Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:56

Президент Трамп Эронга ҳужумни энг сўнгги дақиқада бекор қилди


АҚШ президенти Дональд Трамп Теҳрон томонидан Пентагоннинг учувчисиз бошқариладиган учоғи уриб туширилишига жавобан Эронга қарши белгиланган ҳужумни бекор қилди.

The New York Times газетасининг Оқ уйдаги манбага таянган ҳолда ёзишича, “самолётлар ҳавога кўтарилган, кемалар жанговар позицияга келтирилган, аммо ҳали бирорта ракета отилиб улгурмаган сўнгги дақиқада Трамп ҳужумни бекор қилди”.

АҚШ президенти нега ўз қароридан воз кечгани мақолада айтилган эмас. Ҳозирча АҚШ Эронга ҳужум қилиш режасидан бутунлай воз кечгани ёки кечмагани тўғрисида ҳам аниқ маълумот йўқ.

The New York Times газетасининг билдиришича, 20 июнь куни кечқурун соат 7да миллий хавфсизлик соҳасининг юқори даражали амалдорлари ва Конгрессдаги лидерлар иштирокида Оқ Уйда баҳсу-мунозараларга бой бўлган йиғилишдан сўнг Эронга ҳужум қилиниши аниқ бўлган.

Хабарда айтилишича, ҳужум 21 июнь – жума куни эрталаб амалга оширилиши келишилган. Ҳужум пайтида Эрондаги бир қатор манзиллар, жумладан, радиолокацион ва ракета батареяларини йўқ қилиш режалаштирилган.

Associated Press агентлиги ҳам Пентагон расмийсига таянган ҳолда мана шундай режа ишлаб чиқилганини, аммо сўнгги дақиқада Трамп ҳужумни бекор қилганини ёзди.

Бу воқеадан аввалроқ Эрон АҚШнинг учувчисиз бошқариладиган учоғини уриб туширган эди. Эрон ҳукуматининг билдиришича, АҚШ учоғи мамлакат чегарасини бузиб ўтгани ортидан уриб туширилган.

Аммо Пентагон учоқ бетараф ҳудудда, денгиз устида уриб туширилганини маълум қилди.

Трамп бу воқеага баҳо берар экан: “АҚШ учоғи хатолик туфайли уриб туширилган бўлиши эҳтимол”, деган версияни айтган эди. Трамп Эрон АҚШ учоғини “махсус уриб туширганига ишониш қийин экани”ни таъкидлаган.

Трамп 2015 йилда АҚШ Эрон билан тузилган халқаро шартномадан чиқишини эълон қилганидан бери икки давлат муносабатлари кескинлашиб бормоқда.

Эронга қарши таҳдидларни кучайтираëтган Трамп маъмурияти иқтисодий санкцияларни қайта жорий қилди.

Форс кўрфази ҳудудида кейинги ойларда нефть танкерларига икки марта ҳужум қилинди. Саудия Арабистони ҳамда АҚШ ҳужумлар ортида Эрон турганини айтиб келади.

Экспертлар АҚШ ва Эрон ўртасида қуролли конфликт юзага келиши эҳтимолидан ташвиш билдириб келмоқдалар.

XS
SM
MD
LG