Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:41

Россияда сиëсий маҳбуслар сони ошиб бормоқда


“Мемориал” ҳуқуқ ҳимояси ҳаракати Россияда сиёсий маҳбуслар сони 230 дан ошганини маълум қилди.

Ташкилот 29 апрель куни эълон қилган ҳисоботда ҳукуматнинг сиёсий рақиблари, фуқаровий жамият фаоллари ҳамда журналистлар фаолиятига борган сари кўпроқ таҳдид солинаётгани танқид қилинган.

Шунингдек, айтилишича¸ Россия ҳукумати украиналик фаоллар, диний ва этник озчиликлар ҳамда ЛГБТ фаолларни нишонга олмоқда; улар расмийларга “истаган шахсни қўлга олиш, ушлаб туриш ҳамда қамаш имконини берувчи қонунлар” туфайли тазйиқларга дучор бўлмоқда.

“Кремлнинг сиёсий маҳбуслари” деб номланган ҳисоботни Россиянинг “Мемориал” ҳуқуқ ҳимояси ҳаракати билан ҳамкорликда қароргоҳи Вашингтонда жойлашган Crushing Dissent ташкилоти тайёрлаган.

Ҳисоботда Кремль ҳамда Россия парламенти депутатлари янги қонунлар, мавжуд қонунларга киритилган ўзгаришлар ҳамда административ қонунлардаги ўзгартишлар ёрдамида сиёсий рақибларга босим ўтказаётгани айтилади.

Хусусан, ҳисоботда 2012 йилдан бери Россия Жиноий кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси киритилган мана бу ўзгаришлар тилга олинган:

- Оммавий жойда тўпланиб, оммавий тартибни бузиш;

- Жиноий диффамация (иснод);

- Давлат сирини ноқонуний тарзда қўлга киритиш;

- Диндорлар ҳис-туйғуларини ҳақорат қилиш;

- Россия ҳудудий бирлигини бузишга чорловчи оммавий чақириқлар;

- СССРнинг Иккинчи жаҳон уруши давридаги фаолияти ҳақида нотўғри маълумотларни атайин тарқатиш;

- Россия ҳарбий рамзларига оммавий тарзда ҳурматсизлик кўрсатиш, ва

- Жамиятга ҳурматсизлик кўрсатувчи йўл билан Россиянинг ҳарбий ва байрам саналари ҳақида маълумот тарқатиш.

Ҳисоботда, шунингдек, 2012 йилда қабул қилинган “хорижий агентлар” ҳақидаги қонунга алоҳида тўхталиб ўтилган. Ушбу қонун хориждан маблағ оладиган ташкилотларни Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтишга мажбурлайди.

2015 йилда эса Россияда “Номақбул ташкилотлар” ҳақидаги қонун қабул қилинди. У Россия Прокуратурасига мамлакат мудофааси, хавфсизлиги ёки конституцион тизимига таҳдид солади, деб ишонилган ташкилотлар фаолиятини ман этиш ҳуқуқини беради.

Ҳисоботда тилга олинган сиёсий маҳбуслар орасида Михаил Ходоркосвскийнинг ЮКОС хавфсизлик хизмати собиқ раҳбари Алексей Пичугин, террор ҳужумларини уюштиришда айбланаётган украиналик режиссёр Олег Сенцов ҳамда “Номақбул ташкилотлар” қонуни асосида айбланган илк шахс Анастасия Шевченколар бор.

Россияда 1980 йилларда асос солинган “Мемориал” ташкилотига ҳам тобора босим кучаймоқда. Кейинги йилларда ташкилотнинг Россия вилоятларидаги бўлимлари хориж агенти деб топилиб, уларнинг етакчиларига сиёсий айбловлар қўйилди.

25 апрель куни “Россия” давлат телеканали ташкилотни кескин қоралади. Телеканал гуруҳни Россия ёшлари орасида тарғибот олиб боришда айблади. Телеканал ҳужумига “Мемориал” ўзининг йиллик иншо танловига “Россия” телеканали мухбирини киритмагани сабаб бўлди.

XS
SM
MD
LG