1910 та оқлов ҳукми чиқарилди!

14 февраль куни «Тараққиёт стратегияси» маркази, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Бош прокуратура ва «Минтақавий мулоқот» халқаро нодавлат ташкилоти билан ҳамкорликда халқаро форум ўтказди.

ЎзА агентлигининг хабар беришича¸ форумда президент Шавкат Мирзиëевнинг Олий Мажлисда қилган мурожаати¸ “Ҳаракатлар стратегияси”нинг 3 йиллик натижалари ва 2020 йилга белгиланган устувор вазифалар муҳокама қилинган.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Бош прокурори ўринбосари Эркин Йўлдошев “Ҳаракатлар стратегияси”да белгиланган вазифаларни амалга ошириш жараëнида прокуратура органлари фаолиятининг жиддий чеклангани¸ тергов ва одил судлов билан боғлиқ бўлган процессуал нормалар жиддий ўзгарганини тилга олган.

“Ўтган 3 йилда 1 минг 910 та оқлов ҳукми чиқарилган бўлса, уларнинг 566 таси прокуратура протестлари билан бўлди. Бу жамиятдаги ўзгаришларнинг ёрқин далилидир”¸ деб иқтибос келтиради миллий агентлик Йўлдошевдан.

Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келганидан сўнг прокуратура фаолиятини "жазолаш" тизимига айлангани учун кўп марта кескин танқид қилган.

Ҳинд элчиси Ортиқхўжаевдан Будда ибодатхонаси қуриш учун Тошкентдан ер ажратиб бериш бўйича ёрдам сўради

Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Сантош Джа Тошкентда Махатма Ганди ҳайкалини ўрнатиш ҳамда ҳинд ҳамжамияти илтимосига кўра Будда ибодатхонаси қуришга пойтахтдан ер ажратиб беришда кўмак сўради. Бу илтимосни элчи жаноблари Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан 12 февраль куни бўлиб ўтган учрашуви чоғида арз этган.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, Ортиқхўжаев бу масалаларни ечишда ўз ваколатлари доирасида ҳар томонлама кўмак кўрсатишга тайёр эканини айтган.

Учрашув чоғида Сантош Джа Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини ошириш борасидаги таклиф ва тавсиялари билан ўртоқлашган, икки давлат ўртасида авиақатновни такомиллаштириш, хусусан, Тошкентга тўғридан-тўғри рейсларни ташкил қилиш, ҳинд ресторанларини очиш ва бошқа таклифларни билдирган.

Учрашув якунида томонлар ҳамкорликка оид мулоқотни мунтазам давом эттиришга келишиб олганлар.

Хитой агентлиги Тошкентдан Гуанжчоуга 27 мингта ниқоб олиб борган ўзбекистонлик куёвни мақтади

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонлик 28 ёшли Муроджон Кенжабоев 12 февраль куни Тошкентдан Хитойнинг Гуанжчоу шаҳрига уч қоп тиббий ниқоб олиб борган. Бу ҳақда Хитойнинг давлатга қарашли Синьхуа ахборот агентлиги хабар қилади.

“11 кун муқаддам Ўзбекистондан Гуанчжоуга 12 мингта ниқоб олиб келгандим, бу сафар яна 15 мингта ниқоб олиб келдим”, деган М. Кенжабоев агентлик билан суҳбатда.

Хабарда айтилишича, олти йилдан бери Хитойда яшаётган Муроджон ҳозирда Гуандун Хорижий тиллар ва ташқи савдо университетида араб тилини ўрганмоқда.

“Мен Хитой ҳукуматидан стипендия олаяпман ва бу мамлакатни ўзимнинг иккинчи ватаним, деб биламан”, деган ўзбекистонлик йигит.

Хитойдан уйланган Муроджон бу ердаги дўстларининг илтимосига кўра Ўзбекистоннинг Гулистон шаҳридаги дорихоналарнинг барчасини кезиб, 15 мингта тиббий ниқоб йиғиб кетган.

Москва орқали Гуанчжоуга сешанба куни етиб борган М. Кенжабоев хитойлик дўстларига ниқобларни текинга беришга қарор қилган.

Коронавирусга қарши чора-тадбирлар доирасида Ўзбекистонга қўшни бўлган Қозоғистон ва Қирғизистон расмийлари тиббий ниқоб экспортини тақиқлаш ҳақида қарорлар қабул қилганлар.

Аввалроқ Озодлик Ўзбекистондаги дорихоналарнинг 70 фоизида тиббий ниқоб қолмагани ҳақида хабар қилганди.

ССВ штаби: Ўзбекистонда шу кунгача коронавирус касаллиги қайд этилгани йўқ

Иллюстратив сурат.

Жорий йил 13 февраль ҳолатига кўра Ўзбекистонда коронавирус касаллиги қайд этилмаган. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги коронавирус инфекциясига қарши курашиш штаби маълумот тарқатди.

Штабнинг маълум қилишича, Санитария–эпидемиологик осойишталик агентлиги вирусология лабораториясида жорий йилнинг январ ойидан бошлаб 13 феврал кунигача 837 та намунада коронавирус инфекциясининг бор-йўқлиги текширилган. Ушбу намуналарда коронавирус инфекцияси топилмаган.

Сўнгги маълумотларга кўра, Хитойнинг Ухан шаҳрида қайд этилган вирусдан ўлганлар сони 1380 кишига етган, вирусни юқтириб олганлар сони эса 64 минг нафарга яқинлаган.

МБ: Олтин-валюта захираси бир йилда 2,85 млрд долларга ошди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захираси ўтган бир йилу бир ой ичида 2 миллиард 855 миллион долларга ошиб, 29 миллиард 936 миллион долларни ташкил этган. Бу рақамлар Ўзбекистон Марказий банки томонидан ёйинланган жадвал-ҳисоботда акс этган.

Олтин-валюта захираси 2019 йил 1 январь ҳолатига 27 миллиард 81 миллион долларни ташкил этганди.

Захиранинг катта қисми олтин шаклида (16 млрд 956 млн 800 минг доллар) сақланмоқда. Хорижий валюта шаклида сақланаётган захира қиймати эса 12 млрд 537 млн 400 минг долларга тенг.

Захирадаги олтин ҳажми ўтган бир йил ичида 354,5 тоннадан 332,8 тоннага (яъни 21,7 тоннага) озайган. Бироқ жаҳон бозорида олтин нархининг ошгани пул нисбатида захира кўпайишига сабаб бўлган.

Бухорода жайрон овлаган 5 кишига нисбатан ҳукм ўқилди

Иллюстратив сурат.

Бухоро вилоятида жайрон овлаган 5 кишининг 4 нафари 3 йилданга, яна бири 4 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Давлат экология қўмитаси ахборот хизмати маълумот тарқатди.

Судланганлар ўтган йил 24 августидан 25 августига ўтар кечаси уч дона ов қуроли ҳамда кучли ёритиш қувватига эга прожекторлардан фойдаланган ҳолда Қоракўл ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжалиги ҳудудидан Қизил Китобга киритилган 2 бош жайронни овлаган.

Бухоро вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси инспекторлари ҳамда чегара ҳарбий қисм аскарлари томонидан тўхтатиб қолинган бу одамларнинг иши кейинчалик судга оширилган.

Қоракўл туман суди ўтган ҳафта қонунбузарларга нисбатан ҳукм чиқарган. Қамоқ жазоси олган қонунбузарлардан табиатга етказилган зарар учун 66 миллион 900 сўм миқдорида жарима ҳам ундирилган.

Ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев Тошкентдаги ер участкалари нархини белгилади

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев (ўнгда)бир пайтнинг ўзида ҳам Сенат¸ ҳам Тошкент шаҳар Халқ депутатлари кенгаши аъзоси¸ айни пайтда Ўзбекистондаги энг йирик бизнес империяларидан бири мулкдори ҳамдир.

12 февраль куни Тошкент шаҳар ҳокимининг “Тошкент шаҳрида ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқини минимал қийматини тасдиқлаш тўғрисида” деб номланган қарори лойиҳаси жамоатчиликка тақдим этилди.

Қарор ¸Тошкент шаҳрида ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқининг минимал қийматини солиқ зоналари кесимида тасдиқлашни назарда тутади.

Ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев қарори лойиҳасига кўра¸ 1-зонадаги 1 гектар ер нархи 18 102 214 700 сўм; 2-зона 14 481 771 800 сўм; 3-зона – 10 861 328 800 сўм; 4-зона – 7 240 885 900 сўм ва 5-зона – 3 620 443 000 сўм қилиб белгиланган.

Минимал нархлар¸ пойтахтдаги беш солиқ ҳудудидан келиб чиқиб белгиланган ва биринчи уч ҳудудга киритилган Олмазор¸ Чилонзор¸ Шайхонтоҳур ва Яккасаройдаги ер участкалари нархи энг қиммат қилиб белгиланган.

Нарх ва солиқ қиймати бўйича тузилган Тошкент харитасида Сергели ва Учтепа туманлари 4 ва 5-зонага киритилган бўлса¸ Бектемир тумани ер нисбатан арзон бўлган 5-зонага қўйилган.

Ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамага қўйиладиган regulation.gov.uz сайтида жойлаштирилган қарори муҳокамасига 27 февралгача вақт берилган.

Кейинги уч йил ичида Тошкент марказида Tashkent City қуриш учун бузилган маҳаллаларнинг аксари¸ ҳоким қарорига кўра¸ Ўзбекистон пойтахтининг энг қиммат зоналарида жойлашган.

Мустақил журналистик суриштирувлар давомида Tashkent Cityдаги 8 та лотдан камида тўрттасининг айнан Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ўзига алоқадор ширкатлар экани аниқланди.

Президент чегара хавфсизлиги масаласида йиғилиш ўтказди

ДХХ ва Чегара қўшинлари хизмати раҳбарлари президент билан мажлисда.

"Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 13 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини қўриқлаш ва муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш масалаларига бағишланган ишчи йиғилиш бўлиб ўтди"¸ деб хабар берди президент матбуот хизмати.

Хавфсизлик кенгаши аппарати ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати раҳбарлари қатнашган йиғилишда "чегара хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини янада оширишнинг устувор йўналишлари белгиланган".

Шу мақсадда йиғилишда "замонавий автоматлаштирилган чегара назорати тизимлари ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиларини профессионал тайёрлаш сифатини ошириш" масалалари муҳокама этилган.

Ўзбекистон аксар ҳудуди Толибон гуруҳи назоратида қолаëтган Афғонистон билан бевосита чегарадош. Қолаверса¸ Ўзбекистоннинг бошқа қўшниси Туркманистоннинг Афғонистон билан 1000 км.дан узунроқ чегарасининг яхши қўриқланмаëтгани йиллардан бери хавотирларга сабаб бўлиб келмоқда.

АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция "Ислом давлати" террор гуруҳи жангариларининг аксариятини Ироқ ва Суриядан сиқиб чиқариши ортидан¸ бу жангариларнинг ҳам Афғонистон ҳудудида ўринлашгани айтилмоқда.

Хитойдаги коронавирус эпидемиясидан қочиб уйига келган фарғоналик талаба ис газидан ўлди

Ўзбекистон ҳукумати учта чартер рейс билан Хитойдан олиб келган талабалар икки ҳафталик карантинда сақланмоқда.

Хитойда тарқаган коронавирус эпидемиясидан сақланиш мақсадида 31 январь куни Жанубий Корея орқали уйига келган фарғоналик 20 яшар Муҳаммадбобур Абдуқодиров 5 февраль куни вафот этди.

Қўқон Бош Давлат санитария врачининг расмий баёнотида ëзилишича¸

Ўзбекистон туманининг Ҳаётобод қишлоғида яшовчи Муҳаммадбобур Абдуқодиров уйи ҳаммомидан жонсиз ҳолда топилган.

Қўқон шаҳар суд тиббий экспертизасида “дастлабки суд тиббий текширувидан ўтказилганида марҳум жасадида ис газидан заҳарланишга хос бўлган махсус специфик белгилар аниқланган”.

Муҳаммадбобур Абдуқодиров ўтган йил ноябрида тил ўрганиш учун Хитойга кетган ва коронавирус эпидемияси бошлангани ортидан уйига қайтган.

Қўқон Бош Давлат санитария врачи таъкидича¸ Абдуқодиров уйига қайтган куниëқ Ўзбекистон туманидаги 71-сонли қишлоқ оилавий поликлиникасида тиббий кўрикдан ўтказилган ва икки ҳафталик назоратга олинган. Ўлим юз берган 5 февралга қадар (икки ҳафталик инкубацион муҳлат тугамаган -таҳр.) унда коронавирус аломатлари аниқланмаган.

Расмий баëнотда ëзилишича ¸ эпидемиологик кўрсатмага асосан олинган намуналар Фарғона вилояти СЭОМ вирусология лабораториясида текширилиб, Абдуқодировда грипп, коронавирус «2019-nCov» ва бошка вирус турлари топилмаган.

Хитойдан қайтган талабанинг кутилмаган ўлими ижтимоий тармоқларда унинг коронавирусдан ўлгани ҳақида фаразлар тарқашига сабаб бўлди.

Озодлик боғланган Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Ўзбекистонда 13 февралга қадар коронавирусга чалинган бирор ҳолат қайд этилмагани¸ бундай ҳолат бўлган тақдирда¸ уни бекитиш давлат манфаатига хизмат қилмаслигини таъкидлади.

Табиий газини Хитой ва Россияга сотиб келаëтган Ўзбекистонда аксар вилоятлар аҳолиси табиий газдан узилганича қолмоқда.

Қишда исиниш учун қўлбола печка ва турли иситиш ускуналаридан фойдаланишга мажбур қолган ўзбекистонликлар орасида ис газидан ўлганлар сони¸ Озодликка маълум бўлган рақамларга қараганда¸ ошиб бормоқда.

Хусусан¸ 2 февраль куни Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида 22 ёшли аёл ва унинг 2 яшар фарзанди ис газидан ўлди.

Ўтган йилнинг 17 ноябрь куни Уйчи тумани «Дўстлик» маҳалласидаги бир уйда тўрт киши газдан заҳарланди ва она икки фарзанди билан ҳаëтдан кўз юмди.

15 ноябрь куни Жиззахнинг Дўстлик тумани Ғофур Ғуломов маҳалласида яшаган бир оиланинг уч аъзоси – эр, хотин ва боласи ис газидан заҳарланди¸ оқибатда ота вафот этди.

Бу ўлимларга қадар Озодлик 2019 йил давомида яна камида 15 одамнинг ис газидан заҳарланиб ўлгани ҳақида хабар қилди.

Тошкент Ички ишлар бош бошқармаси 2019 йилнинг олти ойида биргина пойтахтда 15 одам ис газидан заҳарланганини билдирган бўлса¸ ​"Ўзтрансгаз” ширкати¸ 2018 йилнинг январь-апрель ойлари оралиғида Ўзбекистонда 58 одам ис газидан заҳарланиб ўлгани, 54 одамнинг эса жабрланганини билдирган эди.

Статқўм: Кейинги 12 ой ичида Ўзбекистонга 8.3 миллион хорижлик келди

Мирзиëев ҳукумати аксар Ғарб давлатларига жорий этилган виза режимини бекор қилди.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитасининг маълум қилишича¸ 2019 йил январидан 2020 йил февралига қадар Ўзбекистонга келиб-кетган хорижийлар сони 8 миллион 300 мингдан ошган.

Улардан 5.3 миллион нафари Ўзбекистонга бизнес мақсадида келган бўлса¸ 2.1 миллиони ўқиш учун келган; 1.04 миллион хорижлик эса дам олишга келган.

Кейинги 12 ой мобайнида Ўзбекистонга 552 000 одам ўз яқинларини кўришга келган¸ 55 000 хорижлик эса¸ даволаниш учун келган.

Президент Шавкат Мирзиëев иқтисодни ривожлантириш мақсадида Ўзбекистонни туризм марказларидан бирига айлантиришга қаратилган қатор қарор ва фармонлар чиқарган.

Хусусан¸ Шавкат Мирзиëев туризмни рағбатлантириш мақсадида ўнлаб ривожланган давлат фуқароларига визасиз саëҳат имконини яратди.

Энергетика вазирлиги: МАГАТЭ АЭС қурилишида ëрдам беришга тайëр!

Ўзбекистоннинг АЭС қуриш режасига қарши жиддий эътирозлар билдирилмоқда.

10-14 февраль кунлари Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ)нинг Венадаги бош қароргоҳида ядровий хавфсизлик бўйича халқаро анжуман бўлиб ўтмоқда.

Мазкур тадбирдаги Тошкент делегациясига раҳбарлик қилаëтган Ўзбекистон Энергетика вазири Алишер Султонов агентлик бош директори Марианно Гросси билан учрашди.

Ўзбекистон Энергетика вазирлигининг матбуотга билдиришича¸ учрашувда Атом энергияси бўйича халқаро агентлик раҳбари Тошкент ҳукуматига ўз атом энергетикасини ривожлантиришда ҳар томонлама ëрдам беришга тайëрлигини билдирган.

"Учрашувда шунингдек Ўзбекистонда Атом электр станция қуриш лойиҳасини амалга ошириш¸ хусусан¸ унинг жисмоний хавфсизлигини таъминлашда ëрдам беришга ҳозирлик изҳор этилди. 2020 йили Ўзбекистон ядровий инфраструктурасини комплекс кўриб чиқиш учун агентлик миссияси тузилади”¸ дейилади Тошкент идораси баëнотида.

Мирзиëев ҳукумати Россиянинг Росатом агентлиги билан мамлакатда биринчи АЭС қуриш режаси устида иш олиб бормоқда.

Аниқ қиймати очиқланмаган бу улкан лойиҳа¸ атом станциясининг хавфсизлиги¸ унинг атроф-муҳитга етказадиган зиëни билан боғлиқ хавотирлар боис Ўзбекистон жамоатчилиги орасида жиддий эътирозларга учрамоқда.

Британия парламентининг Ўзбекистон бўйича гуруҳига янги раҳбар сайланди

Иллюстратив сурат

11 февраль куни Буюк Британия парламентида Ўзбекистон бўйича Барча партиялар парламент гуруҳи (АППГ) янги таркибининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди¸ деб хабар қилди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ўз сайтида.

Хабарга кўра¸ мажлисда Британия парламентининг иккала палатасидан депутатлар¸ шунингдек Лондон ташқи сиёсат идорасининг Америка ва Европа ишлари бўйича давлат вазири Кристофер Пинчер ва Ўзбекистоннинг Британиядаги элчиси Саид Рустамов иштирок этган.

Ўзбекистон элчиси мажлисда қилган чиқишида “кенг кўламли модернизация жараёнлари, очиқ ва конструктив ташқи сиёсат, шунингдек, Ўзбекистон-Буюк Британия муносабатларини ривожлантириш учун янги имкониятлар тўғрисида” гапирган.

“Буюк Британия ТИВ раҳбари ўринбосари Кристофер Пинчер Ўзбекистондаги чуқур ислоҳотлар дастури Буюк Британия томонидан қўллаб-қувватланишини, Британия томонининг икки томонлама кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдорлигини қайд этди”¸ дейилади 13 февраль куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги сайтида қўйилган хабарда.

2009 йили ташкил этилган Ўзбекистон бўйича Барча партиялар парламент гуруҳи (АППГ)нинг янги раҳбари этиб Консерватив партиянинг Вакиллар палатасидаги депутати Эндрю Брижен сайланган.

Ўзбекистон Россиядан тўртта ҳарбий вертолётни қабул қилиб олди

Ми-35М вертолёти.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Россиядан тўртта Ми-35М вертолётини қабул қилиб олди. “Новости Ташкентского Неба” канали маълумотига кўра, мазкур вертолётлар ҳозирда Тошкент халқаро аэропорти тураргоҳида сақланмоқда.

Аввалроқ Россиянинг “Новая газета” нашри ўз манбалари сўзларига таянган ҳолда 2019 йилнинг тўртинчи чорагида Ўзбекистонга 4 дона, 2020 йилда эса яна 8 дона Ми-35М вертолёти етказиб берилиши тўғрисида хабар қилганди.

Келган вертолётлар илк партия экани эътиборга олинса, россиялик вертолётсозлар берилган ваъдадан бир неча ойга кеч қолгани англашилади.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG