Линклар

Шошилинч хабар
20 январ 2020, Тошкент вақти: 08:20

Халқаро хабарлар

АҚШ собиқ вице-президенти Жозеф Байден президентликка номзодини эълон қилди

АҚШ собиқ вице-президенти Жозеф Байден сайловолди штаби ҳозирлаган видеоролик билан Байден ҳам ўзининг Демократик партиядан президентликка номзодлигини эълон қилди.

Ўз видеомурожаатида Байден АҚШнинг фундаментал қадриятлари Дональд Трамп президентлиги боис таҳдид остида қолганини айтади.

Бунга мисол тариқасида 2017 йил ëзида Шарлотсвилл шаҳарчасида ўнгчи ва либерал фаоллар ўтказган намойишлар пайтида юзага чиққан тартибсизликларга бўйича Трамп қилган баëнотни келтиради.

Бу баëнотида Трамп “иккала томонда ҳам яхши одамлар бор” деган ва Байден таъкидича¸ неонацистларга бундай ëндашув Америка қадриятларига зиддир.

- Айнан шу таҳдид боис¸ мен бугун ўз номзодимни эълон қилмоқдаман¸ дейилади Байден видеомурожаатида.

Ҳозирга қадар Демократик партия аъзоларидан 18 нафари 2020 йилги президентлик сайловига ўз номзодини қўйди. Сўнгги сўров натижаларига кўра¸ бу номзодлар орасида 76 яшар Байден тарафдорлари кўпчиликни ташкил қилади.

Сиëсий таҳлилчилар фикрича¸ Байденнинг катта ва кичик донорлардан ўз сайловолди кампаниясига энг кўп маблағ йиғиш ва америкаликлар орасида нуфузи баландлигича қолаëтган собиқ президент Барак Обама қўлловига эришиш эҳтимоли кучлидир.

Кун янгиликлари

10 дан ортиқ давлат раҳбари Ливиядаги вазият муҳокамаси учун Берлинга йиғилди

19 январь куни 10 дан ошиқ давлат, жумладан, Туркия, АҚШ ва Россия вакиллари Берлинда тўпланди.

Улар "яна бир Сирия"га айланмаслиги учун, Ливиядаги вазиятни муҳокама қилди.

Германия канцлери Ангела Меркель мезбонлик қиладиган саммитга Хитой, Британия, Франция, Миср, Алжир ҳамда Бирлашган Араб Амирликлари вакил юбориши айтилган. Саммитда БМТ, Европа иттифоқи ҳамда Араб лигаси вакиллари ҳам қатнашиши айтилган.

Саммит иштирокчилари орасида АҚШ давлат котиби Майко Помпео, Россия президенти Владимир Путин, Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған, Франция президенти Эммануэль Макрон ҳамда Британия бош вазири Борис Жонсонлар бор. Шунингдек, саммитда Ливияда бир-бирига қарши курашиб келаётган икки рақиб ҳукумат вакиллари бор.

Помпео билан Берлинга отланган АҚШ расмийси Ливия тобора Сурияга ўхшаб бораётганини, хусусан, кўплаб одам ҳалок бўлганини ва минглаб одам Европага қочаётганини айтди.

Саммит давомида Германия ҳамда БМТ Ливияда жанг қилаётган тарафларни ўт очишни тўхтатишга ва кузатув механизмини жорий қилиш бўйича келишув имзолашга чорлаши кутилмоқда.

Православ насронийлар эпифания байрамини нишонламоқда

Православ насронийлар пайғамбар Исо Масиҳ таваллудига боғланган 3 муқаддас байрамлардан бири - эпифанияни нишонламоқда.

Православ календарь бўйича 19 январга тўғри келган байрамда диндорлар, Исо Масиҳнинг Иордан дарёсида чўқинтирилгани рамзи ўлароқ, совуқ сувга шўнғийди.

Ушбу анъана нафақат гуноҳларни ювиш, балки бардошлилик ва баркамол соғлик синови ўлароқ кўрилади.

90 миллионга яқин аъзоси бўлган Рус православ черкови муздек сувга шўнғиш удумини эпифания арафасида ҳамда байрам куни амалга оширишга чорлайди.

Россия патриархи Кирил байрам арафасини Москвадаги Халоскор Исо соборида нишонлади.

18 январдан 19 январга ўтар кечаси минглаб москвалик дарё ва бассейнга шўнғигани хабар қилинди.

19 январь оқшомида ҳам минглаб диндорнинг муздек сувга шўнғиб, эпифанияни нишонлаши кутилмоқда.

Москва думаси депутати Конституция ўзгаришига қарши норозиликка чорлади

Москва шаҳри думаси депутати Юля Галямина

Москва шаҳри думасининг либерал кўрилган депутати Юля Галямина москваликларни 19 январь куни президент Владимир Путин таклиф қилаётган конституцион ислоҳотларга қарши норозилик билдиришга чорлади.

17 январь куни Галямина ВКонтакте тармоғидаги саҳифасида Путин 15 январь куни Федерал мажлис олдида сўзлаган нутқи давомида таклиф қилган ўзгаришларни давлат тўнтаришига тенглаштирди.

Галямина пойтахт аҳолисини ҳуқуқшунос Станислав Маркелов ҳамда «Новая газета» журналисти Анастасия Бабурова қотиллигини хотирлашга бағишланган ва олдиндан режалаштирилган акцияда қатнашишга чорлади.

17 январь куни Москва шаҳри мэрияси 1 февраль куни Сахаров проспектида конституцияни ўзгартиришга қарши 10 минг кишилик акцияга рухсат берди.

Россия президенти Владимир Путин 15 январь куни Федерал мажлисга берган йиллик ҳисоботи давомида мамлакат конституциясига йирик ўзгартиришлар киритишни таклиф қилди.

Бу ўзгартиришлар Россия Давлат кенгаши, парламент ва бош вазир ваколатларини кенгайтиришга қаратилгани айтилди.

Путиннинг Федерал мажлисга мурожаати ортидан 2012 йилдан буён бош вазир Дмитрий Медведев бошқариб келган ҳукумат истеъфога кетди.

Таҳлилчилар 2024 йилда президентлик муддати тугайдиган Путин конституцияни ўзгартириб, ўзига замин тайёрлаётганини айтишмоқда.

Украина президенти бош вазири истеъфосини қабул қилмади

Украина президенти Володимир Зеленский бош вазир Алексей Гончарукнинг истеъфосини қабул қилмади. Зеленский Гончарук ҳамда унинг ҳамкасбларига “агар улар бугунги жамият учун жуда муҳим бўлган айрим масалаларни ҳал қилсалар”, уларга имкон беришга қарор қилганини айтди. Бу ҳақда Украина президенти сайтида хабар берилди.

Баённомада ёзилишича, Зеленский ҳозир “давлатни иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан остин-устун қилиш мавриди эмаслигини” айтган.

Аввалроқ Гончарук истеъфога чиқишини эълон қилган эди. Бунга Гончарук Зеленскийнинг иқтисодий билимга эга эмаслиги ҳақида нолигани акс этган аудиоёзув Интернетда улашилгани туртки бўлди.

Украина конституциясига кўра, истеъфога чиқиш тўғрисидаги қарорларни Олий Рада қабул қилади. Аммо Гончарук ўз аризасини Зеленскийга юборди.

Гончарукнинг сўзларига кўра, аудиоёзувда ҳукумат йиғилишлари давомида айтган гапларидан парчалар жамланган. Бош вазир аудиоёзувни ислоҳотларга қарши тарафлар эълон қилганини таъкидлади. Зеленский эса икки ҳафта ичида Гончарук ва бошқа расмийларнинг суҳбатларини ёзишда иштирок этганларни топишни талаб қилди. Шунингдек, у келажакда бунга ўхшаш ҳолатлар олдини олиш учун чора кўрилишини сўради.

Аудиоёзувлар чоршанба куни YouTube платформасида эълон қилинди. Ёзув ҳақиқийлиги ҳали тасдиқлангани йўқ. Давлат хавфсизлик хизмати эса ушбу ҳолатга алоқаси йўқлигини билдирди.

Гончарук ўтган йили Олий Рада сайловларида Зеленскийнинг “Халқ хизматкори” партиясини ғолиб чиққанидан кейин ҳукумат тепасига келган эди

Канада Эронда уриб туширилган учоқ қурбонлари оилаларига моддий ёрдам кўрсатади

Канада бош вазири Жастин Трюдо “Украина халқаро ҳаво йўллари” авиаширкатига қарашли учоқ Эронда уриб туширилиши оқибатида ҳалок бўлган 57 нафар Канада фуқароси ҳамда 29 нафар доимий резиденти оиласига шошилинч моддий ёрдам кўрсатилишини маълум қилди.

17 январь куни Трюдо ўз ҳукумати ҳалок бўлган йўловчилар оиласига 25 минг Канада доллари беришини, аммо бу пулни Эрон тўлиқ компенсация қилишини кутишини айтди. Бош вазир ушбу илк ёрдам оила аъзоларининг яқинларини дафн этиш, Эронга саёҳат қилиш билан боғлиқ ва бошқа кечиктириб бўлмас харажатларини қоплашни кўзлашини айтди.

Вазир Эрон кейинчалик тўлайдиган товон жабр кўрган оилаларга ўтказиб берилишини айтди.

- Англашилмовчилик бўлмасин, бу оилаларга Эрон товон тўлашини кутамиз. Аммо мен бу оилалар билан кўришдим. Улар ҳафталаб кутиб ўтира олишмайдилар. Уларга ҳозир ёрдам керак, — деди Трудо.

Эрон расмийлари аввалига 8 январь куни Теҳрон аэропортидан учиб чиққанидан кейин кўп ўтмай қулаган “Украина халқаро ҳаво йўллари” авиаширкатига қарашли Boeing 737-800 учоғини ракета уриб туширганини кескин рад этиб, кейинроқ эса учоқни мамлакат ҳарбийлари “ғайриихтиёрий” равишда уриб туширганини тан олди.

Ҳалок бўлган 172 йўловчи орасида Канада фуқароларидан ташқари Эрон, Афғонистон, Украина, Швеция, Британия ва Германия фуқаролари ҳам бўлган.

Канада 2012 йилда Теҳрон билан дипломатик алоқаларни узган эди. Аммо Трюдо ҳалокат ортидан Канада ташқи ишлар вазири Эрон расмийлари билан мулоқотда эканлигини айтди.

Хитойда туғилиш кўрсаткичи 1949 йилдан бери энг паст даражага тушди

2019 йилда Хитойда туғилиш кўрсаткичи 1949 йилдан бери энг паст даражага тушди.

17 январь куни Хитой статистика миллий бюроси ўтган йили ҳар 1000 кишига 10,48 ни ташкил қилганини маълум қилди.

Бюро маълумотларига кўра, 2019 йилда умумий ҳисобда 14,65 миллион чақалоқ туғилган. Бу аввалги йилдагидан 580 мингтага оздир.

2019 йил охирида Хитой аҳолиси 1,4 миллиард кишини ташкил қилди.

Соғликни сақлаш, таълим ҳамда турар жой нархлари ошиб бораётгани оилаларни озроқ фарзанд кўришга ёки умуман бола қилмасликка ундамоқда.

Хитой ҳукумати 2015 йилда “бир оилага бир фарзанд” сиёсатини бекор қилди. Аммо статистика бу қарор туғилиш даражасига таъсир кўрсатмаганини кўрсатмоқда.

Аҳолиси энг кўп давлат ҳисобланувчи Хитойда қариялар сонининг ошиб бораётгани соғлиқни сақлаш ҳамда нафақа тизимларини мушкул аҳволга солиб қўйган.

Доҳада АҚШ ва Толибон вакиллари тинчлик музокараларини олиб бормоқда

Қатар. Толибоннинг Доҳа шаҳридаги қароргоҳи.

Толибон вакили Суҳаил Шаҳин Қатар пойтахти Доҳада АҚШ махсус вакили Залмай Ҳалилзод билан музокараларнинг иккинчи куни ўз якунига етганини маълум қилди.

- Ҳар икки тараф кеча ва бугун самарали музокара олиб борди. Музокаралар яна бир неча кун давом этади. Биз улар ҳақида маълумот бериб борамиз, — деб ёзди Шаҳин ўз Twitter саҳифасида.

Вакил музокаралар фойдали бўлганини ҳамда икки тараф келишув имзолашни муҳокама қилаётганини қўшимча қилди.

Ҳозирча АҚШ расмийлари музокаралар ҳақида баёнот бергани йўқ.
Шундай бўлса-да, Reuters агентлиги исми очиқланмаган манбаларга таянган ҳолда агар тарафлар келишувга эришса, Толибон 10 кунга ўт очишни тўхтатишини, Афғонистондан ҳужумларни озайтиришини ҳамда Афғонистон ҳукумати расмийлари билан музокара олиб боришини хабар қилди.

Таҳлилчилар Толибон билан тинчлик келишувини имзолаш мамлакатда тинчлик ўрнатилишига замин яратишини айтишмоқда.

Эрон олий раҳбари 8 йилда илк марта жума намозига имомлик қилди

Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаий.

Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаий саккиз йилдан биринчи марта жума намозида имом вазифасини бажарди.

17 январь куни Теҳроннинг Мосалла масжидида айтган ваъзида 80 ёшдаги Хоманаий Эрон Ироқдаги АҚШ ҳарбийларига ракета билан қилган ҳужум “димоғдор тузум юзига туширилган тарсаки” бўлганини айтди.Намоз кўп сонли полиция назорати остида ўқилди.

Эронда 11 январь куни расмийлар “Украина халқаро ҳаво йўллари” авиаширкатига қарашли Boeing 737-800 учоғини адашиб уриб туширганини тан олганидан бери мамлакатда норозилик намойишлари тинчимаяпти.

Эрон расмийлари аҳолини мамлакат ҳарбийлари ҳамда Ислом инқилоби муҳофазаси корпусини қўллашга чорлади.

“Украина халқаро ҳаво йўллари” авиаширкатининг Теҳрон-Киев йўналишидаги PS752 рейси 8 январь куни Теҳрон аэропортидан учиб чиққанидан кейин кўп ўтмай Эрон ҳарбийлари отган ракета туфайли қулаб тушган эди.

Эрон армияси “ғайриихтиёрий” равишда уриб туширилганини айтаётган учоқ бортидан 176 кишининг барчаси ҳалок бўлди.

Учоқ бортида 82 эронлик, 57 канадалик, 11 украиналик, 10 швециялик, 10 афғонистонлик, 3 германиялик ҳамда 3 нафар британиялик бўлган.
Теҳрон бошида ҳарбийлари учоқни уриб туширганини рад этди, аммо буни тасдиқловчи далил кўпайиши ортидан ракета “ҳарбийлар хатоси” туфайли уриб туширилганини тан олди.

Қозоғистон суди прокуратуранинг хитойлик этник қозоқни Хитойга топшириш тўғрисидаги талабини қондирмади

Тлек Табарак

Жаркент шаҳар (Қозоғистон) суди 16 январь куни “чегарадан ноқонуний ўтганлик”да айбланган хитойлик этник қозоқ Тлек Табаракни олти ой муддатга озодликдан маҳрум қилди ва суд залидан озод қилди.

Тлек Табарка 2019 йил 22 октябрдан бери ҳибсда ушлаб турилган, тергов изоляторида ўтказилган бир кун икки кунга ҳисобланади.

Судья Динара Куйкабаева енгиллаштирувчи вазиятни ҳисобга олганини айтди: Табарак аввал судланмаган, унинг қўлида Қозоғистонда яшаш хуқуқини берувчи муддати ўтиб кетмаган ҳужжат бор, бундан ташқари, у чегарани бузиб ўтар экан, ота-оналари - Қозоғистон фуқаролари билан кўришмоқчи бўлган.

Пайшанба куни прокурор суддан Табаракни олти ойга озодликдан маҳрум қилишни ҳамда беш йил муддатга кирмаслик шарти билан Қозоғистондан чиқариб юборишни сўраган эди.

Судланувчи Табарак судга мурожаат қилиб ўзини Хитойга топширмасликни сўради. Хуқуқ ҳимоячиларининг сўзларига қараганда, Хитойда уни шафқатсиз жазо кутмоқда, чунки ҳужжатсиз Хитой чегарасини бузиб ўтиш бу мамлакатда оғир жиноятлар турига киради.

Сўнгги икки йилда расмийлар хитойлик ўнлаб қозоқларни жавобгарликка тортди. Улар Шинжонда Пекин томонидан мусулмон бўлган туб туркий халқларга нисбатан олиб борилаётган сиёсат туфайли Қозоғистонга қочиб ўтишга мажбур бўлганликларини айтишади.

Украина бош вазири Интернетда тарқаган аудио сабабли истеъфо сўраб ариза ёзди

Украина бош вазири Олексий Гончарук

Украина бош вазири Олексий Гончарук Интернетда унинг гаплари эълон қилингани ортидан истеъфо сўраб ариза ёзди.

Номаълум шахс томонидан эълон қилинган аудиоёзувда Гончарук мамлакат президенти Володимир Зеленскийни иқтисодиётни тушунмайди, деган.

"Мен президент дастурини бажариш учун мансабга келганман, - деб ёзди Гончарук ўзининг Фейсбукида. - У мен учун очиқлик ва ҳалоллик рамзидир. Бироқ, президентимизга бўлган ишонч ва ҳурматга шубҳа туғдирмаслик учун мен истеъфо сўраб ариза ёздим ва уни парламентга тақдим қилиш ҳуқуқи билан президентга топширдим".

"Украинская правда" нашрининг ёзишича, Украина қонунчилигига биноан ҳукумат фаолияти тўғрисидаги дастур тасдиқланган вақтдан бошлаб бир йил мобайнида ҳукумат истеъфосини муҳокама қилиш мумкин эмас. Шу тариқа, Гончарук ҳукумати 2020 йилнинг октябрига қадар иммунитетга эга.

Қирғизистон Олий суди умрбод қамалган Азимжон Асқаров ишини янги ҳолатлар бўйича кўриб чиқади

Азимжон Асқаров

Қирғиз Республикаси Олий суди янги очилган ҳолатлар бўйича умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров ишини кўриб чиқади. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар қилди.

Азимжон Асқаров 2010 йил, июнь ҳодисаларидан кейин тартибсизликларни ташкиллаштириш ва милиция ходимини ўлдиришда қатнашганлик гумони билан қўлга олинган. Барча инстанциялардаги судлар қарори билан у умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

2016 йилнинг апрелида БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси Қирғизистон расмийларини инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ишини қайта кўриб чиқишга чақирган. Қўмита ўз қарорини ноқонуний қўлга олиш, қийноқлар қўллаш ва Азимжон Асқаровни оғир шароитларда сақлаб турилиши билан асослаган. Қирғизистон суди ишни янги ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиққан, бироқ ҳукмни ўзгаришларсиз қолдирган.

Қирғизистонда оилавий зўравонликдан жабр кўрганлар учун кўмак марказлари очилади

Иллюстратив сурат.

Қирғизистоннинг Бишкек ва Ўш шаҳарларида яқин орада давлатга тегишли иккита кризис маркази очилади. Бу ҳақда 16 январь куни бош вазир ўринбосари Алтинай Ўмурбекова Хотин-қизлар ва гендер масалалари бўйича Миллий кенгаш мажлисида маълум қилди.

Ҳукумат матбуот хизматига кўра, Ўмурбекова эри томонидан ўлдирилган икки аёл қисматига тўхталиб, оилавий зўравонлик муаммосини бартараф этишга давлат институтлари ва жамият аралашиши лозимлигини таъкидлаган.

“Масаланинг долзарблигини эътиборга олган ҳолда, прокуратура идораларини оилавий зўравонликка оид ҳар бир фактни назоратга олишга чақираман, қонун ижроси назорат қилиниши лозим, ИИВ раҳбарияти мунтазам равишда шахсий таркиб билан оилавий зўравонлик фактига алоҳида эътибор қаратиш юзасидан иш олиб бориши керак”, деди бош вазир ўринбосари.

Ўмурбековага кўра, Бишкек ва Ўш шаҳарларида давлатга қарашли иккита кризис маркази очилади, барча шаҳар ва қишлоқ ҳукуматларида оиладаги зўравонликларни бартараф этиш қўмиталари ташкил этилади. Бу маҳаллий ҳокимият идоралари, диний ва ноҳукумат ташкилотлари, шунингдек маҳаллий ҳамжамиятнинг бошқа фаолларидан ташкил топган доимий фаолият юритувчи коллегиал орган бўлади.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, мамлакатда оилавий зўравонликлар қурбонлари сони йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Агар 2012 йили оилавий зўравонлик бўйича 2415 та ҳодиса қайд қилинган бўлса, 2017 йили бу кўрсаткич 7114 тага, 2019 йилда эса 8159 тага етган.

Мишустин Россия бош вазири этиб тайинланди

Россиянинг янги бош вазири Михаил Мишустин.

Россия Давлат думаси бош вазир лавозимига Михаил Мишустин номзодини маъқуллади. Шундан сўнг Россия президенти Владимир Путин Мишустинни бош вазир этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Мишустиннинг бош вазир этиб тайинланишини ёқлаб Думадаги 383 нафар овоз берди, 41 депутат овоз беришдан тийилди.

53 ёшли Мишустин Россия Федерал солиқ хизматини 2010 йилдан бери бошқариб келган. Бунгача у инвестиция бизнеси билан машғул бўлган, солиқ хизмати ва ҳукуматда ишлаган.

Дмитрий Медведев бошчилигидаги Россия ҳукумати 15 январь оқшомида истеъфога чиққан. Ҳукумат истеъфоси президент Путин Федерал мажлисга йиллик мурожаатини ўқиб эшиттирганидан бир неча соат ўтиб эълон қилинган.

Халқаро ташкилотлар Бокуни журналист Исмоилованинг чет элга чиқишига рухсат беришга чақирди

Озарбайжолик суриштирув журналисти Хадича Исмоилова.

Нодавлат ташкилотлар Озарбайжон расмийларини суриштирув журналисти Хадича Исмоиловага нисбатан жорий этилган мамлакатдан чиқишга тақиқни бекор қилишга чақирди.

Исмоилова 2015 йилда 7,5 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди. Унга қўйилган айбловни кўпчилик сохта деб баҳолаган. 2016 йилда журналист шартли озодликка чиқарилди, аммо унинг хорижга чиқиши тақиланган.

15 январь куни уч халқаро ташкилот: Index on Censorship, Reporters Without Borders U.K. ҳамда Transparency International U.K. ташкилотлари қўшма баёнот эълон қилиб, Исмоилова озарбайжонлик депутат судга берган журналист ишида кўрсатма бера олиши учун мамлакатдан чиқишига рухсат берилишини сўрашганини маълум қилди.

Руминиялик журналист Пол Раду устидан суд кейинги ҳафтада бошланади. Суд Лондон шаҳрида бўлиб ўтади.

Transparency International U.K. директори Дэниэл Брюс Исмоилова Раду ишида кўрсатма беришига тўсқинлик қилинаётгани “ҳақиқатни фош қилишга уринганларни қўрқитиш уриниши эканлигини” таъкидлади.

Раду Уюшган жиноятчиликка қарши кураш Маркази (OCCRP) суриштирув гуруҳининг асосчиси ҳамда директоридир.

Ташкилот Озарбайжон парламенти аъзоси Жавансир Фейзиев ҳақида икки мақола чоп этиши ортидан депутат Раду устидан судга шикоят аризаси билан мурожаат қилган. Исмоилова OCCRP гуруҳининг Озарбайжондаги етакчи мухбири ўлароқ ушбу суд ишида муҳим гувоҳидир.

Эрон ядровий келишув шартларини бузишда давом этмоқда

Эроннинг Қум шаҳридаги уранни бойитиш ускуналари.

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний Теҳрон қудратли давлатлар билан келишув имзоланган 2015 йилгача бўлган кўрсаткичдан ҳам кўпроқ кўламда уран бойитаётганини билдирди.

16 январь куни президент:

- Эронга босим кучаймоқда, аммо биз олға қадам ташлаяпмиз, — деди.

Эрон расмийлари бойитилган уран ишлаб чиқарилишига қўйилган барча чекловларни бекор қилган.

2018 йилда АҚШ президенти Дональд Трамп Эрон билан эришилган келишувдан Вашингтонни чиқариб қолиши ортидан Теҳрон унга қўйилган чекловларга амал қилишни тўхтатди. Хабарларга кўра, ҳозирги кунга келиб Эронда оғир сув, уран кўлами ҳамда центрифугалар сони рухсат этилганидан ошиб кетди.

Трамп Теҳроннинг ядровий дастурига муддатсиз чеклов қўювчи ҳамда мамлакатнинг баллистик ракета дастурини чекловчи янги шартнома имзоланишини истайди.

2015 йилги келишувни имзолаган Британия, Франция, Германия, Хитой ва Россия уни сақлаб қолишга уриниб келади. Аммо бу давлатлар Эронга ўз нефтини АҚШ санкцияларини четлаб ўтиб сотиш йўлини топиб бера олмади. Натижада Эрон валютаси кескин қадрсизланиб кетди.

Канадалик терговчилар Эронда Украина учоғи қулаган ҳудудга борди

Украина президенти Володимир Зеленский Канаданинг Киевдаги элчихонасида учоқда ҳалок бўлган канадаликлар хотирасига гул қўймоқда. 2020, 15 январь.

Канада терговчилари Эронга сафар қилиб, Теҳрон яқинида “Украина халқаро ҳаво йўллари” авиаширкатига қарашли Boeing 737-800 учоғини уриб туширилган ерга борди.

15 январь куни Канада транспорт вазири Марк Гарно Эрон ҳали учоқ қора қутиларидаги маълумотни уларга тақдим этмаганини билдирди..

“Украина халқаро ҳаво йўллари” авиаширкатининг Теҳрон-Киев йўналишидаги PS752 рейси 8 январь куни Теҳрон аэропортидан учиб чиққанидан кейин кўп ўтмай Эрон ҳарбийлари отган ракета туфайли қулаб тушган эди.

Эрон фожиани тергов қилишга отланган бир гуруҳ канадаликка виза берди.

Эрон армияси “ғайриихтиёрий” равишда уриб туширилганини айтаётган учоқ бортидан 176 кишининг барчаси ҳалок бўлди.

Учоқ бортида 82 эронлик, 57 канадалик, 11 украиналик, 10 швециялик, 10 афғонистонлик, 3 германиялик ҳамда 3 нафар британиялик бўлган.

- Эронликлар нафақат қора қутилар маълумотини расшифровка қилишда, балки уни таҳлил қилишда ҳам қатнашишимизни айтишди, - деди Гарно.

Гарно 16 январь куни Украина, Швеция, Афғонистон ҳамда Британия ташқи ишлар вазирлари учрашиб, Эрон расмийларининг тўлиқ ҳамкорлигини таъминлаш масаласини муҳокама қилишини айтди.

- Ишонинг, Канада бу ишнинг тагига етади, - дея қўшимча қилди расмий.

Теҳрон бошида ҳарбийлари учоқни уриб туширганини рад этди, аммо буни тасдиқловчи далил кўпайиши ортидан ракета “ҳарбийлар хатоси” туфайли уриб туширилганини тан олди.

Путин Россиянинг бош солиқчисини ҳукумат раҳбари лавозимига номзод ўлароқ кўрсатди

Михаил Мишустин.

Россия президенти Владимир Путин 15 январь куни Федерал солиқ хизмати раҳбари Михаил Мишустинни Давлат думасига бош вазир лавозимига номзод ўлароқ кўриб чиқиш таклиф қилди.

53 ёшли Мишустин солиқ хизматини 2010 йилдан бери бошқариб келади. Бунгача у инвестиция бизнеси билан машғул бўлган, Федерал солиқ хизмати ва ҳукуматда ишлаган. Уч вазир қўл остида солиқ ва йиғимлар бўйича вазир муовини вазифасида фаолият юритган.

2014 йил якунларига кўра, унинг рафиқаси амалдорларнинг энг бой хотинлари рейтингидан жой олган. Мазкур рейтингга Forbes журнали даромади йилига 160 миллион рублдан ошган шахсларни киритган.

Аввал хабар қилганимиздек, Россия ҳукумати 15 январь оқшомида истеъфога чиққан. Медведев кабинетининг истеъфоси президент Путин Федерал мажлисга йиллик мурожаатини ўқиб эшиттирганидан бир неча соат ўтиб эълон қилинган.

Трамп импичментига оид ҳужжатлар Сенатга йўлланди

АҚШ Конгресси Намояндалар палатаси спикери Нэнси Пелоси (ўртада) импичмент жараёнига бағишланган матбуот анжуманида, Вашингтон, 2020 йил 15 январи.

АҚШ Конгрессининг Намояндалар палатаси президент Дональд Трамп импичментига оид ишни кўриб чиқиш учун Сенатга юбориш масаласини овозга қўйди. Конгрессменлардан 228 нафари ишнинг Сенатга юборилишини ёқлаб овоз берди, 193 нафари эса бунга қарши чиқди, дея хабар қилади Associated Press.

Эндиликда сенаторлар давлат раҳбарига қўйилган айбловлар асосли ёки эмаслиги ҳамда унинг ўз лавозимида қолиш-қолмаслиги юзасидан қарор қабул қилишлари керак.

Президент ўз ваколатларини суиистеъмол қилганликда ва конгресс ишига тўсқинлик қилганликда айбланмоқда. Сенаторлар бу ишда ҳакамлик вазифасини ўтайди. Тингловда айблов томони конгрессменлар вакиллари бўлади, маҳкамага эса АҚШнинг бош судьяси Жон Робертс раислик қилади.

Конгрессменлар иддаолари сенаторларнинг учдан икки қисми томонидан эътироф этилган тақдирдагина қабул қилинади.

Сенатдаги кўпчиликни Трампни президентликка кўрсатган Республикачилар партияси вакиллари ташкил қилади. Конгрессдаги республикачилардан ҳеч қайсиси президентга қўйилган айбловни дастаклаган эмас. Таҳлилчиларнинг аксарияти Трампнинг оқланишига шубҳа қилмаяпти.

Қоҳирада полиция Туркиянинг Онадўли ахборот агентлиги ходимларини тутиб кетди

Иллюстратив сурат.

Миср расмийлари Туркия давлатига қарашли Онадўли ахборот агентлигининг Қоҳирадаги ваколатхонасига рейд уюштириб, бу ерда ишлаган тўрт ходимни қўлга олдилар. Бири Туркия, уч нафари Миср ватандоши бўлган журналистлар полиция 15 январь оқшомида таҳририятда тинтув ўтказганидан кейин тутиб кетилган. Ҳодиса икки давлат ўртасида Ливия борасида таранглик кузатилаётган бир пайтда рўй берди.

Журналистлар ушлаб кетилиши ортидан Туркия Ташқи ишлар вазирлигига Миср Ташқи ишлар вазирлигининг Анқарадаги вакили чақирилди.

“Бу турк матбуотига босим ўтказиш ва ҳуркитиш ҳаракатидир ва биз буни кескин қоралаймиз”, дейилади Туркия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида. Вазирлик Миср расмийлари агентлик ходимларини зудлик билан озод қилишига умид билдирган.

Туркия ва Миср Ливияда қарама-қарши томонларни дастакламоқда. Анқара Триполидаги халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган Миллий тотувлик ҳукуматини қўллаб-қувватлаётган бўлса, Қоҳира ливиялик исёнкор генерал Халифа Ҳафтарга кўмак кўрсатмоқда. Аввалроқ Анқара мисрлик ҳарбийлар томонидан 2013 йили ҳокимиятдан ағдарилган президент Муҳаммад Мурсийни ҳам дастаклаб келган.

Тожикистонда бешта янги рус мактаби қурилади

Душанбедаги парламент биноси.

Тожикистон парламентининг қуйи палатаси 15 январь куни Тожикистон ва Россия ҳукуматлари ўртасида эришилган бешта рус тилли мактаб қуриш ва моддий-техник таъминлаш борасидаги шартномани ратификация қилди.

Чоршанба куни ҳужжатни парламент депутатларига тақдим қилган Тожикистон таълим ва фан вазирининг ўринбосари Раҳматулло Мирбобоев янги мактаблар Душанбе, Кўлоб, Хўжанд, Бохтар ва Турсунзода шаҳарларида қад ростлашини айтган.

Ҳар бир ўқув муассасида 1200 нафаргача бола таълим олиши мумкин. Вазир ўринбосарига кўра, янги мактаблар яқин уч йилда фойдаланишга топширилади.

Россия томонидан Тожикистонда бешта рус мактаби қуриш борасидаги шартнома 2019 йил апрелида Россия президенти Владимир Путин ва Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ўртасидаги музокаралар якунида Москвада имзолаган эди.

“Мактаблар фойдаланишга топширилгач, бу таълим даргоҳларида Россия таълим стандартлари бўйича сабоқ берилади”, дейилади шартномада.

Россия ҳукумати истеъфога чиқди

Москва, 2020, 15 январь.

Россия ҳукумати истеъфога чиқди. Бу ҳақда бош вазир Дмитрий Медведев президент Владимир Путин билан учрашувда маълум қилди.

Медведев ҳукуматининг истеъфоси президент Путин Федерал Мажлисга йиллик мурожаатини ўқиб эшиттирганидан бир неча соат ўтиб эълон қилинди.

Путин мурожаати давомида конституцияга ўзгартиришлар киритишни таклиф қилди. Россия раҳбари таклиф қилаётган ўзгартишлар мамлакат сиёсий тизимини кескин ўзгартириши айтилмоқда.

Путин Хавфсизлик кенгашида раис ўринбосари лавозими жорий этилишини ва унга Дмитирий Медведевни тайинламоқчи эканлигини билдирди.

Путин 15 январь куни Федерал Мажлисда сўзлаган нутқида 1993 йилда қабул қилинган конституция ўзгартирилиши керак, деган фикрни билдирди. Хусусан, президент вазирларни ҳамда бош вазирни тайинлаш ҳуқуқи Россия парламентининг қуйи палатаси - Давлат Думасига ўтказилиши кераклигини айтди. Айни дамда уларни президент тайинлайди.

Аммо Путин бир вақтнинг ўзида Россия “кучли президент республикаси” бўлиб қолиши кераклигини айтди. Унинг сўзларига кўра, вазирларни ҳамда бош вазирни ишдан олиш ҳамда мудофаа ва хавфсизлик вазирларини тайинлаш ҳуқуқи президентда қолиши керак.

Эри Хитойдан қайтарилишини талаб қилиб, ёлғиз пикет ўтказган қозоғистонлик аёлни расмийлар огоҳлантирди

Фарида Қабилбек мухбирлар саволларига жавоб бермоқда.

Олмаота шаҳридаги Хитой консуллиги олдида Шинжонда қамалган эри озод қилинишини талаб қилиб бир ўзи акция ўтказган аёлни Қозоғистон расмийлари огоҳлантирди.

14 январь куни Фарида Қабилбек эрининг суратини танасига илиб, консуллик олдида пикет уюштирди. Олмаота шаҳар мэрияси расмийси Рита Эрманова консуллик олдига бориб, Қабилбек шаҳар расмийларидан рухсат олмаганини, шу сабаб унинг норозилик акцияси ноқонуний эканлигини айтди.

Қабилбекнинг сўзларига кўра, унинг турмуш ўртоғи Рақижан Зейнуллаули 2004 йилда Қозоғистон фуқаролигини олган. Ўша йили асл ватани бўлмиш Шинжонга борганида уни жосусликда айблаб, 13 йилга озодликдан маҳрум қилишган.

Қабилбек эри қамоқ муддатини тўлиқ ўтаганини, аммо Хитой расмийлари унга бошқа айблов қўйиб, яна 18 ой қамоқда ушлаб туришганини айтди. Қабилбек ҳозир эри уй қамоғида эканлигини айтиб, Хитой ва Қозоғистон расмийларини эрини Қозоғистонга олиб келишга кўмаклашишга чақирди.

Қабилбек билан сўзлашиш учун Хитой консуллигидан ҳеч ким чиқмади.

Кейинги ойларда Зейнуллаули каби Шинжонда қамалган этник қозоқларни Қозоғистонга қайтариш талаби билан бир неча акция ўтказилди.

Путин йиллик нутқида россияликларни туғишни кўпайтиришга чақирди

Россия президенти Владимир Путин

Россия президенти Владимир Путин парламент олдида сўзлаган йиллик нутқи давомида ички масалаларга, жумладан, Россия аҳолисининг озайиб бораётгани билан боғлиқ масалаларга тўхталиб ўтди.

Путин 15 январь куни Федерал Мажлис олдида сўзлаган нутқида туғилишни кўпайтириш ҳамда янги оилаларни қўллаб-қувватлаш учун расмийлар кўпроқ чора кўриши кераклигини таъкидлади.

Президентнинг сўзларига кўра, қисқариб бораётган маошлар аҳоли сони ўсишига тўсқинлик қилмоқда. Айни дамда Россия аҳолиси 147 миллион кишини ташкил қилади.

Россия президенти туғилишни кўпайтириш учун ҳукумат қўшимча субсидиялар жорий қилинишини билдирди.

Путиннинг нутқи Россия Қримни аннексия қилиб, Украина шарқида айирмачиларни қўллаётгани ҳамда АҚШ сайловларига аралашгани учун Ғарб давлатлари мамлакатга қарши санкция жорий қилган бир пайтга тўғри келди.

Иқтисодчилар Россияга қарши жорий қилинган санкциялар мамлакат иқтисодий ўсишини секинлатгани айтишмоқда. Хусусан, санкциялар туфайли мамлакатда камбағаллик ошиб бормоқда. Шунингдек, аҳоли ўртасида жорий ҳукуматдан норозилик ошиб бормоқда. Ўтган йилнинг ёзида пойтахт Москвада ва бошқа шаҳарларда кенг кўламли аксилҳукумат норозилик намойишлари бўлиб ўтди.

Эрон президенти: Учоқ ҳалокати ҳақида ёлғон гапирган ҳарбийлар узр сўраши керак

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний мамлакат бўйлаб тинчимаётган норозилик намойишлари фонида эронликларни миллий бирликка чорлади.

Эрон расмийлари аввалига 8 январь куни Теҳрон аэропортидан учиб чиққанидан кейин кўп ўтмай қулаган “Украина халқаро ҳаво йўллари” авиаширкатига қарашли Boeing737-800 учоғини ракета уриб туширганини кескин рад этиб, кейинроқ эса учоқни мамлакат ҳарбийлари “ғайриихтиёрий” равишда уриб туширганини тан олди.

Натижада Теҳрон ва бошқа шаҳарларда норозилик намойишлари бошланди.

Аввалроқ Эрон ташқи ишлар вазири Жавод Зариф Ҳиндистонда бўлиб ўтган анжуманда одамлар уларга “ёлғон гапиришгани” учун намойишга чиқишганини таъкидлади.

Руҳоний 15 январь куни қилган чиқишида:

- Халқ расмийлар уларга самимий, тўғри ва ишончли муносабатда бўлишини хоҳлайди, — деди.

Президент Эрон армиясини узр сўраб, аслида нима содир бўлганини очиқлашга чақирди.

Уриб туширилган самолёт бортида бўлган барча 176 нафар йўловчи ва экипаж аъзоси нобуд бўлган.

Ҳалокат Эрон қўшни Ироқдаги АҚШ қўшинларига ракета билан ҳужум қилганидан кейин бир неча соат ўтиб содир бўлган.

“Украина халқаро ҳаво йўллари” авиаширкатининг PS752 рейси бортида 82 эронлик, 57 канадалик, 11 украиналик, 10 швециялик, 10 афғонистонлик, 3 германиялик ҳамда 3 нафар британиялик бўлган.

11 январь куни Эрон ҳарбийлари йўловчи учоқ “ғайриихтиёрий” равишда уриб туширилганини тан олганидан бери мамлакатда норозилик намойишлари тинчимаяпти.

Атамбаев 15 мартга қадар тергов ҳибсхонасида қоладиган бўлди

Алмазбек Атамбаев.

Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаевни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси тергов ҳибсхонасида ушлаб туриш муддати суд томонидан 15 мартга қадар узайтирилди. Бу ҳақда унинг адвокати Замир Жўўшев маълум қилди.

Атамбаевнинг адвокатлари иддаосича, собиқ президентнинг саломатлиги ёмонлашган, шу туфайли уни ҳибсда ушлаб туриш мақсадга мувофиқ эмас.

Алмазбек Атамбаев уюшган жиноятчилар етакчиси Азиз Батукаевни қамоқдан ноқонуний бўшатилиши билан боғлиқ иш ва бошқа қатор моддалар билан айбланмоқда. Мазкур иш юзасидан собиқ бош прокурорлар Аида Салянова, Индира Жўлдубаева, ўндан зиёд мулозим ва шифокорга айблов билдирилган.

Батукаев 2013 йили “бедаво дардга йўлиққан”и боис муддатидан аввал қамоқдан озод бўлиб, Россияга учиб кетган. Ички ишлар вазирлиги мазкур ҳодиса юзасидан қайта тергов ўтказиб, ишни судга оширган.

Атамбаев ўтган йил август ойида Қўйтош қишлоғидаги уйида куч ишлатар идоралар томонидан ўтказилган махсус амалиёт чоғида ушланганидан бери МХДҚнинг тергов ҳибсхонасида тутиб турилибди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG