Линклар

Шошилинч хабар
27 май 2019, Тошкент вақти: 11:58

Исроил ҳарбийлари "Ҳалокат куни"да 50 нафарга яқин фаластинликни яралади


Нақба куни, 2019 йил 15 май.

Исроил ва Ғазо минтақаси чегарасида норозилик намойиши иштирокчиларининг ҳарбийлар билан тўқнашуви оқибатида 50 нафарга яқин фаластинлик яраланди.

Намойиш Нақба, яъни "Ҳалокат куни"нинг 71 йиллиги муносабати билан ўтказилди. 1948 йилнинг 14 майида Исроил давлати тузилган эди. Бу кунни фаластинликлар "Ҳалокат куни" сифатида нишонлайдилар.

Исроил армиясининг хабар беришича, норозилик намойишида 10 мингга яқин фаластинлик иштирок этган. 15 май куни намойишчилар Исроил ҳарбийларига ўт қўйилган шиналарни отган ва тошбўрон қилган. Бунга жавоб сифатида ҳарбийлар жанговар ва резина ўқлар билан ўт очган ҳамда кўздан ёш оқизувчи газ қўллаган.

1948 йилнинг майида БМТнинг Исроил давлатини ташкил этиш тўғрисидаги қароридан норози бўлган қатор араб давлатлари Исроил ҳарбийларига ва аҳоли пунктларига ҳужумларни бошлаган эди.

Исроил бу ҳужумларни қайтарди ҳамда араб давлатларига тегишли ҳудудларнинг бир қисмини босиб олди. Исроил босиб олган ҳудудлардан араблар оммавий равишда қоча бошлаган.

Айни пайтда жаҳонда 600 минг нафар фаластинлик қочқин борлиги айтилади. Араб оламида бу воқеалар Нақба деган ном олган.

1949 йилда Исроил-Араб уруши якунланганидан сўнг араб давлатларидан 800 минг яҳудий Исроилга ва бошқа давлатларга қочиб келган.

XS
SM
MD
LG