Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2019, Тошкент вақти: 22:28

Самарқандда мудҳиш қотилликни қилганлар "ўзига тўқ, қариндош оила" фарзанди экани айтилди


Бош прокуратура ашёвий далилларни жамоатчиликка кўрсатди. 4 дона темир бўлаги ва ўғирланган пул (Бош прокуратура фотосурати)

Самарқандда бир оиланинг беш аъзосини ўлдиришда гумон қилинаётган 4 ёш йигитнинг ўзаро қариндош ва ўзига тўқ оила фарзанди экани айтилди.

Daryo.uz нашрининг ёзишича, 24 май куни Ёшлар пресс клубида ўтган йиғилишда ушбу жиноятга оид тафсилотлар айтилган, унинг сабаблари муҳокама қилинган.

15 май куни Самарқанд вилояти Қўшработ тумани Дўстлик маҳалласидаги фермер хўжалигига қарашли далада 5 кишининг жасади ортилган Damas автомашинаси топилган эди.

Бош прокуратура матбуот хизматига кўра, марҳумлар Иштихон тумани Чимқўрғон қишлоғида яшаган бир оиланинг аъзолари: эр-хотин ва уч ўғилдир.

19 май куни қотилликда гумон қилинган 4 шахснинг ашёвий далиллар билан бирга қўлга олингани, жиноятни бўйнига олгани маълум қилинган. Расмий баёнотда, булар вилоятнинг Қўшработ ва Иштихон туманларида яшовчи, ишсиз ёш йигитлар экани айтилган эди.

24 май кунги йиғинда маълум қилинишича, ижтимоий тармоқларда жиддий резонанс уйғотган бу қотиллик сабаблари ва уларнинг оилавий аҳволи вилоят ҳокимлиги миқёсида ўрганилган.

Жумладан, Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари тўрттовлоннинг оиласи даромади бюджетдан ойлик олиб яшайдиган оилаларникидан бир неча баробар катта эканини таъкидлаган.

"Мазкур жиноятнинг илдизи ишсизликка эмас, оиладаги носоғлом муҳит, тарбиядаги лоқайдлик ва бефарқликка бориб тақалади... Хатоимиз — жиноятчиликка қарши йўналишларга бўлиб кураш олиб борганимиз. Жиноятни ҳар қандай одамдан кутиш мумкинлигини унутиб қўйган эканмиз", деб изоҳ берган вилоят ҳокими ўринбосари.​

Бош прокуратуранинг билдиришича, қотилликда гумонланаётганлар: “14 майдан 15 майга ўтар кечаси марҳум А.Х.нинг хонадонига яширинча кириб, уларнинг ухлаб ётганидан фойдаланиб, ўзлари билан олиб келган темир бўлаклари билан бош, юз ва жағ қисмларига бир неча маротаба уриб, қасддан ўлдириб, хонадондан 22 млн. сўм ва марҳум Ж.И.нинг “Samsung Galaxy A8” русумли телефонини қўлга киритишган”.

Шундан сўнг улар жиноят изларини яшириш мақсадида марҳумга тегишли Damas автомашинасига жасадларни юклаб, автомашинани Қўшработ туманидаги “Боқичиғатой” қишлоғига яқин далага ташлаб кетган.

Бош прокуратура гумон қилинаётганлар дастлабки тергов пайтида ўз жиноятларига иқрор бўлганини маълум қилган.

Ҳозирги кунда жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари давом этаётгани айтилган.

XS
SM
MD
LG