Линклар

Шошилинч хабар
26 январ 2020, Тошкент вақти: 22:27

Эрон уранни келишувда белгиланганидан кўпроқ бойита бошлаганини хабар қилди 


Эрон уранни бойитиш даражасини 2015 йилда эришилган келишувда кўрсатилганидан ошира бошлаганини эълон қилди.

Эрон ҳукумати матбуот котиби Али Рабией 7 июлдан бошлаб Теҳрон уранни бойитиш даражасини 3,67 фоиздан оширишини маълум қилди. Бироқ кўрсаткич қай даражагача кўтарилишини очиқламади.

Май ойида расмий Теҳрон шартномани имзолаган давлатлар 60 кун ичида Эронни АҚШ санкцияларидан ҳимоя қилиш йўлини топмаса, уранни максимал даражада бойита бошлашини маълум қилган эди.

Ўтган ҳафтада Халқаро атом энергияси агентлиги Эрон келишувда белгиланганидан кўпроқ миқдорда бойитилган уран тўплаганини тасдиқлади.

Эрон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Аббос Арақчи 2015 йилда келишувни имзолаган давлатлар – Британия, Хитой, Франция, Германия ҳамда Россия Эронни АҚШ санкцияларидан ҳимоя қилмаса, ҳар 60 кунда келишув бўйича ўз бўйнига олган мажбуриятларига амал қилишни озайтириб боришини маълум қилган.

Арақчи Эрон ҳануз келишувни сақлаб қолишни исташини изҳор қилар экан, келишувни имзолаган бошқа давлатлар уни сақлаб қолиш учун етарлича чора кўрмаганини таъкидлади.

Ўтган ҳафтада Теҳрон уранни рухсат берилган даражадан кўпроқ бойитишни бошлаши ҳақида хабар қилиши ортидан АҚШ Президенти Дональд Трамп Теҳронни бундай таҳдидлар "ўз бошини ейиши" ҳақида огоҳлантирган эди.

Қуролларда фойдаланиладиган уран 90 фоизгача бойитилади.

XS
SM
MD
LG