Линклар

Шошилинч хабар
16 июн 2019, Тошкент вақти: 11:45

Ҳонконгда полиция ёш норозиларга нисбатан куч қўллади


Полиция тарқатган намойишчилар.

Ҳонконг полицияси 9 июндан бери норозилик намойиши ўтказаётган минглаб одамларни куч қўллаб тарқатишга ҳаракат қилди.

Хабарда айтилишича, 12 минг нафарга яқин ёш намойишчи ҳукумат биноси олдида тўпланиб, полициячиларга ҳужум қила бошлаган.

-Жиддий муаммога дуч келганимиз сабабли, бизда полицияга ҳужум қилаётган норозиларга нисбатан куч қўллашдан бошқа имконият қолмади,-деди Ҳонконг полицияси бошлиғи Стивен Ло Вай-чунг.

Ҳонконгда ҳонконгликларни Хитойга экстрадиция қилишга рухсат берувчи қонун лойиҳасига қарши ўтказилаётган намойишлар 9 июнда бошланган ва якшанба куни унда бир миллионга яқин одам иштирок этган эди.

Норозиликларга қарамай, Ҳонконг маъмурияти қонунни қабул қилиш режасидан воз кечмаслигини билдирмоқда. Шаҳар раҳбарларига кўра, мазкур қонун Ҳонконг жиноятчилар учун бошпана берувчи маконга айланиб қолмаслигини кафолатлайди.

Бироқ ҳуқуқ фаоллари мазкур қонун амалиётда Хитой сиёсатига қарши бўлган мухолифатчилар ва диссидентларга нисбатан қўлланилади, деб ҳисобламоқдалар.

1842 йилдан бери Британия бошқарувида бўлган Ҳонконг 1997 йилда Хитой тасарруфига ўтказилган. Ўшанда Хитой Ҳонконг суд ва ҳуқуқ тизимига камида 50 йил мустақил бошқарув берилишини кафолатлаган. Бироқ сўнгги йилларда Хитой бу ваъдасини эсидан чиқармоқда ва мухторият ишларига аралашмоқда.

Ҳонконгда сўнгги марта бу каби йирик намойиш 2014 йилда бўлиб ўтганди. Ўшанда шаҳар аҳолиси Бейжиннинг Ҳонконг маҳаллий ҳокимиятига ўтказилган сайловни ўз назоратига олиш уринишига қарши норозилик билдирган. 2014 йилнинг 28 сентябрида бошланган бу намойиш 79 кун давом этганди.

XS
SM
MD
LG