Линклар

Шошилинч хабар
06 апрел 2020, Тошкент вақти: 08:41

Ўзбекистон хабарлари

Термизда ўзбек ва тожик расмийлари музокара ўтказади

Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов.

Термиз шаҳрида 3 апрель куни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ва Тожикистон Бош вазири Қоҳир Расулзода раҳбарлигида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг 6-йиғилиши бўлиб ўтади.

Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, учрашувда савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, энергетика, маданий-гуманитар ҳамда қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларида ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинади.

Кун янгиликлари

Коронавирус пандемияси даврида тадбиркорларга берилган имтиёзлар эълон қилинди

Тадбиркорлар шу йил якунига қадар ер ва мол-мулк солиқларини тўлашдан озод этилади.

Адлия вазирлигининг билдиришича, президентнинг 3 апрелдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан тадбиркорларга қуйидагича имтиёзлар белгиланди:

- туристик ва меҳмонхона фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар шу йил якунига қадар ер ва мол-мулк солиқларини тўлашдан озод этилади. Уларга ижтимоий солиқ ставкаси ҳозирги 12 фоиздан 1 фоизга туширилади. Ушбу имтиёздан соҳада хизмат кўрсатаётган мингдан ортиқ субъектлар фойдаланиш имкониятига эга бўлади;

- карантин даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган якка тартибдаги тадбиркорларга даромад солиғи ва ижтимоий солиқни ҳисоблаш тўхтатилади. Ушбу имтиёз қарийб 150 минг якка тартибдаги тадбиркорга катта кўмак бўлади;

- тушуми ўтган ойдагига нисбатан 50 фоизга камайган кичик бизнес субъектларига айланмадан олинадиган солиқ, ер солиғи, мулк солиғи, ижтимоий солиқ ва сув солиғини тўлаш муддати шу йил 1 октябрга қадар кечиктирилади. Тадбиркорлар бу имтиёзлардан солиқ идорасини уйдан туриб хабардор қилиши мумкин;

- жорий йил 1 апрелдан бошлаб юридик шахсларнинг табиий газ ва электр энергияси учун олдиндан тўлов мажбурияти амалдаги 100 фоиздан 30 фоизга туширилади;

- Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан ёрдам бериш кўлами янада кенгайтирилади.

Ҳозирги кунда тадбиркор олган кредит ставкаси 24 фоизгача бўлганда унинг 8 фоизини жамғарма қоплаб берар эди. Энди кредит ставкаси 28 фоизгача бўлганда ҳам унинг 12 фоизини давлат қоплайди.

Бунинг учун тадбиркорларнинг 3 триллион сўмлик кредитлари фоизини қоплашга жамғармадан қўшимча 400 миллиард сўм йўналтирилади. Жамғарма бир тадбиркорнинг фақатгина битта лойиҳасига кафиллик бериши бўйича чеклов ҳам энди бекор қилинади.

Интизомли ва ишончли тадбиркорларга кредитнинг 75 фоизига жамғарма кафиллик беради (бугунги кунда 50 фоиз). Кафиллик суммасининг юқори чегараси ҳам 8 миллиард сўмдан 10 миллиард сўмга оширилади;

-қийин аҳволдаги корхоналар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва аҳолининг 12 триллион сўмлик кредит мажбурияти муддати узайтирилади.

6 апрелдан амалга кирадиган янги тақиқлар ҳақида маълумот берилди

Тошкентнинг бўшаб қолган кўчалари.

Нукус ва Тошкент шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида 6 апрелдан эътиборан ўзини яккалаш” ҳаёт тарзи мажбурий равишда жорий этилади. Бу ҳақда Коронавирус касаллигига қарши курашиш республика махсус комиссиясининг 4 апрелда қабул қилган қарорига таянган ҳолда Адлия вазирлиги маълум қилди.

“Шахснинг ўзининг яшаш ҳудудидаги савдо нуқталарида биринчи галдаги ҳаётий зарур бўлган эҳтиёжлари (озиқ-овқат, дори-дармон, тиббий буюм ва воситаларни харид қилиш ва б.) учун ва шифокор кўригига мурожаат этишдан бошқа мақсадларда чиқиши қатъиян чекланади, иш жойига бориши ва келиши билан боғлиқ ҳолатлар бундан мустасно”, дейилади хабарда.

Бундан ташқари, ҳаракатланишда ҳамда савдо дўконлари ва бошқа жойларда 2 метрлик ижтимоий масофани сақлаш талаб этилади.

Белгиланган тартибга асосан 65 ёшдан юқори ёшда бўлган ва сурункали касаллиги бўлган фуқаролар ўз уйларидан ўта заруратсиз ташқарига чиқиши қатъиян ман этилади.

“Ушбу талабларни бузган шахслар қонунчиликка мувофиқ тегишли жавобгарликка тортилиши мумкин”, деб таъкидланади хабарда.

6 апрелдан бошлаб йирик деҳқон бозорлари ва савдо мажмуаларининг (супермаркет, гипермаркет ва бошқалар) кириш-чиқиш жойлари тегишли мутахассислар билан таъминлаган ҳолда пирометрлар ва антисептик воситалар билан жиҳозланади.

Бу жойларга келган ҳар бир фуқаронинг тана ҳарорати ўлчанади ҳамда 37 С ва ундан юқори бўлганда, улар ичкарига киритилмайди. Айни пайтда тана ҳарорати юқори бўлган фуқароларга зудлик билан тез тиббий ёрдам хизматига мурожаат этиш тавсия этилади.

Марказлашган ҳолда пирометрларни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрига икки кун муддатда етказиб берилади.

Йирик деҳқон бозорлари ва савдо мажмуалари (супермаркет, гипермаркет ва бошқалар) ҳамда карантин тадбирлари учун ажратилган жойларда дезинфекция ишлари мунтазам равишда мажбурий тартибда амалга ошириб борилади.

Карантин талабларининг ижросини сўзсиз таъминлаш ҳамда махсус рухсатномаси мавжуд бўлмаган ҳолда ҳаракатланаётган автотранспорт воситаларини ҳуқуқбузарлик давом эттирилишига йўл қўймаслик мақсадида истисно тариқасида ички ишлар органлари йўл-патруль хизмати ходимлари томонидан карантин даврида автотранспорт воситасини махсус рухсатномасиз бошқарганлик учун транспорт воситасини жарима майдончасига жойлаштириш йўли билан ушлаб турилади.

Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида 2020 йил 6 апрель соат 06-00 дан эътиборан мототранспорт (скутер) ҳамда велосипедда ҳаракатланиш карантин даврида вақтинча чекланади.

Бунда фақатгина ҳаётий зарур эҳтиёжлар – озиқ-овқат, дори-дармон, тиббий буюм ва воситалар харид қилиш, шифокор кўригига мурожаат этиш, шунингдек, иш жойига бориш ва келиш учун рухсат этилади.

Ўпка сунъий вентиляцияси аппаратларини (ИВЛ) ишлаб чиқариш йўлга қўйилади

Коронавирус тушган ўпкада яллиғланиш бошланган кезда¸ беморни сунъий нафас олдириш аппаратига улаш унинг ҳаëт-мамотини ҳал қилади.

Словакиянинг Chirana компанияси билан ҳамкорликда Ўзбекистонда ўпканинг сунъий вентиляцияси аппаратлари (ИВЛ) ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Инновацион ривожланиш вазирлиги расмийси Жамолиддин Бобохоновнинг айтишича, ИВЛ қурилмаларини ишлаб чиқариш жорий йилнинг май ойида бошланади.

Тошкентнинг Бектемир туманида эса ишлаб чиқариш участкаси қурилиши жорий йил сентябрига қадар якунланиши ва завод ишга туширилиши режаланмоқда.

Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришнинг биринчи босқичида 3 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш ва 30 иш ўрни яратиш режалаштирилган.

Иккинчи босқичида эса 6 миллион АҚШ долларгача инвестициялар ва 100 тагача иш ўринлари очилиши кутилмоқда.

"Ўпканинг сунъий вентиляцияси аппаратлари ҳозирда жаҳоннинг 12 мамлакатида ишлаб чиқарилади. CHIRANA бренди дунёда энг машҳур олтита бренддан бири саналади. Аппаратларимиз бошқа компания моделларидан фарқли равишда бир босқичли эмас, уч босқичли вентиляцияни амалга оширади. Бундай аппаратлар ишлаб чиқарувчи заводнинг Ўзбекистонда барпо этилиши давлатнинг тиббий хавфсизлигини таъминлайди", дея иқтибос келтиради вазирлик “CHIRANA+” компанияси бош директори Василий Шимкодан.

Лойиҳа доирасида Ўзбекистонга 1000 дона нафас олиш контурлари, 500 дона намлик коллектор билан нафас олиш контурлари ва 1000 дона бир мартали бактериал-вирусли филтрларни беғараз фойдаланиш учун топширилади.

Айтилишича, ҳозир “CHIRANA ASIA” Словакия-Россия-Ўзбекистон қўшма корхонаси ташкил этилган ва компания “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” (“Made in Uzbekistan”) ёрлиғи остида мамлакатда ягона юқори технологик тиббий асбоб-ускуналар ишлаб чиқаради.

Анестезиология соҳасида юқори малакали хорижий мутахассислар таклиф қилинган ҳолда ИВЛ ва НДА қурилмаларидан фойдаланиш бўйича семинарлар ўтказилиши режалаштирилган.

Ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни, шунингдек, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Афғонистонда сотиш режаланган.

Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар кўпайиб бораëтгани ортидан ўпкасида яллиғланиш бошланган беморлар ҳаëтини ҳал қилувчи сунъий нафас олдириш аппаратлари - вентиляторларга эҳтиëж кескин ошиб кетди.

Вентиляторлар бутун дунëда тақчил тиббиëт ускунасига айланган бир пайтда¸ Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Россия Федерациясининг "Уральский приборостроительний завод"ига 500 та шундай аппарат учун буюртма берди.

Ҳозирча касалхоналар кўз тикиб кутаëтган бу аппаратлардан бирор гуруҳининг Ўзбекистонга етказилгани ҳақида расмий хабар йўқ.

Қибрайда карантин ҳудудидан чиқишга уринган 7 шахс 15 суткага қамалди

Карантин ҳудудини қўриқлаётган ҳарбий

Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги санаторийда карантинда сақланаётган 7 шахс бу ҳудудни тарк этишга урингани ва уларнинг йўлини тўсган ички ишлар ходимларига қаршилик кўрсатгани учун жазоланди.

"Ўзбекистон24" каналида берилган видеолавҳадан маълум бўлишича, бу аёллар Дубайдан қайтгач, карантинга олинган.

Карантин муддати тугамасидан ҳудудни ташлаб чиқишга уринганлардан 4 нафари аёл киши бўлгани айтилди.

Бу аёллардан бири, видеолавҳадан кўринишича, шароитдан шикоят қилади.

Аёл 2 боласи борлиги ва улар "14 кундан буён сийиб қўяётгани"ни айтади.

Хабар қилинишича, ички ишлар ходимлари уларни тўхтатиб қолган.

Тошкент вилоятида ўтган судда ИИВ ходимларига қаршилик қилган ва карантин қоидаларини бузган шахслар 15 суткага қамалгани айтилди.

ИИВ: сўнгги 20 кунда карантинни бузиш ҳолати 27 ярим мингтага яқинлашди

Наманган ИИВ машиналарни текширмоқда, 29 март, 2020

ИИВнинг маълум қилишича, 16 мартдан то 5 апрель эрталабки соат 9 га қадар карантин қоидаларини бузиш билан боғлиқ жами 27 486 та ҳолат аниқланган.

Ўзбекистонда коронавирус тарқалиши олдини олиш мақсадида шу йилнинг 16 мартидан карантин эълон қилинган.

Қоида бузиш ҳоллари энг кўп Тошкент шаҳри – 4 641 та, Фарғона вилояти – 3 223 та, Тошкент вилояти – 2 979 та, Самарқанд вилоятида – 2 691 та ҳолат.

Карантинни бузиш ҳолатлари, одатан - ниқобсиз юриш, карантин ҳудудини тарк этиш ёки бу ҳудуддан қочиш, махсус рухсатномасиз машина ҳайдашдан иборат бўлмоқда.

Карантин қоидасини бузганлик учун 11 ярим миллион сўмгача жарима солиниши ёки 10 йилга қадар қамоқ жазоси берилиши мумкин.

Фарғонада карантин қоидасини маст ҳолда бузган шахсга 4 та модда билан иш очилди, 15 суткага қамалди

ИИВ ходимлари аҳоли орасида тушунтириш ишларини олиб бормоқда, 25 март, 2020

Фарғона вилоятида карантин қоидаларига риоя қилмасдан тунги вақтда ниқобсиз, маст ҳолда велосипед ҳайдаб юрган фуқаро 15 суткага қамалди.

«Дарё» нашри хабар қилишича, 1 апрель соат тахминан 22:30 ларда Фарғона кўчасида фуқаро Б.Ю. карантин қоидаларига риоя қилмасдан ниқобсиз, велосипед ҳайдаб юрган.

Профилактика инспектори уни тўхтатганида, бақир-чақир ва профилактика инспекторини ҳақорат қилиб, фуқаролар осойишталигини бузган.

2 апрель куни Фарғона шаҳар маъмурий суди бир йўла 4 та модда:

- Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси (Эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) 1-қисми,

- 138-моддаси 5-қисми (Пиёдалар ва йўл ҳаракати бошқа иштирокчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши),

- 183-моддаси (Майда безорилик) ва

- 194-моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисмини қўллаб, бу шахсни 15 суткага қамаган.

Ўзбекистонда коронавирус тарқалиши олдини олиш мақсадида 16 мартда карантин эълон қилинганди.

ИИВнинг маълум қилишича, ўшандан буён карантин қоидаларини бузиш билан боғлиқ жами 27 486 та ҳолат аниқланган.

Тошкентда коронавирусдан даволанаётган 22 беморда пневмония белгилари кузатилмоқда

Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Атабеков

5 апрель куни АОКА штабида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков иштирокида брифинг уюштирилди.

Нурмат Отабековга кўра, стационар ва уй шароитида 100 мингдан кўпроқ одам тиббий кузатув остида турибди.

- Вирусология илмий-текшириш институти раҳбарияти берган маълумотга кўра, ушбу институт клиникасида даволанаётган 85 беморнинг 22 нафарида пневмония белгилари кузатиляпти.​ 4 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг эса аҳволи нисбатан оғир, деб баҳоланмоқда.

Эпидемиология-микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти клиникасида даволанаётган 35 бемордан 1 нафарининг аҳволи ўртача оғирликда, 1 нафарининг аҳволи ўта оғир, деб баҳоланяпти. Аҳволи оғир ва ўта оғир, деб баҳоланган беморлар интенсив-терапия муолажаларига ўтказилган, - деди Отабеков.

Бош санитар инспектор 5 апрель кунги брифингда аҳолидан коронавируснинг тарқалиши, даволаниши ва карантин қоидаларига оид саволларга жавоб берди.

Хусусан: "Ҳаво ҳарорати 40 даража иссиқ бўлганда коронавирус атмосфера ҳавосида нобуд бўлиши ростми?" деган саволга инспектор шундай жавоб берди:

- Афсуски, йўқ. Сингапур университетининг medRxiv порталидаги маълумотларга кўра, вируснинг сезувчанлик хусусияти аниқ белгиланган, яъни у цельсий шкаласи бўйича 70 даражага тенглаштирилган. Таъкидлаш лозимки, коронавируснинг турли юзаларда яшовчанлиги турлича: масалан, қоғозда 3 соат, кийимда 2 кун, шиша юзасида 4 кун, пластикда 7 кун сақланиб қолади. Шунинг учун ҳам дезинфекция қилиш ўта муҳим, деди Отабеков.

У ўзбекистонликларни уйда қолишга чақирди:

- Қачонки, касаллик бир одамдан иккинчи одамга юқишига йўл қўймасак, эпидемик вазиятни жиловлай оламиз. Акс ҳолда, вазият мураккаблашиб кетиши мумкин, - деб огоҳлантирди бош санитар инспектор.

Қуйида Отабеков билан брифингни тўлиқ томоша қилишингиз мумкин:

Марказий банк мулозими мижозларни тўловларни масофадан туриб амалга оширишга чақирди 

Ўзбекистон Марказий банки расмийси коронавирус карантинига қарамай, одамлар ҳалигача коммунал тўловларни тўлаш учун банк кассаларига бораётгани, бу билан ўзлари ва бошқаларни ҳатарга қўяётганини айтди.

4 апрель куни Тошкентда ўтказилган матбуот брифингида банк бошқарма бошлиғи Ҳусанхўжа Обидов мижозларни тўловларни масофадан туриб амалга оширишга чақирди.

"Барча базавий банк хизматларини онлайн равишда, яъни уйдан турган ҳолда амалга ошириш имконияти мавжуд. Бу билан барчага коммунал ва солиқ тўловлари, пул ўтказмалари, микроқарзларни расмийлаштириш, омонат операциялари каби муҳим банк хизматларини қулай ва тезкор тарзда амалга ошириш имконияти яратилган. Бу борада барча мижозларга ўз банкларининг мобил иловалари билан яқиндан танишиб чиқишни тавсия қилган бўлардим, - деди Обидов.

Банк мулозими мижозлар уйдан туриб мобиль телефонлари ёрдамида халқаро пул ўтказмаларини ҳам амалга ошириш имкониятига эгалигини айтди.

"Масалан, фуқароларимизга хориждан яқинлари пул юборган бўлса, ушбу пулни банкларнинг мобил иловалари орқали тўғридан-тўғри пластик карталарига ўтказиб олишлари ҳам мумкин", - деди Обидов.

Ўзбекистон Марказий банки мулозими мамлакатда банклар ёпилиши ва номаълум муддатга фаолиятини тўхтатиши ҳақидаги гап-сўзлар ҳақиқатдан узоқ, эканини маълум қилди.

Ҳусанхўжа Обидов Тошкентда ўтказилган брифингда Ўзбекистонда банклар ва уларнинг филиаллари одатдаги тартибда ишлаётганини айтди.

Обидовга кўра, фақатгина банк биносидан ташқарида жойлашган банк кассалари ва валюта айирбошлаш шохобчалари фаолияти вақтинчалик тўхтатилган.

ИИВ Ўзбекистонда велосипедда юриш тақиқланиши ҳақидаги хабарларни рад қилди

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги мамлакатда коронавирус тарқалишини олдини олиш чоралари доирасида велосипедда юриш тақиқланиши ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларни рад қилди.

5 апрелдан бошлаб Ўзбекистонда велосипедда юриш тақиқланиши ҳақидаги хабарлар ижтимоий тармоқда мунозарага сабаб бўлганди.

Ички ишлар вазирлиги бу хабар ҳақиқатга тўғри келмаслиги, хабар тарқатаётганлар вазирлик сайтида берилган расмий хабарларга таяниши кераклигини билдирди.

Айни пайтда Ўзбекистонда 24 мартдан бошлаб кучайтирилган тартиб амалда қолмоқда.

Йирик шаҳарлар, вилоятлараро ва туманлараро транспорт қатновлари тўхтатилган.

30 мартдан шахсий транспортдан фойдаланишга чеклов жорий этишшга қарор қилинганди.

Бу чеклов 20 апрелгача амалда қолиши айтилган.

Карантинга қарамай армиядан қайтган ўғлига зиёфат қилиб берган ота жазоланди

Карантинга қарамай Жиззахда ота армиядан қайтган ўғлига зиёфат қилиб берган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги хабар берди.

Вазирлик расмий сайтида билдирилишича, 3 апрель куни Жиззах вилоятининг Арнасой туманидаги Чўлқувар қишлоғида 53 яшар ота ҳарбий хизматни ўтаб қайтган ўғлининг 24 нафар синфдошини йиғиб зиёфат уюштирган.

Ички ишлар вазирлиги ахборот хизматининг хабар беришича, карантин тартибига бўйсунмаган ота Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасига асосан жавобгарликка тортилган.

ИИВ маълумотига кўра, Ўзбекистонда карантин карантин эълон қилинган 27 мартдан буён мамлакат бўйича карантин қоидаларига амал қилмаслик билан боғлиқ 25057 та ҳолат аниқланган.

Қибрайдиги сиҳатгоҳда карантинда сақланаётган 7 одам 15 суткага қамалди (ВИДЕО)

Кибрайдаги сиҳатгоҳда карантинда ушлаб турилганлар: "Қийналиб кетдик!"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:05 0:00

Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги "Энергетиклар” сиҳатгоҳида сақланаётган 7 нафар фуқаро карантин қоидаларини бузгани учун 15 суткага қамалди.

"Дарё" сайтининг Олий суд матбуот хизматига таяниб 3 апрелда хабар беришича, уларнинг барчаси Бирлашган Араб Амирликларидан олиб келинган ва карантинга олинган эди.

“Улар ҳар хил уятли сўзлар билан ушбу сиҳатгоҳда сақланаётган бошқа фуқаролар ва карантин тартибини назорат қилувчи ходимлар олдида бақир-чақир қилишган, уларнинг тинчлигини бузган. Улар тинчликни таъминлаш учун келган ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини бажармасдан, жамоат жойида уларни ҳам уятли сўзлар билан сўкиб, майда безорилик қилган”, дейилади расмий хабарда.

7 нафар фуқарога нисбатан иш Юқори Чирчиқ туман маъмурий судида 3 апрель куни бўлиб ўтган. Улар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси (эпидемияларга қарши курашиш қоидаларини бузиш), 183-моддаси (майда безорилик) ва 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) асосида 15 суткага қамалган.

Озодлик радиоси 2 апрель куни мазкур сиҳатгоҳда карантинда сақланаётганлар билан боғлиқ вазият ҳақида лавҳа берган эди. Ўшанда Дубайдан олиб келиниб, карантинда сақланаётганлар Озодликка 14 кун деб айтилган карантин муддати тугаган бўлсада¸ уйларига қўйиб юборилмаётганига изоҳ талаб қилаётганларини айтган эдилар.

"Энергетик сиҳатгоҳи"да 17 март куни Дубайдан учиб келган аксари тужжорлар бўлган 254 ўзбекистонлик карантинда ушлаб турилибди.

Сиҳатгоҳ раҳбарияти ҳам¸ Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги расмийлари ҳам "Энергетик сиҳатгоҳи"да 14 кунлик карантинга олинганларнинг айтилган муҳлат тугаганига қарамай¸ нега ҳанузгача ушлаб турилганига изоҳ бермади.

ТИВ: АҚШ Ўзбекистонга коронавирусга қарши кураш учун 848 минг доллар берадиган бўлди

Расмий хабарда айтилишича, бу борадаги музокаралар 31 март куни бўлган.

АҚШ Ўзбекистонга коронавирусга қарши курашиш учун 848 минг доллар беришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 3 апрель куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

Хабарда айтилиишча, Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов 31 март куни Давлат департаменти вакиллари билан коронавирусга қарши курашда Ўзбекистонга моддий-техник ёрдам кўрсатиш масаласини муҳокама қилган.

АҚШ Давлат департаменти расмийлари берган маълумотга қараганда, АҚШ Ўзбекистоннинг коронавирусга қарши курашдаги эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда 848 минг доллар ажратиб беришни режалаштирмоқда.

“Бу маблағ АҚШ халқаро тараққиёт агентлигининг COVID-19га қарши кураш ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш дастури доирасида Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига берадиган навбатдаги транши ҳисобланади”, дейилади расмий хабарда.

Молиялаштириш кенг миқёсли тестдан ўтказиш учун лабораторияларни жиҳозлаш, Covid-19 устидан эпидемологик назоратни яхшилаш, инфекцияни профлактика қилиш ва тарқалишини назорат қилишни таъминлашда тиббиёт муассасаларининг салоҳиятини ошириш, тезкор ёрдам кўрсатиш тизими, зарарланган ҳолатларни аниқлаш ва даволаш, шунингдек, вирус ҳақидаги дезинформацияга қарши туришга йўналтирилади.

Карантинда 100 мингдан зиёд одам сақланмоқда

Чирчиқдаги оромгоҳда бир хонага 5 кишидан жойлаштирилган

Ҳозирда Covid-19 боис карантинга олинганлар сони мамлакат бўйича жами 100 мингдан зиёдни ташкил қилади.

Бу ҳақда АОКА ҳузуридаги штабда ўтган брифингда Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Атабеков маълум қилди:

“Касалликнинг инкубацион даври 14 кун эканлигини эътиборга олсак, улар орасидан касаллик чиқишига ҳам тайёр бўлишимиз керак”.

Бугун Самарқанддаги “Дўстлик” оромгоҳида карантинда сақланганлардан 292 нафариига уйига рухсат берилди.

Уларнинг барчаси хориждан қайтган ва 14 кун карантинда сақланганлардир. Ўтказилган текширув ва таҳлиллар натижасида уларнинг бирортасида ҳам коронавирус инфекцияси топилмаган.

Хориждан чартер рейслари билан олиб келинганлар мамлакатнинг бир нечта ҳудудида ташкил қилинган карантин марказларида сақланмоқда.

Айрим карантиндагилар шароитлар ёмонлигидан шикоят қилишмоқда.

Жумладан, Москвадан учиб келгач, Чирчиқдаги болалар оромгоҳига жойлаштирилган ўзбекистонликлар шароит ёмонлигидан шикоят қилганди.

Қибрай санаторийсида 17 кундан буён карантинда сақланаëтганлар жанжал кўтарди.

Озодлик карантинга олинган баъзи шахслар 14 кунлик муддат тугамасидан сиҳатгоҳлардан қочишга урингани ҳақида ҳам хабар берган эди.

Хусусан¸ расмийларга кўра¸ 16 март куни Жанубий Корея ва Россиядан Самарқандга учиб келган ва карантинга олинганидан 4 кун ўтиб қочишга уринган икки шахсга нисбатан жиноят иши очилган.

Ўзбекистон қонунчилигига кўра, карантин қоидаларини бузганлар 22 миллион сўмдан жаримага тортилиши ёки беш йилгача бўлган муддатга қамалиши мумкин.

Ўзбекистонда Covid-19 тестларини ишлаб чиқариш бошланади

Ҳозирда ўзбек мутахассисларининг тестлари синовдан ўтказилмоқда

Ўзбекистонда жорий ой охирида Covid-19 тестларини ишлаб чиқариш бошланади.

Бу ҳақда АОКА ҳузуридаги штабда ўтган брифингда Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Атабеков маълум қилди.

Атабековга кўра, айни пайтда маҳаллий мутахассислар ишлаб чиқарган тест тизимлари тажрибада синаб кўрилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги маълумотларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда полимераза занжирли реакциясини аниқлайдиган 200 мингдан ортиқ тест мавжуд.

Ўтган ойда Хитойга 100 минг тестга буюртма берилгани ва расмий Пекин Ўзбекистонга 2,5 минг тестни бепул бермоқчилиги хабар қилинганди.

Карантиндаги 292 беморга уйига рухсат берилди

“Дўстлик” оромгоҳида карантинда сақланганлардан 292 нафарига уйига рухсат берилди.

Самарқанддаги “Дўстлик” оромгоҳида карантинда сақланганлардан 292 нафарига уйига рухсат берилди.

Уларнинг барчаси хориждан қайтган ва 14 кун карантинда сақланган шахслардир. Ўтказилган текширув ва таҳлиллар натижасида уларнинг бирортасида ҳам коронавирус инфекцияси топилмаган.

Кoronavirusinfo хабарига кўра, 292 киши махсус ажратилган автобусларда уйларига элтиб қўйилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 3 апрель соат 10.00 да берган маълумотида айтилишича, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар сони 16 тага ошиб, 221 нафарни ташкил этмоқда.

3 апрель ҳолатига кўра, 25 бемор соғайган. Жумладан, пайшанба куни коронавирус инфекциясига чалинган беморларнинг яна 13 нафари бутунлай тузалди.

Бош санитар инспектор вазият мураккаблашиб бораётганини айтди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар сони 16 тага ошиб, 221 нафарни ташкил этмоқда.

“Коронавирусга чалинган беморларнинг 17 нафарида пневмония белгилари кузатиляпти, 4 нафарининг аҳволи оғир, икки нафари эса нисбатан оғир деб баҳоланмоқда”, - деди 3 апрель куни "Ўзбекистон 24" телеканали орқали қилган чиқишида Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Бош санитар инспектор Нурмат Отабеков.

“Вазият мураккаблашиб бораётганини ҳали тўлиқ англаб етмадик, чамаси. Ҳалигача карантин талабларини бузаётган, бемақсад кўчаларда кезиб юриш, тиббиёт ходимларининг тавсияларига амал қилмаслик ҳолатлари учраб турибди. Минг афсуски, касаллик аломатлари кузатилсада, бепарволик билан қараб, ўз вақтида шифокорларга мурожаат қилмай, аҳволи оғирлашгандан кейин шифохонага мурожаат қилаётганлар ҳам бор”, — деди Нурмат Отабеков.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 3 апрель соат 10.00 да берган маълумотида айтилишича, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар сони 16 тага ошиб, 221 нафарни ташкил этмоқда.

2 апрель куни 24 одамда коронавирус аниқлангани маълум бўлди ва беморлар сони 205 нафарга етган эди.

3 апрель ҳолатига кўра, 25 бемор соғайган.

Коронавирусга чалинганлар 3 апрель куни эрталаб яна 16 нафарга кўпайди

Тошкент кўчаларидан биридаги манзара.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 3 апрель соат 10.00 да берган маълумотида айтилишича, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар сони 16 тага ошиб, 221 нафарни ташкил этмоқда.

2 апрель куни 24 одамда коронавирус аниқлангани маълум бўлди ва беморлар сони 205 нафарга етган эди.

3 апрель ҳолатига кўра, 25 бемор соғайган. Жумладан, пайшанба куни коронавирус инфекциясига чалинган беморларнинг яна 13 нафари бутунлай тузалди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар қилишича, уларнинг 12 нафари Тошкентдаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасидан, 1 нафари эса Хоразм вилоятидаги юқумли касалликларга ихтисослашган шифохонадан соғайиб чиққан.

Instagramʼда “зўравонлик билан таҳдид қилган” шахслар ушланди

Тошкент вилоят ИИББнинг 3 апрель куни билдиришича, Instagramʼ ижтимоий тармоғида жонли мулоқот пайтида одамларни ҳақорат қилган ва зўравонлик билан таҳдид қилган уч нафар шахс қўлга олинди.

Расмий маълумотда айтилишича, бу таҳдидни Instagramʼда Greenrapoff номли фойдаланувчиси ўз саҳифасида шериклари билан январь ойларида амалга оширган. Бу видео ижтимоий тармоқларда тарқалиб, кенг муҳокамага сабаб бўлган.

“Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент вилояти ИИББ томонидан тезкор равишда суриштирув ишлари олиб борилиб, ушбу шахслар Тошкент шаҳар Шайҳонтоҳур туманида яшовчи 2000 й.т. Шоҳжаҳон А. ва 1999 й.т. Жамшид Ҳ.лар эканлиги аниқланиб, ушланган. Видеодаги ҳолат шу йилнинг январь ойларида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган. Ушбу шахслар билан ИИББда профилактик суҳбат ўтказилиб, хатти-ҳаракатлари юзасидан тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун тегишлиги бўйича Тошкент шаҳар ИИОга юборилди”, дейилади расмий хабарда.

Ўзбекистон Қирғизистонга жўнатган инсонпарварлик ёрдами тўғрисида батафсил маълумот берилди

Инсонпарварлик ёрдами 17та вагондан иборат.

Қирғизистон ҳукумати Ўзбекистон жўнатган инсонпарварлик ёрдами 2 апрель куни етиб келганини билдирди ва жўнатилган маҳсулотлар бўйича маълумот берди.

Қирғиз ҳукуматининг билдиришича, Ўзбекистондан 17та вагонда гуманитар ёрдам келган. Бу ёрдам 1000 тонна ун, 7 минг комплект тиббий ҳимоя кийимлари, 95 респиратор, 20 минг тиббий қўлқоп, 500 кўз ойнак, 200та пирометр, 7 мингта бир марталик респиратордан иборат.

“Бу юк 17та вагонга барча санитар-эпидемиологик талаблар сақланган ҳолда юкланган”, дейилади ҳукумат маълумотида.

Ҳукумат гуманитар ёрдамнинг озиқ-овқатдан иборат қисми Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги омборхонасига туширилганини ва тегишли давлат идоралари билан келишилган ҳолда кам таъминланган ва ёрдамга мухтож оилаларга бўлиб берилишини билдирди.

1 апрель куни президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Қирғизистон Республикасига коронавирус “COVID-19” касаллигини бартараф этишга кўмаклашиш мақсадида инсонпарварлик ёрдами жўнатилгани хабар қилинганди. Ўша куни Ўзбекистон Афғонистонга ҳам темир йўл орқали инсонпарварлик ёрдами жўнатган.

29 март куни Бош вазир Абдулла Арипов топшириғига асосан Ўшга коронавирусга қарши кураш учун зарур бўлган тиббий воситалар жўнатилгани хабар қилингганди. Ўшанда 10 мингта тиббиёт маскаси ва 900та ҳимоя костюми Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев томонидан, 4800та экспресс-тестлар ва реагентлар Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов томонидан жўнатилган.

Айни пайтда 1 апрель куни Ўзбекистон Осиё тараққиёт банкидан давлат бюджетини қувватлаш мақсадида 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида қўшимча қарз сўрагани хабар қилинди.

Коронавирус пандемияси бошланганидан буëн ҳозиргача Ўзбекистон ҳукумати Осиë тараққиëт банкидан вирус тарқалишини тўхтатиш учун 200 миллион доллар грант олган.

Коронавирусга чалинганлар сони 205 нафарга етди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги хузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан 2 апрель ҳолатига асосан ишлаб чиқилган инфографика.

Ўзбекистонда 3 апрелга ўтар кечаси яна 15 кишида коронавирус аниқланди. Бу билан коронавирусга чалинган одамлар сони 205 нафарга етди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2 апрель куни Тошкент вақти билан соат 10да берган маълумотида Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар сони 6 тага ошгани ва коронавирусдан касалланганлар сони 187 нафарни ташкил этганини билдирганди.

Шундан сўнг вазирлик 2 апрель куни тушга яқин уч кишида коронавирус аниқланиб, беморлар сони 190га етганини хабар қилган.

Ҳисоб қилинса, 2 апрель куни 24 одамда коронавирус аниқлангани маълум бўлади.

Пайшанба куни коронавирус инфекциясига чалинган беморларнинг яна 13 нафари бутунлай тузалди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар қилишича, уларнинг 12 нафари Тошкентдаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасидан, 1 нафари эса Хоразм вилоятидаги юқумли касалликларга ихтисослашган шифохонадан соғайиб чиққан.

1 апрель куни 4 нафар беморнинг соғайгани ҳам айтилди. Бу билан Ўзбекистонда коронавирусдан соғайган беморлар сони 12 нафарга етганди. 2 апрель куни соғайганлар сони 25 нафар бўлди. 2 нафар бемор вафот этди.

Энергетика вазирлиги: Яқин келажакда электр энергияси нархининг оширилиши режалаштирилмаган

Ўзбекистонда электр энергияси ишлаб чиқариш ҳаражатлари уни истеъмол қилишга бўлган тўловга қараганда, анча юқори.

Бу ҳақда 2 апрель куни Энергетика вазирлиги маълум қилди. Вазирликнинг билдиришича: “давлат-хусусий шериклиги электр энергиянинг таннархини пасайтиришга ёрдам беради ва натижада ўрта ва узоқ муддатли истиқболда қулай тариф сиёсатини таъминлашга хизмат қилади”.

Энергетика вазирлиги узоқ муддатли тариф сиёсатини ишлаб чиқиб, бугунги кунда соҳада ривожлантирилаётган давлат-хусусий шериклиги электр энергия қийматига ижобий таъсир кўрсатишини билдирган ва “Яқин келажакда электр энергияси нархининг оширилиши режалаштирилмаган”, деб таъкидлаган.

Айни пайтда Энергетика вазирлиги сайтининг “Энергетика вазирлиги жавоб беради” рукнида” Ўзбекистонда электр энергияси ишлаб чиқариш ҳаражатлари уни истеъмол қилишга бўлган тўловга қараганда, анча юқори экани билдирилган.

“Ҳисоб-китобларга кўра, бугунги кунда бир киловатт соат электр энергия ишлаб чиқаришга 403 сўм сарф қилинади. Бугун аҳоли 1 кВт учун қарийб 295 сўм тўлайди. Яъни аҳоли учун электр энергия нархи ўн йил илгари бўлганидек, давлат томонидан белгиланади. Агарда шу тариқа давом этса, тармоқ нафақат ўн йиллар, балки бир неча йилда мутлақо норентабел соҳага айланади, сармоядорлар учун жозибадор бўлмай қолади ва ўз навбатида, бутунлай таназзулга учрайди. Ҳеч бир маданий жамият бунга йўл қўймайди”, дейилади расмий сайтда.

3 апрелдан бошлаб дизель ёқилғиси яна арзонлатилди

Бир ой ичида дизель ёқилғиси икки марта арзонлатилди

Энергетика вазирлиги 3 апрелдан бошлаб Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган дизель ёқилғиси яна 300 сўмга арзонлатилганини билдирди. Сўнгги бир ой ичида бу билан дизель 500 сўмга арзонлади.

Бундан аввал 1 март кунидан бошлаб “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг “UNG” миллий бренди остидаги ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғида дизель ёнилғисининг нархи 200 сўмга камайтирилган эди.

Айни пайтда дизель ёқилғисининг нархи бир литрга 7 минг сўм қилиб белгиланди.

“Нархлар масаласида шуни таъкидлаш керакки, “Ўзбекнефтгаз” ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғи орқали сотиладиган дизель ёқилғисининг нархи хорижий компаниялар томонидан сотилаётган дизель ёқилғиси нархидан 11,5% арзондир”, дейилади расмий хабарда.

Энергетика вазирлигининг билдиришича, “Ўзбекнефтгаз” нархларни босқичма-босқич камайтириб боришда давом этади.

Ўзбекистонда 30 мартдан бошлаб Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи базасида Ўзбекистонда биринчи марта Евро-4 ва Евро-5 стандартидаги дизель ёқилғиси ишлаб чиқариш бошлангани хабар қилинган эди.

Коронавирусдан соғайганлар сони 25 кишига етди

1 апрель куни тузалганлар сони 12 нафар эди.

Коронавирус инфекциясига чалинган беморларнинг яна 13 нафари бутунлай тузалди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар қилишича, уларнинг 12 нафари Тошкентдаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасидан, 1 нафари эса Хоразм вилоятидаги юқумли касалликларга ихтисослашган шифохонадан соғайиб чиққан.

1 апрель куни 4 нафар беморнинг соғайгани ҳам айтилди. Бу билан Ўзбекистонда коронавирусдан соғайган беморлар сони 12 нафарга етганди. 2 апрель куни соғайганлар сони 25 нафар бўлди. 2 нафар бемор вафот этди.

Сўнгги расмий маълумотларга қараганда, 2 апрель ҳолатига кўра, 190 киши коронавирусга чалинган.

"Адолат": ЕОИИга аъзо бўлиш Ўзбекистон иқтисодига 2 миллиард доллар зиён келтиради

ЕОИИга қўшилиш масаласи Ўзбекистоннинг Россия билан алоқалари мустаҳкамлана бошлаши ортидан кун тартибига қўйилди.

«Адолат» социал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлиги масаласида ўтказилган видеоконференцияда, Тошкентнинг ташкилотга аъзо бўлиши ортидан мамлакат иқтисоди 2 миллиард доллар зиён кўриши тўғрисидаги хулосани эълон қилди.

Хулосада айтилишича, ЕОИИга аъзо бўлиш натижасида автомобилсозлик, озиқ-овқат, фармацевтика ва бошқа соҳаларда инқироз юзага келиши мумкин.

Партия матбуот хизмати эълон қилган хабарда айтилишича, хулосада “ЕОИИнинг энг асосий аъзоси (иттифоқ иқтисодий потенциалининг салкам 85 фоиз ташкил этувчи) Россия ҳозирги кунда халқаро санкциялар ва босим остида. Бу унинг иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатмоқда, охирги 2 йилда рубль бир неча баравар қадрсизланган. Ушбу мамлакат билан битта иттифоқ доирасида ҳамкорликка киришиш келгусида бизнинг иқтисодиётимизга ҳам салбий таъсирини ўтказади”, деб ёзилган.

Айни пайтда партия "аъзолик ЕОИИ давлатларидаги мигрантлар масаласида айрим ижобий натижаларни келтириб чиқаради”, деб ҳисоблайди. Хулосада айтилишича, бугунги кунда Россияда 2,5 миллиондан ортиқ ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлигида юрибди.

"Аъзоликдан сўнг фуқаролар ушбу давлатларда патент олмасдан ишлаш имкониятига эга бўлади ва пул жўнатмалари ҳозирги 4-5 миллиарддан 7-8 миллиард АҚШ долларига етиши кутилмоқда”, дейилади хулосада.

Март ойининг бошларида эса Ўзбекистон ЕОИИга кузатувчи-давлат мақомида қўшилиши маълум бўлганди.

Евроосиё иқтисодий иттифоқи аввал Белорусдан, Қозоғистон ва Россия Божхона бирлашмаси сифатида тузилган. 2015 йилдан кейин мазкур ташкилотга Армения ҳамда Қирғизистон қўшилиб, ҳозирги номини олган.

Тўққизта банк жисмоний шахсларга кредит таътили эълон қилгани тўғрисида хабар берилди

"Фоиз тўловлари вақтида амалга оширилмаганлиги учун пеня ва жарима ҳисобланмайди", демоқда банклар.

Ўзбекистон Миллий банки жисмоний шахсларнинг барча кредит турлари бўйича апрель, май, июнь ойидаги кредит тўловлари учун таътил эълон қилди. Миллий банкнинг 2 апрель куни расман билдиришича, бу ойлар учун тўловлар қолган тўлов муддатига тенг равишда тақсимланади.

“Фоизлар ўз вақтида тўланмаганлиги учун жарима (пеня) ҳисобланмайди. Кредитни муддатидан аввал қўшимча тўловларсиз сўндириш имкони мавжуд”, дейилади хабарда.

Айни пайтда яна 8та банк -Ўзсаноатқурилишбанк, Асакабанк,Туронбанк, Алоқабанк, Ҳамкорбанк, Агробанк, Микрокредитбанк ва ZiraatBank ҳам кредит таътили эълон қилган банклар қаторида экани хабар қилинди.

“Ушбу банклар жисмоний шахслар учун кредит шартномасига бир томонлама ўзгартириш киритишмоқда ва кредитлар бўйича 2-3 ойлик имтиёзли давр беришмоқда. Фоиз тўловлари вақтида амалга оширилмаганлиги учун пеня ва жарима ҳисобланмайди”, дейилади хабарда.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG