Линклар

Шошилинч хабар
28 феврал 2020, Тошкент вақти: 10:35

Халқаро хабарлар

Польшада миллатчилар АҚШ элчихонаси олдида яҳудийларга товон пули тўланишига қарши намойиш ўтказди

Польшада ўтган намойиш.

Польша пойтахти Варшавада 11 май куни минглаб миллатчи АҚШ элчихонаси олдида норозилик намойиши ўтказди.

Миллатчилар АҚШда Холокост вақтида мол-мулкидан ажратилган яҳудийларга товон пули тўлаб бериш тўғрисидаги қонунга қарши эканликларини билдирдилар.

Норозилар АҚШнинг Польша ички ишига аралашишга ҳаққи йўқлигини айтиб, “Бундан буён Польшанинг ҳеч қандай мажбуриятлари йўқ”, “Холокост чиябўрилари” каби шиорларни кўтариб турдилар.

Мазкур намойиш Польшада, марказий ва Шарқий Европада яҳудийларга қарши кайфият кучайган бир пайтда ўтказилди.

АҚШ президенти Дональд Трамп 2018 йилда Холокост вақтида мол-мулкидан ажратилган яҳудийларга товон пули тўлаб берилиши шартлиги тўғрисидаги қонунни имзолаган эди.

Германия 1939 йилнинг 1 сентябрида Иккинчи жаҳон урушини бошлаб берган ва Польшани босиб олган эди. Польша ҳудудидаги махсус лагерларда фашистлар томонидан миллионлаб одамлар, жумладан, яҳудийлар қатлиом қилинган.

Кун янгиликлари

Теҳронда Жума намозлари бекор қилинди, коронавирусдан вице-президент ҳам бенасиб қолмади

Эрон вице-президенти Маъсума Эбтекар.

Коронавирус шиддат билан ёйилаётгани қабатида Эрон пойтахти Теҳронда Жума намозлари бекор қилинди.

Мамлакатда вирусни юқтириб олганлар сони 245 нафарга етди. Улар орасида президентнинг аёллар ва оила ишлари бўйича ўринбосари Маъсума Эбтекар ҳам бор.

Эбтекар Эрон расмийлари орасида COVID-19 вирусини юқтириб олган иккинчи кишидир. Унгача соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Эраж Ҳарирчига вирус юққани хабар қилинганди.

Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, мамлакатда коронавирусдан нобуд бўлганлар сони 26 кишига етган. Бу Хитой хорижида янги вирус қурбонлари сони бўйича энг юқори кўрсаткичдир.

Айни пайтда Хитойда COVID-19 вирусидан ўлганлар сони 2788 нафарга етгани айтилмоқда.

Сўнгги маълумотларга кўра, дунёнинг 40 дан зиёд мамлакатида коронавирусни юқтириб олганлар сони 82 минг нафардан ошиб кетган.

Маккага йўл олган 50 чоғли тожикистонлик Дубайдан ортга қайтарилади

Дубай шаҳри.

Саудия Арабистони 26 февралдан Макка ва Мадина шаҳарларига зиёратчи келишини вақтинча тақиқлагани ортидан Умра зиёратига кетаётган 48 нафар тожикистонлик Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида тутилиб қолди.

Тожикистон ҳукумати ҳузуридаги Дин, миллий анъаналар, тантана ва маросимларни тартибга солиш қўмитаси матбуот котиби Афшин Муқим 27 февраль куни Озодликнинг тожик хизматига “Ормон” сайёҳлик ширкати Дубайдаги зиёратчиларни меҳмонхона ва озиқ-овқат билан таъминлаганини айтди.

“Саудия расмийлари мамлакатга кириш учун рухсат беришмади ва ватандошларимиз яқин икки кун ичида Тожикистонга қайтади”, деди Афшин Муқим.

Қўмита масъули тақиқ бекор қилинмагунича тожикистонликлар Умра зиёратига юборилмаслигини қўшимча қилган. Тожикистонда зиёратчиларни Ҳаж ва Умрага йўллаш билан фақат икки ширкат - "Ормон” ва “Расул сохтмон” сайёҳлик ширкатлари шуғулланади.

Саудия Арабистони расмийларига кўра, Макка ва Мадинага зиёратнинг вақтинча тақиқланиши коронавирус тарқалишига йўл қўймаслик мақсадида амалга оширилмоқда.

ХОҚ: Токио олимпиадасини ўз вақтида ўтказиш режасидан қайтмадик!

Халқаро олимпия қўмитаси раиси Томас Бах.

Халқаро олимпия қўмитаси 2020 йилги Токио олимпиадасини режага кўра ëзда ўтказиш қарорида ҳозирча қатъий.

Бу ҳақда 27 февраль куни ХОҚ раиси Томас Бах япон матбуотига берган интервьюсида маълум қилди.

ХОҚ Токио олимпиадасини белгиланганига кўра¸ 24 июлдан бошлаб¸ унинг муваффақиятли ўтказилишини таъминлаш қарорида қатъийдир"¸ деб иқтибос келтирди Япониянинг Kyodo агентлиги пайшанба куни.

Бу баëнот арафасида жаҳон бўйлаб коронавирус эпидемиясининг ëйилиб бораëтгани ва унинг глобал пандемияга айланиш таҳдиди боис Токио олимпиадасининг кечиктирилиши ҳақида тахминлар тарқаган эди.

Япон агентлигининг олимпиада ўйинларини ўтказишнинг муқобил режаси кўриб чиқилаяптими¸ деган саволига ХОҚ раиси: “Мен турли миш-мишлар оловига бензин қуйишни истамайман”¸ деб жавоб берди.

27 февраль куни Япония расмийлари мамлакатда коронавирусдан ўлганлар сонининг 8 тага етгани ва ўндан ошиқ янги ҳолат қайд этилганини билдирди.

Ҳозиргача Японияда қайдга олинган вирус юқтирганлар сони 900 нафардан ошди. Улардан 705 нафари Япония соҳилига келтирилган Diamond Princess круиз кемаси йўловчиларидир.

Жорий ҳафта душанба кунидан бошлаб Япония ҳукумати янги коронавирус тарқалишини тўхтатиш мақсадида мамлакат бўйлаб барча мактабларни ëпишга қарор қилди.

Эрдўғон: Идлибда яна уч турк аскари ўлдирилди

Суриядаги Туркия ҳарбий колоннаси.

Суриянинг ҳарбий тўқнашувлар бораëтган Идлиб вилоятида Туркия ҳарбий кучларининг уч аскари нобуд бўлди.

Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 27 февраль куни NTV телеканалидаги чиқишида маълум қилди.

Сурия ҳукумат қўшинлари орасидаги талафот бундан каттароқ эканини таъкидлаган Эрдўғон¸ Идлиб учун жанглар давом этажагини билдирди.

Анқара раҳбарига кўра¸ Идлибдаги вазият Туркия фойдасига ўзгармоқда.

“Биз Россия билан музокараларни давом эттираяпмиз. Идлибдаги ҳозирлигимиз маркази Адана бўлиб қолмоқда¸ деди Эрдўғон жумладан.

Айни куни Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Путиннинг 5 март кунги иш жадвалига Туркия президенти билан учрашув киритилмаганини билдирди.

Бу эса¸ Эрдўғоннинг 5 март куни Путин билан Идлибдаги вазият масаласида учрашиши ҳақидаги баëнотига берилган раддиядир.

Идлиб Суриядаги ҳукумат кучлари ва уларга қарши қуролли мухолифат ўртасидаги жанглар маркази бўлиб қолмоқда.

Россия Башар Асад қўшинларини қўллаëтган бўлса¸ Туркия исломий мухолифатни қўлламоқда.

Идлиб бўйича муросага эришишга қаратилган сўзлашувлар ҳозирча самарасиз қолмоқда.

Помпео: АҚШ Қримни ҳеч қачон Россия ҳудуди сифатида тан олмайди!

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео.

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео Вашингтон 2014 йилда Кремль томонидан аннексия қилинган Қрим ярим оролини ҳеч қачон Россия ҳудуди деб тан олмаслигини билдирди.

Бу баëнот Қрим аннексиясига 6 йил тўлиши муносабати билан янгради.

- АҚШ яна бир бор таъкидлайди – Қрим Украинадир¸ деган Помпео Россиядан Қрим оккупациясини тўхтатишни сўради.

- Орадан 6 йил ўтиб ҳам¸ Россия нолегитим нарсани легитимлаштириш истагида ëлғон ва сохта ахборотга таяниш каби самарасиз уринишларини давом эттирмоқда. Бу уринишлар муваффақиятсизликка маҳкумдир¸ деди Помпео жумладан.

АҚШ дипломатлари раҳбарининг бу чиқиши Украина президенти Володимир Зеленский 26 феврални "Қримнинг Россия оккупациясига қаршилик кўрсатиш куни" сифатида нишонлашга қарор қилишидан бир неча соат ўтиб пайдо бўлди.

Россия аннексияси халқаро ҳамжамият томонидан кескин қораланган¸ ЕИ ва АҚШ шу муносабат билан Россияга қарши санкциялар киритган.

Ҳозирга қадар дунëнинг бирор нуфузли давлати Қримни Россия ҳудуди сифатида эътироф этган эмас.

Кремлнинг ашаддий танқидчиси Борис Немцов ўлдирилганига 5 йил тўлди

Борис Немцов ўлдирилган кеча. 2015 йил¸ 27 февраль.

27 февраль куни Кремль¸ хусусан¸ президент Владимир Путиннинг ашаддий танқидчиси бўлган мухолифатчи Борис Немцов отиб ўлдирилганига 5 йил тўлди.

Таниқли сиëсатчи 2015 йил 27 февраль куни Кремль девори яқинида отиб кетилган эди.

27 февраль куни Россиянинг қатор шаҳарлари¸ хусусан¸ Москвада Немцов хотирасига бағишланган турли тадбирлар ўтказилмоқда; анъанага кўра¸ Немцов ўлдирилган кўприк ва унинг қабрига гулчамбар қўйилмоқда.

29 февраль куни Москва шаҳар ҳокимияти рухсати билан пойтахтда Немцов хотирасига бағишланган юриш ўтказилади¸ Санкт-Петербургда бундай юришга ҳозирча рухсат берилмаган.

27 февраль куни Прагадаги Россия элчихонаси олдидаги майдонга¸ шаҳар кенгаши депутатлари қарори билан¸ Немцов номини бериш маросими ўтказилади.

Бу маросимда Немцов тарафдорлари билан бир қаторда¸ бундай қарордан норози бўлганларнинг ҳам тўпланиши кутилмоқда.

Немцов ўлимидан бери беш йил ўтганига қарамай¸ бу қотиллик буюртмачилари ҳозиргача жазоланган эмас. Уни ўлдиришда айбланган беш шахс суд ҳукми билан қамоқ жазосини ўтамоқда.

Ашхобод полицияси вирусдан ҳимояланиш учун ниқоб таққан аёлни жаримага тортди

Иллюстратив сурат.

Юзига тиббий ниқоб таққан ашхободлик аёл 24 февраль куни полициячилар томонидан тутиб кетилди.

“Хроники Туркменистана” нашрининг хабар қилишича, оқшом чоғи уйига қайтаётган аёлни Чандибил этрапи полиция бўлими ходимлари тўхтатиб, паспортини сўраганлар. Аёлнинг ҳужжатларида муаммо бўлмаган, бироқ полициячиларга аёлнинг ниқоб тақиб олгани ёқмаган.

“Сен ҳукуматимизнинг вирусга қарши кўраётган чораларига ишонқирамай қарайсанми? Биз ва бизнинг раҳбариятимиз ниқоб тақмаяпмиз, сен нега ниқоб тақиб олдинг?” деб сўраган полициячи ниқобли одамлар омма орасида ваҳима уруғини сочаётганини қўшимча қилган.

Қўлга олинган аёл шунчаки тиббиёт ходимлари тавсияларини бажараётганини айтган, бироқ уни полиция бўлимига олиб келишиб, 249 манат (расмий курс бўйича 70 доллардан кўпроқ) жарима солишган. Жаримани банк орқали тўлаш талаб қилинган. Улар гаров ўлароқ аёлнинг паспортини олиб қолишган.

Эртаси куни аёл жаримани тўлаб келган ва квитанциясини кўрсатган. Шундан сўнггина унга паспорти қайтариб берилган.

Украинада "Қримнинг Россия оккупациясига қаршилик кўрсатиш куни" таъсис этилди

Украина президенти Володимир Зеленский.

Украина президенти "Қримнинг Россия оккупациясига қаршилик кўрсатиш куни"ни тайинлаш тўғрисида фармон имзолади. У ҳар йили 26 февраль куни нишонланадиган бўлди.

Айнан шу куни (2014 йил) Симферополда яриморол аннексияси бошланишига қарши чиққан қрим татарларининг оммавий митинги бўлиб ўтганди. Қримнинг Россия таркибига қўшилиши тарафдорлари эса уларга қарши чиқишган. Икки ўртада юз берган тўқнашув чоғида икки киши ҳалок бўлган, бир неча киши жароҳат олган. Эртаси куни маҳаллий парламент Россияга қўшилиш бўйича референдум ўтказилиши тўғрисида эълон қилган.

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Зеленскийнинг фармони "қримликлар Россияга қўшилиш қарорини қабул қилганига сабаб бўлган омиллар ва реал вазиятни акс эттирмаслиги”ни билдирди.

26 февраль куни Киевдаги Age of Crimea форумида чиқиш қилган Зеленский Қрим аннексиясига оид масала кун тартибидан олинмаслиги ҳамда “Донбассда тинчлик ўрнатилиши учун тўлов бўла олмаслиги”ни урғулади.

Қрим татарлари лидери Мустафо Жамилев ўз чиқишида яриморолнинг туб аҳолиси ҳақ-ҳуқуқлари бузилаётгани ва таъқиб қилинаётганига эътибор қаратди. У барча томонларни халқаро ҳуқуқ тамойилларига риоя қилишга чақирди. Жамилевга кўра, Россия Қрим ҳудудидан қўшинларини олиб чиқиб кетиши, кўрилган зарарни қоплаши ва тажовузкорларни жазолаши лозим.

Қрим яримороли Россия томонидан референдум баҳонасида 2014 йили аннексия қилинган. Референдум Украина қонунчилигига зид равишда ва яриморол Россия ҳарбийлари назорати остига олинганидан кейин ўтказилган. Қрим аннексиясидан кейин АҚШ ва Европа Иттифоқи Россияга нисбатан санкциялар жорий қилган. Москва яриморолнинг Россия ҳудудига қўшиб олинишини “тарихий адолатнинг тикланиши” дея баҳолайди.

Саудия Арабистони коронавирус таҳдиди ортидан Умра зиëратини тақиқлади

Иллюстратив сурат.

Саудия Арабистони Умра ибодатларини адо этиш ниятида келаётган зиёратчиларнинг мамлакатга киришини вақтинча тақиқлади. Бу ҳақда қиролликнинг Ташқи ишлар вазирлиги Твиттер микроблогидаги ўз саҳифаси орқали баёнот тарқатди.

Унда айтилишича, Маккаи Мукаррамада Умра амалларини бажариш ва Мадинаи Мунавварадаги масжидни зиёрат қилиш вақтинча тўхтатилади.

ТИВ янги коронавирус ёйилаётган мамлакатлар ватандошлари учун туристик виза бўйича Саудия Арабистонига кириш ҳам тўхтатилишини билдирган.

Янги коронавирус туфайли биргина Хитойда ҳаётдан кўз юмганлар сони, сўнгги маълумотларга кўра, 2744 кишига етган.

Хитойдан ташқарида COVID-19 вирусидан 40 дан зиёд одам нобуд бўлган.

Германия Конституцион суди эвтаназияни тақиқлашни ноқонуний деб топди

Австралиялик олим David Goodall 2018 йили Швейцарияда эвтаназия орқали ўз ҳаëтига нуқта қўйди ва ўлими олдидан жаҳон ҳукуматларини эвтаназияни легаллаштиришга чақирди.

Германия Конституцион суди парламентнинг тиббиëт ходимлари ëрдамида ўзини ўлдиришни тақиқлаш қарорини антиконституцион деб топди.

Беморларга ўз ҳаëтини тўхтатишга ëрдам берувчи гуруҳлар фаолияти Германия Бундестаги томонидан 2015 йили тўхтатиб қўйилган эди.

26 февраль куни бу қарор устидан шикоятни кўриб чиққан Конституцион суд ҳакамлари инсоннинг ўзи истаган пайтда ўлиш ҳаққи унинг фундаментал шахсий ҳуқуқлари деган тўхтамга келди.

Суд¸ ўз жонига қасд қилиш ëхуд эвтаназия воситасида ўлишни ана шу ҳуқуқлар сирасига киритди.

Айни пайтда Конституцион суд қарори давлатнинг эвтаназияни қонунлар орқали тартибга солишини тақиқламайди.

"Оғриқсиз ўлим" деб аталадиган эвтаназияни оғир хасталикка чалинган беморларга қўллаш дунëнинг 30 дан ошиқ давлатида легаллаштирилган.

Трамп Россияга қарши санкцияларни яна бир йилга узайтирди

АҚШ ва Россия президентлари.

АҚШ президенти Дональд Трамп Украинадаги вазият муносабати билан Россияга жорий этилган санкцияларни яна бир йилга узайтирди ва санкциялар 2021 йилнинг 6 мартига қадар кучда қоладиган бўлди.

Оқ уй баëнотида Россиянинг санкцияларга асос бўлган ҳатти-ҳаракатлари ва сиëсати ҳамон АҚШ миллий хавфсизлиги ва ташқи сиëсатига таҳдид экани айтилади.

Россияга қарши санкциялар¸ Кремль Қрим ярим оролини аннексия қилиб¸ мамлакат шарқидаги сепаратчиларни қўллаб-қувватлаши ортидан 2014 йил сентябрида Обама маъмурияти томонидан жорий қилинган.

Россиянинг давлатга қарашли Сбербанк¸ Газпром¸ Лукойл ва Роснефть каби йирик ширкатлари ва Кремлнинг Қрим ишғолига бевосита алоқадор амалдорларини нишонга олувчи бу санкциялар ўшандан бери ҳар йили автоматик тарзда узайтириб келинмоқда.

Қозоғистонлик намойишчилар Дулат Агадил ўлимига оид ҳақиқат очиқланишини талаб қилмоқда

Ҳуқуқ фаоли Дулат Агадил ўлими муносабати билан Қозоғистоннинг қатор шаҳарларида хотира ва норозилик тадбирлари ўтказилмоқда.

26 февраль куни ўнлаб қозоғистонлик намойишчи ИИВнинг пойтахт Нур-Султондаги тергов изолятори олдида тўпланди.

Тўпланганлар мухолифат фаоли Дулат Агадилнинг 24 февраль куни мазкур ҳибсхонада шубҳали тарзда ўлганига оид тафсилотлар очиқланиши ва ўтган ҳафта охиридаги намойишларда қўлга олинган фаолларнинг зудлик билан озод этилишини талаб қилдилар.

25 февраль куни Нур-Султон полицияси Агадилнинг 24 февраль куни тергов изоляторида юрак хуружидан ўлганини билдирди.

Норозилик намойишлари пайтида қўлга олинган ҳуқуқ фаоли тергов изоляторига олиб келинганидан бир неча соат ўтиб жон берди.

Агадил яқинлари унинг юрак хасталигидан шикоят қилмагани ва спиртли ичимлик ичмаганини таъкидламоқда ва ҳуқуқ фаолининг тергов изоляторида қўлланилган қийноқлар қурбони бўлганини тахмин қилмоқда.

Эронда коронавирусдан ўлганлар сони ошиб бормоқда

Теҳрон касалхонасининг тиббиëт ходимлари.

26 февралга келиб Эронда коронавирус юқтиргани аниқланганлар сони 139¸ вирусдан ўлганлар сони эса¸ 19 нафарга етди.

Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар тарқатди.

Вируснинг мамлакат турли ҳудудларида тарқаëтгани муносабати билан Эрон тиббиëт мутасаддилари аҳолини зарур бўлмаса¸ айниқса¸ вирус маркази бўлиб қолаëтган Қум шаҳрига сафар қилмасликка чақирди.

Айни пайтда¸ Эрон президенти Ҳасан Руҳоний мамлакат бўйлаб тарқаб бораëтган эпидемияни тўхтатиш учун уч ҳафтагача вақт керак бўлишини билдирди.

Коронавирусдан ўлганлар сони бўйича Эрон Хитойдан кейин иккинчиликка чиқди. Шунга қарамай¸ президент вебсайтида қўйилган хабарга кўра¸ ҳукумат бирор шаҳар ëки туманни карантин қилиш режасидан йироқ.

Эрон президенти¸ коронавируснинг “душманлар қўлида мамлакатдаги иш ва ишлаб чиқаришни тўхтатиш учун қуролга айланишига йўл қўйилмаслигини” билдирди.

Бу баëнот арафасида АҚШ Давлат котиби Майк Помпео Эрон раҳбариятини коронавирус эпидемиясига оид ҳақиқатни очиқлашга чақирган эди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мунтазам янгилаб бораëтган рақамларга кўра¸ 26 февралга келиб вирусга чалинганлар сони қарийб 81 мингга¸ ўлганлар сони эса¸ 2800 га яқинлашди.

АҚШ Ҳиндистонга уч миллиард долларлик ҳарбий техника етказиб беради

АҚШ президенти Дональд Трамп.

АҚШ Ҳиндистонга уч миллиард долларлик вертолётлар ва бошқа ҳарбий техникалар етказиб беради. Бу ҳақда Деҳлида бўлиб ўтган матбуот анжуманида АҚШ президенти Дональд Трамп маълум қилди. Унинг айтишича, икки мамлакат хавфсизлик ва киберхавфсизлик соҳасида ҳамкорликни кенгайтиради.

Феврал ойи бошларида Россия Ҳиндистон учун С-400 зенит-ракета комплекслари ишлаб чиқара бошлагани ҳақида хабар берилган эди. Қиймати беш миллиард доллардан кўпроқ бўлган шартнома 2018 йил охирларида имзоланган. Ўшанда Вашингтон Россиядан қурол сотиб олиш Деҳлига санкциялар жорий қилинишига сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида баёнот берган, аммо чекловлар жорий қилинмаган.

Матбуот анжуманида Трамп Ҳиндистон ва Қўшма Штатлар йирик савдо битимлари устида иш олиб бораётганини маълум қилди. АҚШ президентига кўра, бунга оид ҳужжатлар келаси йил имзоланиши кутилмоқда.

Тожикистон коронавирус туфайли Ўзбекистон ва Афғонистон чегарадаги назоратни кучайтирмоқда

Эрон-Покистон чегарасидаги назорат-ўтказиш маскани, 2020 йил 25 феврали.

Эрон, Жанубий Корея ва Афғонистонда коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазиятдан ташвишга тушган тожик расмийлари Афғонистон ва Ўзбекистон билан чегарада назорат кучайтирилганини билдирдилар.

Эндиликда Афғонистондан келганларнинг ҳаммаси аэропортда санитар назоратидан ўтади – уларнинг тана ҳарорати ўлчанади, шунингдек, яшаш жойларида рўйхатга олинадилар. Бугунги кунга қадар бу каби чоралар фақат Хитойдан келганларга нисбатангина қўлланилган эди.

Тожикистон соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Мирхамуддин Камолзода 25 февраль куни Озодликнинг тожик хизмати билан суҳбатда бу каби чоралар Ўзбекистон билан чегарада ҳам жорий қилиниши, чунки Жанубий Кореядан келаётган тожикистонликларнинг кўпи Тошкент орқали келишини маълум қилди. Жанубий Корея айни пайтда коронавирусга чалинган беморлар сони бўйича дунёдаги иккинчи мамлакат бўлиб ҳисобланади.

Тожик расмийларига кўра, бугунги кунда мамлакатда коронавирус юқиши билан боғлиқ ҳолат қайд этилган эмас. ССВ Хитойдан келган 882 шахс карантинга жойлаштирилгани, улардан 266 нафари шифокорлар назоратида турганини билдирган.

Қозоғистон тергов изоляторида мухолифат фаоли вафот этди

43 яшар Дулат Агадил 24 февраль куни тергов изоляторида шубҳали вазиятда жон берди.

Қозоғистон пойтахти Нур-Султон шаҳар тергов изоляторида мухолифат фаоли Дулат Агадил вафот этди. Расмийлар фаолнинг юрак хасталигидан ўлганини иддао қилмоқда.

Полиция билдирувида ëзилишича¸ 43 яшар Агадил душанба куни тергов ҳибсхонасига олиб келинган¸ кўп ўтмай бу ерга чақиртирилган Тез ëрдам унинг ўлганини қайд этган.

Расмийларга кўра¸ мухолифат фаоли танасида ҳеч қандай жароҳат излари йўқ¸ айни пайтда ўлим юзасидан терговга қадар суриштирув олиб борилмоқда.

Дулат Агадил ўлими хабари тарқаши билан унинг ўнлаб тарафдори тергов изолятори олдида тўпланди. Улар 22 февраль куни мамлакатда ҳокимият ўзгариши талаби билан чиққан мухолифатчиларнинг ўзларига кўрсатилишини сўради. Йиғилганлардан бир гуруҳи шаҳар ўликхонаси¸ бошқаси эса¸ ИИВ биносига йўл олди.

Кўп ўтмай¸ норозиликка тўпланганлар полиция махсус кучлари томонидан қўлга олиниб¸ олиб кетилди.

Қозоғистон ҳукуматини ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш¸ фуқаролар ҳақ-ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳурмат қилишга чақириб келган Агадил¸ ўлимига қадар бир неча марта маъмурий жавобгарликка тортилган 2019 йили 60 кундан кўпроқ вақтни қамоқда ўтказган.

Миср собиқ президенти Ҳусни Муборак вафот этди

Ҳусни Муборак Мисрни қарийб 30 йил бошқарди.

25 февраль куни Миср ахборот агентликларининг билдиришича¸ мамлакат собиқ президенти Ҳусни Муборак 91 ëшида Қоҳира касалхонасида вафот этди.

2011 йил февралида давомли норозилик намойишларидан сўнг амалга оширилган ҳарбий тўнтариш орқали ҳокимиятдан четлатилган Ҳусни Муборак Мисрни қарийб 30 йил бошқарди.

2012 йил июнида Муборак суд томонидан намойишчиларни ўлдиришга буйруқ беришда айбдор деб топилиб¸ умрбод қамоққа ҳукм қилинган эди.

2017 йил март ойида юқори инстанция суди бу ҳукмни бекор қилиб¸ Муборакни озодликка чиқарган эди.

Коррупцияда айбланаëтган Арманистон собиқ президенти устидан суд бошланди

Арманистонни 10 йил бошқарган собиқ президент Серж Саркисян.

25 февраль куни Ереванда Арманистон собиқ президенти Серж Саркисян устидан маҳкама жараëни бошланди.

2018 йилги норозилик намойишлари ортидан ҳокимиятдан ағдарилган Саркисян 1 миллион доллардан ошиқ давлат маблағини ўзига яқин бизнес компанияси воситасида ўзлаштирганликда айбланмоқда.

Айбловга кўра¸ 2013 йили ўғирланган бу маблағ фермерларга субсидияланган дизель ëнилғиси ажратишга мўлжалланган бўлган.

Арманистонни 10 йил бошқарган собиқ президент ўзига қўйилган айбларни “сиëсий мотивларга асосланган” деган иддао билан рад қилмоқда.

Агар бу айблов судда тасдиғини топса¸ собиқ президент 8 йилгача қамалиши мумкин.

Айни иш доирасида Арманистон собиқ Қишлоқ хўжалик вазири¸ унинг ўринбосари - жами беш собиқ амалдор маҳкамага тортилган.

Арманистон жорий президенти Николь Пашинян ҳокимиятга келгунга қадар ҳам¸ ундан кейин ҳам Саркисян¸ унинг оиласи ва сиëсий шерикларини коррупцияда айблаб келмоқда.

Ҳолливуд продюсери Ҳарви Вайнштейн жинсий тажовузда айбдор деб топилди

Ҳарви Вайнштейн Нью-Йорк судида.

Ҳолливуднинг энг машҳур продюсерларидан бири Ҳарви Вайнштейн Нью-Йорк судининг маслаҳатчилар ҳайъати томонидан жинсий тажовуз¸ хусусан¸ сексуал агрессия ва зўрлашда айбдор деб топилди.

24 февраль куни ҳайъат собиқ продюсерни унга қўйилган беш айбловдан иккитасида айбли деб топди.

Суд ҳукми 11 март куни эълон қилинади. Агар Вайнштейнга қўйилган «агрессив жинсий ҳужум» айби ўз тасдиғини топса¸ у умрбод қамоққа ҳукм этилиши мумкин. Қўйилаëтган айблардан иккитаси 25 йилгача¸ учинчиси эса 4 йилгача қамоқ жазоси берилишини кўзда тутади.

2017 йил октябрида Ҳолливуднинг қатор таниқли актрисалари Вайнштейнни жинсий тажовузда айблагани ортидан¸ қудратли продюсер ўз ширкати бошқаруви¸ шунингдек АҚШ киноакадемияси аъзолигидан ҳайдалган эди.

Ҳозирга қадар Вайнштейнни жинсий тегажоқлик ва тажовузда айблаб чиққан актрисалар сони 80 нафарга етди. Улар орасида бир неча Оскар мукофоти совриндорлари¸ хусусан¸ Гвинет Пэлтроу, Ума Турман, Сальма Ҳайеклар бор.

Вайнштейн тегажоқлигига учраган аëлларнинг чиқиши дунë бўйлаб хотин-қизларнинг жинсий тажовузга қарши #MeToo ("мени ҳам") ҳаракатига туртки бўлди.

Бу ҳаракатга қўшилган аëллар ўзларининг қудратли ва бадавлат эркаклар тажовузига нишон бўлгани ҳақида очиқ гапира бошладилар.

Ҳолливуднинг энг муваффақиятли продюсерларидан саналган Вайнштейн студиясида Оскар мукофотини олган кўплаб фильмлар суратга олинган.

СССРнинг сўнгги маршали Дмитрий Язов 96 ëшида вафот этди

Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу маршал Язовга Россиянинг энг олий орденларидан бирини тақмоқда.4 февраль¸ 2020 йил

СССР Мудофаа вазири¸ совет иттифоқининг сўнгги маршали Дмитрий Язов 96 ëшида Москвада вафот этди.

Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги маълум қилди.

Иккинчи жаҳон урушига кўнгилли аскар бўлиб кетган Язов¸ СССР ҳарбий академиясини тугатганидан сўнг¸ совет иттифоқининг Куба ва Чехословакиядаги ҳарбий амалиëтларида қатнашган.

1987 йили СССР Мудофаа вазири этиб тайинланган Язов¸ совет иттифоқи маршали унвони берилган сўнгги шахсдир.

80-йиллар охирида КПСС томонидан ўз суверенитетини талаб қилган республикалар аҳолисига қарши куч қўллаш ваколати берилган Язов¸ Литва мустақиллигидан сўнг ҳарбий жиноятларда айбланиб¸ сиртдан 10 йиллик қамоққа ҳукм этилган.

Язов 1991 йил августида Михаил Горбачëвни ҳокимиятдан ағдаришга уринган ГКЧП аъзоси бўлган. Горбачëв билан музокарага борган пайтида ҳибсга олинган Язов¸ кўп ўтмай ундан телевидение орқали узр сўраган.

Аммо кейинчалик ëзган хотираларида бу кечиримни босим остида сўрагани ва 1991 йилги воқеаларни давлат тўнтаришига уриниш деб баҳоламаслигини айтган.

1994 йилда Язов амнистия қилиниб¸ Россия Мудофаа вазирлигида турли маслаҳатчилик лавозимларида ишлаган. Вафотидан 20 кун аввал Путин томонидан олий даражали ватан олдидаги хизматлари учун Ордени билан тақдирланган.

ЖССТ коронавирус пандемияси хавфидан огоҳлантирди

ЖССТ бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус.

Жаҳон ҳамжамияти коронавируснинг эҳтимолий пандемиясига тайёр бўлиши лозим. Бу ҳақда 24 февраль куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус билдирди.

ЖССТ дунёнинг турли жойларида, хусусан, Италия, Жанубий Корея, Эрон ва Суданда коронавирус юқтириб олаётганлар сони кескин ошиб бораётганидан қаттиқ ташвишга тушганини билдирган.

Гебрейесус бугунги кунда коронавирус тарқалишига нисбатан “пандемия” сўзи ҳақиқатни акс эттирмаса-да, қўрқинчли тус олиб бораётганини урғулаган.

“Пандемия” сўзи юнонча “пан” (барча) ва “демос”дан (одамлар) ясалган бўлиб, мутахассислар бу сўзни хасталик сайёранинг турли бурчакларида бир вақтнинг ўзида тарқалган пайтда ишлатадилар.

ХХР Соғлиқни сақлаш миллий комиссияси тарқатган сўнгги маълумотларга кўра, COVID19 вируси туфайли Хитойда қурбон бўлганлар сони 2663 нафарга етган. Хитойдан ташқарида эса яна 30 киши коронавирус туфайли ҳаётдан кўз юмган. Шу кунгача янги вирус билан хасталаниш ҳолатлари дунёнинг 30 мамлакатида аниқланган.

Қирғизистон Олий суди бугун Азимжон Асқаров ишини қайта кўриб чиқади

Ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров.

Қирғизистон Олий суди 25 февраль куни жалолободлик ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровнинг кассация тартибидаги шикоят аризасини кўриб чиқади.

Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизматига ҳуқуқ фаолининг адвокати Валерьян Вахитов маълум қилган.

Бу Асқаров учун сўнгги маҳкама эканини урғулаган адвокат суд яхши натижа билан тугашига умид қилаётганини қайд этган.

“Кассация тартибидаги ариза Чуй вилоят судининг 2016 йил 29 январида чиқарган ҳукми юзасидан берилган. Маълумки, 2016 йили Чуй вилоят суди Азимжон Асқаров иши бўйича очилган янги тафсилотларни ўрганиб чиқиб, 2010 йили Бозорқўрғон туман судининг “умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинсин” деган ҳукмини ўз кучида қолдирганди”, деди Валерьян Вахитов.

Азимжон Асқаров 2010 йилда Қирғизистон жанубида содир бўлган қонли ҳодисалардан кейин тартибсизликлар уюштирганлик ва милиция ходимини ўлдиришда қатнашганлик гумони билан қўлга олинган. Барча инстанциялардаги судлар қарори билан у умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

2016 йилнинг апрелида БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси Қирғизистон расмийларини инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ишини қайта кўриб чиқишга чақирган. Қўмита ўз қарорини ноқонуний қўлга олиш, қийноқлар қўллаш ва Азимжон Асқаровни оғир шароитларда сақлаб турилиши билан асослаган. Қирғизистон суди ишни янги ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиққан, бироқ ҳукмни ўзгаришларсиз қолдирганди.

Германияда “Мерседес” ҳайдовчиси карнавал иштирокчиларидан 30 кишини жароҳатлади

Германиянинг Фолькмарзен шаҳрида "Мерседес" русумидаги автомобиль ҳайдовчиси машинасини карнавал иштирокчилари устига ҳайдаши оқибатида камида 30 киши жароҳат олди.

Ҳодиса гувоҳларига кўра, ҳалок бўлганлар йўқ, бироқ жароҳатланганлардан етти нафари оғир аҳволда, улар орасида болалар ҳам бор.

Полиция маълумотига кўра, ҳайдовчи тартиб посбонлари томонидан қўлга олинган.

Гувоҳларнинг таъкидлашларича, ҳайдовчи автомобилни оломон устига ҳайдар экан, газни босган. Айрим маҳаллий нашрлар 29 ёшли германиялик ҳайдовчи ҳодиса чоғида маст бўлганини ёзмоқда. Полиция ҳодиса сабабларини ўрганмоқда.

2016 йил декабрида Берлиндаги Рождество бозори яқинида юк машинаси оломон устига бостириб бориши оқибатида ўнлаб киши ҳалок бўлган, 50 киши жароҳат олган эди. Расмийлар ҳодисани теракт, дея баҳолаган.

Тожикистон Эрон билан авиақатновларни бекор қилди

Эрон Хитойдан ташқарида коронавирус тез тарқаëтган давлатлардан бирига айланди.

Эронда коронавирусга чалинганлар ва бу вирус оқибатида ўлганлар сони ошиб бораëтган бир вазиятда¸ Тожикистон ҳукумати Эрон билан авиақатновларни 24 февралдан бошлаб тўхтатиб қўйди.

Бу ҳақда мамлакат фуқаролик авиацияси агентлиги маълум қилди.

Бу қарор арафасида Тожикистон Эрон билан қуруқлик чегараларини тўлиқ ëпишга қарор қилди.

Эрондаги ярим расмий ILNA агентлиги¸ 24 февралга келиб коронавирус эпидемияси марказига айланган Қум шаҳрида 50 одамнинг вирус оқибатида вафот этгани ҳақида хабар тарқатди.

Бу хабарни инкор қилган Соғлиқ сақлаш вазири вирусга чалинганлар сонининг 61 та¸ ўлганларнинг эса¸ 12 та эканини билдирди.

Афғонистон ва Форз кўрфазидаги қатор давлатлар яқинда Эрондан қайтган ўз фуқароларида коронавирус аниқланганини маълум қилди.

Шу муносабат билан минтақа давлатлари Эрон билан чегараларини ëпиб¸ ҳаво ва қуруқлик орқали борди-келдини номаълум муддатга тўхтатиб қўйди.

Норозиликлар ортидан Хитойнинг Қирғизистондаги $275 миллионлик лойиҳаси тўхтатилди

От-Боши районида қурилиши режаланган саноат-савдо-логистика маркази лойиҳаси.

Қирғизистон ҳукумати Норин вилоятининг От-Боши районида саноат-савдо-логистика маркази қуриш лойиҳаси тўхтатилганини эълон қилди.

Мазкур лойиҳа инвестори бўлган Хитой унга 275 миллион АҚШ доллари киритиши режалаган эди.

Ҳукумат¸ район аҳолиси лойиҳага қарши норозиликлар намойишлари уюштириши ортидан уни ëпишга мажбур бўлди.

Шу муносабат билан мазкур қурилиш учун 200 гектар ер ажратиш ҳақидаги ҳукумат қарорининг бекор қилиниши ва инвесторга сарфлаган харажатини қоплаш мақсадида 45 миллион сўм қайтариши кутилмоқда.

Хитойлик бизнесмен Лю Ин ва қирғизистонлик тадбиркор Эмилбек Абдикадиров билан тузилган келишувга кўра¸ 200 гектар ер марказ қуриш учун 49 йилга ижарага берилиши¸ бу икки тадбиркор эса¸ давлат гарантияси аралашмаган 275 миллион доллар тўғридан-тўғри сармоя ëтқизиши керак эди.

Аммо бу лойиҳа ернинг хорижликларга ўтиб кетиши ва Қирғизистонда хитойликлар кўпайишидан чўчиган маҳаллий аҳолининг кескин қаршилигига учради.

Норозиликлар ортидан инвесторлар 17 февраль куни марказ қурилишига оид келишувни бекор қилишга мажбур бўлди.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG