Линклар

Шошилинч хабар
19 август 2019, Тошкент вақти: 19:26

Халқаро янгиликлар

Путин Грузияга қарши санкциялар жорий этиш таклифини рад этди

Россия президенти Владимир Путин.

Россия президенти Владимир Путин Грузияга санкциялар жорий қилиш бўйича парламент тавсиясини рад этди.

-Грузияга нисбатани турли санкциялар жорий этиш масаласига келсак, мен бу ишни грузин халқига ҳурмат важидан амалга оширмаган бўлардим. Бир одам чиқиб, ўзини кимдир деб ўйлаб, оғзига келганини қайтармай гапириб қўйди. Уни аввал ҳеч ким билмас эди, энди ҳамма у ҳақда гапирмоқда. У ўз мақсадига етди. Аммо Грузияда бу кабиларга қарши чиқаётган одамлар бор. Айнан мана шу одамлар ҳурмати, Россия ва Грузия ўртасидаги муносабатларни қайта тиклаш мақсадида бу муносабатларни янада мураккаблаштирадиган қадамларни ташламайман, - деди Путин 9 июлда Екатеринбургга қилган сафари чоғида.

Грузиянинг мухолифатчи «Рустави-2» телеканали мухбири Георгий Габуния 7 июлда жонли эфирда Россия президенти Владимир Путин ва унинг ота-онасини ҳақорат қилган эди. Шу куни юзлаб одам телеканал олдига тўпланиб, норозилик намойиши ўтказди. Журналист икки ойга эфирдан четлаштирилди.

Грузия президенти Саломе Зурабишвили, Тбилиси мэри Кахи Каладзе, Бош вазир Мамука Бахтадзе журналист Габуниянинг чиқишини “фитна” сифатида баҳоладилар.

Кун янгиликлари

Макрон Путин билан Украина шарқидаги вазиятни муҳокама қилади

Россия президенти Владимир Путин ва Франция президенти Эммануэл Макрон.

19 августда Франция президенти Эммануэл Макрон Брегансон ёзги резиденциясида Россия президенти Владимир Путин билан учрашади. Сўзлашувлар чоғида Украина шарқида ҳукумат кучлари билан Россияпараст кучлар ўртасидаги тўқнашувларга барҳам бериш масаласи кўтарилиши хабар қилинди.

Бундан ташқари Эроннинг ядровий дастури ҳамда Суриядаги вазият муҳокама қилиниши айтилди.

Макрон билан Путин илк бор 2017 йили Париж яқинидаги Версаль саройида учрашган.

Жорий ой бошида Украина президенти Володимир Зеленский Владимир Путинга телефон қилиб, Донбассдаги сепаратчиларга таъсир ўтказишни сўраган эди.

Украинанинг шарқида 2014 йилдан бери давом этаётган тўқнашувларда 13 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлди.

Нью-Йоркда 500 млн. долларлик ноқонуний сигарет ва ароқ сотаётганда ушланган аёл ўзбекистонлик экани айтилди

Бруклин

Нью-Йорк шаҳрининг Бруклин туманидаги озиқ-овқат дўконида ўтган ҳафтанинг чоршанбасида ўтказилган рейд давомида умумий қиймати 500 млн. долларлик солиғи тўланмаган тамаки маҳсулотлари ва спиртли ичимликлар мавжудлиги фош қилинди.

Бу ҳақда NewYorkPost нашри шаҳар шерифи Жозеф Фуситога таяниб хабар қилди. Шерифнинг айтишича, бундай кўп миқдордаги контрабанда маҳсулоти битта магазинда бўлиши биринчи марта аниқланган.

Ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбанинг нашрга билдиришича, тамаки ва алкоголли маҳсулотлар сотишга лицензияси бўлмаган магазинда ўтказилган рейд давомида минерал сув шишаларига қуйилган самогон ҳам топилган.

Рейд ўтказилаётган пайтда магазинда сотувчилик қилаётган Муҳаббат Эжалолова контрабанда маҳсулотлари билан савдо қилганликда айбланмоқда.

Муҳаббат Эжалолованинг шахсига оид маълумотлар очиқланмади. Бироқ NewYorkPost хабарига эътибор қаратган АҚШдаги баъзи ўзбекистонликлар унинг ўзбекистонлик эканини айтмоқда.

Туркманистонда мактаб формаси ҳам қарзга сотила бошланди

Ашхабоддаги мактаб ярмаркаси.

Ашхабоддаги савдо марказларида ота-оналарга мактаб формасини қарзга сотиб олиш таклиф этилмоқда. Бу ҳақда "Хроника Туркменистана" нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, савдогарлар мактаб формаси қарзга сотилиши ҳақидаги эълонларни кўп қаватли уйларнинг кириш эшикларига ёпиштириб кетмоқда. Туркманистонда бундай ҳолат биринчи марта кузатилмоқда.

“Савдогарлар зарар кўриб қолмаслик учун қарзга сотишга мажбурлар, бунга аҳоли харид қувватининг заифлашгани сабаб бўлмоқда”, дейилади хабарда.

Мактаб формаси муайян талаблар асосида ота-оналарга уч ойда тўлаш шарти билан қарзга берилмоқда. Мактаб формасининг энг арзони ўтган йили 600 манатдан сотилган эди.

Сўнгги ойларда Туркманистонда маҳсулотларни қарзга харид қилиш анъанага айланиб бормоқда.

Мамлакатда расмий курс бўйича ҳисоблаганда, ўртача ойлик иш ҳақи 228 долларни, пенсия 72 долларни, ногиронлик бўйича нафақа 100-200 долларни, бола парвариши учун оналарга бериладиган пособия 40-90 долларни ташкил қилади.

Озодлик радиоси туркман хизматининг ҳукуматдаги манбаси мамлакатда ишсизлар аҳолининг 60 фоизини ташкил этиши ҳақида билдирган.

Туркманистон ҳукумати ишсизлик бўйича расмий маълумотларни сир тутади ва мамлакатдаги иқтисодий таназзул ҳақида гапирмайди.

Собиқ Бош вазир ва амалдаги депутат Иссиқкўлни сузиб ўтди

Иссиқкўлни сузиб ўтиш мусобақасида қатнашганлар.

Қирғизистонда 18 август куни Иссиқкўлни сузиб ўтиш бўйича халқаро мусобақада собиқ Бош вазир Темир Сариев ва парламент депутати Бакитбек Турусбеков ҳам иштирок этди.

«Issyk-Kul Swim Challenge 2019» мусобақасида Қирғизистон, Қозоғистон ва Россиядан жами 22 киши иштирок этди. Улар Тўнг туманининг Қораталаа қишлоғидан Иссиқкўл туманининг Тўруайғир қишлоғигача бўлган 14 километр масофани сузиб ўтишди.

Биринчи ўринни мазкур масофани 4 соат 48 минутда сузиб ўтган Эмил Турусбеков, иккинчи ўринни эса парламент депутати Бакитбек Турусбеков эгаллади. Собиқ Бош вазир Темир Сариев маррага 11-бўлиб етиб келди.

Мусобақани уюштирган «Nomad sport» жамоат жамғармаси раиси Канат Келсинбековга кўра, жорий йилда бу мусобақа учинчи марта ўтказилмоқда. Уюштирувчилар мусобқа иштирокчилари сонини яқин йилларда 200 кишига еткизмоқчи.

Иссиқкўлнинг узунлиги ғарбдан шарққа 182 километрни, жанубдан шимолга 58 километрни ташкил қилади.

Исландиядаги 700 йиллик Окйекудль музлиги эриб кетди

Окйекудль музлиги билан абадий ҳайрлашув маросими.

Исландияда 18 август куни Окйекудль музлиги билан абадий ҳайрлашув маросими ўтказилди. Ёши 700 йил бўлган музлик бир неча йилда эриб кетди.

Олимлар 2014 йилда Окйекудль музлигида муз қатламининг ўсиши тўхтаб қолганини қайд этган эдилар. Ўшанда музлик ўз мавжудлигини тўхтатган деб ҳисоблана бошланганди.

Тадбирда Бош вазир ва Атроф-муҳитни ҳимоя қилиш вазири иштирок этди. Исландия парламенти раиси Катрин Якобсдоуттирнинг нутқидан сўнг йиғилганлар пойтахт Рейкьявикнинг шимоли-шарқида жойлашган вулқон ёнбағрига чиқиб, келажак авлодлар учун мактуб битилган мемориаль лавҳани ўрнатдилар.

“Яқин 200 йил ичида барча музликларимизни мана шундай тақдир кутмоқда. Бу лавҳани бу ерга ўрнатганимизнинг сабаби, биз нима бўлаётганини ва нима қилиш кераклигини билмаяпмиз. Бу муаммони ҳал эта оламизми ёки йўқми, буни фақат келажакда сизлар биласизлар”, дейилади мактубда.

Покистонда тўрт ёшли боланинг ўлдирилганидан ғазабланган оломон полиция бўлимига ўт қўйди

Лакки Марват туманидаги ғазабланган оломон.

Покистонда 4 ёшли боланинг ўлдириб кетилишидан норозилик билдирган маҳаллий аҳоли 18 август куни Хайбар-Пахтунхва вилоятида полиция бўлимига ўт қўйди. Аҳоли ғазабига, улар наздича, полициячилар мазкур жиноятни фош этишда сусткашликка йўл қўйганлари сабаб бўлди.

4 ёшли ўғил боланинг жасади 17 август куни Лакки Марват туманида ўз уйидан унча узоқ бўлмаган жойда топилган эди. Полиция бу болакай бир ой аввал йўқолганидан хабардор бўлган.

“Биз уни дафн этмаймиз. Биз унинг жасадини ва суякларини полиция қотилларни топмагунича дафн қилмай сақлаймиз”, деди унинг опаси Озодлик радиосига.

Туман полицияси раҳбари Қосим Али Хон аҳолининг полиция болани қидиришда сусткашлик қилгани тўғрисидаги иддаоларни инкор қилди ва “биз профессионал ишладик”, деб баёнот берди.

Жорий йил бошида Исломободда 10 ёшли қизнинг йўқолиши ва кейин жасади топилиши ортидан минглаб одамлар норозилик намойиши ўтказган эдилар.

Покистонда болаларга нисбатан жиноятлар одатий ҳолат бўлиб қолган ва кўпинча болаларга қарши жиноятларни содир этганлар жазоланмай қолади.

Афғонистон президенти Кобулдаги террорни кескин қоралади

Афғонистон президенти Ашраф Ғани.

Афғонистон президенти Ашраф Ғани Кобулдаги тўйхонага қилинган ҳужумни кескин қоралади. Президент хавфсизлик юзасидан қўшимча чораларни кўришга бағишланган йиғилишда:

-Тўйлар, мактаблар, масжидлар, бозорлар ва жамоат жойларининг нишонга олиниши террор гуруҳларининг ваҳшийлигидан, бегуноҳ одамларни ўлдиришдан қўрқмаслигидан дарак беради. Толибон мазкур ҳужумлар учун ўз зиммасидан масъулиятни соқит қила олмайди, чунки Толибон террорчилар учун платформани яратиб бермоқда,-деб айтди.

17 август куни кечқурун Кобулдаги тўйхонада содир этилган худкуш ҳужум оқибатида 63 киши қурбон бўлган ва 182 киши яраланган эди.

Толибон бу ҳужумга алоқаси йўқлигини эълон қилган. Бироқ Ашраф Ғани Толибонни “ваҳшийларча” ҳужумга камида шерик, деб атади.

Айрим хабарларда айтилишича, ҳужум учун масъулиятни "Ислом давлати" гуруҳининг Афғонистондаги шўъбаси ўз зиммасига олган.

Бу жорий йилдаги энг кўп одам ўлган террор бўлди.

Кобулдаги тўйхонага қилинган ҳужумда 63 киши ўлди, президент Толибонни айблади

Кобулдаги тўйхона, 18 август, 2019 йил

Афғонистон ҳукумати вакиллари 17 август куни кечқурун Кобул тўйхонасидаги никоҳ тўйи маросимида рўй берган худкушлик ҳужуми оқибатида 63 киши қурбон бўлгани, яна 182 киши яраланганини маълум қилди.

Афғонистон президенти Ашраф Ғани Толибон радикал фундаменталист ташкилотнинг бу ҳужумга алоқаси йўқлиги тўғрисидаги баёнотини рад этди. Президент ташкилотни “ваҳшийларча” ҳужумга камида шерик, деб атади ва келгусида бундай “хато”га йўл қўймаслик учун фавқулодда мажлис чақирганини билдирди.

Бу жорий йилдаги энг кўп одам ўлган фожиа бўлди ҳамда Вашингтон бу гуруҳ билан 18 йиллик урушга барҳам бериш хусусида битим тузишга яқин турган пайтда содир бўлди.

Толибон ҳужум учун жавобгарликни зиммасига олмади.

Гуруҳ воизи Забиҳуллоҳ Мужоҳид WhatsApp хабарлар иловаси орқали ҳужумни қоралади, дейилади DPA ахборот агентлиги хабарида.

“Толибон айбни зиммасидан соқит қила олмайди, чунки улар террорчилар учун платформа вазифасини ўтамоқда”, дея ёзди президент Ғани Твиттер саҳифасида.

“Мен кеча кечқурун Кобул шаҳридаги тўйхонада рўй берган ваҳшийларча ҳужумни кескин қоралайман”, дейилади унинг бошқа баёнотида.

Маълум қилинишича, 1200 киши таклиф этилган тўйда яраланганлар орасида аёллар ва болалар бор.

Худкушлик бомба ҳужуми Қурбон ҳайитидан сўнг ва Афғонистон мустақиллигининг 100 йиллигини нишонлаш арафасида рўй берди.

Эронда эркаклар футболини томоша қилмоқчи бўлганда ушланган 4 аёл озод бўлди

Теҳрон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари тўрт аёлни ҳибсдан озод қилди.

Human Rights Watch ходимига кўра, улар ислом республикасида аёлларнинг стадионларга бориб, футбол томоша қилиши тақиқланганига қарамасдан, эркаклар кийимини кийиб, стадионга боргани учун қамоққа олинган эди.

12 августда ушбу тақиқни бузгани учун қўлга олинган яна 2 аёлнинг тақдири нима бўлгани тўғрисида ҳеч қандай хабар берилмади.

Қароргоҳи АҚШда жойлашган HRW ташкилоти Теҳрон жанубида жойлашган ҳамда гигиена ва хавфсизлик шароити ёмон бўлган Қарчак қамоқхонасидан аёлларни озод қилишга даъват этганди.

HRW глобал ташаббуслар бўйича бош директори Минки Уорден 16 августда футбол бошқаруви бўйича халқаро ташкилот ФИФАдан Эронга нисбатан гендер камситишига йўл қўйгани учун санкциялар қўллашни талаб қилган.

Ҳонгконглик фаоллар Пекин огоҳлантиришига қарамай яна намойишга йиғилди

Ҳонгконг марказидаги намойиш, 18 август, 2019 йил

18 августда минглаб киши, нисбатан осойишта ўтган тундан сўнг, норозилик билдириш учун яна Ҳонгконг марказига йиғила бошлади.

Хитойнинг махсус бошқарувдаги бу туманга сиёсий ва ҳуқуқий таъсирини кучайтириш уринишларига қарши 11 ҳафтадан бери норозилик намойишлари тўхтовсиз давом этмоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича ватандошлик фронти (CHRF) полиция онда-сонда одамларни калтаклаш ва ёш оқизувчи газни қўллаш билан зўравонлик қилаётганига қарамай, кўпроқ одам намойишга чиқишига умид қилаётганини билдирди.

Пекин ушбу намойишларни “террорчиликка яқин” хатти-ҳаракатлар, дея огоҳлантирмоқда.

Ҳисоб-китобларга кўра, 50 000 киши 17 августда Пекиннинг намойиш қилмаслик тўғрисидаги огоҳлантиришига қарамай, кўчаларга чиққан. Намойишлар умумиятла тинч ўтди, деб хабар қилинди. Аммо, полиция билан намойишчилар ўртасида баъзи кичик тўқнашувлар юз берди.

Хитойнинг намойишларга оид қонунчилиги идораси воизи Ю Вензе, исми айтилмаган АҚШ қонун чиқарувчиларини намойишларга боғлаб, уларни “қонун устуворлиги руҳини поймол қилгани, қўпол иккиюзламачилиги ва Хитойнинг ички ишларига сурбетларча аралашгани” учун қоралади.

Ўтган ҳафтада АҚШ Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси Ҳонгконг ҳокимият идораларини “Ҳонгконг аҳолисининг “Бир мамлакат, икки тизим” принципига биноан кафолатланган қонуний ва демократик интилишларига тўлиқ мос бўлиш”га чақирган эди.

Йўловчи учоғини жўҳоризорга қўндирган учувчиларга "Россия қаҳрамони" унвони берилди

"Уральские авиалинии" ширкатининг Москвадан Симферополга учаётган Airbus A321 самолёти ғилдираклари чиқарилмаган ва моторлари ўчирилган ҳолатда Москва вилоятидаги маккажўҳори экилган далага қўндирган учувчиларга "Россия қаҳрамони" унвони берилди.

Бу ҳақдаги фармонни Россия президенти Владимир Путин 17 август куни имзолади.

15 август куни учоқнинг маккажўҳори даласига фавқулодда қўнишига қушлар галаси билан тўқнашгани сабаб бўлган.

Самолётда экипажнинг 7 аъзосини қўшиб ҳисоблаганда 233 киши бўлган. 23 киши, шу жумладан 5 бола лат еб жабрланди.

Жабрланганларнинг ҳаммаси врачлар кўригидан ўтказилгани, касалхонага ётқизилмаганини Москва вилоят соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилди.

Америкалик актёр Питер Фонда 79 ёшида Лос Анжелес шаҳрида оламдан ўтди

Питер Фонда ўзбек томошабинига "Хавфсиз чавандоз" филмидаги роли билан таниш. У ўзининг актёрлик фаолияти давомида икки марта "Олтин глобус" мукофтини олган ва икки марта "Оскар" мукофотига номзод бўлган.

Америкалик актёр Питер Фонда 79 ёшида Лос Анжелес шаҳрида оламдан ўтди.

Reuters хабарига кўра, сўнгги йилларда актёр ўпка саратони касаллигидан даволанаётган бўлган.

Питер Фонда ўзбек томошабинига "Хавфсиз чавандоз" филмидаги роли билан таниш. У ўзининг актёрлик фаолияти давомида икки марта "Олтин глобус" мукофотини олган ва икки марта "Оскар" мукофотига номзод бўлган.

Питер таниқли Холливуд юлдузи Ҳенри Фонданинг ўғлидир.

ОАВ: Трамп Даниядан Гренландияни сотиб олиш имкониятига қизиқмоқда

Гренландия ороли яқинидаги айсберг

The Wall Street Journal газетасининг Оқ уйдаги манбасига таяниб ёзишича, АҚШ президенти Дональд Трамп ўз маслаҳатчилари билан Қўшма Штатларнинг Гренландияни сотиб олиш имкониятларини бир неча бор муҳокама қилган.

Гренландия Даниянинг мухтор вилояти ҳисобланади ва орол ҳудуд жиҳатидан Дания қироллигидан салкам 50 баробар катта бўлса-да, бу ерда доимий равишда атиги 56 минг киши истиқомат қилади.

The Wall Street Journal манбаларининг сўзларига қараганда, расмий учрашув ва яқинлари билан бўлиб ўтадиган суҳбатларда Трамп маслаҳатчиларидан АҚШ қонунан Гренландияни олиши мумкинми деб сўраган, жавобларни қизиқиш билан тинглаган ҳамда Шимолий Атлантика ва Шимолий Муз океани ўртасида жойлашган Дания ҳудудининг катта табиий ресурсларига ва геосиёсий аҳамиятига эътибор қаратган. Президент ҳатто Оқ уй юристларига мурожаат қилиб эҳтимолий битимнинг хуқуқий асосларини ўрганиб чиқишларини илтимос қилган.

Сентябрь ойи бошларида Трампнинг Данияга расмий ташрифи режалаштирилган. Бироқ, The Wall Street Journalнинг ёзишича, кун тартибига Гренландия масаласини муҳокама қилиш киритилмаган.

The Wall Street Journalнинг таъкидлашича, президент Копенгагенда ўзининг мухтор ҳудудларини бир йилда 591 миллион долларлик молия билан таъминлашда мураккабликлар пайдо бўлгани ҳақида хабар топганидан кейин, Трампнинг Гренландияга қизиқиши пайдо бўлган.

Гренландияни сотиб олиш ғояси - янги эмас. 1867 йилда АҚШ Россиядан Аляскани сотиб олганида Давлат департаменти Гренландия ва Исландияга эгалик қилиш имкониятларини ҳам ўрганиб чиққан эди. Аммо иш битимгача етиб бормаган. Иккинчи жаҳон урушидан кейин Гренландиянинг стратегик аҳамиятини эътиборга олган президент Гарри Труман орол учун Данияга 100 миллион доллар таклиф қилган. Копенгаген рад жавобини берган эди. Бироқ, Гренландияда АҚШнинг энг шимолдаги ҳарбий-ҳаво базаси бор.

Швецияда терактга алоқадорликда гумон қилинган яна бир ўзбек қўлга олинди

2017 йилнинг 7 апрелида Раҳмат Оқилов Стокҳольм марказидаги пиёдалар юрувчи кўчада юк машинасини қасддан одамлар устига ҳайдагани оқибатида 5 одам ўлган, 10 нафари жароҳатлаган эди

Швециянинг Остерсунд шаҳрида 14 август куни одамларни машинаси билан бостириб террор акти уюштиришга уринганликда гумон қилинган 32 яшар ўзбек қўлга олинди.

Бу ҳақда таҳририяти Швецияда жойлашган eltuz.com сайти маҳаллий “Афтонбладет” (Aftonbladet) нашрига таяниб хабар қилди.

Айтилишича, 32 яшар ўзбек ўзининг шахсий ширкатига расмийлаштирилган “Volvo” автомобилида кўчанинг гавжум қисмида одамларни бостиришга ҳаракат қилган.

Ekot швед радиоси бу шахснинг ўзбекистонлик эканини очиқлади. У эндиликда қотиллик режасига тайёргарликда айбланиб, полицияга топширилган.

Швед нашрлари, шунингдек, воқеа гувоҳлари шубҳали ҳаракатлар қилаётган ҳайдовчи ҳақида хабар беришгани, полиция машина бетон бордюрга бориб урилганидан кейин бу шахсни қўлга олишга муваффақ бўлгани, унинг ёнидан тергов версиясига алоқадор далиллар чиққанини ёзмоқда.

“Элтуз” нашрининг ўз манбалари орқали ўрганишича, қўлга олинган шахс Швециянинг Ямтленд вилояти Фолинг (Föllinge) шаҳрида яшовчи 1983 йил туғилган Дилшод Усмоновдир.

Швед нашрларининг мамлакат хавфсизлик хизмати (SÄPO) дан иқтибос қилиб билдиришларича, полицияда Усмоновни террор актига алоқадорлигини тасдиқловчи жиддий далиллар бор.

Бироқ ҳозирча мазкур ҳодиса юзасидан иш бошлаган швед полицияси ва хавфсизлик хизмати терговга ва гумонланувчининг шахсига оид маълумотларни очиқламаяпти.

Шу йилнинг январида швед суди “Исломий давлат” (ИШИД террор ташкилоти)ни молиялаш ва терактлар тайёрлашда айбланган олти нафар ўзбек – Акромжон Эргашев, Ғулом Тожиев , Фарҳод Тошмуҳаммедов, Шоаҳмад Маҳмудов, Бахтиёр Умаров, қирғизистонлик Отабек Абдуллаев устидан ҳукм чиқарган эди.

Уларнинг икки нафари айни Усмонов яшаётган Швециянинг Ocтерсунд шаҳридан эканини “Элтуз” нашри очиқлаганди.

Жумладан, ўзбекистонликлар Стокгольм суди қарори билан «Исломий давлат»ни молиялаш ва Европа давлатларида кенг миқёсда террор актларига тайёргарлик кўришда айбланиб, узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

Швед нашрларининг хавфсизлик хизматларидан иқтибос келтириб билдиришича, Усмоновнинг бошқа бир ўзбекистонлик террорчи Раҳмат Оқилов билан ҳам алоқалари бўлган.

2017 йилнинг 7 апрел куни Раҳмат Оқилов юк машинасида Стокгольм марказий кўчаси Дроттнинггатанда бир неча одамни босиб, теракт содир этган. Тўрт киши, жумладан, 11 яшар қизалоқ ҳалок бўлган, 15 одам жароҳатланган эди.

Ҳибсдаги собиқ президент Атамбаевнинг хотини устидан жиноят иши очилди

Раиса Атамбаева

Қирғизистон президенти аппаратининг Суд ислоҳотлари ва қонунчилик бўлими собиқ мудири Манас Арабаевнинг иши доирасида собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг турмуш ўртоғи Раиса Атамбаевага нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу хақда Атамбаеванинг ўзи журналистларга маълум қилди.

"Ҳозиргина Арабаевнинг иши доирасида бугундан бошлаб менга нисбатан жиноят иши очилаётганини билдим. Шуни айтаманки, мен ҳеч қачон судьялар ишига аралашмаганман, мен сиёсат ифлос иш эканлигини биламан, шу сабабли ҳам унга аралашмасликка ҳаракат қилганман. Мен ҳатто бирорта судьяни ҳам танимайман" деди Атамбаева.

Бу маълумотни Қирғизистон бош прокуратураси тасдиқлади.

Раиса Атамбаеванинг фикрича, оиласи ва собиқ президентнинг тарафдорларига нисбатан «оммавий таъқиблар олиб борилмоқда». Бу ҳақда у журналистларга Алмазбек Атамбаевга нисбатан эҳтиёт чорасини ўзгартириш мақсадида кўчма суд мажлиси ўтаётган МХДҚ биноси олдида баёнот берди.

«Алмазбек Шаршеновичнинг катта ўғли- Сейитбек Атамбаев шафқатсизларча калтакланди. У гипс ва ҳассада бўлишига қарамай ҳар куни сўроқ учун МХДҚга олиб борилмоқда. Атамбаевнинг жиянига нисбатан иккита жиноят иши очилди. Катта ўғли қайнотасининг уйида тинтув ўтказилди, милиционерлар бирор бир огоҳлантиришсиз уйга бостириб киришди ва уйнинг ағдар-тўнтар қилиб ташлашди» деди Раиса Атамбаева.

Собиқ биринчи хоним президент Сўўрўнбай Жээнбековга мурожаат қилиб, оиласини таъқиб қилиниши тўхтатилишини сўради, ҳамда “аввалги ҳукмдорлар ўзларининг рақибларининг хотинлари ва болаларини таъқиб қилмаганини” таъкидлаб ўтди.

Манас Арабаев 2 июнь куни ушланган, унга нисбатан «Коррупция» моддаси бўйича жиноят иши очилган. МХДҚ маълумотига кўра, у айрим жиноий гуруҳлар манфаатлари йўлида хизмат ваколатларини суиистеъмол қилганликда, хорижий инвесторларга тегишли обьектларни зўравонлик билан эгаллаб олишда гумонланмоқда.

Исроил АҚШ Конгрессининг икки мусулмон аъзосини мамлакатга киритмаслигини билдирди

Рашида Тлаиб (ўнгда) ва Илхан Ўмар (чапда)

Исроил АҚШ Конгресси вакиллар палатасининг аъзолари бўлган Рашида Тлаиб ва Илхан Ўмарни мамлакатга киритмаслик тўғрисида қарор қабул қилди. Бу икки демократ АҚШ вакиллар палатасига биринчи марта сайланган мусулмон аёллардир.

Тлаиб ва Ўмар президент Трампнинг ва Исроилнинг Фаластинга нисбатан сиёсатини мунтазам танқид қилиб келган.

Улар Исроилга қарши “Бойкот, инвестиция ва санкциялардан воз кечиш” ҳаракатини қўллаб-қувватлаганлар. Мазкур ҳаракат аъзоларига эса Исроилга кириш тақиқланади.

Конгрессдаги демократлар лидери Нэнси Пелоси Исроилнинг қароридан афсусда эканини билдирди. Сенатдаги демократик озчилик лидери Чак Шумер эса Исроилни мазкур қарорни қайта кўриб чиқишга чақирди.

Илхан Ўмар ўзининг Исроилга кириши тақиқланганини ҳақорат деб қабул қилишини айтди. Рашида Тлаиб эса мазкур қарорни Исроил ҳукуматининг ожизлиги сифатида шарҳлади.

Москва суди норозилик намойишида қўлга олинганларни қамоқдан бўшатиш талабини қондирмади

Кирилл Жуков 27 июль кунги норозилик намойиши пайтида қўлга олинган эди.

Москва шаҳар суди 27 июль кунги норозилик намойиши пайтида қўлга олинган Кирилл Жуков, Даниил Конон ва Алексей Миняйлони ҳибсдан озод қилиш тўғрисидаги аризасини қаноатлантирмади.

Адвокатларнинг ва жамоатчиликнинг бу уч ёш йигитни уй қамоғига чиқариш тўғрисидаги илтимослари эътиборга олинмади.

Кирил Жуков учун 6 одам, Данил Конон учун 150 одам кафолат берган эди. Мухолифатчи Навальний асос солган коррупцияга қарши кураш фонди эса 2 миллион рубль гаров пули таклиф қилган.

-Москвада ва умуман мамлакатда нима бўлаётганини кўриб турган ҳолда ишонч билан айтиш мумкинки - Россия эркинлик сари дадил қадам ташламоқда. Мен озод бўламанми ёки йўқми-билмайман, бироқ Россия аниқ озод бўлади, - деди Кирилл Жуков судда сўзлаган нутқида.

Москвада 27 июль куни ўтган норозилик намойиши пайтида қўлга олинган 14 одам тартибсизликларни уюштирганликда айбланмоқда.

Бироқ адвокатлар ва жамоатчилик бундай айбловга қарши чиқмоқда. Улар фикрича, намойишда тартибсизлик бўлмаган, чунки намойиш пайтида норозилар томонидан ҳеч қандай зўравонликлар қилинмаган.

Қўлга олинганларга нисбатан жиноят ишини тўхтатиш талабномасига 130 мингдан кўпроқ одам қўл қўйди.

Кашмирнинг Покистон қисмида Ҳиндистонга қарши "Қора кун" тадбири ўтказилди

Кашмирдаги "Қора кун" тадбири иштирокчилари.

Кашмирнинг Покистонга қарашли қисмида 15 август куни Ҳиндистон мустақиллиги куни муносабати билан “Қора кун” тадбири ўтказилди.

Кашмир маркази Музаффарободда “Ҳуррият посбонлари” ташкилоти томонидан ўтказилган тадбирда минтақанинг Ҳиндистонга қарашли ҳудудидан мухторият мақоми олиб ташланганига норозилик билдирилди.

-15 август куни эрталаб ҳинд самолётлари мустақиллик куни муносабати билан осмонга парвоз қилар экан, биз уларга қарши қора шарлар ва қора байроқларни ҳавога учирамиз. Негаки, бу қора кундир. Одамлар Ҳиндистон байроқларига “Озодлик” деган сўзларни ёзиб ҳавога учирмоқда. Одамлар Кашмирда Ҳиндистон қилаётган зўравонликлардан норози,-деб билдирди “Ҳуррият посбонлари” ташкилоти раиси Узайр Аҳмад Ғазалий.

5 август куни Ҳиндистон Покистон билан баҳсли бўлиб турган Кашмирнинг ўзига қарашли қисмида мухторият мақомини бекор қилган эди. Бу воқеа халқаро ҳамжамиятнинг ташвишига сабаб бўлган.

Мазкур воқеадан сўнг Покистон Ҳиндистон билан муносабатлар даражасини пасайтирган, савдо-сотиқ ва транспорт қатновини чеклаган эди.

1947 йилда Британиядан мустақилликка эришганидан бери ядровий қуролга эга бўлган икки давлат- Ҳиндистон ва Покистон ўртасида уч марта уруш бўлган ва улардан иккитаси Кашмир устидаги низодан бошланган.

Airbus A321 самолёти Москва вилоятида жўxоризорга қўнди. 23 киши жароҳатланди (ВИДЕО)

"Уральские авиалинии" ширкатининг Москвадан Симферополга учаётган Airbus A321 самолёти ғилдираклари чиқарилмаган ва моторлари ўчирилган ҳолатда Москва вилоятидаги маккажўҳори экилган далага қўнишга мажбур бўлди.

Самолётда экипажнинг 7 аъзосини қўшиб ҳисоблаганда 233 киши бўлган. 23 киши, шу жумладан 5 бола лат еб жабрланди. Жабрланганларнинг ҳаммаси врачлар кўригидан ўтказилгани, касалхонага ётқизилмаганини Москва вилоят соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилди.

"Уральские авиалинии" ширкатига кўра, самолёт моторига қушлар галаси кириб кетгани оқибатида бир моторда ёнғин чиққан ва самолёт далага қўнишга мажбур бўлган.

Facebook фойдаланувчиларнинг овозларини ширкатларга тақдим этганини тан олди

Facebook фойдаланувчиларнинг овозли ёзишмаларини учинчи ширкатларга тақдим этганини тан олди. Bloomberg нашри бу ҳақда Facebook ширкатидан олинган расмий мактубга таянган ҳолда хабар берди.

Хабарда айтилишича, Facebook Messenger фойдаланувчиларидан фақат айримларининг овозли ёзишмалари бошқа ширкатларга тақдим этилган. Facebook бундан мақсад диктовка функциясини мукаммаллаштириш бўлганини иддао қилмоқда.

Бироқ овозли ёзишмалар бошқаларга тақдим этилиши тўғрисида Facebook Messenger фойдаланувчилари огоҳлантирилмаган. Facebook овозларни расшифровка қилиш автоматик тарзда амалга оширилганини билдирди.

The Verge журналининг ёзишича, Google, Amazon, Microsoft ва Apple ширкатлари фойдаланувчиларнинг овозларини бошқа ширкатларга тақдим этгани юзасидан гумонлар пайдо бўлгани ортидан Facebook ҳам мана шундай амалиётда шубҳа қилина бошланган эди.

Apple мазкур амалиётни тўхтатганини расман эълон қилди. Amazon фойдаланувчиларга ўз овозларини бошқа ширкатларга бермаслик ҳақида ширкатни огоҳлантиришни тавсия қилди. Google эса бу сифатни яхшилашга қаратилган оддий амалиётдир, деган нуқтаи-назарда эканини билдирмоқда.

Facebook фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини етарли даражада ҳимоя қила олмаётгани учун бир неча марта кескин танқидларга учраган эди. 2019 йилнинг мартида ширкат асосчиси Марк Цукерберг Facebook фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини ҳимоя қилишни кучайтириш йўналишида иш олиб боришини ваъда қилганди.

Гибралтарда қўлга олинган Эрон кемаси бугун озод этилиши мумкин

Буюк Британия Ҳарбий-денгиз флотига қарашли патруль кемаси Гибралтарнинг сув ҳудудида Эроннинг Grace 1 улкан нефть ташувчи кемасини ҳибсга олмоқда.

Британия 15 август куни Гибралтар бўғозида июль ойида қўлга олинган Эрон нефть танкерини ҳибсдан озод қилади, деб ёзди Sun газетаси.

Гибралтар ҳукумати Эрон нефть танкери 4 июлда Британия Қироллик денгиз аскарлари томонидан ҳибсга олинганини билдирган эди. Бунга кема Европа Иттифоқи санкцияларига зид равишда Сурияга нефть олиб кетаётгани сабаб бўлган.

Эрон эса танкер Сурияга нефть ташиганини инкор этиб келмоқда. Эрон мудофаа вазири Амир Ҳатамий Эрон нефть танкерининг Британия томонидан ҳибсга олинганини “таҳдид” ва “ножўя” ҳаракат, деб баёнот берганди.

Покистон Бош вазири мустақилликка бағишланган нутқини Кашмирда сўзлади

Покистон Бош вазири Имрон Хон.

Покистон Бош вазири Имрон Хон мамлакат мустақиллиги муносабати билан Кашмир маркази Музаффарободда сўзлаган нутқида Ҳиндистон Кашмирнинг ўзига қарашли қисмидан мухторият мақомини олиб ташлаганини танқид қилди:

-Мен Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди стратегик хатога йўл қўйди, деб ҳисоблайман. У ўзининг сўнгги картасини ўйнаб бўлди. Мен ўйлайманки, бу воқеа Нарендра Моди ва унинг партияси учун оғир оқибатларни келтириб чиқаради,-деди Имрон Хон Кашмир парламентида қилган чиқишида.

Айни пайтда Бош вазир Кашмирнинг Покистонга қарашли қисмини ҳимоя қилиш учун армия қудрати етарли эканини алоҳида таъкидлаб ўтди.

5 август куни Ҳиндистон Покистон билан баҳсли бўлиб турган Кашмирнинг ўзига қарашли қисмида мухторият мақомини бекор қилган эди. Бу воқеа халқаро ҳамжамиятнинг ташвишига сабаб бўлган.

1947 йилда Британиядан мустақилликка эришганидан бери ядровий қуролга эга бўлган икки давлат- Ҳиндистон ва Покистон ўртасида уч марта уруш бўлган ва улардан иккитаси Кашмир устидаги низодан бошланган.

Тожикистон расмийлари 13 йил олдин қочиб кетган Хўжа командир Дубайда ушланганини билдирди

Хўжа Каримов

Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Дубайда (Бирлашган араб амирликлари) Хўжа командир лақаби билан танилган, Тожикистондаги фуқаролар урушида Халқ фронтининг собиқ дала қўмондони бўлган Хўжа Каримовнинг ушланганини маълум қилди.

Тожикистон ИИВ матбуот котиби Умаржон Эмомалининг 14 август куни Озоди радиосига айтишича, айни дамда Каримовни Тожикистонга экстрадиция қилиш масаласи муҳокама қилинмоқда. Собиқ қўмондон тожик томонининг сўровига биноан Интерпол томонидан ушланган.

13 йил муқаддам Тожикистондан қочиб кетган Хўжа Каримов 2000 йилдан бери халқаро қидирувда эди, унинг иши Интерполга топширилган. Каримов 1992 йилдан 1997 йилга қадар бўлган даврда бир қатор оғир жиноятлар содир этганликда айбланмоқда.

Каримовга нисбатан 2005 йил 20 сентябрь куни очилган жиноят ишида таъкидланишича, собиқ дала қўмондони қотиллик, ўғирлик, гаровга олиш ҳамда миллий ва халқаро характердаги бошқа жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Тожикистондан қочиб кетгунга қадар Хўжа Каримов Мудофаа вазирлигининг махсус бригадаси қўмондонининг биринчи ўринбосари ва Тожикистон Футбол Федерацияси раиси бўлган.

Трамп Хитой маҳсулотларига бож қўллашни ортга сурди

АҚШ президенти Дональд Трампнинг Хитойдан импорт қилинадиган маҳсулотларига бож қўллашни кейинроққа қолдириш тўғрисидаги баёноти ортидан сешанба куни Америка молия бозоридаги компанияларнинг 80 фоиз акциялари кўтарилиб кетди.

Трамп сешанба куни баёнот бериб, Хитойнинг кенг истеъмол маҳсулотларига қўшимча божлар киритишни кечиктиришга қарор қилганини маълум қилди. Унинг фикрича, бу мамлакатлар ўртасидаги савдо уруши ва унинг оқибатлари жаҳон иқтисодиётига жиддий таъсир кўрсатишидан ташвишга тушаётган инвесторларни хотиржам қилади. Август ойи бошларида бозор индекслари икки ҳафта аввалги чўққидан деярли 10 фоиз тушиб кетди. Тушиш Трамп маъмурияти Хитой ўз валютасини манипуляция қилаётгани тўғрисида баёнот берганидан кейин кучайиб кетди.

​Экспертларнинг таъкидлашларича, тарифланадиган маҳсулотлар рўйхатига асосан қишлоқ хўжалик ва саноат маҳсулотлари кирган. Тарифланадиган маҳсулотлар рўйхатига истеъмол моллари: маиший электроника ва кундалик эҳтиёж моллари деярли киритилмаган.

Янги тарифларнинг кейинга қолдирилишини айрим иқтисодчилар Трамп ўзининг савдо сиёсатида фонд бозоридаги сигналларга жиддий эътибор қаратаётганига аҳамият беришмоқда. Уларнинг фикрича, Трамп молиявий бозорлар Вашингтон ва Пекин ўртасидаги савдо қарама-қаршилигига мос келмаслигидан хавотир олаётган бўлиши ҳам мумкин экан. Бу инвесторларнинг охир оқибат Трамп ишни бозорнинг кескин ошиб кетишига сабаб бўлувчи савдо урушигача олиб бормаслигига ишонч ҳосил қилмоқда.

Ўтган йили Трамп администрацияси Хитойда ишлаб чиқарилган кўплаб турдаги маҳсулотларга 10-фоизлик солиқ жорий қилган эди. Бироқ, рўйхат шундай тузилган эдики, солиқлар истеъмол молларига эмас, балки корхоналарга сотиладиган маҳсулотларга солинган эди. Баҳорда Трамп администрацияси бу тарифни 25 фоизгача оширди, шу билан бирга уни яна 10 фоизга ошириш билан писанда ҳам қилиб қўйди. Янги 10-фоизлик бож 1 сентябрдан кучга кириши керак эди, аммо кеча жорий қилиш камида декабрь ўрталарига қадар кечиктирилиши эълон қилинди.

Аёллар афсонавий қўшиқчи Пласидо Домингони жинсий тажовузда айбламоқдалар

Пласидо Доминго 14 марта “Грэмми” мукофотига сазовор бўлган.

Бир неча аёл афсонавий опера қўшиқчиси Пласидо Домингони жинсий тажовуз қилишга уринишда айбламоқда. Уларга кўра, Доминго ўзининг афсонавий қўшиқчи мақомидан фойдаланган ҳолда, уларни жинсий алоқага ундаган.

«Ассошиэйтед пресс» агентлигининг 13 август куни хабар беришича, бу ҳақда матбуотга саккиз нафар қўшиқчи аёл ва бир нафар раққоса маълум қилди. Улар ҳозирда 78 ёшда бўлган Доминго 1980 йилларда жинсий алоқа қилишга уринганини иддао этмоқдалар.

-Мен бошқа яширолмайман. Мен ўйлайманки, ҳақиқат мен томонда. Бу воқеаларни кўрган гувоҳим ҳам бор. Менинг яширадиган нарсам йўқ. Ўйлайманки, бу билан мен мана шундай ҳолатга дуч келаётган бошқа ёш аёлларга кўмак кўрсатган бўламан,-деди Домингони айблаётганлардан бири, опера қўшиқчиси Патрисия Вульф.

Домингонинг ўзи бу айбловларни инкор этди ва тухмат деб баҳолади. Аммо шунга қарамай, Филаделфия оркестри Доминго билан биргаликда 18 сентябрь куни ўтказилиши лозим бўлган концертни бекор қилди.

Испанияда туғилган ва ўз ижодий ҳаётининг асосий қисмини Лос-Анжелес операси дирижери ҳамда режиссёри сифатида ўтказган Доминго жаҳондаги энг машҳур опера артистларидан бири ҳисобланади.

50 йилдан кўпроқ вақтдан бери саҳнада қолаётган Пласидо Доминго 14 марта “Грэмми” мукофотига сазовор бўлган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG