Линклар

Шошилинч хабар
19 январ 2020, Тошкент вақти: 19:15

Ўзбекистон хабарлари

Ҳукумат пахта ёғи нархини тартибга солиш амалиётидан воз кечди

Иллюстратив сурат.

Вазирлар Маҳкамаси аҳолининг ижтимоий ҳимояланмаган қисмига мўлжалланган ва давлат стратегик заҳирасини шакллантиришга қаратилган ҳолда олиб борилган пахта ёғининг нархини мувофиқлаштириш амалиётидан воз кечди.

Адлия вазирлигининг билдиришича, бундан буён пахта ёғидан ташқари, шелуха, чигит шроти нархлари ҳам давлат томонидан тартибга солинмайди.

Мазкур маҳсулот турларига нархларни либераллаштириш таклифи ҳукуматга 2018 йил декабрида Молия вазирлиги томонидан киритилган эди.

Ижтимоий аҳамиятга эга ва стратегик маҳсулотлар ҳамда хизматлар рўйхатида бензин, этил спирти, минерал ўғитлар, қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни ташиш хизмати ва бошқалар қолдирилди.

Мазкур маҳсулот турлари ва хизматлар нархини давлат томонидан тартибга солиш амалиёти давом эттирилади.

Кун янгиликлари

Ядро хавфсизлиги конвенциясига қўшилиш тўғрисидаги лойиҳа муҳокамага қўйилди

Иллюстратив сурат

Ўзбекистон президентининг "Халқаро шартномага қўшилиш тўғрисида"ги қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Regulation.gov.uz сайтига 17 январь куни қўйилган ҳужжатда Ўзбекистоннинг Ядро хавфсизлиги тўғрисида 1994 йили имзоланган Вена Конвенциясига қўшилиши кўзда тутилган.

Лойиҳани Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ишлаб чиққан ва айни шу қўмита халқаро шартномани амалга оширишда орган этиб белгиланган.

Қарор лойиҳасида Вазирлар Маҳкамаси ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари халқаро шартнома кучга киргандан кейин унинг қоидалари бажарилиши устидан белгиланган тартибда назоратни таъминлаши қайд этилган.

Қарор муҳокамаси 1 февраль куни якунига етади.

2018 йилнинг 8 сентябрида Россия ҳукумати раиси Дмитрий Медведев ва Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов атом электр станциясини қуриш тўғрисида келишув имзолаган.

"Келишув лойиҳаси Ўзбекистон ҳудудида атом электр станциясини лойиҳалаштириш ва қуриш, шунингдек, ишга тушириш ва фойдаланишда ҳамкорликни кўзда тутади. Россия лойиҳаси бўйича барпо этиладиган атом электр станцияси сув-сувли энергетик реактор асосидаги ҳар бирининг қуввати 1,2 ГВт бўлган икки энергоблокдан иборат бўлади”, дейилганди бу келишув ҳақидаги расмий хабарда.

2018 йилнинг 19 октябрида Ўзбекистонга келган Россия президенти Владимир Путин Шавкат Мирзиёев Жиззахда АЭС қурилишининг рамзий тугмасини босиб, бу қурилишга старт берган.

“Росатом” бош директори Алексей Лихачев "Россия 1" телеканалига берган интервьюсида Ўзбекистонда АЭС пойдеворини қуриш ишлари 2020-2021 йилларда бошланиши режалаштирилганини билдирган.

Ўзбекистон Энергетика вазири Алишер Султоновга кўра, АЭС ҳар бири 1 200 МВт қувватга эга «3+» авлодидаги 1200-сув энергетик реакторли энергоблокдан иборат бўлади. Биринчи энергоблок 2028 йилгача, иккинчиси 2030 йилгача ишга туширилади.

Ҳануз жамоатчиликка бу лойиҳанинг якуний нархи қанча бўлиши, бу маблағнинг қаердан олиниши, Россия билан АЭС қуриш келишувининг иқтисодий ва хавфсизлик шартлари қандай экани ҳақида тўлиқ маълумот берилмади.

Мажбурий ижро бюроси қоидабузар ҳайдовчилардан 41 млрд. пул ундирди

Мажбурий ижро бюроси (МИБ) Тошкент шаҳрида 8 минг 553 та машинани жарима майдончасига жойлаб, уларнинг ҳайдовчиларидан 41 миллиард 142 миллион сўм жарима ундирди.

Daryo.uz нашрининг, МИБ матбуот хизматига таяниб хабар қилишича, бюро Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси билан ҳамкорликда пойтахтда рейд ўтказиб келмоқда.

Маълум қилинишича, 2019 йилнинг 11 июнидан 31 декабрига қадар жами 136 минг 627 қоидабузар ҳайдовчи аниқланган.

"Ҳайдовчилар ихтиёрий – 60 кун муддатда жарималарни тўламагани оқибатида, МИБ 48 071 та қоидабузарлардан 15 миллиард 979 миллион сўм ундирган", деб хабар қилади агентлик.

МИБ Ўзбекистон Бош прокуратураси қошида тузилган бошқармадир.

Бу бошқарма мамлакат бўйлаб жаримага тортилган ёки мажбурий тўловларини тўламаётган аҳолидан тўловларни мажбуран ундиришга масъул қилинган.

Тўловларни мажбуран ундириш жараёнида ташкилот ходимларининг аҳоли билан зиддиятга кираётгани, айрим ҳолларда, иш тортишув ва муштлашувга айланиб кетаётгани ҳақида Озодликка кўплаб шикоятлар келган.

Ижтимоий тармоқларда кузатилишича, эндиликда МИБ ходимларининг ҳайдовчилардан жарималарни ундириш жараёнига қўшилгани ортидан, жарима майдончалари ёхуд кўчаларда ҳайдовчилар билан тортишувлар келиб чиқмоқда.

Т. Норбоева "Йил одами", АОКА ва Мусулмонлар идораси "намунали ташкилот" деб топилди

ЎзА миллий ахборот агентлиги 2019 йилдаги энг фаол давлат арбоблари ва ташкилотлари танлови натижаларини эълон қилди.

Агентлик ижтимоий тармоқлар ва ўз веб-ресурслари ёрдамида ўтказган танлов натижасида аниқланган ғолиблар Тошкентдаги Зарафшон концерт залида тақдирланди.

Жума кунги тадбирдан Gazeta.uz нашри мухбирининг хабар қилишича, Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева "Ўзбекистондаги энг фаол давлат арбоби - Йилнинг энг яхши одами" номинациясида ғолиб чиққан.

Очиқлиги ва принципиал позицияси учун депутат Расул Кушербаев "Халқ дардини кун тартибига қўя олган депутат", деб топилган.

- "Энг намунали вазирлик" Адлия вазирлиги,

- "2019 йилнинг энг намунали ҳудуди" Самарқанд вилояти,

- "Энг намунали давлат ва жамоат ташкилоти" Давлат хизматлари агентлиги, ундан кейин Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси,

- "2019 йилда энг кўп ўзгариш қилган вазирлик" Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги,

- "2019 йилда халқ ишончини қозонган банк тизими" "Агробанк" акциядорлик тижорат банки,

- "Журналистлар билан энг яхши муносабат ўрнатган матбуот хизмати" Инновацион ривожланиш вазирлиги, деб эътироф этилган.

Танлов ғолибларини аниқлашда ЎзА овоз бериш учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланган, овоз бериш натижасида сараланган номзодлар эса журналистлар ва блоггерлар томонидан баҳоланиши натижасида ғолиб, деб эълон қилинган.

А.Арипов: Ўзбекистон газ экспортини 2025 йилга бориб тўхтатмоқчи

Бош вазир Абдулла Арипов Ўзбекистон 2025 йилга бориб, газ экспортини тўхтатмоқчи эканлиги ҳақида гапирди.

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг 18 январь куни бўлиб ўтган Тошкентдаги мажлисида бу ҳақда гапирган Абдулла Арипов, газни қайта ишлаш ва газни қўшимча қийматда қайта ишлаб чиқаришни кўпайтиришни режалаштираётганини айтди.

"2025 йилга бориб табиий газ экспортини тўхтатиш ва мамлакат ичкарисида уни тўла қайта ишлаш, шунингдек қўшимча қийматдаги газ маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш чоралари кўрилади", деди Бош вазир.

Абдулла Арипов электр энергияси ишлаб чиқаришда муқобил энергия турларидан фойдаланишга алоҳида эътибор берилишини, 2020 йил охиригача барча истеъмолчиларга газ ва электр ҳисоблагичлар қўйилиши тугатилишини айтди.

Газета.уз хабарига кўра Ўзбекистон 2018 йилда 13 миллард куб метр газ экспорт қилган, 2019 йилда эса 15 миллард куб метрга шартнома имзолаган.

Ўзбекистонликлар табиий газга бой мамлакатда аҳолига газ берилмаётганидан шикоят қилиб келади.

Ўзбекистонда янги авиакомпания ташкил этилади

Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов 2020 йилда давлатга қарашли Humo Air авиакомпанияси ташкил этилишини эълон қилди, унинг тарифлари амалдагидан анча арзон бўлади.

Бу ҳақда хабар берган "Газета.уз" сайтига кўра, Абдулла Арипов авиация саноатида рақобат муҳитини яратиш учун янги давлат авиакомпанияси ишга туширилишини айтган.

"Мазкур авиакомпания томонидан дастлаб республикамиз ичида, яна қайтариб ўтаман - ичида амалдагидан анча арзон нархларда мунтазам авиарейслар қатновини амалга ошириш масаласини муҳтарам президентимиз ҳукуматимиз олдига кескин қўйди ва буни мен ўйлайманки, 2020 йилда биз уни, албатта, ташкиллаштириб, бажарамиз", деган Абдулла Арипов.

Ўзбекистонликлар мамлакатда "Ўзбекистон ҳаво йўллари" компаниясининг рақобатчиси йўқлиги сабаб, ички ва ташқи йўналишларда авиачипталарнинг қўшни давлатларга қараганда анча қиммат эканлигидан шикоят қилиб келадилар.

O‘zLiDeP Абдулла Арипов номзодини Бош вазирликка кўрсатди

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг 18 январь куни бўлиб ўтган Тошкентдаги мажлисида Бош вазир лавозимига Абдулла Арипов номзоди кўрсатилди.

Бу ҳақда O‘zLiDePнинг расмий сайтида хабар берилган.

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайловларда 150 ўриндан 53тасини қўлга киритган.

Қонунчиликка кўра, Абдулла Арипов номзодини президент кўриб чиқиши ва сўнгра Олий Мажлиснинг парламенти ва Сенати тасдиқлаши керак.

59 яшар Абдулла Арипов 2016 йилдан буён Ўзбекистон Бош вазири лавозимини эгаллаб келади.2002 йилдан 2012 йилгача Бош вазир ўринбосари ва 2005-2009 йилларда параллел равишда Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги раҳбари бўлиб ишлаган.

Абдулла Арипов 2012 йили айнан шу лавозимдан, телекоммуникация соҳасидаги коррупция жанжали ортидан, ишдан олинган эди.

Мирзиёев иқтидорга келганидан сўнг, 2016 йилнинг 13 сентябрида Арипов Абдулла Ниғматович Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари этиб, кейин эса Бош вазир этиб тайинланган эди.

Ўзбекистон Жаҳон банки билан янги узоқ муддатли стратегияни ишлаб чиқмоқчи

Жаҳон банки вице-президенти Сирил Мюллер.

Президент Мирзиёев 17 январь куни Жаҳон банки вице-президенти Сирил Мюллер бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Давлат раҳбари матбуот хизматининг хабар қилишича, учрашувда икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари ва устувор йўналишлари муҳокама қилинган.

"Муҳим тармоқларда, жумладан, қишлоқ хўжалиги, энергетика, нефть-газ тармоғи, транспорт ва бошқа соҳаларда ислоҳотларни давом эттиришга кўмакни кенгайтириш ҳамда қашшоқликка қарши курашиш борасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасидаги шериклик бўйича янги узоқ муддатли стратегияни ишлаб чиқишга келишиб олинди" дейилган расмий хабарда.

Президент матбуот хизматига кўра, Жаҳон банки гуруҳи Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг янги дастурини амалга оширишда стратегик шерикдир.

"Банк экспертлари Ўзбекистонда қишлоқ ва сув хўжалиги, геология, банк-молия ва солиқ, таълим соҳаларида модернизация ишларини самарали амалга оширишга доир таклифларни ишлаб чиқишда, инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини такомиллаштириш ҳамда бошқа устувор йўналишларда фаол иштирок этмоқда. Бугунги кунда Жаҳон банки томонидан Ўзбекистонда амалга оширилган ва давом эттирилаётган лойиҳаларнинг қиймати 5,5 миллиард долларни ташкил этади" дейилган расмий хабарда.

Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасидаги шериклик бўйича янги узоқ муддатли стратегияни ишлаб чиқишга келишиб олингани хабар қилинди.

Саратовдаги автоҳалокатда нобуд бўлган ва жабрланганлар шахси маълум қилинди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 16 январда Россиянинг Саратов области ҳудудида содир бўлган автоҳалокатда нобуд бўлганлар ва жароҳат олганлар рўйхатини эълон қилди.

Вафот этган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари:

Болтабаев Нодир, 1979 й.т. (Фарғона вилояти Қувасой шаҳрида истиқомат қилган).
Собиров Сардорбек, 1997 й.т. (Фарғона вилояти Боғдод туманида истиқомат қилган).

Тан жароҳати олган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари:

Мухамедова Гулором, 1968 й.т. (Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳрида истиқомат қилади).
Ибатов Суннат, 1989 й.т. (Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳрида истиқомат қилади).
Баллиев Иса, 1998 й.т. (Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманида истиқомат қилади).

"Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги, унинг ҳудудий консуллик хизмати ходимлари томонидан воқеага аниқлик киритиш мақсадида, ўзаро маълумотлар алмашинуви олиб борилди" дейилган расмий хабарда.

16 январь куни маҳаллий вақти билан соат 08:20да «Нижний Новгород-Арзамас-Саранск-Исса-Пенза-Саратов» автомобиль йўлининг 580 килметрида «Волга-ГАЗ-3110» автомобили ҳамда HYUNDAI минивен автомобили иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Оқибатда, жами 9 киши тан жароҳати олган. Шулардан 4 нафари воқеа жойида вафот этган. Уларнинг икки нафари Ўзбекистон фуқароси бўлган. Шунингдек, 5 киши турли даражадаги тан жароҳатлари билан Саратов шаҳар вилоят клиник касалхонасига ётқизилган. Уларнинг 3 нафари ўзбекистонлик.

Мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, вафот этган фуқароларнинг қариндошларига хабар бериш ва жасадларини «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК авиатранспорти орқали Ўзбекистонга олиб келиш ҳамда тан жароҳати олган фуқароларга тегишли тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича ҳамкорликда ишлар олиб борилмоқда, дейилади ФВВ маълумотида.

ЖБ Ўзбекистондаги аэропортларнинг модернизация қилинишига кўмаклашади

Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё давлатлари бўйича вице-президенти Сирил Мюллер.

Жаҳон банки Ўзбекистонда аэропортлар инфратузилмасини модернизациялаш бўйича лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этишга тайёр. Бу ҳақда Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё давлатлари бўйича вице-президенти Сирил Мюллер 16 январь куни Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — транспорт вазири Очилбой Раматов билан учрашув чоғида билдирган.

Транспорт вазирлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, учрашувда Ўзбекистон билан Жаҳон банки ўртасидаги узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, мамлакатда ушбу банк билан ҳамкорликда устувор тармоқларда амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар муҳокама қилинган.

Жаноб Мюллер Жаҳон банки шу вақтга қадар Ўзбекистонда асосан автомобиль йўллари қурилиши соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишга молиявий кўмак кўрсатиб келганини таъкидлаб ўтган ҳамда эндиликда ЖБ бу мамлакатда аэропортлар инфратузилмасини модернизациялаш бўйича лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этишга тайёрлигини маълум қилган.

Энергетика вазирлиги электр таъминотидаги узилишларни ИЭСдаги носозлик билан боғлади

Талимаржон иссиқлик электр станцияси.

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги республиканинг айрим ҳудудларида кузатилаётган электр энергиясидаги узилишларни “Талимаржон иссиқлик электр станцияси”нинг электр энергияси ишлаб чиқаришга мўлжалланган қурилмасида юзага келган носозлик билан боғлади.

Вазирлик матбуот хизматига кўра, носозлик бартараф этилгач, электр таъминоти яхшиланади.

Энергетика вазирлиги вакилларининг “Газета.uz”га маълум қилишича, электр таъминотидаги узилишлар барча вилоятларда кузатилаяпти. Вилоятларнинг ҳаммаси ягона тармоққа улангани учун тармоқдаги зўриқиш туфайли юзага келган узилишлар барчага баробар таъсир кўрсатмоқда.

Саратовдаги автоҳалокатда икки ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди

Иллюстратив сурат.

Россиянинг Саратов шаҳри яқинида содир бўлган автоҳалокатда икки ўзбекистонлик нобуд бўлди, яна беш киши турли даражада тан жароҳати олди. Бу ҳақда “Московский комсомолец” нашри минтақадаги тезкор хизматлар ходимларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар тарқатди.

Йўл-транспорт ҳодисаси 16 январь куни эрталабки соат 7:20 ларда содир бўлган. Нижний Новгород- Саратов йўлида “Волга” автомобили билан Hyundai минивэни тўқнашиб кетган. Авария чоғида минивэндаги икки ўзбекистонликдан ташқари “Волга”нинг россиялик ҳайдовчиси ҳам ўлган.

Ҳодиса чоғида жароҳатланган 5 нафар ўзбекистонлик касалхонага етказилган. Улардан уч нафарининг аҳволи оғирлиги, икки нафарининг аҳволи эса ўртачалиги айтилмоқда.

Дастлабки маълумотларга кўра, автоҳалокатга қарши йўлга чиқиб кетган Hyundai ҳайдовчиси сабаб бўлган.

Навоийдаги ёнғинда 20 та дўкон куйиб кетди

Иллюстратив сурат.

Навоий шаҳридаги 4 қаватли савдо мажмуасининг 4-қаватида 16 январь куни кечқурун ёнғин содир бўлди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаментининг маълум қилишича, ёнғин маҳаллий вақт билан тахминан 21:15 ларда чиққан.

Табиий офат чоғида 6 та кийим-кечак дўкони тўла ёниб кетган, 14 та дўкон эса яроқсиз ҳолга келган.

Қурбонлар ва тан жароҳати олганлар йўқ. ИИВ ҳодиса жойида тергов-тезкор гуруҳи фаолият олиб бориб, ёнғиннинг келиб чиқиш сабабларини ўрганаётганини маълум қилган.

Ижтимоий тармоқларда кеча Навоийдаги ёнғин акс этган видео тарқалди:

Жиззахдаги газ қуйиш шоҳобчасида портлашда ишчи ҳалок бўлди

16 январь, тахминан соат 11:30 да Жиззах вилоят, Зарбдор туман, Янгиҳаёт маҳалласида жойлашган автомобилларга суюлтирилган газ (пропан) қуйиш шоҳобчасида юз берган портлашдан 40 ёшли фуқаро ҳалок бўлди, 44 ёшли бошқа бир фуқаро тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилди.

Бу ҳақда хабар қилган ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментига кўра, газ портлаган шоҳобча “Gaz manbai” МЧЖга қарашли бўлиб, ҳалок бўлган ва жароҳатланган ишчилар шу корхона ишчиларидир.

Айтилишича, автомобилларга суюлтирилган газ қуйиш шоҳобчасида портлаш таъмирлаш-пайвандлаш ишлари олиб борилаётганида келиб чиққан чақнаш оқибатида содир бўлган.

Ҳозирда ҳодиса жойида тергов-тезкор гуруҳи ишлаётгани, портлашнинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилаётгани хабар қилинди.

Лавров билан учрашувда Россия билан ўзаро алмашинувлар мисли кўрилмаган даражада фаоллашгани қайд этилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Сергей Лавров билан.

16 январда президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда расмий ташриф билан бўлиб турган Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Сергей Лавровни қабул қилди.

Бу ҳақда хабар қилган давлат раҳбари матбуот хизматига кўра, учрашув аввалида Ўзбекистон президенти стратегик шериклик ва иттифоқчиликка асосланган икки томонлама муносабатларнинг ривожланиш суръати тобора ортиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этган.

"Олий даражадаги мулоқот мунтазамлик касб этгани, ўзаро алмашинувлар мисли кўрилмаган даражада фаоллашгани, кўп қиррали ҳамкорлик, аввало, савдо-иқтисодий, инвестиция, энергетика, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар соҳалар, таълим ва бошқа устувор йўналишларда кенгайиб бораётгани бундан далолат беради", дейилган расмий хабарда.

Айтилишича, Сергей Лавров самимий қабул учун Ўзбекистон раҳбарига миннатдорлик билдирган ҳамда Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг дилдан саломларини етказган.

"Учрашувда Ўзбекистон-Россия муносабатларининг долзарб масалалари кўриб чиқилди, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик мавзулар юзасидан фикр алмашилди. Жорий йилда ўтказилиши режалаштирилган олий даражадаги учрашувларга тайёргарлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди" дейилган расмий хабарда.

16 январь куни Сергей Лавров Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан ҳам учрашди.

1 сўмга сотилмаган "Чорсу" яна 1 сўмга сотувга қўйилди

Тошкентдаги "Чорсу" меҳмонхонаси.

Тошкентдаги"Чорсу" меҳмонхонаси 1 сўм бошланғич нархда ким ошди савдосига қўйилди. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги 16 январда эълон қилди.

“Чорсу” меҳмонхона мажмуаси давлат активларини сотишда инсон омилини камайтириш, жараёнларнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида электрон онлайн савдоларга чиқарилмоқда. (Лот рақами ва батафсил шартлари қисқа фурсатларда эълон қилинади)

Бошланғич нархи 1 сўм. Аукционнинг ҳар бир босқичи 100 млн. сўм.

Сармоядор 2 йил мобайнида ҳукумат кафолатларисиз камида 25,0 млн АҚШ долларга тенг эквивалентда инвестициялар киритиши, уч юлдузли меҳмонхона хизматини ташкил этиши ҳамда 150 та янги иш ўрни яратиши лозим" дейилган агентлик хабарида.

2017 йилнинг сентябрида “Чорсу”ни туркиялик ишбилармон Аҳмад Демир сотиб олгани ва у меҳмонхона базасида “Эски шаҳар” савдо-сайëҳлик мажмуаси қуришга киришгани хабар қилинган эди.

Бироқ 2 июль куни иқтисодий масалалар бўйича Тошкент туманлараро суди Аҳмад Демир ўз мажбуриятларини бажармаган, деган қарорга келиб, у билан имзоланган шартномани бекор қилган эди.

Аҳмад Демир меҳмонхонани ноль қийматида сотиб олган эди. Шартнома бўйича у 33 миллион доллар инвестиция киритиши лозим бўлган.

"Чорсу" меҳмонхонаси 2019 нинг сентябрида ҳам 1 сўмга сотувга қўйилган эди.

БАА компанияси Ўзбекистон ОТМларининг халқаро рейтингларга киришига ёрдамлашади

Тошкентда Олий ва ўрта махcус таълим вазирлиги ҳамда Бирлашган Араб Амирликларининг “Shbeemann” хорижий консалтинг компанияси ўртасида Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларини халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтинг рўйхатига киритиш бўйича ҳамкорлик шартномаси имзоланди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизматининг хабар қилишича, Жаҳон банки кўмагида имзоланган шартномага кўра, компания 3 йил давомида Ўзбекистондаги 10 та олий таълим муассасасининг халқаро эътироф этилган рейтингларда кучли 1 000 таликка кириши учун методик кўмакни амалга оширади.

– Президентимиз томонидан бизга таълим сифатини халқаро даражага олиб чиқиш вазифаси белгиланган. Биз бунга фақат университетларни халқаро рейтингларга киритиш орқалигина эришишимиз мумкин. Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида ЎзМУ ва СамДУ дунёнинг энг кучли университетлари рейтингида кучли 500 таликка кириши лозимлиги белгиланганди. Ҳозирча компания Ўзбекистондаги 10 та ОТМнинг QS ва Times Higher Education халқаро рейтингларининг кучли 1000 талигига киришлари учун методик ёрдам кўрсатади.

Компания кўп йиллик тажрибага эга ва дунёнинг бир неча мамлакатлари билан ҳамкорлик қилади. Биз улар билан Ўзбекистон университетларини дунёнинг кучли 100 талигига кириши бўйича ҳамкорлик қиламиз. Адашмадим, 1 000 талик эмас, айнан 100 талигига киришига ҳаракат қиламиз, –
деган Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов шартномани имзолаш маросимида.

Миллий гвардияга контракт бўйича ҳарбий хизматга қабул қилиш тартиби белгиланди

Миллий гвардия.

«Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмаларига контракт бўйича ҳарбий хизматга номзодларни саралаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги буйруқ 2020 йил 13 январда давлат рўйхатидан ўтказилди.

Бу ҳақда хабар қилган Адлия вазирлигига кўра, буйруққа мувофиқ Миллий гвардия бўлинмаларига контракт бўйича ҳарбий хизматга номзодларни саралаш тартиби тўғрисидаги низом янги таҳрирда тасдиқланди.

Низомда, жумладан, қуйидагилар назарда тутилган:

Миллий гвардия бўлинмаларига контракт бўйича ҳарбий хизматга номзодлар учун қўйиладиган талаблар;

номзодларни контракт бўйича ҳарбий хизматга саралаш тадбирларини ўтказиш тартиби ва босқичлари, хусусан номзодни:

дастлабки ўрганишни ташкил этиш ва ўтказиш;

жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш;

психологик ўрганиш;

тиббий кўрикдан ўтказиш;

ҳужжатларини расмийлаштириш ва контракт бўйича ҳарбий хизматга қабул қилиш бўйича қоидалар.

Низомга мувофиқ, ўрта ёки ўрта-махсус ёхуд олий маълумотга эга бўлган қуйидаги фуқаролар номзод бўлиши мумкин:

18 ёшдан 30 ёшгача бўлган;

муқаддам контракт бўйича ҳарбий хизматни ўтаган 40 ёшгача бўлган шахслар;

резервдаги ва захирадаги 40 ёшгача бўлган офицерлар.

Андижон ва Қашқадарёда хорижда ишламоқчи бўлганлар учун меҳнат ярмаркаси ўтказилди

Иллюстратив сурат.

Андижон ва Қашқадарё вилоятларида чет элда ишлаш истагида бўлган фуқаролар учун 15 январь куни меҳнат ярмаркаси ўтказилди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг қайд этишича, бу хорижда ишламоқчи бўлганлар учун Ўзбекистонда уюштирилаётган илк ярмаркадир.

Ярмаркада Россия Федерацияси, Латвия, Болгария вакиллари ўз таклифлари билан иштирок этганлар. Анжуманда хорижликлар қаторида Ўзбекистонда фаолият юритадиган 20 га яқин хусусий бандлик агентлиги вакиллари ҳам қатнашган.

Ярмаркага ташриф буюрган мингдан ортиқ ўзбекистонлик жами 150 га яқин йўналишда 9000 дан зиёд хориждаги бўш иш ўрни ҳақида маълумот олиш имконига эга бўлган. Улардан 500 га яқини иш берувчилар тақдим этган иш ўринларида фаолият кўрсатиш истагини билдирган.

Меҳнат вазирлиги иддаосича, бу каби ярмаркалар Ўзбекистонда хавфсиз, тартибли, ташкиллаштирилган меҳнат миграциясини йўлга қўйиш имконини беради.

Чет элда ота-онасиз қолган болалар Ўзбекистонга қайтарилади

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон фуқароларининг хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган вояга етмаган болалари Ички ишлар вазирлиги томонидан ватанига қайтарилади. Мазкур тартиб Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 7 январидаги 6-сонли қарори билан тасдиқланган.

Norma ахборот-ҳуқуқий порталининг маълум қилишича, мазкур меъёр Ўзбекистонда доимий яшайдиган фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг болаларига нисбатан ҳам татбиқ этилади. Бунда 3 ёшгача бўлган болалар Ички ишлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда олиб келинади.

Болаларнинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалари мавжуд бўлмаса, республиканинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари уларнинг фуқаролик мансублигини тасдиқлайдилар ва мамлакатига кириш (қайтиш) ҳуқуқини берадиган вақтинчалик ҳужжатни расмийлаштирадилар.

Ташқи ишлар вазирлиги, шунингдек Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ота-онасиз қолган болалар ҳақидаги маълумотларни олганидан кейин зудлик билан ТИВнинг Консуллик-ҳуқуқий департаментига юборади. Ўз навбатида, департамент бир иш куни давомида маълумотларни ИИВнинг Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармасига (ҲПББ) юборади. ҲПББ 15 кун ичида болалар бўйича барча маълумотларни жамлаб, ИИВнинг масъул ходимларини, зарурат туғилганда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимларини ҳам болаларни қайтариш учун улар турган мамлакатга юборади.

3 ёшдан ошган болалар Ўзбекистонга қайтарилганидан кейин Вояга етмаганларга яшаш жойи бўйича ижтимоий-ҳуқуқий кўмак кўрсатиш марказига, 3 ёшгача бўлганлари эса болалар уйига жойлаштирилади.

Ўзбекистонда она-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслари бўлган болалар қайтарилганидан кейин уларга берилади.

Қарор шу йил 8 январидан қонуний кучга кирган.

Хитой ширкати JV MAN Auto-Uzbekistan муассислари таркибига кирди

Сўнгги йилларда Марказий Осиё мамлакатлари ҳам Sinotruk юк машиналарини кўп сотиб олмоқда.

Хитойнинг “Sinotruk” ширкати “JV MAN Auto-Uzbekistan” МЧЖ қўшма корхонаси муассислари таркибига кирди ва корхона устав фондига 12,1 млн доллар ҳажмида бевосита инвестициялар киритди. Бу ҳақда “Ўзавтосаноат” АК матбуот хизмати маълум қилади.

Маълумотларга кўра, “Ўзавтосаноат” АЖ, “Sinotruk International Investment Limited” ва “MAN Truck & Bus SE” ўртасида эришилган келишувга мувофиқ JV MAN Auto-Uzbekistan базасида UZ TRUCK AND BUS MOTORS қўшма корхонаси ташкил этилади.

Хитой компанияси томонидан киритилган инвестициялар ишлаб чиқариш қувватини йилига 3 минг техникадан 6 минг донага етказишга йўналтирилиши, лойиҳа яна 100 дан зиёд иш ўрни барпо этилишига имкон яратиши айтилмоқда.

“Ушбу қарор бозорни арзонроқ, шу билан бирга сифатли бўлган, рақобатбардош ва харидорлар учун ҳамёнбоп юк автомобиллари билан таъминлаш, республика ичида турли брендлар ўртасида рақобатни ошириш, шунингдек юк кўтариш қобилияти 5 тоннадан 70 тоннагача бўлган, жумладан самосваллар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш мақсадида қабул қилинди”, дейилади “Ўзавтосаноат” хабарномасида.

“Sinotruk” ширкати Хитойда оғир юк автомобиллари ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш бўйича пешқадам компания бўлиб ҳисобланади. “Sinotruk” юк машиналари Марказий Осиё мамлакатларида ҳам машҳур.

Ўзбекистонда ўтган йили қарийб 7000 киши қамалди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда 2019 йилда 6 957 нафар шахс панжара ортига юборилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, ўтган йили Ўзбекистонда судланган шахслар сони 27 603 нафарни ташкил этиб, шундан 6 957 нафар шахсга озодликдан маҳрум қилиш ва 19 278 нафарига бошқа турдаги жазолар тайинланган, 1 368 нафар шахсга эса шартли жазо берилган.

“Судланган шахсларнинг 24 491 нафари эркаклар, 3 112 нафари аёллар, 10 700 нафари ёшлар (шу жумладан 497 нафари вояга етмаганлар) ва 873 нафари 60 ёшдан ошган шахслар”, дейилади Олий суд хабарномасида.

Умумий олганда ўтган йили жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 36 845 нафар шахсга нисбатан 28 846 та иш кўриб чиқилган. Мазкур кўрсаткичлар, Олий суд қайдича, 2018 йилга нисбатан шахслар бўйича 24,2 фоизга, ишлар бўйича эса 24,4 фоизга камайган.

Россия ташқи ишлар вазири Тошкентга келди

Сергей Лавровни Президент Мирзиёев 2019 нинг 2 майида Тошкентда қабул қилган эди.

Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 15 январь куни Ўзбекистонга келди.

ЎзА ахборот агентлигининг хабар қилишича, Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Сергей Лавровни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов, Россиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Владимир Тюрденев ва бошқалар кутиб олган.

Лавровнинг Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида музокара ўтказиши ва Москва давлат халқаро муносабатлар институтининг Тошкент шаҳридаги филиалига бориши кўзда тутилгани хабар қилинди.

"Музокаралар давомида икки томонлама сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликнинг қатор масалалари муҳокама қилинади. Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2020-2021 йилларга мўлжалланган Ҳамкорлик дастурини имзолаш режалаштирилган" дейилган хабарда.

ССВ: 5- қаватдан тушиб кетган боланинг аҳволи барқарор

Врач 5- қаватдан қулаган болани кўрикдан ўтказмоқда. Сурат Соғлиқни сақлаш вазирлигиники.

14 январь соат 16:18 да Олмазор тумани Беруний даҳаси 3-блок 135-хонадондан чақирув бўлган. Тез тиббий ёрдам машинаси ўз вақтида етиб борган. Унда 3 ёшу 11 ойлик А.Х. уйда ёлғиз қолганлиги сабабли ўйнаб, деразадан чиқиб кетган, лекин уни аҳоли кўриб, пастда адёл тутиб ушлаб қолган.

Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Вазирлик бу хабари билан Ижтимоий тармоқларда 14 январь куни тарқалган видеони изоҳлади. Видеода Тошкентдаги кўп қаватли уйларнинг бирида 5-қаватда ёш бола осилиб қолгани ва пастга тушиб кетгани акс этган

Вазирликка кўра, тез тиббий ёрдам гуруҳи воқеа жойига 7 дақиқа ичида етиб борган, биринчи ёрдам воқеа жойида кўрсатилган, бола зудлик билан шифохонага олиб борилган.

"Айни пайтда малакали шифокорлар томонидан унга сифатли даво чоралари қўлланиляпти. Оғир жароҳат олмаган. Бош мия чайқалиши деб бирламчи ташхис қўйилган. Аҳволи ҳозир барқарор" дейилган вазирлик хабарида.

181 та корхона бир йилда атроф-муҳитга 808 минг тонна зарарли ташланма чиқармоқда

Иллюстратив сурат

Республика бўйича 181 та корхона атмосферага маълум миқдорда зарар келтиради ва улардан йилига атроф-муҳитга 808 минг тонна ташланмалар чиқарилади.

Бу ҳақда Экология ва атроф-муҳитни ривожлантириш давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи Тўлаган Абдулғозиев баёнот бергани тўғрисида kun.uz хабар қилди.

Абдуоғозиев ҳавони ифлослантириш даражаси юқори бўлган корхоналар сифатида Олмалиқ тоғ-металлургия комбинати), йирик кимё заводлари, жумладан, Навоий азот заводини мисол қилиб келтирган.

Экология ва атроф-муҳитни ривожлантириш давлат қўмитаси вакилига кўра, Ўзбекистонда ҳавони ифлослантириш даражасини аниқлаш рейтинги тузилмайди. "Аввалига рейтинг талабларини ишлаб чиқиш зарур" деган Тўлаган Абдулғозиев.

2019 йили 156 миллиард сўмлик авторақам сотилди

2019 йили avtoraqam.uzex.uz вебсайтида онлайн-аукцион орқали 156,1 миллиард сўмлик 36,3 мингдан зиёд чиройли авторақам сотилди. Бунда энг арзон рақамлар бир миллион сўмдан зиёд бўлса, энг қиммати 91 миллиондан ортиқ сўмга белгиланган. Авторақамларнинг сотуви сон жиҳатдан 51,1 фоизга, ҳажми бўйича – 28,3 фоизга ўсди. Тузилган битта битимнинг ўртача қиймати 4,3 миллион сўмни ташкил этган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржасида ўтказилган учрашувда биржа бошқарув раиси ўринбосари Ислом Иброгимов маълумот бергани тўғрисида ЎзА хабар қилди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG