Линклар

Шошилинч хабар
01 апрел 2020, Тошкент вақти: 23:31

Ўзбекистон хабарлари

Ўзбекистон Осиё ўйинлари мезбонлигига даъвогарлик қилиш учун инфраструктурани шакллантиришни бошлади

Навбатдаги Осиё ўйинлари 2018 йилда Индонезияда ўтган эди.

Ўзбекистон XXI ёзги Осиё ўйинларини ўз ҳудудида ўтказилишига даъвогар давлат сифатида муносиб инфратузилмани яратишга киришмоқчи.

Ҳукумат чора-тадбирлар дастури ҳамда уни амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳи таркибини 2019 йил 14 майда қабул қилган “Ўзбекистонда ёзги Осиё ўйинларини ўтказишни ташкил этиш тўғрисида” ги қарори билан тасдиқлади.

Адлия вазирлигининг билдиришича, қарорга асосан халқаро нуфузли мусобақаларни юқори савияда ўтказиш бўйича жамғарма ташкил этилади, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида Олимпия шаҳарчалари қурилади.

Аввалроқ Ўзбекистон 2030 йилда ўтказиладиган XXI ёзги Осиё ўйинлари мезбонлигига даъвогар сифатида Осиё Олимпия Кенгашига буюртма беришни режалаштираётгани хабар қилинган эди.

Навбатдаги XIX ёзги Осиё ўйинлари 2022 йилда Хитойнинг Ханчоу шаҳрида, XX ёзги Осиё ўйинлари 2026 йилда Япониянинг Нагоя шаҳрида ўтказилиши белгиланган.

Кун янгиликлари

Коронавирус юқтирганлар яна 8тага кўпайди. Беморлар сони 181 нафар

1 апрель куни жами 9 одамга коронавирус юқди.

Ўзбекистонда 1 апрель соат 21.40даги ҳолатга кўра, коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар сони 8 тага ошиб, 181 нафарни ташкил этмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.

Вазирлик 1 апрель куни эрталабкороновирус юқтирганлар 1 нафарга ошганини ва беморлар сони 173га етганини билдирганди.

Шу куни 4 нафар беморнинг соғайгани ҳам айтилди. Бу билан Ўзбекистонда коронавирусдан соғайган беморлар сони 12 нафарга етди. 2 нафар бемор вафот этди.

Ўзбекистон Қирғизистонга навбатдаги инсонпарварлик ёрдамини жўнатди

Ўшга навбатдаги ёрдам президент ташаббуси билан амалга оширилди.

Ўзбекистон Қирғизистонга инсонпарварлик ёрдами жўнатди. Бу ҳақда 1 апрель куни хабар қилган ЎзАнинг ёзишича, ёрдам президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Қирғизистон Республикасига коронавирус “COVID-19” касаллигини бартараф этишга кўмаклашиш мақсадида уюштирилди.

Қирғизистоннинг Ўш шаҳрига Андижон вилояти Қўрғонтепа туманидаги темирйўл станциясидан поездда жўнатилган ёрдам минг тонна ун, турли озиқ-овқат маҳсулотлари, бир марталик бош кийимли ҳимоя комбинзони, респиратор, қўлқоп, ҳимоя кўзойнаги, пирометр ҳамда тест-системаларидан иборат.

Хабарда айтилишича: “Ўзбекистон халқидан Қирғизистон халқига инсонпарварлик ёрдами” шиори остида ташкил этилган инсонпарварлик ёрдами Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Андижон вилояти ҳокимлиги, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси тасарруфидаги “Қўрғонтепа дон маҳсулотлари” акциядорлик жамияти ҳамда мамлакатимиздаги фармацевтика корхоналари ҳамкорлигида амалга оширилди”.

29 март куни Бош вазир Абдулла Арипов топшириғига асосан Ўшга короновирусга қарши кураш учун зарур бўлган тиббий воситалар жўнатилгани хабар қилингганди. Ўшанда 10 мингта тиббиёт маскаси ва 900та ҳимоя костюми Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев томонидан, 4800та экспресс-тестлар ва реагентлар Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов томонидан жўнатилган.

Айни пайтда 1 апрель куни Ўзбекистон Осиё тараққиёт банкидан давлат бюджетини қувватлаш мақсадида 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида қўшимча қарз сўрагани хабар қилинди.

Коронавирус пандемияси бошланганидан буëн ҳозиргача Ўзбекистон ҳукумати Осиë тараққиëт банкидан вирус тарқалишини тўхтатиш учун 200 миллион доллар грант олган.

ССВ: Коронавирусга чалинганлардан яна 4 нафари бутунлай соғайди

Коронавирусга қарши курашаётган ўзбек шифокорлари. Соғлиқни сақлаш вазирлиги фотоси.

Коронавирус инфекциясига чалинган беморлардан яна тўрт нафари 1 апрель куни бутунлай соғайди ва реабилитацияга чиқарилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, соғайгани айтилаётганлардан бир нафари БААнинг Дубай шаҳридан, яна бир нафари Туркиядан келган, қолган икки нафари эса коронавирус инфекцияси аниқланган бемор билан яқин мулоқотда бўлган фуқаролардир.

“Уларни Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва бошқа масъуллар Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатишди”, дейилади хабарда.

Бу билан Ўзбекистонда коронавирусдан соғайган беморлар сони 12 нафарга етди. 2 нафар бемор вафот этди. Айни пайтда Ўзбекистонда 173 одам коронавирусга чалинган.

Карантин режимига қарамай Олмаотага ўтмоқчи бўлган ўзбекистонликлар жазоланди

Нур-Султон, Олмаота, Чимкент, Актау ва Қарағандада карантин режими жорий этилган.

Карантин режими жорий этилганига қарамай, Олмаотага яширин йўллар билан ўтмоқчи бўлган уч нафар ўзбекистонлик қўлга олинди.

Kazinform агентлигининг 31 март куни хабар беришича, қўлга олинганлар Алатау тумани Бурундай мавзесида жойлашган 3-назорат станциясини четлаб ўтиб, шаҳарга киришга ҳаракат қилишган. Улар ўша жойда қўлга олинган.

Хабарда айтилишича, уч нафар ўзбекистонлик Олмаотага иш излаб бормоқчи бўлган.

“Айтишларича, улар карантин ҳақида билмаган. Албатта, бу уларни жавобгарликдан озод қилмайди. Ихтисослашган туманлараро маъмурий суд чет элликларни Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги кодекснинг 476-моддаси (фавқулодда ҳолат режимини бузиш) бўйича маъмурий жавобгарликка тортди ва улар маъмурий қамоққа олинди”, дейилади хабарда.

Қозоғистонда коронавирусга чалинганлар сони 350 нафарга яқинлаб қолди. Шу муносабат билан қозоқ ҳукумати мамлакатнинг бешта йирик шаҳри - Нур-Султон, Олмаота, Чимкент, Актау ва Қарағандада карантин режими жорий этган.

Коронавирусга чалинганларни даволаган тиббиётчиларга ваъда қилинган қўшимча ҳақ тўлаб берилгани айтилди

Шифокорларга 14 кунлик иши учун 25 миллион сўмдан тўлаб берилиши айтилган эди.

Коронавирусга чалинганларни даволашда қатнашган шифокорларнинг биринчи гуруҳига 14 кунлик иши учун 25 миллион сўмдан тўлаб берилди. Ҳамшираларга эса 15 миллион сўмдан тўланди. Бу ҳақда Халқаро пресс-клубда ўтган анжуманда Республика шошилинч тез-тиббий ёрдам илмий маркази директори Дониёр Алимов маълум қилди.

Алимовга кўра, шу кунларда 4 мингдан ортиқ тиббиёт ходими короновирусли беморларни даволашда иштирок этишга қизиқиш билдирмоқда.

Дониёр Алимов коронавирусга қарши кураш доирасида ташкил этилган «Ўзбекистон Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фондига 1 апрелга қадар 30 миллиард сўмга яқин маблағ келиб тушганини ҳам айтди.

Унинг таъкидлашича, бу фондга Президент Администрацияси, Давлат хавфсизлик хизмати, ИИВ, Прокуратура ва МИБ ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, сенаторлар, Ўзбекистон телерадиокомпанияси ва Халқаро пресс-клуб томонидан пул ўтказилган. Бундан ташқари, 2 161 фуқаро ҳам фондга 3 миллиард сўм брган.

Президент Шавкат Мирзиев аввалроқ коронавирусга қарши курашда иштирок этадиган тиббиёт ходимларига махсус қўшимча рағбатлантириш тўлови белгиланганини билдирганди.

Врач-лаборантларга25 миллион сўмдан, ўрта тиббиёт ходимларига, ҳамшира-лаборантларга15 миллион сўмдан, кичик тиббиёт ходимларига 10 миллион сўмдан, бошқа ходимларга5 миллион сўмдан қўшимча тўлов тўланиши белгиланган.

Беморларни даволаш чоғида коронавирус юқтириб олган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга 100 миллион сўмдан тўланади.

Тошкент ҳукумати Осиё тараққиёт банкидан коронавирус оқибатларини юмшатиш учун 1 млрд доллар қарз сўради

Расмий Тошкент коронавирус тарқалишини тўхтатиш учун ҳозиргача Осиë банкидан 200 миллион доллар маблағ олган.

Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари¸ Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков Осиё тараққиёт банки президенти Масапугу Асакава билан видеомулоқотда Ўзбекистон давлат бюджетини қувватлаш мақсадида 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида қўшимча қарз сўради.

Бу ҳақда 1 апрель куни вазирлик матбуот хизмати маълум қилди.

Коронавирус пандемияси бошланганидан буëн ҳозиргача Ўзбекистон ҳукумати Осиë тараққиëт банкидан вирус тарқалишини тўхтатиш учун 200 миллион доллар грант олган.

Банк президенти 1 апрель кунги видеомулоқотда 1 миллиард долларлик қарз сўровини кўриб чиқиш учун алоҳида гуруҳ тузилгани ва Ўзбекистонга қўшимча маблағ ажратиш жараëнини тезлатишини билдирган.

Ўзбекистон 1995 йилда Осиë тараққиëт банкига аъзо бўлган. Ҳозиргача банкнинг Тошкент ҳукуматига берган жами қарзи¸ 14 миллиард доллардан ошган.

Коронавирус пандемиясининг аҳоли ва иқтисодиëтган салбий таъсирини камайтиришга қаратилган чора-тадбирлар белгиланган фармонида президент Мирзиëев¸ шу мақсадда хориж молия тизимларидан 1 миллиард доллар қарз олишни топширган эди.

ИИВ: "Бошқа вилоятдаги дафн маросимига боролмайсиз!"

Наманган ИИВ машиналарни текширмоқда

АОКА ҳузуридаги штабда Ички ишлар вазири матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсов иштирокида брифинг уюштирилди.

Брифингда Ғиёсовга: "Агар бошқа вилоятда яшайдиган яқин қариндошларининг, масалан ота-онасининг дафн маросимига бориш зарур бўлса, қандай йўл тутиш керак?" деган савол берилди.

Ғиёсов вилоятлараро ҳаракатланиш тақиқланганини урғулади:

"Афсуски, қанчалик оғир бўлмасин, ўрнатилган чеклов барчага истисносиз тааллуқли бўлиб, бошқа вилоятда бўлган яқин қариндошларингизнинг дафн маросимида қатнашолмайсиз!"

Брифингда маълум қилинишича, республика бўйлаб карантин қоидаларини бузишга оид 18 мингга яқин ҳолат қайд этилган.

Буларнинг 17 минги ниқобсиз юрган шахслардир.

314 ҳолатда карантинга олинган фуқаролар карантин ҳудуди - шифохона ёки уйини ташлаб кетган.

Ўзбекистон бўйлаб карантин жорий қилинган ва карантин қоидаларни бузган шахсларга 11 миллион сўмгача жарима солиниши, оғир ҳолларда жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

18 мингга яқин карантин қоидасини бузиш ҳолати аниқланди; улардан 17 минги ниқобсиз юришга оид

Ўзбекистонда ниқобсиз юриш 25 мартдан тақиқланган

АОКА ҳузуридаги штабда Ички ишлар вазири матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсов иштирокида брифинг уюштирилди.

Ғиёсовнинг маълум қилишича, бугунги кунга келиб карантин қоидаларига амал қилмаслик билан боғлиқ жами – 17 668 та ҳолат аниқланган, бунинг 17 мингтаси ниқобсиз юрганлардир.

Ундан ташқари 4 нафар қоидабузарга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

149 та ҳолатда вақтинча тўхтатилган савдо ва кўнгилочар масканларни ишини давом эттирган.

314 ҳолатда карантинга олинган фуқаролар карантин ҳудуди - шифохона ёки уйини ташлаб кетган.

23 та ҳолатда эса тўй маросимлари ёки бошқа тақиқланган йиғинлар ўтказилган ва бунинг учун фуқаролар жавобгарликка тортилган.

Ўзбекистон бўйлаб карантин жорий қилинган ва карантин қоидаларни бузган шахсларга 11 миллион сўмгача жарима солиниши, оғир ҳолларда жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Бош санитар инспектор карантин қачон бекор қилиниши ҳақида маълумот берди

Фарғона вилоятида 26 нафар беморнинг 17 нафари эпидемик нохуш ҳудудлардан олиб келинган ҳамюртлар орасида аниқланган.

"Ўзбекистонда карантин энг охирги бемор аниқланиб, орадан 14 кун ўтгач ва бу ҳолатга тўлиқ ишонч ҳосил қилгандан кейин бекор қилиниши мумкин".

АОКАда1 апрель куни ўтган брифингда Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков “Республикада бошланган карантин қачон тугатилади?” деган саволга мана шундай жавоб берди.

Бош санитар инспектор Фарғона вилоятида умумий қайд этилган 26 нафар беморнинг 17 нафари махсус чартер рейсларида коронавирус инфекцияси бўйича эпидемик нохуш ҳудудлардан олиб келинган ҳамюртлар орасида аниқланганини ҳам таъкидлади.

“Карантин даврида ниқобни хар 3 соатда алмаштириш зарур. Ўзбекистон Республикаси Бош Давлат санитария врачининг 2020 йил 19 мартдаги 4-сонли қарорида кўрсатиб ўтилган”, деб огоҳлантирди Нурмат Отабеков.

1 апрель ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 2 бемор вафот этди, 173 кишида вирус аниқланди. Беморлар 7 вилоят ва пойтахтдаги шифохоналарда даволанмоқда.

ИИВ Тошкентда юзлаб машина жарима майдончасига олинганини маълум қилди

Наманган ИИВ машиналарни текширмоқда, 1 апрель, 2020

АОКА ҳузуридаги штабда Ички ишлар вазири матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсов иштирокида брифинг уюштирилди.

Ғиёсовнинг маълум қилишича, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан жорий йилнинг 29-31 март кунлари Тошкент шаҳри ҳудудида ўтказилган тадбирлар давомида жами 1 912 та ҳолатда ҳайдовчи турли кўринишдаги қоидабузарлик содир этилгани аниқланган.

Улардан 766 таси карантин қоидасини бузган ва уларга тегишли 545 та автотранспорт жарима майдончасига жойлаштирилган. Уларнинг машинаси карантин тугамагунча, қайтарилмайди.

Шундай текширувлар бутун мамлакат бўйлаб давом этаётгани айтилмоқда.

Махсус рухсатномасиз ҳаракатланган автотранспорт воситалари учун ҳайдовчиларга 6 миллион 600 минг сўмдан 11 миллион сўмгача жарима солиниши мумкин.

Ўзбекистонда 30 мартдан бошлаб, автотранспорт воситалари қатнови кескин чекланди, хусусий машинадан хусусий мақсадда фойдаланиш тақиқланди.

Статистика қўмитаси: Бир йил ичида нархлар 13 фоиздан кўпроққа қимматлади

2020 йилнинг январь-март ойлари давомида истеъмол бозоридаги нархлар ва тарифлар ўртача 2,8 фоизга кўтарилган.

Ўзбекистонда 2019 йилнинг мартига нисбатан ўтган йиллик даврда товарлар ва хизматлар нархларининг ўртача ўсиш сураъати 13,6 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси эълон қилган ҳисоботда маълум қилинди.

Таъкидланишича,март ойида нархлар ва тарифлар даражасининг ой давомидаги ўсиш суръати 1,3 фоизни ташкил этди. 2020 йилнинг январь-март ойлари давомида истеъмол бозоридаги нархлар ва тарифлар ўртача 2,8 фоизга кўтарилган.

Март ойи давомида мева ва сабзавотлар 5 фоизга, гўшт, паррандачилик ва балиқ 1,7 фоизга, ёғ ва мойлар 1,3 фоизга, нон 1,2 фоизга ва сут маҳсулотлари 1,1 фоизга қимматлаган.

Айни пайтда тухум 3,5 фоизга арзонлашиб, йил бошидан буён нархлар даражаси 2,8 фоизга пасайган.

Ноозиқ-овқат товарлари бўйича кузатилган асосий гуруҳлар ичида нархларнинг энг юқори ўсиши шахсий транспорт (6,9 фоиз) ва тамаки маҳсулотларига (4,1 фоиз) тўғри келмоқда. Бир ой давомида қурилиш материаллари 0,9 фоизга, кийим-кечак, мато ва иплар 0,8 фоизга, пойабзал 0,7 фоизга, уй-рўзғор буюмлари ва электр жиҳозлари 0,3 фоизга ўсган.

Адлия вазирлиги: Стикер учун пора сўралса¸ Телеграмдаги @antikorbotга хабар қилинг!

20 апрелга қадар Ўзбекистон шаҳарларида фақат махсус рухсатномаси бор машиналар юриши мумкин.

Коронавирус тарқалишига қарши курашга масъул республика махсус комиссияси қарори билан 30 мартдан 20 апрелга қадар вилоятлараро, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида автотранспорт воситалари фақат махсус рухсатнома (стикер)лар асосида ҳаракатланиши мумкин.

Бундай рухсатнома¸ расмийлар таъкидича¸ ҳеч қандай тўловларсиз¸ мутлақо берилади.

Рухсатнома олиш учун уч кун ичида 30 мингга яқин мурожаат бўлгани ортидан¸ тармоқларда жараëннинг навбатдаги коррупция схемасига асос бўлгани¸ хизмат кўрсатиш учун стикерга муҳтожлар қолиб¸ уларнинг қимматбаҳо машиналарнинг бадавлат эгаларига берилаëтганига оид шикоятлар кўпайди.

1 апрель куни Ўзбекистон Адлия вазирлиги¸ бу жараëндаги коррупция ҳолатларига оид маълумотлар учун махсус канал мавжудлигини билдирди.

Агарда, махсус рухсатнома (стикер)ни расмийлаштиришда тўловлар ундирилаётгани ҳақида тегишли маълумотларга эга бўлсангиз Адлия вазирлигига телеграмдаги @antikorbot боти орқали (боғланиш учун телефон рақамини қолдирган ҳолда) хабар беришингизни сўраймиз.

Бунда, юборилган хабарлар вазирликнинг махсус таркибий бўлинмаси томонидан белгиланган тартибда кўриб чиқилади ҳамда мурожаат қилувчининг шахси қатъий сир сақланиши кафолатланади»¸ дейилади Адлия вазирлиги Телеграм каналида тарқатилган баëнотда.

Айрим банклар кредитларни тўлаш муддати икки ойга узайтирилганини билдирди

Марказий банк ҳам 10 мингга яқин кредитлар муддати узайтирилганини билдирган эди.

Асакабанк ва Туронбанк 1 апрель ҳолатига кредит қолдиғи 100 миллион сўмгача бўлган жисмоний шахсларнинг барча кредитлари бўйича 2 ойлик таътил эълон қилди. Бу ҳақда АОКАнинг “Расмий маълумотлар” телеграм каналида маълумот берилди.

Маълумотда айтилишича, 2020 йилнинг апрель ва май ойлари тўловлари қарздорнинг ҳеч қандай мурожаатисиз кредитни охирги қайтариш санасидан кейинги икки ойда тўланади.

“Бу ўзгариш қарздорни мавжуд кредит қолдиғи бўйича ҳисобланган фоизларини келгусида тўлаш мажбуриятидан озод этмайди”, дейилади хабарда.

30 март куни Марказий банк бошқарма бошлиғи Ҳусанхўжа Абидов Тошкентда ўтказилган брифингда вазиятдан келиб чиқиб, банклар мавжуд кредитлар муддатини узайтириб, қарз юкларини камайтиргани ҳақида айтганди.

"Маълумот учун, 10 мингга яқин кредитлар муддати узайтирилди", деди Абидов.

Қўқонда “коронавирус ҳақида ёлғон маълумот” тарқатган депутатга жиноят иши қўзғатилди

Депутат Telegram орқали ёлғон тарқатганликда гумонланмоқда.

Халқ депутатлари Қўқон шаҳар кенгаши депутати Х.Н.,га нисбатан шаҳар прокуратураси 31 март куни жиноят иши қўзғатди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати 1 апрель куни маълум қилди.

Депутат Жиноят Кодексининг 244-5-моддаси (Карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш) билан айбланмоқда.

Расмий маълумотда айтилишича, Х.Н., 2020 йил 28 март куни “Республика Махсус комиссиясининг карантин қоидаларини қўпол равишда бузиб, “Telegram” ижтимоий тармоғида очилган гуруҳлар аъзоларига Қўқон шаҳрида 2 нафар шахсда “Коронавирус” касаллиги аниқланганлиги ва улар карантинга олинганлиги ҳақида жонли тарзда аудио ёзуви орқали ҳақиқатга тўғри келмайдиган уйдирма ва ёлғон маълумотларни тарқатган”.

Айни пайтда шаҳар депутатига нисбатан тергов ишлари олиб борилмоқда.

Коронавирусга чалинганлар сони яна бир нафарга кўпайди

Жаҳонда коронавирусга чалинганлар сони 850 мингга етди.

Ўзбекистонда 1 апрель соат 10даги ҳолатга кўра, коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар сони 1 тага ошиб, 173 нафарни ташкил этмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.

31 март куни кечқурун коронавирусга чалинганлар сони бир кунда 22 нафарга кўпайиб, 172 кишига етган эди.

31 март куни Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков АОКА ҳузуридаги штабда ўтказилган брифинг чоғида беморларнинг вилоятлар кесимидаги кўрсаткични 30 мартгача бўлган маълумотлар асосида маълум қилганди.

Унга кўра, Тошкент шаҳрида 87 та, Фарғона вилоятида 25 та, Наманган вилоятида 10 та, Андижон ва Бухоро вилоятларида 8 тадан, Қашқадарё ва Хоразм вилоятларида 1 тадан бемор коронавирус касаллиги билан даволанмоқда.

Ўзбекистонда 2 бемор вафот этди, 8 бемор тузалиб, реабилитация марказига ўтказилди.

1 апрелга режалаштирилган нарх оширилиши бекор қилинди. Нархлар йил охирида оширилади

Нархларнинг оширилиши бюджетда назарда тутилган эди.

Йил охирига қадар бензин, дизел ва газ қимматламайдиган бўлди. Бу ҳақда Молия вазирлиги 1 апрель куни маълум қилди.

“Қабул қилинган қарорга асосан жорий йил охирига қадар спирт, алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан вино ва пиво, шунингдек охирги истеъмолчига сотиладиган бензин, дизел ёқилғиси ҳамда суюлтирилган ва сиқилган газга амалдаги акциз солиқ ставкалари сақланиб қолиниши белгиланди”, дейилади хабарда.

“2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунга асосан жорий йилнинг 1 апрелидан мазкур маҳсулот турларига акциз солиқ ставкаларининг оширилиши назарда тутилган эди.

Ўзбекистонда сўнгги марта 2019 йилнинг 15 августидан табиий ва суюлтирилган газ, кўмир, электр энергияси, иссиқлиқ таъминоти, ичимлик суви, шунингдек жамоат транспортида йўл ҳақи тарифлари оширилган эди.

Халқаро қатновлар тўхтатилгани муносабати билан Ўзбекистон элчихоналарида оператив штаблар тузилди

Оператив штаблар мурожаатларга зудлик билан жавоб бериши лозим.

Ўзбекистоннинг хориж давлатларидаги элчихоналарида оператив штаблар тузилди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги 31 март куни хабар берди.

“Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 16 мартдан бошлаб Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар билан барча халқаро авиа, авто ва темир йўл қатновларини вақтинча бекор қилиш тўғрисидаги қарори ва бунинг натижасида юзага келувчи муаммолар муносабати билан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, элчихоналар ва консуллик муассасаларида Ўзбекистоннинг хориждаги фуқаролари мурожаатларига тезкорлик билан жавоб бериш учун оператив штаб тузди”, дейилади расмий хабарда.

Айни пайтда элчилик оператив штаблар конкрет қандай вазифани бажариши кераклиги, мурожаатларга қандай чоралар кўрилиши тўғрисида маълумот берилмаган.

Оператив штаблар таркиби ва телефон рақамлари билан мана бу жойда танишиш мумкин.

Рухсатсиз автомобиль бошқараётганларни аниқлаш учун рейдлар ўтказилади

Коронавирус туфайли йўлларда ҳам назорат кучайтирилган.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси, Миллий гвардия ва Санитария-эпидемиологик назорат 1 апрелдан бошлаб қўшма рейдларни бошлади.

Рейдлар давомида махсус рухсатномасиз автомобиль бошқараётганларга жарима солинади, автомобиллар жарима майдончасига қўйилади.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси шу муносабат билан белгиланган жазо чораларини эслатиб ўтди.

“Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 54 моддасига (“Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш”) биноан, ҳуқуқбузарларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача (фуқароларга) ва ўттиз бараваридан эллик бараваригача (мансабдор шахсларга) миқдорда жарима солиниши мумкин. Махсус рухсатномани (стикерни) қалбакилаштириш учун жиноий жавобгарлик белгиланган!” дейилади расмий маълумотда.

30 март эрталабки соат 6 дан 20 апрель тунги соат 12 га қадар мамлакат бўйлаб, автотранспорт воситалари давлат хизматлари марказлари томонидан бериладиган махсус рухсатнома (стикер) асосидагина ҳаракатланиши мумкин.

Шахсий машинадан шахсий манфаат йўлида фойдаланиш қатъиян ман этилади.

Коронавирусга чалинганлар сони 172 нафарга етди. Эрталаб уларнинг сони 150 нафар эди.

Бир кун ичида беморлар сони 22 нафарга кўпайган.

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар сони 31 март куни кечқурун яна 5 тага ошиб, 172 нафарни ташкил этди.

31 март эрталаб Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони 1 тага ошиб, 150 нафарга етгани хабар қилинган эди. Бир кун ичида беморлар сони 22 нафарга кўпайган.

30 март куни Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони 4 тага ошиб, 149 нафарга етгани хабар қилинганди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, даволанаётган беморларнинг 20 нафарида пневмония ҳолати кузатилмоқда. 8 нафар беморнинг аҳволи оғир, 4 нафарининг аҳволи нисбатан оғирлиги маълум қилинган.

1 апрелдан боғча болалари учун ҳам телевизион дарслар бошланади

3 ёшдан 6 ёшгача бўлган болалар учун телевизион машғулотлар «Болажон» телеканалида намойиш этилади.

Мактабгача таълим вазирлиги матбуот хизмати 1 апрелдан бошлаб 3 ёшдан 6 ёшгача бўлган болалар учун «Болажон» телеканалида «Илк қадам» ва «Ақлвой» лойиҳалари асосида телевизион машғулотлар бошланишини маълум қилди.

Расмий хабарда айтилишича, «Илк қадам» дастури «Бардам болажон», «Менталь арифметика», «Моҳир қўллар», «Lucking English», «Болалар ошхонаси», «Менинг диёрим», «Равон нутқ» каби машғулотлардан иборат бўлади.

«Ақлвой» лойиҳаси эса асосан 1 синфга тайёрланаётган болалар учун мўлжалланган бўлиб, у орқали болалар мактабга тайёрлов машғулотларини уйда бажариш имконига эга бўлади.

Аввалроқ Халқ таълими вазирлиги Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси билан ҳамкорликда 30 мартдан учта телеканалда телевизион дарслар намойишини бошлашини билдирган.

Маълумотга асосан, 1-4 синфлар учун телевизион дарсларни National Geography Wild каналида, 5-8 синфлар учун Eurosport каналида, 9-11 синфлари учун эса «Охота ва рыбалка» каналида томоша қилиши мумкин.

Ниқобсиз юрган 274 киши деярли 108 миллион сўм жаримага тортилди

Ўзбекистонда 25 мартдан бошлаб кўчада ниқобсиз юрган одамлар жаримага тортила бошланган.

Ўзбекистонда коронавирусга қарши кураш тартиб-қоидаларини бузганликда айбланган 274 киши 107 миллион 876 минг 250 сўм миқдорида жаримага тортилди.

Олий суд матбуот хизматининг 31 мартда хабар беришича, улар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси (эпидемияларга қарши курашиш қоидаларини бузиш) билан маъмурий ҳуқуқбузарлик қилганликлари учун жавобгарликка тортилган.

Жарима солинганларнинг 14 нафари аёл, 4 нафари 60 ёшдан ошган шахс, 2 нафари чет давлат фуқароси ва 2 нафари фуқаролиги бўлмаган шахс ҳисобланади.

Улар жамоат жойларида ниқобсиз юрганликлари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача (31 март ҳолатига кўра, 1 115 000 сўм) миқдорда жаримага тортилган.

Ўзбекистонга коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича республика махсус комиссиясининг 2020 йил 22 мартдаги қарорига мувофиқ, Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказларида 25 март куни соат 06:00 дан бошлаб жамоат жойларида шахсий ҳимоя воситаларисиз, яъни ниқобсиз бўлган шахслар жаримага тортилади.

31 март ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар 167 нафарни ташкил этмоқда.

Коронавирусга чалинган яна бир бемор соғайгани хабар қилинди

Айни пайтгача Ўзбекистонда коронавирусдан соғайганлар сони 8 нафарга етди.

Коронавирус инфекциясига чалинган беморлардан яна бири соғайиб, реабилитацияга кузатилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги 31 март куни кечга яқин хабар берди.

“Ушбу фуқаро, аввал хабар қилганимиздек, жорий йил 14 март куни Лондон – Тошкент йўналишидаги рейс билан пойтахтимизга келган. 16 март куни унда коронавирус касаллиги аниқланган эди”, дейилади расмий хабарда.

Вазирлик маълумотида айтилишича, бемор Тошкентдаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида даволанган.

Айни пайтгача ушбу касалликдан соғайганлар сони 8 нафарга етди.

31 март ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 2 бемор вафот этди, 167 кишида вирус аниқланди. Беморлар 7 вилоят ва пойтахтдаги шифохоналарда даволанмоқда.

Беморларнинг 73 нафари эркак, 85 нафари аёл, 5 нафари вояга етмаган болалардир.

Коронавирусга чалинган фарғоналик беморнинг аҳволи оғирлашгани маълум қилинди

Фарғона вилоятида коронавирус инфекциясига чалинган 26 нафар бемор вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда.

ССВнинг маълум қилишича, булар орасида яқинда Умра сафаридан қайтган, шу йилнинг 24 март куни коронавирус инфекцияси аниқланган беморнинг аҳволи ёмонлашган.

59 ёшли ушбу бемор шу вақтгача сурункали ўпка ва гипертония хасталиги билан диспансер назоратида турган.

Ҳозирда вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанаётган беморда ўткир нафас етишмовчилиги иккинчи даражаси кузатилмоқда.

У айни пайтда сунъий нафас олиш аппаратига уланган.

Шифокорларимиз белгиланган стандарт ва тавсияларга асосан зарур тиббий хизмат кўрсатмоқда.

31 март ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 167 кишида вирус аниқланди, 2 бемор вафот этди.

Беморларнинг 73 нафари эркак, 85 нафари аёллар бўлса, шундан 5 нафари вояга етмаган болалардир.​ Қарийб барча вилоятлардан беморлар бор.

Автотранспорт учун махсус рухсатнома (стикер) фақат онлайн бериладиган бўлди

Тошкент шаҳрида юрадиган автотранспорт воситалари учун стикер

Маълумки, 30 мартдан 20 апрелгача вилоятлараро, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида автотранспорт воситалари Давлат хизматлари марказлари томонидан бериладиган махсус рухсатнома (стикер)лар асосида ҳаракатланиши белгиланди.

Махсус рухсатномани олиш учун онлайн шаклда my.gov.uz портали орқали Сўровнома тўлдирилиши ва талаб қилинган ҳужжатлар илова этилиши лозим.

Хабарнома берилгандан кейин бир иш куни ичида Давлат хизматлари марказидан рухсатноманинг аслини олиб кетиш мумкин бўлади.

30 мартдан 20 апрелгача вилоятлараро, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида автотранспорт воситалари Давлат хизматлари марказлари томонидан бериладиган махсус рухсатнома (стикер)лар асосида ҳаракатланиши белгиланди.

Адлия вазирлигига кўра, Давлат хизматлари марказлари орқали жами 27 мингдан ортиқ мурожаат қабул қилинган.

Тошкент шаҳрига жами 4500 дан ортиқ, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги Давлат хизматлари марказларига эса 3200 га яқин фуқаро мурожаат қилган.

Адлия вазири Русланбек Давлетов​ бу ҳол карантин талабларининг бузилишига, кўплаб фуқароларнинг бир вақтнинг ўзида бир жойда тўпланишига сабаб бўлганини тан олди.

Бош санитар инспектор: COVID-19 табиблар даволайдиган касаллик эмас!

Ўзбекистонлик инфекционистлар, март, 2020

31 март куни Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков матбуот брифинги ўтказди.

Андижон вилоятида табиблар коронавирусга даво топгани ҳақида тармоқларда тарқалган хабарларга муносабат билдирган Отабеков¸ ўзбекистонликларни врачлар тавсиясига қулоқ солишга чақирди.

"Коронавирус инфекцияси махсус даволашни талаб қиладиган касаллик. Албатта¸ бундай пайтларда табиблар ҳам кўпайиб кетиши табиий. Лекин, ушбу инфекцияга чалинган беморлар шифохона шароитида, юқумли касалликлар, вирусолог, пульмонолог, реаниматолог, педиатр каби мутахассислар тавсияларига асосан даволаниши керак. Бу табиблар даволайдиган касаллик эмас", деб жавоб берди инспекция бошлиғи.

Брифингда келтирилган рақамларга кўра¸ 31 мартга келиб Ўзбекистонда 158 кишида коронавирус аниқланган, улардан 2 нафари вафот этган.

Беморларнинг 73 нафари эркак, 85 нафари аёллар бўлса, шундан 5 нафари вояга етмаган болалардир.​

Қарийб барча вилоятлардан беморлар бор. Беморлар 7 вилоят ва пойтахтда даволанмоқда.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG