Линклар

Шошилинч хабар
19 июл 2019, Тошкент вақти: 15:49

АҚШ Туркияга Россиядан С-400 харид қилгани учун санкция жорий қилмоқчи


С-400 Ер-Ҳаво мудофаа тизими

АҚШ яқин кунларда Анқаранинг Россиядан С-400 ер-ҳаво мудофаа тизимларини харид қилиш қарорига жавобан санкция жорий қилади. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги ўз манбаларига таянган ҳолда хабар қилди.

Bloomberg манбаларининг маълум қилишича, президент Дональд Трамп маслаҳатчилари уч гуруҳлик санкцияларни кўриб чиққан. Аммо уларнинг қайси бири танлангани ҳозирча номаълум.

Эндиликда режани Трамп тасдиқлаши керак. АҚШ билан бир қаторда НАТО аъзоси бўлган Туркия 12 июль куни Россиядан С-400 тизимлари олиб келина бошлаганини маълум қилган эди. Вашингтон ушбу тизимлар Пентагон лойиҳаларига таҳдид солишини айтиб келади.

Россия ва Туркия С-400 тизимларини Анқарага етказиб бериш шартномасини 2017 йилда имзолаган. Шартнома қиймати 2,5 миллиард доллар эканлиги айтилади. Шу сабаб Вашингтон Анқарага бешинчи авлод F-35 қирувчи учоқларини элтиб беришдан бош тортиб келади.

Ўтган ойда Осакада бўлиб ўтган “Катта йигирмалик” саммитида президент Трамп Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан учрашиб, уни Россиядан С-400 тизимларини харид қилмасликка ундаган эди.

Эрдўғон Туркия F-35 учоқларини сотиб олишни исташини, аммо бир вақтнинг ўзида миллий хавфсизликни таъминлаш учун С-400 тизимлари бўйича имзоланган келишув ўз кучида қолишини айтиб келади.

XS
SM
MD
LG