Линклар

Шошилинч хабар
31 март 2020, Тошкент вақти: 01:44

Халқаро хабарлар

Покистоннинг собиқ президенти коррупцияда айланиб қўлга олинди

Покистоннинг собиқ президенти Осиф Али Зардорий.

Покистоннинг собиқ президенти Осиф Али Зардорий 10 июнь куни коррупцияда айбланиб қамоққа олинди.

Зардорий билан биргаликда унинг синглиси Фарьял Талпур ҳам коррупцияда гумонланмоқда.

Терговнинг билдиришича, Зардорий ва Талпур бир миллион долларга яқин пулни шахсий банк ҳисобларига ўтказиб, ўзлаштириб олган. Зардорий ва Талпур айбловни инкор этмоқда.

Амалдаги Бош вазир Имрон Хон ҳокимиятга келганидан бери Покистонда бир қатор сиёсатчилар коррупцияда айбланиб қўлга олинди.

Олий Суд собиқ Бош вазир Навоз Шарифни ҳам коррупцияда айблаб лавозимидан бўшатган. Ўтган йилнинг 24 декабрида суд Навоз Шарифни 7 йил қамоқ жазосига ҳукм қилган эди.

Зардорий 2008 йилдан 2013 йилгача Покистон президенти бўлган.

Кун янгиликлари

ХВЖ: Ривожланаëтган давлатлар жорий инқирозни тўхтатиш учун 2.5 триллион долларга муҳтож!

ХВЖ бошқаруви раиси Кристалина Георгиева.

Халқаро валюта жамғармаси бошқарувчи директори Кристалина Георгиева коронавирус пандемияси сабаб глобал иқтисоднинг аллақачон таназзулга юз тута бошлаганини айтди ва ҳукуматларни оммавий банкротлик олдини олиш учун “ниҳоятда катта маблағ” сарфлашга чақирди.

Болгариялик иқтисодчи Георгиева таъкидича¸ иқтисоди ривожланаëтган давлатлар жорий инқироздан чиқиш учун камида 2.5 триллион долларлик молиявий заҳирага муҳтож.

ХВЖ сиëсатини белгиловчи 24 давлат мулозими билан ўтказган телеконференциясидан сўнг мухбирлар билан гаплашган Кристалина Георгиева¸ ҳозирча вазиятнинг 2009 йилги глобал молиявий кризис даражасига етгани ëки унданда ëмонлашгани ҳақида аниқ хулоса йўқлигини билдирди.


- Ҳозирги вазиятда дунë иқтисодининг тўсатдан тўхтаб қолиши ортидан бошланадиган банкротлик ва ишсизлик тўлқинининг кўтарилиши энг катта таҳликадир. Бундай жараëн нафақат иқтисоднинг қайта ўзига келишини савол остида қолдиради¸ балки жамиятлар тўқимасини емириб ташлайди¸ деди ХВЖ раҳбари.

Георгиева¸ агар коронавирус пандемияси тарқалиши жиловланиб¸ ликвидлик муаммоси юзага чиқиши олди олинса¸ 2021 йилга бориб глобал иқтисоднинг ўзига қайта бошлаш эҳтимоли борлигини ҳам қўшимча қилди.

ХВЖ раҳбари¸ жорий инқироздан иқтисоди эндигина ривожлана бошлаган давлатлар энг кўп зиëн кўриши ва бугунга келиб 81 ҳукумат жамғармадан қарз сўраб мурожаат қилганинии таъкидлади.

26 март куни иқтисоди тараққий қилган Йигирмалик коронавирус оқибатларига қарши курашиш мақсадида жами 5 триллион доллардан кўпроқ маблағ ажратилишини маълум қилди.

Биргина АҚШ ҳукумати шу мақсадда 2.2 триллион долларлик ëрдам дастурини қабул қилди.

Бу дастур ХВЖнинг инқироз пайтига мўлжалланган 500 миллиард долларлик дастурига қўшимча 78 миллиард доллар ажратишни ҳам кўзда тутади.

Европарламент депутатлари ЕИдан коронавирус бўйича Хитой ва Россия дезинформациясини тўхтатишга чақирди

Коронавирус пандемиясига оид аксар фейк хабарлар асосан ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилмоқда.

Европа парламенти депутатларининг бир гуруҳи Европа иттифоқи раҳбарларига мурожаат қилиб¸ коронавирусни тўхтатиш юзасидан Европа давлатларида кўрилаëтган чора-тадбирлар ҳақида Хитой ва Россия олиб бораëтган дезинформация кампаниясини тўхтатишга чақирди.

39 депутат қўл қўйган мурожаат Европа Комиссияси президенти¸ Европа кенгаши президенти ва ЕИнинг Ташқи сиëсат бўйича бош комиссарига юборилди.

Депутатлар ЕИ раҳбариятидан коронавирус оқибатида юзага келган инқирознинг Хитой ва Россия ҳукуматлари томонидан ўз геосиëсий амбицияларига эришиш воситасига айлантириш уринишига зудлик билан мувофиқлаштирилган ҳаракат қўллашни талаб қилган.

Нусхаси Озодликка юборилган мактубида Европа парламенти депутатлари Хитой ва Россияни коронавирус инқирозидан 27 давлат аъзо иттифоқни ичдан парчалаш мақсадида фойдаланаëтганликда айблаган.

Россия ҳукуматининг коронавирус ҳақида ëлғон хабар тарқатаëтгани ҳақида жорий ой ўртасида Европа ташқи алоқалар хизмати хабар қилган эди. Хизмат баëнотида¸ Москва ҳукуматининг европаликлар орасида саросима туғдириш ва Европа соғлиқни сақлаш тизимига ишончсизлик туғдиришни мақсад қилгани айтилди.

Мутахассисларга кўра¸ кейинги уч ой ичида Москванинг Европадаги коронавирус вазиятига оид камида 80 та сохта хабарга алоқадорлиги аниқланган.

Ўтган ҳафта АҚШ Давлат котиби Майк Помпео ҳам Хитойни коронавирус келиб чиқишига оид сохта хабар тарқатишни тўхтатишга чақирган эди.

Жорий ой бошида Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Twitter тармоғида¸ "коронавирусни Уханга Америка ҳарбийлари олиб келди"¸ деган хабар тарқатган¸ аммо бу иддаосини тасдиқловчи бирор далил тақдим қилмаган эди.

Коронавирус пандемиясига оид сохта хабарлар кейинги ойлар ичи дунëнинг аксар қисмида жиддий муаммога айланиб бормоқда ва ҳукуматларни бундай кампаниялар олдини олиш учун кескин чоралар қўллашга ундамоқда.

Қирғизистонда яна 10 киши коронавирусга чалинди. Беморлар сони 94 нафарга етди

Қирғизистонда коронавирусга чалинганларнинг 49 нафари Жалолобод вилоятидан.

Қирғизистонда 30 март ҳолатига кўра, яна 10 одам COVID-19 вирусига чалингани аниқланди. Бу билан Қирғизистонда коранавирус юқтирганлар сони 94 кишига етди.

Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Кубатбек Бўрўновнинг 30 март куни маълум қилишича, вирус аниқланган 10 одамнинг барчаси Жалолобод вилоятида яшовчилардир.

Қирғизистонда коронавирусга чалинган 94 одамнинг 49 нафари Жалолобод вилоятида, 31 нафари Ўш вилоятида, 2 нафари Ўш шаҳрида, 1 нафари Боткен вилоятида, 2 нафари Чуй вилоятида, 8 нафари пойтахт Бишкекда, 1 нафари Норин вилоятида яшайди.

Бугунга келиб Қозоғистонда коронавирусга чалинганлар сони 265 кишига етди, бир киши вафот этди.

Қирғизистонда 30 март ҳолатига кўра, 84 та коронавирус юқтирганлик ҳолати рўйхатга олинган.

Ўзбекистонда 145 кишида вирус аниқланди, 2 бемор вафот этди.

Марказий Осиёнинг 2 та мамлакати - Туркманистон ва Тожикистонда кишиларнинг вирус юқтирганлик ҳолати хабар қилингани йўқ. Бироқ экспертлар бу икки мамлакатда коронавирус йўқлиги тўғрисидаги маълумотларга шубҳа билдирмоқдалар.

Қозоғистонда бешинчи йирик шаҳар карантинга олинди

29 март куни Қозоғистонда яна 14 одамда коронавирус аниқланган эди.

Қозоғистон коронавирус оқибатида бешинчи катта шаҳрини карантин учун ёпди. 29 март куни Қарағандада вирусга чалинган 7 одам аниқлангани ортидан шаҳарга кириш ва чиқиш чекланди.

Аввалроқ Нур-Султон, Олмаота, Чимкент ва Актау шаҳарлари ҳам карантинга олинган эди. Бугунга келиб Қозоғистонда коронавирусга чалинганлар сони 265 кишига етди, бир киши вафот этди.

Қирғизистонда 30 март ҳолатига кўра, 84 та коронавирус юқтирганлик ҳолати рўйхатга олинган.

Ўзбекистонда 145 кишида вирус аниқланди, 2 бемор вафот этди.

Марказий Осиёнинг 2 та мамлакати - Туркманистон ва Тожикистонда кишиларнинг вирус юқтирганлик ҳолати хабар қилингани йўқ. Бироқ экспертлар бу икки мамлакатда коронавирус йўқлиги тўғрисдаги маълумотларга шубҳа билдирмоқдалар.

Оқ Уй эксперти: АҚШда коронавирусдан 200 минг одам ўлиши мумкин

Энтони Фаучи АҚШда коронавирусга чалинадиганлар сони "бир миллионга етиши мумкинлиги"ни ҳам таҳмин қилди.

АҚШда коронавирусдан 200 минг одам вафот этиши мумкин. Бу ҳақда 29 март куни АҚШ ҳукуматининг юқумли касалликлар бўйича эксперти Энтони Фаучи маълум қилди.

29 март ҳолатига кўра, АҚШда COVID-19 вирусига чалинган 125 мингдан кўпроқ одам аниқланган.Улардан 2100 нафардан кўпроғи вафот этган.

Энтони Фаучи АҚШда коронавирусга чалинадиганлар сони "бир миллионга етиши мумкинлиги"ни ҳам таҳмин қилди.

АҚШдаги Жон Хопкинс университетининг билдиришича, шу кунгача коронавирусдан бутун дунёда 33 мингдан ошиб кетди. Ўлим ҳолатларининг учдан икки қисми Европа давлатларига тўғри келмоқда.

Италия коронавирусдан ўлганлар сони бўйича дунёдаги энг етакчи давлат бўлиб қолмоқда. Бу ерда 10 минг одам вафот этди. Иккинчи ўринда эса 6528 одам ўлган Испания бормоқда. 29 март куни Испанияда коронавирусга чалинган беморлардан 838 нафари вафот этган.

Вирусни юқтирганлар расмий сони дунё бўйича 700 минг кишидан ошиб кетди.

Россия 30 мартдан бошлаб чегараларини ёпди

Россияга автомобил, темир йўл, дарё ва бошқа чегара пунктлари орқали кириш вақтинча тўхтатилди.

Россия 30 мартдан бошлаб чегараларини ёпди. Бу борада Бош вазир Михаил Мишустин кўрсатма бергани тўғрисида Россия ҳукумат сайти 29 мартда маълум қилди.

Ҳукумат қарори билан Россияга автомобил, темир йўл, дарё ва бошқа чегара пунктлари орқали кириш вақтинча тўхтатилди.

Қарор дипломатлар, давлат амалдорларининг бир қисми ва уларнинг оилаларига, поезд бригадалари ходимларига, кемалар экипажига, Украина айирмачи ҳудудларида яшовчи Россия паспортига эга бўлган шахсларга таалуқли эмас.

Бундан ташқари Россия орқали уйига қайтаётган МДҲ, тан олинмаган Жанубий Осетия ва Абхазия фуқароларига ҳам бу қарор амал қилмайди.

Бугунги кунга келиб, Россияда 1534 одам коронавирусга чалингани аниқланди. Беморлардан 8 нафари вафот этди. 64 одам тузалди.

Испания қиролининг яқин қариндоши малика Мария Тереза коронавирусдан вафот этди

Испания пойтахти Мадрид кўчалари бугунги кунда мана шундай бўм-бўш.

Испания қироли Филипп VIнинг яқин қариндоши бўлган малика Мария Тереза 29 март куни коронавирусдан вафот этди. У 86 ёшда эди.

Мария Терезанинг ўлими ҳақида унинг кенжа укаси шаҳзода Сикст- Энрико Бурбон-Парм маълум қилди.

Мария Тереза “социалистик монархия” тарафдори бўлгани учун уни “қизил малика” деб ҳам аташар эди. У монархистлар партиясини қўллаган ҳолда капитализмни танқид қилиб келарди.

Малика турмушга чиқмаган ва фарзандлари йўқ.

Бундан аввалроқ Британия қирол оиласининг аъзоси бўлган шаҳзода Чарльз ва Монако ҳукмдори Альбер II ҳам коронавирусга чалингани хабар қилинган эди.

Шаҳзода Чарльз қиролича Елизавета IIнинг катта ўғли, Британия тахти ворисидир.

Испанияда шу кунгача коронавирусдан 5 мингдан ортиқ одам вафот этди.

Қозоғистонда коронавирус юқтирганлар 200 дан ошди, ҳукумат чекловларни кучайтирди

Ниқоб таққан ҳарбий, 19 март, 2020, Олмаота

28 март ҳолатига кўра, Қозоғистонда коронавирус юқтирган кишилар сони 200 дан ошди, ҳукумат COVID-19 тарқалишини тўхтатишга ёрдам беради, деган мақсадда янада кескинроқ чекловлар жорий қилди.

Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги яна 11 та коронавирус юқтирганлик ҳолати қайд этилгани, уларнинг жами миқдори 204 кишига етганини маълум қилди.

Илк инфекция юқтирганлик ҳолатлари Шарқий Қозоғистон ва Қизилўрда вилоятларида аниқланган эди.

28 март ҳолатига кўра, пойтахт Нур-Султон ва энг йирик шаҳар Олмаотада аксарият компанияларга ишни тўхтатиб туриш буюрилди, ватандошларнинг озиқ-овқат ёки дори-дармон сотиб олишдан бошқа ҳолларда уйдан чиқиши тақиқланди.

Ҳокимият идоралари Қозоғистоннинг учинчи йирик шаҳри Чимкентда шаҳарлараро транспорт терминалларини ва жамоат жойларини ёпди. Бир киши ўлгани айтилмоқда.

Қўшни Ўзбекистонда 133 киши коронавирус юқтиргани, икки киши эса ўлгани хабар қилинди.

Қирғизистондаги бир қанча шаҳар ва вилоятларда фавқулодда ҳолат жорий қилинган. 28 март ҳолатига кўра, 58 та коронавирус юқтирганлик ҳолати рўйхатга олинган.

Марказий Осиёнинг 2 та мамлакати - Туркманистон ва Тожикистонда кишиларнинг вирус юқтирганлик ҳолати хабар қилингани йўқ.

Туркияда қўлбола ароқ ичиб ўлган туркман мигрантлари сони 53 кишига етди

Қўлбола ароқ иллюстрацияси

Туркиядаги ясама ароқ ичиб ўлган туркман мигрантлари сони 53 тагача кўпайди, деб хабар қилди дафн маросимида қатнашган киши “Озодлик”нинг туркман хизматига 28 мартда.

Исми сир қолишини сўраган кишига кўра, 53 киши 28 март тонгида жон берган, яна 15 киши шифохоналарда қолмоқда.

Воқеадан хабардор шифокорларнинг “Озодлик” радиосининг Туркиядаги ҳамкорига билдиришича, туркманистонлик мигрантлар ясама ароқ ичган, бу ҳам етмагандай, уни COVID-19 вирусидан ҳимоя қилади, деган ишонч билан баданига суртган.

Ўлган туркман мигрантлари Истанбул шаҳрининг Сариер туманидаги қабристонга дафн қилинган.

“Озодлик” радиоси коронавирус тарқалиши сабабли сафар қилиш чекланган ва чегаралар ёпилган пайтда қариндошлари ўлганларнинг жасадини ватанига олиб келишга ҳаракат қилгани, аммо бюрократик тўсиқларга дуч келганини аниқлади.

Олдинроқ Истанбул полицияси спиртли ичимликларни ноқонуний сотишда гумон қилинган 10 кишини ҳибсга олганини хабар қилган эди.

Теҳронда қамалган асли эронлик Британия ватандошининг очиқда юриши узайтирилди

Британиялик гуманитар хизмат ходими Нозанин Зағорий-Ратклифф, 17 март, 2020

Асли эронлик бўлган британиялик гуманитар хизмат ходими Нозанин Зағорий-Ратклиффнинг эри айтишича, Эрон ҳукумати унинг вақтинча очиқда юришини яна икки ҳафтага чўзган.

Айтишича, қайнотаси Нозаниннинг очиқда юриши 18 апрель, шанбага қадар узайтирилганини хабар қилган.

41 яшар Нозанин Зағорий-Ратклиф айни пайтда Эрон пойтахтидаги “Эвин” қамоқхонасидан очиққа чиқарилган бўлиб, 4 апрелда у ерга қайтиши керак эди. Эри олдинроқ у тўпиғига электрон кишан тақиши ва ота-онасининг уйидан 300 метрдан қўпроқ узоққа кетмаслиги кераклигини айтган эди.

Зағорий-Ратклиф Эронда 2016 йил апрелидан бери ушлаб турилибди. 2016 йил сентябрида гўё “Эрон ҳукуматини ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштирганлик”да айбланиб, 5 йилга кесилган эди. Бироқ у айбловларни рад этган.

17 мартда эри Зағорий-Ратклифни Эрон ҳукумати мамлакатда COVID-19 тарқалишини жиловлаш ниятида 80 минг маҳбус билан бирга вақтинчалик қамоқдан озод қилганини айтди.

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний 24 мартда “ҳукуматнинг коронавирус инқирозига қарши курашиш бўйича ҳайъати барча маҳбусларнинг вақтинчалик озод этилиш муддатини 4 апрелдан 19 апрелга қадар чўзгани”ни, агар вазият тақозо қиладиган бўлса, яна узайтирилиши мумкинлигини билдирди.

Афғонистон ҳукумати Толибон билан музокара ўтказувчи гуруҳ тузди

Афғонистон ҳукумати мамлакатда 18 йилдан бери тинчимаётган урушни тугатиш мақсадида Толибон жангари гуруҳи билан музокара ўтказиш учун 21 аъзоли гуруҳ тузди. Мамлакат расмийлари музокарачилар рўйхати «барча тарафлар билан маслаҳатлашиб» тузилганини билдирди.

Гуруҳга Миллий хавфсизлик бошқармасининг собиқ раиси Масъум Станекзой етакчилик қилади. Қолган аъзолар орасида сиёсатчилар, собиқ расмийлар ҳамда фуқаровий жамият аъзолари бор.

Ҳукумат билдирувида музокаралар қачон ва қаерда ўтказилиши очиқланмади.

Жорий йилнинг февралида Доҳада АҚШ ва Толибон имзолаган келишувга биноан жангари гуруҳ Афғонистон ҳукумати билан музокара олиб боришга рози бўлган эди.

Мазкур келишувда Толибон Афғонистон ҳукумати билан музокара ўтказиш билан бир қаторда хавфсизлик кафолатларини зиммасига олди, бунинг эвазига АҚШ ўз қўшинларини 14 ой ичида мамлакатдан олиб чиқишга рози бўлди.

АҚШнинг Афғонистондаги махсус вакили Залмай Халилзод Афғонистоннинг сиёсий ва фуқаровий жамияти етакчиларини «инклюзив» музокара гуруҳи тузилгани билан табриклади.

Ҳозирча президент Ашраф Ғанининг рақиби Абдулла Абдулла тузилган рўйхатни қўллаши ёки қўлламаслиги номаълум. Абдулла сўнгги президент натижаларини тан олмай, президентликка даъвогарлик қилмоқда

Ҳафта бошида Афғонистон ҳукумати Толибон билан маҳбус алмашиш режасини муҳокама қилиш учун жангари гуруҳ вакиллари билан учрашишини маълум қилган эди.

Россиялик тўрт енгил атлетикачи допинг истеъмол қилишда айбланмоқда

Андрей Сильнов 2018 йилги ёзги Олимпиада ўйинларида юқори сакраш бўйича олтин медални қўлга киритган.

Тўрт нафар россиялик енгил атлетикачи допинг қабул қилишда айбланмоқда. Уларнинг икки нафари Олимпиада ўйинларида олтин медални қўлни киритган.

2018 йилги ёзги Олимпиада ўйинларида юқори сакраш бўйича олтин медални қўлга киритган Андрей Сильнов ҳамда 2012 йилги Олимпиада ўйинларида 400 метрга югуриш эстафетасида олтин медални қўлга киритган Наталья Антюх ман этилган модда ёки услублардан фойдаланишда айбланмоқда.

Айбловларга канадалик ҳуқуқшунос Ричард Макларен Бутунжаҳон антидопинг ташкилоти (WADA) учун ўтказган тергов асос бўлди.

Сильнов 2019 йилгача Бутунроссия енгил атлетика федерацияси вице-президенти бўлган. Енгил атлетикада допингга қарши курашувчи Athletics Integrity Unit (AIU) мустақил ташкилоти спортчини ман этилган стероиддан фойдаланишда айбламоқда.

Шунингдек, россиялик спортчилар Елена Соболева ҳамда Оксана Кондратьевалар ҳам допинг қабул қилишда гумонланмоқда.

Россиялик спортчиларга қўйилган айбловларни Спорт арбитраж суди кўриб чиқади. Аммо ҳали суд эшитишлари санаси белгилангани йўқ.

Шимолий Македония расман НАТО аъзоси бўлди

Шимолий Македония бир неча йилга чўзилган жараён ортидан НАТО ҳарбий альянсига расман аъзо бўлди.

Альянс эълон қилган билдирувда Шимолий Македония Вашингтонда АҚШ Давлат департаментига «аъзо бўлиш инструментини» топшириши билан мамлакатнинг альянсга қўшилиш йўли ўз ниҳоясига етгани айтилади.

Шимолий Македония НАТОга қўшилган 30-давлатдир.

Мамлакат 2018 йилда Греция билан узоқ йиллар давом этган келишмовчиликни ҳал этиш мақсадида ўз номини Шимолий Македонияга ўзгартирган эди.

Натижада 2019 йилнинг февралида Шимолий Македонияга НАТОга аъзо бўлиш протоколи берилди.

20 март куни Шимолий Македония президенти Стево Пендаровский барча НАТОга аъзо давлат парламенти мамлакат аъзолигини ратификация қилишни қўллаши ортидан ҳарбий альянсга аъзо бўлиш йўлидаги якуний ҳужжатни имзолаган эди.

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг:

- Шимолий Македония энди 30 давлат ва деярли 1 миллиард одамни қамровчи НАТО оиласининг аъзосидир. Бу оила қандай мушкулликларга дучор бўлишимиздан қатъи назар, биргаликда кучлироқ ва хавфсизроқ бўлишимизга ишонади, — деди.

30 март куни НАТО қароргоҳи жойлашган Брюссель шаҳрида Шимолий Македония байроғи қолган 29 аъзо давлат байроғи қаторига қўшилади.

Путин маъмурияти ходими коронавирусга чалинди

Россия президенти Владимир Путин маъмурияти ходими коронавирусга чалинди.

Кремлнинг маълум қилишича, бу ходим Путин билан тўғридан-тўғри мулоқотда бўлмаган.

Президент матбуот котиби Дмитрий Песков:

- Ҳақиқатан президент маъмуриятида коронавирус юқтириш ҳолати аниқланди, — деди.

- Вирус тарқалиши олдини олиш учун барча керакли санитар ва эпидемиологик чоралар кўрилмоқда. Касалликка чалинган шахс президент билан юзма-юз кўришмаган, — дея қўшимча қилди котиб.

Аммо Песков ушбу ҳолат тафсилотларини очиқламади.

Россияда коронавирус пандемиясига қарши кураш доирасида 28 мартдан бошлаб барча ресторанлар ва кафеларни ёпиш буюрилди.

Сўнгги хабарларга кўра, бугунга қадар Россияда 1036 нафар одам коронавирусга чалинди, тўрт бемор вафот этди.

Жаҳон бўйлаб эса шу пайтгача COVID-19 касаллигини келтириб чиқарувчи коронавирусини юқтириб олганлар сони 600 минг нафардан, вафот этганлар сони эса 27 минг нафардан ошди.

Халқаро валюта жамғармаси коронавирусга қарши кураш учун Қирғизистонга $121 миллион фавқулодда қарз берди

Қирғиз парламенти биноси дезинфекция қилинмоқда.

Халқаро валюта жамғармаси бошқарув кенгаши коронавирус пандемиясига қарши кураш учун Қирғизистон ҳукуматига
$121 миллион фавқулодда қарз ажратишга қарор қилди.

Жамғарма ижроия директори Кристалина Георгиева 26 март кунги баëнотида пандемиянинг қирғиз иқтисодига қаттиқ зарба бергани ва "тўловларни мувозанатга солиш" билан боғлиқ жиддий муаммо туғдирганини билдирди.

“Вирус тарқашини тўхтатишга қаратилган чора-тадбирлар қабул қилиниши ортидан иқтисоднинг барча секторига ниҳоятда кучли зиëн етмоқда”¸ дейилади ХВЖ раҳбари баëнотида.

ХВЖ ажратган қарзнинг Қирғизистонга қарз берган донорлар таянчини қозониш ва коронавирус билан боғлиқ соғлиқни сақлаш тизимидаги харажатларни қоплашга ëрдам бериши кутилмоқда.

Расмий баëнотга кўра¸ Қирғизистон коронавирус пандемияси боис оғир иқтисодий аҳволга тушиб қолган Марказий Осиë давлатлари орасида ХЖВдан қарз олган биринчи давлатдир.

Жон Ҳопкинс университети юритаëтган тадқиқотга кўра¸ 27 мартга келиб Қирғизистонда 44 одамнинг вирус юқтиргани расман қайд этилган¸ ҳозирча ўлим ҳолати кузатилмаган.

Аммо вирусга чалинганлар ҳақиқий сонининг бундан бир неча баравар кўплиги тахмин қилинмоқда.

АҚШ коронавирусга чалинганлар сони бўйича дунёда биринчи ўринга чиқди

Нью-Йорк кўчаларидан бири, 2020 йил 25 марти.

Қўшма Штатлар 26 март оқшомида жаҳон бўйлаб коронавирусга чалинганлар сони бўйича биринчи ўринга чиқди. Бу пайтга келиб мамлакат вирус тарқалишни бошлаган Хитойни ҳам ортда қолдирди.

Жонс Хопкинс университетига қарашли сайт маълумотларига кўра, ҳозирда АҚШда коронавирус инфекцияси 85 минг 505 кишида тасдиқланган.

АҚШ Конгресси Намояндалар палатаси 27 март куни пандемия шароитида ватандошлар ва иқтисодиётни қўллаб-қувватлашга оид қиймати 2 триллион долларга тенг бўлган қонун лойиҳасини маъқуллаши кутилмоқда.

Сўнгги маълумотларга кўра, жаҳон бўйлаб шу пайтгача COVID-19 вирусини юқтириб олганлар сони 531 минг нафардан, вафот этганлар сони эса 24 минг нафардан ошиб кетган.

Қозоғистонда коронавирус билан боғлиқ илк ўлим ҳолати қайд этилди

Коронавирус билан боғлиқ илк ўлим хабарини ахборот вазири Даурен Абаев берди.

Қозоғистонда коронавирусга чалинганлар орасида илк ўлим ҳолати қайд этилди. Бу ҳақда 26 март оқшомида ахборот ва ижтимоий тараққиёт вазири Даурен Абаев маълум қилди.

Абаевга кўра, ҳаётдан кўз юмган бемор аёл киши бўлган.

“Эртага Нур-Султон соғлиқни сақлаш бошқармаси унга оид тиббий кўрсаткичлар бўйича тўлиқ маълумот беради. Бу ҳолат бизга коронавируснинг нақадар хавфли эканини яна бир бор эслатади”, деган вазир марҳуманинг яқинларига ҳамдардлик билдирди.

Бу Марказий Осиёда COVID-19 вируси билан боғлиқ илк ўлим ҳолатидир.

Аввалроқ қозоқ расмийлари коронавирусга чалинганларнинг кўпида симптомлар кўринмаётгани ёки бемор ҳароратининг бироз ошганида акс этаётганини маълум қилгандилар. 26 март куни пойтахт Нур-Султон соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Сауле Кисикова шаҳарда вирусга чалинган тўрт беморнинг аҳволи оғирлигини билдирган.

Сўнгги маълумотларга кўра, Қозоғистонда COVID-19 вирусини юқтириб олганлар сони 120 нафарга етган. Жумладан, пойтахт Нур-Султонда шу пайтгача коронавирусга чалиниш билан боғлиқ 60 та, Олмаотада 47 та, Қарағандада 4 та, Жамбилда 3 та, Чимкентда 2 та, Ақтўбе, Ақмола, Олмаота ва Шимолий Қозоғистон вилоятларида эса биттадан ҳолат қайд этилган.

АҚШ FBI собиқ агентининг тутқунликда ўлгани бўйича Теҳрондан изоҳ талаб қилди

АҚШ ҳукумати Левинсоннинг ватанига тирик қайтиши учун 1 миллион доллар мукофот ваъда қилган эди.

АҚШ маъмурияти Теҳрон ҳукуматидан FBI – Федерал тергов бюросининг собиқ агенти Роберт Левинсоннинг ўлими юзасидан тўлиқ ҳисобот талаб қилди.

Вашингтондагилар бундан 13 йил олдин Эронда бедарак йўқолган Левинсоннинг анча олдин тутқунликда ўлганини тахмин қилмоқда. Йўқолган пайтда 58 ëшда бўлган Левинсон¸ Эрон ҳукуматига яқин нашрлар тарқатган хабарга кўра¸ хавфсизлик хизматлари томонидан ҳибсга олинган. Расмий Теҳрон Левинсоннинг ўз қамоғида эканини тан олган эмас.

Миллий хавфсизлик бўйича АҚШ президенти маслаҳатчиси Robert O'Brien 25 март куни “АҚШ Левинсон ишини қабул қилиши учун¸ Эрон унга нима бўлганига оид тўлиқ ҳисоб бериши шарт”лигини билдирди.

Левинсон оиласи ва ўз маслаҳатчисининг унинг ўлимига оид баëнотидан сўнг президент Трамп¸ FBI собиқ агентининг ўлгани ҳақидаги хабарни “қабул қилмаслиги”¸ ҳамон унинг тирик эканига ишонишини билдирди.

Левинсон 2007 йили Эроннинг Киш оролига борганида ўғирлаб кетилган. АҚШ ҳукумати Левинсоннинг ватанига қайтарилишига ëрдам берадиган маълумот учун 1 миллион доллар мукофот пули ҳам эълон қилган эди.

Ўшандан бери АҚШ ҳукумати Эрондан унинг қаердалигини аниқлаб¸ ватанига қайтаришни сўраб бир неча бор мурожаат қилган¸ аммо Теҳрон Левинсон тақдиридан бехабарлигини айтиб¸ бу сўровларни рад этиб келган.

Украина собиқ Ташқи ишлар вазири қотилликда айбланиб¸ қамоққа олинди

Украина собиқ Ташқи ишлар вазири Леонид Кожара Британиянинг ўтмишдаги Ташқи ишлар вазири¸ ҳозирги Бош вазири Борис Жонсон билан. 2017 йил.

Украина полицияси 25 март куни мамлакат собиқ Ташқи ишлар вазири Леонид Кожарани ҳибсга олди. Шу куниëқ ўтказилган дастлабки суд ҳукми билан Кожара эҳтиëт чораси сифатида қамоқда сақланадиган бўлди.

2012-2014 йилларда россияпараст Виктор Янукович ҳукуматининг бош дипломати бўлган Кожара Inter TV телеканали бош директори Сергей Старицкийни отиб ўлдирганликда гумонланмоқда.

Россияпараст телеканал раҳбари 22 февраль куни Кожаранинг Киев ташқарисидаги уйида ўлик ҳолда топилган эди.

Воқеа пайтида уйда бўлган эр-хотин Кожаралар¸ 56 яшар Старицкийнинг ўз жонига қасд қилганини айтган.

Украина полициясининг билдиришича¸ Кожара ва Старицкий маст ҳолда урушиб қолган ва собиқ Ташқи ишлар вазири тўппончаси билан телемагнатни отиб ўлдирган.

Миллий полиция¸ тергов давомида собиқ вазирга бундай айб қўйиш учун етарли далил тўпланганини билдирди.

57 яшар Кожарага қўйилаëтган қотиллик айби судда тасдиғини топса¸ у 15 йилгача қамалиши мумкин.

Қозоғистонда коронавирусга чалинганлар сони 100 га яқинлашди

Нур-Султон кўчаларида дезинфекция ишларини амалга ошираётган ишчилар, 2020 йил 24 марти.

Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 26 март куни тушга яқин пойтахт Нур-Султонда коронавирус юқтириб олиниши билан боғлиқ яна 9 та ҳолат қайд этилгани, шу билан инфекцияга чалинганлар сони 97 нафарга етганини маълум қилди.

Маълумотларга кўра, пойтахт Нур-Султонда шу пайтгача вирусга чалиниш билан боғлиқ55 та, Олмаотада 34 та, Қарағанда ва Чимкентда 2 тадан, Ақтўбе, Жамбил, Олмаота ва Шимолий Қозоғистон вилоятларида эса биттадан ҳолат қайд этилган.

Аввалроқ қозоқ расмийлари вирус юқтириб олгани тасдиқланган икки бемор соғайиб кетганини билдиргандилар.

Россия: 27 мартдан хорижий мамлакатларга барча парвозлар тақиқланади

Россия ҳукумати шу йил 27 мартидан хорижий давлатларга чартер ва мунтазам парвозларни тақиқлаш ҳақида қарор қабул қилди. Бунга оид топшириқ Росавиацияга Коронавирусга қарши кураш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш президиумининг мажлиси якунига кўра берилган. Бундан фақат россияликларни хориждан қайтараётган рейслар ҳамда “ҳукуматнинг алоҳида қарорига кўра” амалга ошириладиган парвозлар мустасно, холос.

Коронавирус билан боғлиқ ҳолатлар қайд этилган мамлакатлардан келган йўловчиларнинг барчаси инфекция бор-йўқлиги бўйича аэропортнинг ўзида дастлабки текширувдан ўтказилади. Ҳозирда чет элдан қайтаётган россияликлар учун икки ҳафталик мажбурий карантин кўзда тутилган.

Коронавирус инфекцияси тарқалиши қабатида Россия расмийлари аввалроқ бирин-кетин бошқа мамлакатлар билан чегараларини ёпган ва парвозларга чеклов киритган. Бироқ сўнгги пайтгача қатор мамлакатлар пойтахтлари билан ҳаво қатнови бекор қилингани йўқ эди.

Коронавирус қурбонлари сони жаҳон бўйлаб 21 минг нафардан ошди

COVID-19 инфекцияси туфайли ҳаётдан кўз юмганлар сони 21 минг 300 кишига етди.

Қурбонларнинг энг кўпи Италияда (7500 дан зиёд), кейинги ўринларда эса Испания (3600 нафардан кўпроқ) ва Хитой (3287 киши) келмоқда.

Сўнгги маълумотларга кўра, жаҳон бўйлаб коронавирусга чалинганлар сони 471 минг кишидан ошган. Инфекцияни юқтириб олганлар сони бўйича Хитой ҳамон биринчи ўринда (81 мингдан зиёд) турибди.Иккинчи ўринда Италия (74 мингдан кўпроқ), учинчи ўринда эса АҚШ (68 мингдан ортиқ) турибди.

Коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун расмийлар томонидан киритилган чекловлар туфайли миллионлаб одам карантин тартибида яшашга мажбур бўлмоқда. Карантин жорий этилган мамлакатлар қаторида Ҳиндистон, Буюк Британия, Италия, Франция, Испания, Исроил, АҚШнинг қатор штатлари бор.

Ўзбекистонда вирус юқтириб олганлар сони, 25 март ҳолатига кўра, 60 кишини ташкил этмоқда.

Путин референдум санасини номаълум муддатга кўчирди

Россия президенти Владимир Путин.

Россия президенти Владимир Путин Конституцияга тузатишлар киритишга оид овоз бериш санаси кўчирилиши ҳақида эълон қилди. Мазкур тузатишлар унга 2036 йилгача ҳокимият тепасида қолиш имконини бериши мумкин.

Кремль сайти орқали ёйинланган ўз мурожаатида Путин аҳоли, кичик ва ўрта бизнес учун имтиёзлар жорий қилиниши, бадавлат россияликлар ва йирик бизнес учун солиқлар оширилишини ваъда қилган.

Россия президенти коронавирус тарқалиши сабабли овоз бериш санасини 22 апрелдан кейинроққа суриш лозимлигини билдирди, бироқ референдумнинг янги санасини очиқлагани йўқ. Бундан ташқари, Путин келаси ҳафтани (30 мартдан 5 апрелгача) Россияда ойлик маоши сақлаб қолинадиган ҳордиқ ҳафтаси, дея эълон қилди. "Ҳозир энг хавфсизи – уйда қолиш", деди Путин.

Россияда коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ ҳолатлар кундан-кунга кўпайиб бормоқда. Ҳозиргача бу мамлакатда COVID-19 вирусига чалинганлар сони 650 нафардан ошган, вирус юқтириб олган уч киши вафот этган.

Машҳур ихтирочи Илон Маск коронавирус билан курашаëтган касалхоналарга 1255 та вентилятор олиб берди

Америкалик дунëга машҳур ихтирочи¸ электромобиллар ишлаб чиқарувчи Tesla ширкати асосчиси Илон Маск коронавирусга қарши курашга ëрдам сифатида Калифорния штати расмийларига 1255 та сунъий нафас олдириш аппаратини топширди.

- Бир неча кун олдин у [Маск] жорий ҳафтада минглаб сунъий нафас олдириш аппаратини олиб келиши мумкинлигини айтган эди. Мосламалар Лос-Анжелесга етиб келди ва [Маск] шифохоналар бирлашмаси ҳамда бошқалар билан аппаратларни ўрнатишни муҳокама қилмоқда, деди Калифорния губернатори Гэвин Ньюсом.

Калифорния штати коронавирусга чалинганлар сони бўйича АҚШда етакчилик қилмоқда ва касалхоналар зарур тиббий ускуналар¸ хусусан¸ коронавирус юқтирганлар ҳаëт-мамотини белгиловчи вентиляторлар етишмовчилигидан бонг урмоқда.

Маск Twitterдаги саҳифасида 1255 дона вентиляторнинг махсус учоқлар билан Хитойдан олиб келинганини билдирди.

«Хитойда ошиқча заҳира бор экан, шунинг учун жума куни кеч 1255 та FDA [Food and Drug Administration, FDA — АҚШ Озиқ-овқат ва фармацевтика идораси] маъқуллаган ResMed, Philips & Medtronic респираторларини харид қилдик ва ЛАга [Лос-Анжелес] учоқларда олиб келдик. Сизга бепул респиратор керак бўлса, бизга хабар беринг!» деб ёзди.

Маск Tesla ширкатининг Хитойдаги бўлими, Хитой чегара назорати расмийлари ҳамда Лос-Анжелес халқаро аэропорти ходимларига тезкорлик билан чора кўргани учун миннатдорчилик билдирди.

Маск коронавирус билан курашаëтган шифохоналарга 250 минг дона N95 ниқоб тарқатишни ҳам ваъда қилди. Ниқобларнинг 50 мингтаси Вашингтон университети Тиббиёт мактабига аллақачон етиб борди.

Маск пандемия ҳақида Twitterда фаол тарзда ўз фикрлари ва сўнгги янгиликларни бўлишмоқда. Хусусан, Маск ўз твитларининг бирида COVID-19 бўйича саросима касалликнинг ўзидан каттароқ зиён келтиришидан огоҳлантирди.

Дунëнинг энг бой одамларидан бири саналган Маск¸ Forbes журналининг ўтган ойги ҳисобича¸ 43 миллиард долларлик бойлик эгаси.

“Ислом давлати” Кобулдаги сикхлар ибодатхонасига ҳужумни зиммасига олди

Сикх ибодатхонасига қилинган ҳужумдан қочаëтганлар.

25 март куни эрта тонгда қуролланган гуруҳ Кобулдаги сикхлар ибодатхонасига ҳужум уюштирди. Ҳужум оқибатида камида тўрт одам ўлдирилди¸ улардан бирининг ëш бола экани айтилмоқда.

Афғонистон Ички ишлар вазирлиги ҳужумчилар сони ва қайси гуруҳга мансублиги ўрганилаëтганини билдирди.

Айни пайтда¸ жаҳондаги жангари гуруҳлар ëзишмаларини кузатиб келадиган SITE Intelligence Group Кобулдаги ҳужум учун Аамақ медиа тармоғида “Ислом давлати” масъулиятни зиммасига олганини билдирди.

Бунгача Толибон ўзининг мазкур ҳужумга алоқаси йўқлиги ҳақида баëнот берди.

Афғонистондаги сикх жамоаси етакчиси¸ афғон парламенти депутати Нарендар Сикх Халса ибодатхонага ҳужум пайтида камида 150 ибодатчи бўлгани, уларнинг кўпчилиги аëллар ва болалар эканини билдирди.

Афғонистонда янги сиëсий бўҳрон юзага чиқиб¸ тинчлик келишуви истиқболини савол остида қолдиргани ортидан АҚШ Кобул ҳукуматига бериб келган молиявий ëрдамини 1 миллиард долларга қисқартиргани ва ҳамкорлик кўламини қайта кўриб чиқажагини билдирди.

Хавфсизлик бўйича таҳлилчилар АҚШ ва Россия ҳарбийларининг Ироқ ва Суриядаги ҳарбий ҳужумларидан сўнг бу икки давлатдаги асосий истеҳкомлари йўқ қилинган “Ислом давлати” жангариларининг кичик-кичик гуруҳларга бўлиниб¸ Ўзбекистонга туташ Афғонистон ҳудудида тўпланаëтганини айтиб келмоқда.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG