Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2019, Тошкент вақти: 10:28

Халқаро хабарлар

Афғонистонда Рамазон ҳайити муносабати билан амнистия эълон қилинди

Афғонистон президенти Ашраф Ғани.

Афғонистон президенти Ашраф Ғани Рамазон ҳайити муносабати билан 4 июнда сўзлаган табрик нутқида амнистия эълон қилганини билдирди:

-Одамларнинг талабларини инобатга олган ҳолда ҳамда ҳайит муносабати билан 887 нафар маҳбус қамоқлардан озод қилинади,- деди Ашраф Ғани.

Афғон президенти муносабатларни яхшилаш мақсадида 27 июнь куни Покистонга ташриф қилишини ҳам маълум қилди.

Кобул Покистонни Толибларга бошпана бераётганликда ва бу билан Афғонистондаги вазиятни издан чиқаришга ҳисса қўшаётганликда айблаб келади.

Покистон эса, аксинча, Афғонистондаги вазият барқарорлашувидан эгнг манфаатдор давлат эканини билдирмоқда.

Кун янгиликлари

Ямайкалик қиз "Жаҳон гўзали-2019" ғолиби бўлди (ФОТОГАЛЕРЕЯ)

“Жаҳон гўзали” Тони-Энн Сингх.

Британия пойтахти Лондонда “Жаҳон гўзали-2019” танловининг финал босқичи якунланди.

Танловда АҚШнинг Флорида университети психология факультети талабаси Тони-Энн Сингх “Жаҳон гўзали” деб эълон қилинди.

23 ёшли Тони-Энн Сингх танловда Ямайкани тамсил қилган эди.

"Арсенал" футболчисининг уйғурлар ҳақидаги баёнотидан Хитой норози бўлди

Футболчи Месут Озил.

Футболчи Месут Озил Шинжон-Уйғур мухториятидаги мусулмонлар Хитой ҳукумати томонидан тақиб қилинаётгани тўғрисида ёзгани ортидан Хитойнинг марказий CCTV телеканали Британиянинг “Арсенал” ва “Манчестер” клублари ўртаисдаги ўйинни намойиш қилишдан воз кечди.

“Арсенал” ўйинчиси Месут Озил 13 декабрда "Твиттер” саҳифасида уйғурлар ва бошқа мусулмон миллатларга босим кўрсатаётгани учун Хитой ҳукуматини танқид қилганди.

Миллати турк бўлган Германия фуқароси Месут Озилнинг бу твитини 135 минг одам ёқтирган ва 52 минг одам бўлишган, 14 минг одам твит остида шарҳ қолдирган.

Хитойда инглиз тилида нашр этиладиган “Global Times” газетаси Озилнинг ёзганлари “ҳақиқатга тўғри келмаслиги” ва бу баёнот билан футболчи хитойлик муҳлисларини “ҳафа қилгани” тўғрисида ёзди.

Ўтган йили БМТ бир миллионга яқин шинжонлик уйғур ва бошқа турк тилли миллатларга мансуб кишилар “экстремизмга қарши кураш марказлари”да жабран тутиб турилгани, миллионлаб одам “сиёсий қайта тарбиялаш лагерлари”га йўлланганини билдирганди.

Хитой ҳукумати бу маълумотларни “асоссиз” деб атаб, тан олмай келаётир.

Эрдўғон Вашингтонни Туркия ҳудудидаги АҚШ ва НАТО базаларини ёпиши мумкинлигидан огоҳлантирди

Туркия президенти Режаб Тоййип Эрдўғон.

Президент Режаб Тоййип Эрдўғон Вашингтон Туркия Россиянинг С-400 зенит комплексини сотиб олгани учун санкциялар жорий этадиган бўлса, АҚШ ва НАТО фойдаланиб келган ҳарбий базаларни ёпиши ҳақида баёнот берди.

Эрдўғон бу ҳақда15 декабрь куни Haber TV каналига берган интервьюси пайтида гапирди. Туркия президентининг бу баёноти АҚШ билан муносабатлар янада совуқлашаётганининг сўнгги исботи бўлди.

“Керак бўлса, биз Инжирликни ёпишимиз мумкин, Куречикни ҳам ёпамиз”, деб айтган Эрдўғон.

Инжирлик авиабазаси ўн йиллардан бери АҚШ ва НАТО қўшинлари учун стратегик объект бўлиб келган. Куречик базасида эса НАТОнинг бош радиолокация станцияси жойлашган.

АҚШ ва Туркия ўртасидаги муносабатлар 2016 йилдан бошлаб совуқлаша бошлаган эди. Туркия Россиядан С-400 зенит комплексларини сотиб олиши ортидан Анқара ва Вашингтон муносабатлари янада кескинлашди.

Вашингтон С-400 Инжирлик базасидаги АҚШнинг F-35 қирувчи учоқларига таҳдид солишини билдирмоқда.

Украина Озарбайжон мухолифатчи блогерини Бокуга депортация қилди

Украина президенти Володимир Зеленский 16 декабрда Бокуга боради.

Украина Озарбайжон мухолиф блогери Элвин Исаевни Бокуга депортация қилди. Украина Миграция хизматининг билдиришича, Озарбайжон Бош прокуратураси томонидан оғир жиноятларда айбланаётган 39 ёшли Исаев “украин миграция қонунларини бузгани” учун 14 декабрь куни депортация қилинган.

Элвин Исаев Бокуда қўлга олиниб, ҳибсхонада сақланмоқда. Озарбайжон ҳукумати блогерни қандай айбловлар асосида ҳибс қилгани тўғрисида маълумот бермади.

Исаев Украина президенти Володимир Зеленскийнинг Бокуга қиладиган икки кунлик ташрифи арафасида Озарбайжон ҳукуматига топширилди. Зеленскийнинг Бокуга сафари 16 декабрда бошланади.

1998 йилдан бери Россияда яшаб келган Исаев блогер сифатида Озарбайжон президенти Илҳом Алиевни танқид қилиб келган ва уни “диктатор” деб атаган. Шунингдек, у Озарбайжондаги коррупция ҳақида ҳам ёзган.

Орадан уч йил ўтиб Исаевга Россия фуқаролиги берилган. Бироқ 2019 йилнинг 26 августида Петербург суди унинг Россия фуқаролигини бекор қилган ва мамлакатдан бадарға қилиш тўғрисида қарор чиқарган.

Эрон бир ҳафтада иккита киберҳужумни даф қилганини айтди

Эрон ҳукуматининг юқори лавозимли амалдори бир ҳафтада мамлакатга қарши иккинчи киберҳужумни “даф этгани”ни маълум қилди.

Эрон телекоммуникация вазири Муҳаммад Жавод Озарий Жаҳромий 15 декабрда Твиттерга қўйган постида тахмин этилаётган ҳужум “аниқлангани ва уни киберхавфсизлик қалқони даф қилгани”ни ёзди. Вазирга кўра, киберҳужумнинг мақсади Эрон давлат разведкасига қарши қаратилган жосуслик амали бўлган.

Унинг фикрича, “жосуслик серверлари қаерда экани аниқланган ва ҳакерлар ҳам қидириб топилган”. Лекин тафсилотларни очиқламади.

Жаҳромий 11 декабрда Эроннинг давлатга қарашли ИРНА расмий ахборот агентлигига“кенг қамровли” ва “бир ҳукумат уюштирган киберҳужум Эроннинг электроника бўйича инфратузилмасини нишонга олгани”ни билдирди.

Вазир тахмин этилган ҳужум тафсилотларига тўхталмади. Фақат у даф қилинганини ва бу ҳақда ахборот берилишини айтиш билан чекланди. 10 декабрда Жаҳромий ҳакерлик амалиётлари Эрон банкларига ва мамлакат банкларининг миллионлаб мижозлари ҳисоб рақамларига қарши уюштирилгани хусусидаги ОАВ хабарларини асоссиз деб атади.

2000 йилларнинг охирида Stuxnet компьютер вируси Эроннинг ядро объектларидаги юзлаб центрифугаларини ишдан чиқаргандан сўнг мамлакат инфратузилмасининг асосий қисми интернетдан узиб қўйилган эди. Кўпчилик ўша вирусни АҚШ билан Исроил бирга ишлаб чиққанига ишонади.

Июнда АҚШ ҳукумати вакиллари мамлакат ҳарбийлари Эрон Форс кўрфазида Қўшма Штатлар дрони уриб туширилгани баҳонасида унинг ҳарбий компьютер тизимларига қарши киберҳужум бошлаганини айтган эди.

АҚШ Сенати қўмитаси Россияга нисбатан санкцияларга оид қонун лойиҳасига овоз беради

Сенат қўмитаси келаси мажлисида Россияга қарши санкциялар бўйича ўтган ҳафтада кечиктирилган зиддиятли қонун лойиҳасига овоз беради.

Сенатнинг Ташқи ишлар қўмитаси 18 декабрдаги мажлисида “Америка хавфсизлигини Кремлнинг тажовузидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ва бир тузатмани муҳокама қилади.

Жанубий Каролинадан сайланган республикачи сенатор Линдси Грэҳем уни “санкцияларга оид жаҳаннамдан олинган қонун лойиҳаси” деб атаган.

Икки партиянинг - DASKA қисқартмаси билан машҳур қонун лойиҳасида Россияга нисбатан чет эллардаги демократик жараёнларга аралашгани, шунингдек, Суриядаги “ёвуз” амаллари ва Украинага қарши тажовузи учун санкциялар қўллаш назарда тутилган.

Қонун лойиҳаси Россиянинг суверен қарзи, Кремлнинг “бошқа мамлакатлардаги демократик институтларни қўпориб ташлаш”га қаратилган саъй-ҳаракатларини қўллаётган банклар, Россиянинг бошқа мамлакатлардаги суюлтирилган табиий газ лойиҳалари, мамлакатнинг кибернетика сектори, шунингдек, Россия президенти Владимир Путинга яқин шахсларга қарши қаратилган.

Лойиҳада яна Давлат департаменти таркибида кибермакон ва рақамли иқтисодиёт бошқармаси тузиш кўзда тутилмоқда.

Янги бошқарма “халқаро киберхавфсизлик, интернетдан фойдаланиш, интернет эркинлиги, рақамли иқтисодиёт, тийиб туриш ва киберхавфсизлик ҳолатларига жавоб қайтариш сингари масалаларга тегишли дипломатик саъй-ҳаракатларга етакчилик қилади”, дейилган эди Нью-Жерси штатилик сенатор Боб Менендес жорий йил бошида тарқатган баёнотда.

“Большой театр” танқидга қарамай, юзи қорага бўялган образлардан фойдаланишини билдирди

Россия “Большой театри” 140 йилга яқин вақтдан бери давом этиб келаётган балетини ўзгартирмаслигини билдирди.

Бундай баёнот берилишига АҚШлик балет раққосасининг театрда юзни қора рангга бўяб грим қилинишига ирқий жиҳатдан нозик масала, деб қаралмаслигини танқид қилгани сабаб бўлди.

Мисти Коупленд ўтган ҳафтада Инстаграмдаги саҳифасига юзини қора рангга бўяб олган рус раққосалари “Баядер аёл” балетидаги ролларини репетиция қилаётган пайтда туширилган суратларини қайта жойлаган эди.

У 2015 йилда Америка балет театрининг 70 йилдан ошиқ тарихида илк қора танли прима балет раққосаси бўлганди.

1,7 миллион издоши бор Коупленд ОАВ 14 ёшда эканини айтаётган қизлар юзни қора рангга бўяш ирқчилик эканини билиши керак эди, деб айтди.

Ҳамма ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқдан фойдаланаётган, билимларини ошираётган ва дунёга очилаётган ушбу заминда уларнинг бунақа иш қилиш керак эмаслигини билмайдиган даражада кўр ва эътиборсиз бўлишини тасаввур қилиб бўлмайди, ‒ деди у.

Россия балет санъатининг етакчи вакиллари қора танли раққосанинг фикрини асоссиз, деб баҳолади.

Киевда Павел Шеремет ўлимида гумонланаётган икки шахс ҳибсга олинди

Киевнинг Печерский туман суди украиналик журналист Павел Шеремет ўлимида гумонланаётган ҳарбий хизматчи ва мусиқачи Андрей Антоненкони икки ойга ҳибсда ушлаб туриш ҳақида ҳукм чиқарди.

​Бундан олдин Печерский суди журналист ўлимида гумонланаётган бошқа бир шахс, болалар врачи Юлия Кузьменкога ҳам шундай чора қўллаганди.

"Украинская правда" нашрида ишлаган Павел Шеремет 2016 йил июл ойида автомобил портлаши натижасида ҳалок бўлган эди.

Украина Бош прокурори Юрий Луценкога кўра, Павел Шеремет ўтирган машинада портловчи модда излари топилган.

Киев прокуратураси журналист Павел Шереметнинг ўлими юзасидан "қасддан қотиллик" моддаси бўйича жиноят иши қўзғатган.

Россия Жамоатчилик телевидениесида ўз дастурини олиб борган ва "Украинская правда" билан ҳамкорлик қилган Павел Шеремет 2014 йилда Қрим аннексияси ва Украина шарқида уруш бошлангач, Россияни тарк этиб, Киевга кўчган эди.

АҚШ Конгрессининг ҳуқуқий қўмитаси Трампга қарши айбловларни маъқуллади

АҚШ Конгресси қуйи палатасининг ҳуқуқий қўмитаси АҚШ президенти Дональд Трампга қарши иккита айбловни маъқуллади.

Айбловлардан бири ваколатни суиистеъмол қилиш, иккинчиси эса қуйи палатанинг терговига қаршилик кўрсатишдир.

Энди айбловлар тўлиқ таркибдаги вакиллар палатасида овозга қўйилади.

Бу масала бўйича овоз бериш 18 декабр кунига белгиланди.

Конгрессменлар Трампга қарши айбловларни қўллаб-қувватласа, кейин масала Сенатга ўтади.

Сенаторлар АҚШ президентини ҳокимиятдан четлатиш масаласини январда кўриб чиқади.

Борис Жонсон сайловдаги йирик ғалабадан сўнг ЕИдан тезда чиқиб кетишга ваъда берди

12 декабрь кунги сайлов натижалари Бош вазир Борис Жонсон ваколатлари кучайишига олиб келди.

Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиши (Брекзит) учун курашаётган Консерваторлар партияси муддатидан олдин ўтказилган парламент сайловида йирик ғалабага эришди.

Бу ғалаба бош вазир Борис Жонсонга Европа Иттифоқи таркибидан чиқиш тўғрисидаги ваъдасини бажариш учун кучли ваколат берди.

13 декабрь куни деярли барча овозлар саналиб бўлгач, Жонсон бошлиқ партия парламент қуйи палатасидаги 650 та ўриннинг 364 тасини эгаллагани маълум бўлди. Консерваторлар партиясининг ишончли ғалабасидан сўнг Жонсон, режалаштирилганидек, Британия 31 январда Европа Иттифоқи таркибидан чиқиб кетади, деб баëнот берди

‒ Мен бемаънигарчиликларнинг барчасига барҳам бераман ва биз Брекзитни ўз вақтида, яъни 31 декабрда амалга оширамиз, “агар”и ҳам, “лекин”и ҳам йўқ, ‒ деди у.

ЕИдан чиқиш масаласини қайта референдумга қўйишдан олдин унинг шартларини яна бир марта муҳокама қилишни ёқлаган Лейбористлар партияси сайловда фақат 203 та депутатлик ўрнига эга бўлди. Бу партиянинг ваколати тугаётган парламентдаги ўринларидан 59 та камдир. Айни ҳол партия раҳбари Жереми Корбин истеъфога чиқиш ҳақида баёнот беришига олиб келди.

Европа Кенгашининг янги президенти Чарлз Мишель ЕИ Брекзит бўйича Британия парламенти тезроқ овоз бериши ва Лондон режаларига аниқлик киритишига умид қилаётганини айтди.

“Борис Жонсонни улкан ҒАЛАБА билан табриклайман! Британия билан Қўшма Штатлар БРЕКЗИТдан сўнг янги улкан савдо битимлари тузиши мумкин бўлади”, деб ёзди сайлов натижасига муносабат билдирган АҚШ президенти Трамп.

ЕИ Қрим аннексиясидан сўнг Россияга қарши жорий этилган санкцияларни яна узайтирди

Брюссель саммити.

Европа Иттифоқи раҳбарлари 12 декабрь куни Украинада давом этаётган ҳарбий можаро сабаб Россияга нисбатан жорий этилган санкциялар муддатини яна олти ойга чўзди.

Қарор Россия ва Украина президентлари Владимир Путин ва Володимир Зеленский Парижда юзма-юз учрашганидан бир неча кун ўтиб қабул қилинди.

Бу учрашувда томонлар йил охирига бориб, ўч очишни тўхтатиш, маҳбусларни алмашиш ва фронт чизиғининг уч жойида “қўшинларни орқага тортиш”га қарор қилган эди.

Лекин улар маҳаллий сайловлар вақти ва Украинанинг Россия билан чегараси устидан назорат ўрнатиш сингари беш йиллик урушга дахлдор мураккаб масалалар юзасидан келишувга эриша олмади.

9 декабрдаги музокарага воситачилик қилган Франция президенти Эммануэл Макрон билан Германия канцлери Ангела Меркель Брюсселда Европа мамлакатларининг бошқа раҳбарларига қисқача ахборот берди, сўнгра Москвага қарши чеклов чораларини бекор қилишни тавсия этди.

Россиянинг молия, энергетика, мудофаа саноатига қарши санкциялар илк марта 2014 йил июлида қўлланган эди.

Бунга Россия Украинанинг Қрим ярим оролини аннексия қилгани, Украина шарқидаги Донецк ва Луганск вилоятларини назорат қилиб турган айирмачиларни дастаклаётгани сабаб бўлди.

Украина шарқидаги уруш ҳаракатлари ҳозирга қадар 13 мингдан кўпроқ одам ҳаëтига зомин бўлди.

Россия икки нафар немис дипломатини чиқариб юборди

Германиянинг Россиядаги элчиси , Geza Andreas von Geyr 12 декабрь куни Россия Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилди.

Россия Берлин ҳукуматининг ўтган ҳафтадаги амалига жавобан икки нафар немис дипломатини чиқариб юборажагини эълон қилди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги 12 декабрда Германия элчиси Геза Андреас фон Гайрни чақириб, икки нафар немис дипломати 7 кун ичида Россиядан чиқиб кетиши кераклигидан огоҳлантирди.

“Россия тарафи муқобиллик принципи ва 1961 йили қабул қилинган “Дипломатик муносабатлари ҳақида”ги Вена конвенциясига асосланиб, Германия элчихонасининг икки нафар дипломатини исталмаган шахс деб топишга қарор қилди”, дейилади баёнотда.

Германия ўтган ҳафтада икки нафар рус дипломатини мамлакатдан чиқариб юборган эди. Бунга Федерал прокуратуранинг 4 декабрда ё Россиянинг ҳокимият идоралари, ёки Чеченистондаги агентликлар асли грузиялик, чечен миллатига мансуб 40 яшар шахсни ўлдиришга буйруқ берганига оид “етарли исботлар мавжудлиги” ҳақида берган баёноти сабаб бўлди.

23 августда Берлиндаги Клейнер Тиргартен истироҳат боғида Зелимхон Хангошвилининг бошига қарата икки марта ўқ узилган эди. Хангошвили дастлаб Россиянинг Чеченистон Республикасидаги бўлгинчилар сафида жанг қилган, кейинчалик қўшни Грузия¸ сўнгра эса¸ Германиядан қочқинлик мақоми олмоқчи бўлган.

Қотиллик изидан қўлга олинган 49 яшар россиялик шахс¸ 2013 йилда россиялик тадбиркорни ҳам ўлдирганликда гумон қилинмоқда.

Тожикистон: Ваҳдат колониясидаги исёнчилар 19 йилдан 29 йилгача қамоққа хукм қилинди

Ваҳдатдаги колония.

Тожикистон Олий суди Ваҳдат колониясидаги ўттизга яқин маҳбус устидан ҳукм чиқарди. Улар 2019 йил 19 майида юз берган исён айбдори сифатида айбланган.

Исён иштирокчилари Тожикистон Жиноят кодексининг 16 та моддаси, жумладан террорчилик, экстремизм ва қотилликда айбланиб, 19 йилдан 29 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиндилар. Колониядаги исён иши ёпиқ режимда кўриб чиқилган.

Ваҳдат колониясида май ойидаги тартибсизликлар оқибатида 32 киши - 29 нафар маҳбус ва колониянинг уч ходими ҳалок бўлган. Кейинроқ тартибсизликлар учун маъсулиятни фаолияти тақиқланган “Ислом давлати” гуруҳи ўз зиммасига олган.

Тожикистон Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, исёнчиларга полковник Гулмурод Ҳалимовнинг ўғли Беҳруз Гулмурод раҳбарлик қилган. Полковник Гулмурод Ҳалимов республика ОМОНининг собиқ командири бўлиб, 2015 йилда Сурияга қочиб кетган ва ИД сафига қўшилган (унинг ўғли 2017 йил май ойида ҳибсга олинган).

Тергов версиясига кўра, ҳодиса қуйидагича содир бўлган: аввалига пичоқ ва тўмтоқ буюмлар билан қуролланган исёнчилар колониянинг уч ходими - майор Бурхониддин Муродов, майор Абдужаббор Ҳалимов ва катта лейтенант Маҳмуд Асоевни гаровга олишган ва ўлдиришган.

Шундан сўнг улар жазо изоляторидан саккиз нафар ўта хавфли жиноятчини, жумладан “ИД”га алоқадор маҳбусларни озод қилишган. "Одамларни қўрқитиш ва аҳдига содиқлигини намойиш қилиш мақсадида” улар, тожик расмийлари маълумотига кўра, бошқа маҳбуслар кўз ўнгида беш нафар асирни сўйиб ташлаганлар.

Маҳкумлар ва уларнинг яқинлари суд уларга нисбатан адолатсиз ҳукм чиқарганини иддао қилишмоқда. "Биз Олий суд томонидан чиқарилган хукмдан норозимиз ва кассация тартибида шикоят аризасини ёзамиз", дея билдирган исми ошкор этилишини истамаган адвокатлардан бири.

Қирғиз депутатлари Матраимовлар даъвоси бўйича ОАВ ҳисобларига жорий этилган ҳатловни бекор қилишга чақирмоқдалар

Қирғизистон парламенти депутати Жанар Ақаев.

Қирғизистон парламенти депутати Жанар Ақаев Бишкек шаҳар судига мурожаат қилиб, Матраимовлар оиласи даъвоси бўйича “Азаттиқ” радиоси (Озодликнинг қирғиз хизмати), журналист Али Тўхтаохунов, 24.kg ва Kloop.kg нашрларининг банк ҳисоблари ҳатланиши борасида Свердлов туман судининг қарори бекор қилинишига чақирди.

“Матраимовлар учта медиага нисбатан судга даъво аризасини берди. Уларнинг судлашиш ҳуқуқи бор, ўзларининг ҳақлигини исботлашсин. Бироқ Свердлов туман суди ариза берилиши биланоқ ОАВнинг банк ҳисоб рақамларини музлатиб қўйди. Бу нотўғри. Ҳушимизга келишимиз керак”, деди депутат Ж.Ақаев 12 декабрь кунги парламент мажлисида.

Парламентнинг яна бир депутати Мирлан Жээнчўрўев туман суди қарорини учта ОАВ фаолиятига тўсқинлик қилиш, дея баҳолади. Унинг фикрича, зудлик билан иккинчи инстанция судига мурожаат қилиш ва ҳисоблардаги ҳатловни бекор қилишга эришиш керак.

Аввалроқ Бишкек шаҳар Свердлов туман суди Озодлик қирғиз хизмати¸ унинг мухбири Али Тўхтаохунов ҳамда Kloop сайтига қарашли банк ҳисобларини музлатиш ҳақида қарор чиқарганини хабар қилгандик.

Бундай қарор қирғиз хизмати, хусусан, Али Тўхтаохуновнинг мамлакат божхона хизматидаги кенг кўламли коррупция ва 700 миллион АҚШ долларидан ошиқ маблағнинг мамлакатдан ноқонуний олиб чиқилгани ҳақидаги журналистик суриштируви ортидан пайдо бўлган.

Суд қарорига журналистик суриштирувда номлари тилга олинган шахслар томонидан берилган ариза асос бўлган. Аризачилар Озодлик қирғиз хизмати¸ Али Тўхтаохунов ва Kloop сайтини “ўз шаъни¸ номуси ва бизнес репутациясига зиëн етказганлик”да айблаган.

Аризачилар ўзларига етказилган зарарни қоплаш учун 60 миллион қирғиз сўми ёки тақрибан 859 минг АҚШ доллари миқдорида жарима ундирилишини ҳам сўраган.

Матраимовлар даъвоси бўйича дастлабки суд мажлиси Свердлов туман судида 19 декабрь куни бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Қирғиз суди Озодлик қирғиз хизматининг банк ҳисобини музлатиб қўйди

Озодлик эълон қилган журналистик суриштирув ортидан мамлакатда коррупцияга қарши норозилик намойишлари юзага чиқди.

Бишкек шаҳар Свердлов туман суди 10 декабрь куни Озодлик қирғиз хизмати¸ унинг мухбири Али Тўхтаохуновга қарашли банк ҳисобларини музлатиш ҳақида қарор чиқарди.

Бундай қарор қирғиз хизмати¸ хусусан¸ Али Тўхтаохуновнинг мамлакат божхона хизматидаги кенг кўламли коррупция ва 700 миллион АҚШ долларидан ошиқ маблағнинг мамлакатдан ноқонуний олиб чиқилгани ҳақидаги журналистик суриштируви ортидан пайдо бўлди.

Бу суриштирувда Озодлик билан ҳамкорлик қилган Қирғизистондаги Kloop янгиликлар сайтига қарашли банк ҳисоби ҳам музлатиб қўйилди.

Бундай қарорга журналистик суриштирувда номлари тилга олинган шахслар томонидан берилган ариза асос бўлган. Аризачилар Озодлик қирғиз хизмати¸ Али Тўхтаохунов ва Kloop сайтини “ўз шаъни¸ номуси ва бизнес репутациясига зиëн етказганлик”да айблаган.

Аризачилар шунингдек¸ ўзларига етказилган зарарни қоплаш учун жарима ундирилишини ҳам сўраган.

Айни пайтда Қирғизистон Бош прокуратураси Озодлик журналистик суриштирувида келтирилган факт ва маълумотларни текширишни бошлади.

Журналистик суриштирув давомида Қирғизистон Божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари Раимбек Матраимов ва бошқа расмийларнинг Хитойда туғилган этник уйғур¸ Қозоғистон ватандоши Ҳабибулла Абдуқодирга қарашли бизнес тармоғи орқали юзлаб миллион долларни ноқонуний йўллар билан хорижга олиб чиққани фош этилди.

Ҳабибулло Абдуқодир ўзбекистонликларга яқинларгача “Абу Сахий”¸ ҳозирда эса “Тошкент савдо маркази” номи билан таниш ширкат асосчисидир.

Сенат қўмитаси Туркияга нисбатан санкция қўллашга оид қонун лойиҳасини маъқуллади

Ражаб Тоййиб Эрдўғон

АҚШ Сенати қошидаги Ташқи алоқалар қўмитаси 11 декабрда АҚШнинг НАТОдаги иттифоқчиси бўлган Туркияга қарши Сурияга бостириб киргани ва Россиянинг S-400 ҳаводан ҳужумга қарши мудофаа тизимини харид қилгани учун санкция жорий қилиш кўзда тутилган қонун лойиҳасини маъқуллади.

Айни пайтда Россияга нисбатан санкциялар қўллаш назарда тутилган баҳсли қонун лойиҳасига овоз бериш кечиктирилди.

Қўмита аъзолари, шунингдек, Марказий ва Шарқий Осиё мамлакатларининг Россияга қарамлигини камайтириш мақсадида энергетика лойиҳаларига молиявий ёрдам беришга қаратилган қонун лойиҳасини ҳам маъқуллади. Унда Давлат котиби олдига Россияни терроризмнинг давлат ҳомийси деб аташ ёки атамасликни аниқлаб бериш талаб қўйилади.

Қонун лойиҳасига Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Вашингтонда президент Дональд Трамп ва Давлат котиби Майк Помпео билан учрашганининг эртаси куни овоз берилди. Помпео Лавров билан суҳбатлашгандан сўнг Москва билан иқтисодий муносабатларда “сезиларли илгари силжиш” ҳақида баёнот бермоқчи эканини маълум қилган эди.

Ҳам Россия президенти Владимир Путин, ҳам Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан яқинлигини намойиш қилган Трамп ушбу мамлакатларга нисбатан санкциялар қўллашни кечиктиришга уриниб кўрди.

Россияда Зеленский президент роль ўйнаган сериаллар эфирдан олиб ташланди

Актер сифатида президент ролини ўйганан Володимир Зеленский актердан президентга айланди.

Россиянинг ТНТ телеканали 11 декабрда Украина президенти Володимир Зеленский бош ролни ўйнаган “Халқ хизматкори” ситкомининг дастлабки уч сериясини намойиш қилгандан сўнг эфирдан олиб ташлади.

Зеленский кутилмаганда президент этиб сайланган тарих ўқитувчиси ролини ўйнаган ситкомни эфирга узатиш учун 12-13 декабрда бошқа кўрсатувларга мўлжалланган вақт ажратилган эди.

“Газпром Медиа” эгалик қилувчи ТНТ телеканали Россия президенти Владимир Путин Киев билан муносабатлар “илиқлаша бошлагани”ни айтгандан сўнг шу ишга қўл урган эди. Путин Парижда Зеленский билан Украина шарқидаги можарога барҳам бериш ва мустаҳкам тинчлик ўрнатиш юзма-юз учрашган эди.

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песковдан Путин ушбу ситкомни кўрганми, деб савол сўралганда, президентнинг телевизор томоша қилиш учун “вақти йўқ экани”ни айтди.

Кўрсатувларини ҳафтасига 35 миллион киши кўрадиган давлатга қарашли медиакомпаниянинг ситкомга оид рекламасида, “Кўрсатув – утопия, унинг Зеленский раҳбарлигидаги Украинага ҳеч қандай алоқаси йўқ”, деган огоҳлантирувчи сўзлар бор эди.

Ситком эфирдан олиб ташланишидан олдин Россия Узоқ Шарқидаги томошабинлар унинг кесиб ташланмаган версиясини кўрганини ижтимоий тармоқларда хабар қилган эди.

Time журнали Грета Тунбергни “Йил одами” деб эълон қилди

АҚШда чиқадиган Time журнали швециялик 16 ёшли ўқувчи Грета Тунбергни “Йил одами” дея эълон қилди. У иқлим ўзгариши муаммосига сиёсатчилар эътиборини жалб қилишга қаратилган оммавий йиғинлар ташкилотчиси сифатида шуҳрат қозонган.

Тунберг расмини журнал муқовасига жойлаштирган таҳририят қизнинг иқлим ўзгаришига қарши кураши қўшган ҳиссасинигина урғулаб қолмай, турли мамлакатлардаги ўз тенгдошларини жамоатчилик фаолиятига жалб қилиб, уларга ўрнак бўлганини ҳам қайд этади.

Грета Тунберг ўтган йили мактаб ўқувчилари забастовкасини уюштирганидан кейин машҳур бўлиб кетган. Швецияда ундан ўрнак олган ўқувчилар жума кунлари мактабга бориш ўрнига иқлим ўзгаришига қарши кураш чақириғи билан акциялар ўтказа бошлаганлар. Жорий йилда эса бу ҳаракат дунёнинг ўнлаб мамлакатига тарқалди. Табиат муҳофазаси учун ўтказилган глобал кўча акцияларининг бир нечтасида миллионлаб одам иштирок этди.

Сентябрь ойида Тунберг БМТнинг Нью-Йоркдаги иқлим саммитида чиқиш қилиб, сиёсатчиларни келажак авлод ҳақида қайғурмай, унинг “болалигини ўғирлаганлик”да айблаб чиқди. Бу чиқишидан сўнг уни алқаганлар ҳам, танқид қилганлар ҳам кўп бўлди.

АҚШ президенти Дональд Трамп, Россия президенти Владимир Путин, Бразилия президенти Жаир Болсонару Тунбергнинг танқидчилари орасида эдилар. Бироқ АҚШнинг собиқ президенти Барак Обама ва Германия канцлери Ангела Меркель каби сиёсатчилар ўқувчи қизни қўллаб чиқдилар.

Саудия давлат нефть ширкати дунёдаги энг қиммат ширкатга айланди

Саудия Арабистонига қарашли Saudi Aramco давлат нефть ширкати биржага чиққан илк кунданоқ акциялари нархи ошиб, 1,88 триллион доллар сармоя билан дунёдаги энг қиммат ширкатга айланди. Бу ҳақда Британиянинг Financial Times нашри хабар қилади.

Ўз қиймати бўйича Apple ва Microsoft ширкатларини ортда қолдирган Saudi Aramco жаҳондаги энг сердаромад ширкат бўлиб ҳисобланади. 2018 йил якунларига кўра, ширкатнинг соф даромади 111 миллиард АҚШ долларидан кўпроқ бўлган. Жорий йилнинг биринчи ярмида эса ширкат қарийб 47 миллиард доллар соф фойда кўрган.

Биржага чиқиш чоғида ширкат яна 25,6 миллиард доллар сармоя жалб қилган. Бу сармоя жалб қилиш бўйича рекорд кўрсаткич бўлиб ҳисобланади. Бундан аввалги рекорд Хитойнинг Alibaba ширкати ($25 млрд) ўрнатганди.

Биржага чиқишдан топилган даромад Саудия Арабистони қироллиги иқтисодиётини диверсификация қилишга сарфланиши айтилмоқда.

Тожикистонда фуқаролиги бўлмаган 20 минг киши афв қилинди

Иллюстратив сурат.

Тожикистон парламенти 11 декабрь куни ноқонуний равишда мамлакат ҳудудида юрган фуқаролиги бўлмаган, СССР паспортига эга шахсларни афв қилишга қаратилган қонун лойиҳасини қабул қилди.

Парламент депутатларига кўра, мазкур ҳужжат давлат нашрида эълон қилинганидан сўнг кучга киради ва Тожикистондаги фуқаролиги бўлмаган шахслар яшаш учун гувоҳнома оладилар.

Депутат Бахтовар Сафарзоданинг айтишича, қонун турли сабабларга кўра расмий ҳужжат ололмаётган собиқ СССР фуқароларига нисбатан қўлланилади.

Қонун аввалроқ бир неча қочқин расмий ҳужжати йўқлиги ва Тожикистонда ватандошлик олиш ўта мураккаблигидан нолигани ортидан қабул қилинган. Қочқинларнинг катта қисми Тожикистонга Афғонистонда ҳокимият тепасига толиблар келган 90-йилларда ўтишган.

Тожикистон ички ишлар вазири ўринбосари Икром Умарзоданинг 11 декабрь куни парламент мажлисида айтишича, ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳисоб-китобига кўра мамлакат ҳудудида ноқонуний юрган фуқаролиги йўқ 20 минг кишининг 65 фоизини хотин-қизлар ташкил қилади.

Мулозимга кўра, эндиликда бу одамлар 5 йил муддатга яшаш учун рухсатнома олишлари ва шундан кейин Тожикистон фуқаролигини расмийлаштиришлари мумкин бўлади.

Тожикистонда шу кунгача фуқаролиги бўлмаган шахслар сиёсий ҳуқуқлардан, соғлиқни сақлаш хизматларидан фойдалана олишмас, никоҳ расмийлаштира олмас ва турар-жойдан рўйхатдан ўта олмас эдилар. Депутатларнинг қайд этишларича, бу қонун қабул қилиниши билан улар тўлақонли ҳаёт кечиришлари ва бошқа фуқаролар каби ҳуқуқлардан фойдалана олишлари мумкин бўлади.

Қонун тақиқланган гуруҳлар аъзолари ва жиноят содир этганликда айбланаётганларга нисбатан жорий қилинмайди.

Бангладешдаги диний мактабларда ўқиётган ёшлар Тожикистонга қайтарилди

Иллюстратив сурат.

Бангладешнинг диний мактабларида таҳсил олаётган 10 га яқин бола Тожикистонга қайтарилди.

Улар ихтисослаштирилган мактаб-интернатга жойлаштирилган. Тожикистон Таълим ва фан вазирлигининг маълум қилишича, бу ерда улар адаптация жараёнидан ўтадилар.

2010 йил августида Тожикистон президенти чет эл мадрасаларида ўқиётган болаларнинг ота-оналарига фарзандларини ватанга қайтариш чақириғи билан чиққанди. Раҳмон болалар у ерларда мулла бўлиб эмас, балки террорчи ва экстремист бўлиб етишишини иддао қилган.

Жорий йил февралида расмийлар хорижий мадрасаларда таҳсил олаётган тожикистонликларнинг катта қисми (3758 кишидан 3571 нафари) юртга қайтарилгани ҳақида маълумот берганлар. Дин, аньана, тантана ва урф-одатларни мувофиқлаштириш қўмитаси раҳбари Сулаймон Давлатзодага кўра, бу ёшлар қонунга зид равишда мамлакат хорижидаги диний ўқув юртларида таҳсил олган. Ўшанда мулозим хорижда яна 240 нафардан кўпроқ тожикистонлик талаба қолганини айтганди.

Москванинг собиқ мэри Лужков вафот этди

Россия пойтахти Москванинг собиқ мэри Юрий Лужков 83 ёшида оламдан ўтди.

Москвани 18 йил (1992 йилдан 2010 йилгача) бошқарган Лужков бир пайтлар Россиядаги энг қудратли шахслардан бири бўлиб ҳисобланарди.

Мэрлик пайтида Лужков аввалига президент Борис Ельцин, кейин эса унинг вориси бўлган Владимир Путинни қўллаб келган.

Лужков даврида Москва тез бойиган. Айни пайтда у мухолифат овозини ўчиришга урингани ва ақл бовар қилмас коррупцияга аралашгани учун танқидларга нишон бўлган.

Унинг атрофида бўлган кўп одам кейинчалик Россиянинг энг бадавлат кишиларига айланган. Рафиқаси Елена Батурина эса кўп йиллардан буён россиялик энг бой аёлларга пешқадамлик қилиб келади.

Қозоғистонда Сурия бўйича музокараларнинг галдаги раунди бошланди

Сурия бўйича Нур-Султонда аввал ўтказилган учрашувлардан бири.

Туркия, Эрон ва Россия делегациялари уч томонлама музокараларда иштирок этиш учун 10 декабрь куни Қозоғистон пойтахти Нур-Султонга келди. Бу ҳақда Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Айбек Смадияров журналистларга маълум қилди.

Сурияда саккиз йилдан бери давом этиб келаётган қуролли низоларни бартараф этишга қаратилмиш музокараларда урушдан кейин мамлакатда ишлайдиган конституцияни, сиёсий ўтиш режасини, қочқинлар хавфсизлиги ва уларни жойлаштириш режасини ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Бу Остона жараёни деб аталмиш музокаралар доирасидаги 14-учрашувдир. Илк учрашув 2017 йил январида Туркияда БМТ воситачилигидаги Женева музокараларини дастаклаш учун ўтказилган.

Қозоғистон Стратегик тадқиқотлар институти директорининг ўринбосари Санат Қушқумбаевнинг 5 декабрь куни Euroactiv сайтига маълум қилишича, учрашувда “Сурия шимолий қисмидаги Идлиб атрофи ва Фирот соҳилларига оид техник масалалар” муҳокама қилинади.

Унга кўра, бу ерда гап урушсиз бўлга бўйича аввал эришилган келишувларни шимолий-шарқий йўналиш бўйлаб кенгайтириш борасида бормоқда. Қушқумбаевнинг урғулашича, бу турклар, курдлар ва “Ислом давлати” гуруҳи қолдиқлари бўлган мураккаб ҳудуддир.

Қозоғистон пойтахтидаги Сурия бўйича музокаралар Сурия масаласида БМТ воситачилигида Женевада ўтказилаётган музокаралардан алоҳида ўтказилмоқда.

Сурия уруши бўйича янги музокаралар Қозоғистонда ўтказилади

Туркия, Эрон ва Россия делегациялари 10 декабрда икки кун уч томонлама музокаралар ўтказиш учун Нур-Султонга ташриф буюрди. Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар вазири Айбек Смадияров журналистларга хабар қилди.

Учрашувлар Сурияда 8 йилдан бери давом этаётган фуқаролар урушига доимий ечим топишга қаратилган, яна улар урушдан кейинги конституцияни ишлаб чиқиш, сиёсий ўтиш, хавфсизлик ва қочқинларни жойлаштириш бўйича давом этаётган музокараларни ҳам қамраб олади.

“Остона жараёни” деб номланган илк учрашув 2017 йил январида Туркияда БМТнинг Женевадаги тинчлик музокараларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилган эди. Бу 14-учрашувдир.

Қозоғистон Стратегик тадқиқотлар институти директори ўринбосари Санат Кушкумбаев 5 декабрда Euroactiv медиатармоғига берган интервьюсида учрашувда “асосий эътибор Суриянинг шимолий қисмидаги Идлиб ҳудуди ва Фрот дарёси қирғоқларига тегишли техник масалаларга қаратилиши”ни айтган эди.

− Гап шимоли-шарқ йўналишидаги ҳудуд бўйича олдинги келишувларни кенгайтириши ҳақида кетмоқда. Бу – жуда нозик ҳудуд, чунки у ерда турклар, курдлар ва Ислом давлатининг қолган-қутган террорчилари бор, − деган эди у.

Қозоқ фаоллари мухолиф митинги олдидан қамоққа ташланди

Қозоғистоннинг 3 нафар инсон ҳуқуқи ҳимояси фаоли пойтахт Нур-Султонда инсон ҳуқуқи ҳимояси бўйича ўтказилиши режалаштирилган митинг олдидан ҳибсга олинди.

Марат Мусабаев, Гулмира Халиқова ва Галия Тамабаева ҳибсга олинди.

Ҳамкасблари ва дўстлари 10 ноябрда Озодлик радиосига улар 16 декабрда ўтказилиши режалаштирилган митингларда “қатнашиши олдини олиш учун” қамоққа ташланганини айтди.

Фаолларга кўра, Нур-Султон суди 9 декабрь куни Халиқова ва Тамабаевани 27 ноябрда Европа Иттифоқи ваколатхонаси олдидаги рухсат этилмаган митингда қатнашгани учун айбдор деб топди.

Улар бошқа инсон ҳуқуқи ҳимояси фаоллари билан бирга Европа Иттифоқини инсон ва фуқаролик ҳуқуқи масаласида Козоғистон ҳокимият идораларига босим ўтказишга даъват этган эди.

Иккала аёлнинг ҳар бири 10 кунга кесилди. Мусабаев эса интернет орқали 16 декабрдаги рухсат этилмаган митингда қатнашишга одамларни чорлагани учун айбдор деб топилди. Учовлоннинг қамалгани ҳали расман тасдиқлангани йўқ.

Мухолифатдаги “Қозоғистоннинг демократик танлови” ҳаракатини қочқиндаги олигарх ва мухолиф сиёсатчи Мухтар Аблязов ташкил қилган.

Ҳаракат 16 декабрь – Қозоғистоннинг мустақиллик куни пойтахт Нур-Султон ва бошқа шаҳарларда митинглар ташкил этишини эълон қилган эди.

Давомини ўқинг

OzodTa'sir

XS
SM
MD
LG