Линклар

Шошилинч хабар
14 апрел 2021, Тошкент вақти: 13:43

Тошкентда "мегасумалак" ур-йиқитсиз тарқатилди


Тошкентда 30 март куни 8 тонналик сумалак пиширилди. Тайёр сумалакнинг қозон билан биргаликдаги оғирлиги 15 тоннага тенг бўлгани айтилмоқда. "Мегапалов" атрофида бўлгани каби ур-йиқитлар кузатилмади.

Таомни эллик нафар ошпаз пиширган, ковлашда 500га яқин аёл қатнашган.

Тошкент марказида 8 тонналик сумалак пишириш учун диаметри 5 метр бўлган улкан қозон-ўчоқ тайёрланган.

Ташкилотчилардан бирининг Озодликка айтишича, сумалакка бир ярим тонна буғдой, 4 тонна ун, 7 тоннадан ортиқ буғдай шираси, 200 литр ёғ, 7 литр сув кетган.

Ҳали шу пайтгача на Ўзбекистонда ва на дунёда бунақа катта миқдорда сумалак тайёрланган.

Лекин ташкилотчилар рекорд ўрнатиш ниятида эмас, етим-есирларга кўпроқ сумалак тарқатиш мақсадида бундай ишга қўл урганликларини айтишди.

"Меҳрибонлик уйларига тарқатдик, қолаверса шаҳар меҳмонлари татиб кўришди. Бу муқаддам таом, қанча кўп тарқатсак савоби шунча бўлади. Рекорд қўйиш учун эмас, савоб учун қилдик", - деди сумалак пиширишда қатнашган ошпазлардан бири Озодликка.

20 март куни Наманганда 6 тонналик сумалак пиширилган эди.

Наманган шаҳрининг Бобур боғида Наврўз умумхалқ байрамига бағишлаб 5 тонналик сумалак пишириш учун аҳолидан ўлпон йиғилган.

Озодлик суҳбатлашган Намангандаги Санъат ва Педагогика коллежи ўқитувчи ва ўқувчилари киши бошига сумалак тадбирига деб 200 минг сўмдан пул йиғилганини айтишганди.

Ўзбекистонда катта миқдорда таом тайёрлаш урф бўлмоқда. Ўтган йили Тошкентда 6 тонна, Сурхондарёнинг Денов шаҳрида эса 9 тонналик ош тайёрланганди.

XS
SM
MD
LG