Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2020, Тошкент вақти: 19:29

Ўзбекистон хабарлари

Маъмурий жарима ҳуқуқбузарлик содир этилган вақтдаги энг кам иш ҳақи миқдори бўйича тўланади

Президент Фармонига мувофиқ 2019 йил 1 августдан энг кам иш ҳақининг 10 фоизга ошиши белгиланди. Шунга кўра, турли маъмурий жарималарнинг миқдорлари ҳам 2019 йил 1 августдан 10 фоизга ошади.

Бу ҳақда хабар қилган Адлия вазирлиги қонунчиликка мувофиқ жарима ҳуқуқбузарлик аниқланган вақтдаги белгилаб қўйилган энг кам иш ҳақидан келиб чиққан ҳолда белгиланишини эслатди.

“Масалан, 28 июль куни ҳайдовчига транспорт воситасида ҳаракатланишда телефондан фойдаланганлиги учун маъмурий баённома тузилди. 1 августдан жарималар миқдори ўзгаришига қарамасдан, мазкур ҳайдовчи 60 кун ичида 28 июлда амалда бўлиб турган жаримани (608 190 сўмни) тўлаши лозим бўлади”, деб ёзди Адлия вазирлиги.

Кун янгиликлари

ССВ: Франциядан қайтган бемор билан мулоқотда бўлган шифокор вафот этди

Ўзбекистонда сўнгги 24 соат ичида коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони 16 тага ошиб, 104 нафарга етди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 28 март куни хабар берди.

Вазирликка кўра, 28 март куни Франциядан келган илк коронавирус юқтирган аёл билан яқин мулоқотда бўлган 39 ёшли шифокор эркак оламдан ўтган.

"Бугун 39 ёшли 1 нафар эркак беморда ўлим ҳолати қайд этилди. Вафот этган бу бемор Франциядан юртимизга биринчи касалликни олиб келган бемор билан мулоқотда бўлган", дейилади вазирлик 28 март куни эълон қилган хабарда.

Вазирлик хабарида таъкидланишича, шифокор ўзининг коронавирус юқтирганини билган ҳолда уйда даволанишга ҳаракат қилган.

Шу тариқа Ўзбекистонда коронавирусдан ўлганлар иккитага етди.

26 март куни наманганлик 72 ёшли эркак бемор коронавирус инфекцияси ташхиси билан вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.

Шу куни унда коронавирус инфекцияси аниқланган ва вафот этганди.

Беморга ушбу инфекция 12 март куни Туркия сафаридан қайтган ва касаллиги тасдиқланиб, карантинга олинган қизидан юққан, деб билдирганди

Тошкентда карантин шартларини бузиб, тўй ўтказганлар жазоланди 

27 март куни Тошкентнинг Чилонзор туманида эълон қилинган карантин шартларини бузиб, тўй ташкиллаштирганлар жазоланди.

Ўзбекистоннинг йирик шаҳарлари ва пойтахт Тошкент 27 мартдан коронавирус тарқалиши олдини олиш учун карантинга олинган, кўчада ва жамоат жойларида 3 кишидан ортиқ одам тўпланишига чеклов ўрнатилди.

Repost нашрига кўра, тўй эгалари одам тўплаб, карантин қоидасини бузгани етмай, ўзлари ва меҳмонларнинг аксар қисми тиббий ниқоб ҳам тақмаган.

Уйда яшовчи фуқаролар ИИБга мурожаат қилган ва воқеа жойига шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари етиб келган.

Тўй ташкилотчилари билан суҳбат ўтказилиб, уларга карантин тартиб-қоидалари тушунтирилгач, маросим бекор қилинган.

Карантин қоидасини бузганлар 1 миллион сўмдан ошиқроқ миқдорда жаримага тортилган

Коронавирус аниқланганлар сони 88га етди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 27 март куни яна 5 кишида касаллик аниқланган.

"Ушбу инфекцияни юқтириб олганларнинг 2 нафари Фарғона вилоятида, яна 2 нафари Хоразмда ва бир нафари Тошкент шаҳрида қайд қилингани тасдиқланди", дейилади вазирлик хабарида.

Covid-19 инфекцияси аниқланганлар жами 88 нафарга етди. Бугун эрталаб наманганлик 72 яшар аёл касаллик сабаб оламдан ўтди, яна 7 бемор оғир аҳволда экани айтилди.

Вазирлик маълумотига кўра, беморларнинг 5 нафари болалардир.

192 киши ниқоб тақмагани учун жаримага тортилди

Ўзбекистонда жамоат жойларида ниқоб тақмагани учун 178 киши 61,8 млн сўм жаримага тортилди.

Бу ҳақда хабар қилган Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига кўра, Ўзбекистон маъмурий судлари томонидан 192 нафар шахсга нисбатан жамоат жойларида ниқоб тақмагани учун маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақидаги ишлар кўриб чиқилган.

Жумладан, таниқли хонанда Муниса Ризаева карантин пайтида жамоат жойида тиббий ниқобсиз юргани учун жавобгарликка тортилди.

Бу ҳақда хабар қилган Маданият вазирлигига кўра, вазир Озодбек Назарбеков хонандага нисбатан қаттиқ огоҳлантириш бериб, жарима тўловини амалга оширишини уқтирган.

Ризаева томонидан 26 март куни Инстаграмдаги саҳифасига жойланган видеода хонанданинг Тошкентдаги қурилиш компаниясига ниқобсиз боргани акс этган.

Ушбу видео ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлгач, вазир Назарбеков хонандани ўз қабулига чақирган ва унга огоҳлантириш берган.

Коронавирус тарқалишининг олдини олиш чораларига кўра, тиббий ниқобсиз кўчага чиққан одам 1115000 минг сўмлик жаримага тортилади.

Ички ишлар вазирлигига кўра, карантин тадбирлари эълон қилинган 24 мартдан 27 мартга қадар республика бўйича карантин қоидаларига амал қилмаслик билан боғлиқ жами – 3649 та ҳолат аниқланган.

Энг кўп ҳолат Самарқанд ва Фарғона вилоятларида аниқланган.

Ҳуқуқбузарларга нисбатан "Маъмурий жавобгарлик" тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси асосида жарима қўлланган.

Пенсионерлар нафақаси стерилланган пуллар билан тўланади

Эндиликда пенсионерлар нафақаси стерилланган пакетда берилади.

Пенсия ва нафақа тўловлари учун Марказий банкдан стерилланган нақд пуллар олинади.

Бу ҳақда бугунги брифингда маълум қилган Халқ банки бошқарув раиси ўринбосари Ҳасан Аҳмедовга кўра, ҳар бир пенсия ва нафақа олувчига бериладиган нақд пуллар стерилланган пакетларда тарқатилади.

Пенсия ва нафақа пулларини фуқаролар уйларига етказиб бериш учун сайёр кассаларга қўшимча банк ходимлари жалб қилинади.

Барча сайёр кассалар ходимлари ва автомашина ҳайдовчилари тиббий ҳимоя ниқоби ва қўлқоп, спиртли антисептик воситалар билан таъминланган.

Аввал пенсия пулларини олиш учун пенсионерлар маҳалла фуқаролар йиғини биноларига тўпланишган.

Аҳмедовга кўра, 26 март ҳолатига 2 трлн. 103,1 млрд. сўмлик ёки 98 фоиз пенсия маблағлари нақд пул шаклда тарқатиб берилган ва 405 мингга яқин пенсионерларга 252,8 млрд. сўм банк карталари орқали тўланган.

Коронавирусдан ўлганларни кўмишга оид қоидалар эълон қилинди

Эндиликда дафн маросимида чекланган одамгина қатнашади

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати коранавирус касаллиги мавжуд бўлган майитни дафн этиш тўғрисидаги қоидаларни эълон қилди.

Майитни ювиш, кафанлаш, дафн қилишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили иштирок этади.

Коронавирус касаллиги мавжуд бўлган майитнинг дафн маросими фақат яқин қариндошлари иштирокида қилинади.

“Дафн маросимида иштирок этувчилар тиббий кўрсатмаларга амал қилишлари, жумладан, ниқоблар ва қўлқоплардан фойдаланишлари ҳамда маросимдан сўнг карантин талаблари асосида дезинфекция ва шахсий гигиена амалларини бажаришлари лозим”, дейилади Фатво ҳайъати хабарида.

Коронавирусга қарши кураш махсус комиссия қарорига кўра, дафн маросимлари қатъий чекланган таркибда ўтказилади.

Бугун коронавирусдан илк бемор вафот этди. Наманганлик 72 яшар онахон касалликни Истанбулдан келган қизидан юқтиргани аниқланган.

Кўчага сабабсиз чиқиш тақиқланди

Эндиликда кўчага фақат зарурат бўлсагина чиқиш мумкин

Коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида зарур бўлмаган ҳолларда (хизмат фаолиятини амалга ошираётган давлат органлари ва муассасалари ҳамда жамоат ташкилоти ходимларидан ташқари), уйидан ташқарига чиқиши чекланади.

Бу ҳақда коронавирусга қарши кураш Республика махсус комиссияси ахборотида айтилади.

Шунингдек, эпидемиологик ҳолатни инобатга олган ҳолда, фуқаролар ўзаро мулоқот чоғида икки метр масофа сақлаши шарт.

Кўчада ва жамоат жойларида 3 кишидан ортиқ одамларнинг тўпланишига чеклов ўрнатилади. Бу таъқиқ бир вақтда ҳаракатланаётган оилага нисбатан қўлланилмайди.

Ўта зарур ҳоллардагина кўчага чиққанда (дорихона, озиқ-овқат дўконлари) – шахсий ҳимоя воситаси (ниқоб)да бўлиши шарт. Акс ҳолда 1 115000 минг сўмлик жаримага тортилади.

Расман: Коронавирус аниқланган беморларнинг беш нафари болалар

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси аниқланган 83 беморнинг 35 нафари эркак, 48 нафари эса аёллар. Шундан 5 нафари вояга етмаган болалардир.

Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар қилди.

Коронавирус аниқланган беморлар ёш жиҳатдан қуйидагича:

  • 0-9 ёшгача – 5 нафар,
  • 10-19 ёшгача – 2 нафар,
  • 20-29 ёшгача – 24 нафар,
  • 30-39 ёшгача – 17 нафар,
  • 40-49 ёшгача – 16 нафар,
  • 50-59 ёшгача – 11 нафар,
  • 60-69 ёшгача – 7 нафар,
  • 70 – 79 ёшгача - 1 нафар (миокард инфарктдан вафот этган бемор).

Вазирликка кўра, ҳозирга қадар Франция, Туркия, БАА, Россия, Саудия Арабистони ҳамда Швейцария давлатларида бўлиб қайтган 23 нафар кишида коронавирус инфекцияси аниқланган, 60 нафар киши эса улар билан яқин мулоқотда бўлган пайти юқтирган.

Айни пайтда коронавирус инфекцияси билан касалланганларнинг 6 нафари Фарғона, 5 нафари Наманган ва 3 нафари эса Андижон вилоятларидаги юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда.

Шу йилнинг 22 март куни Истанбулдан чартер рейсида олиб келиниб, Бухородаги карантин марказига жойлаштирилганлар орасида 3 кишида ҳам инфекция аниқланган. Улардан иккиси тошкентлик, бири андижонлик.

Коронавирус: Карантиндагилар сони 65511, улардан 15335 нафари шифохонада

Бугунги кунга келиб карантинга олинган шахсларнинг сони 65 511 нафарни ташкил этади. Улардан 15 335 нафари шифохоналарда, 50 176 нафари уй шароитида сақланмоқда.

Бу ҳақда Ички ишлар вазирининг матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсов АОКАда ўтказилган брифинг пайти маълум қилди.

Ғиёсовга кўра, 20 та авиа ва 14 та темир йўл рейслари орқали хорижий мамлакатларда бўлган 7 682 нафар фуқаролар мамлакатга эвакуация қилиниб, 38 та тиббиёт муассасаларига жойлаштирилган.

Вилоятлараро автобус ва машиналар қатнови тақиқланди; юк машиналари мустасно

Ўзбекистон Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов¸ 27 март соат 10:00 дан бошлаб вилоятлараро енгил автотранспорт, автобус, авиа ва темир йўл орқали ҳаракатланиш тўхтатилганлиги маълум қилинади.

Айни пайтда¸ вазир¸ мамлакат ичкарисида юк ташувчи транспорт воситалари қатновига тақиқ қўйилмаганини билдирди.

“Юртдошларимизнинг зарур бўлмаган ҳолларда уйдан чиқмасликлари, яшаш ҳудудларини тарк этмасликларини сўраймиз.

Юқоридаги ҳаракатларнинг барчаси республикамиз ҳудудида ушбу хавфли инфекциянинг кенг тарқалиб кетишининг олдини олиш, ҳар бир фуқаронинг саломатлигини қатъий муҳофаза қилишга қаратилган”¸ дейилади Ички ишлар вазири баëнотида.

27 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморлар орасида илк ўлим қайд этилди ва вирус юқтирганлар сони ошди.

Ҳозирга келиб пойтахт Тошкент ортидан вилоят марказларига кириш ва чиқиш тўхтатилди.

Uzbekistan Airways бекор қилинган қатновларга чипта пули қай тарзда қайтарилиши юзасидан изоҳ берди

Коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазият туфайли бекор қилинган қатновларга бўлган авиачипталарни қайтариш ва пул маблағларини тўлаш мурожаатлар келиб тушиши билан навбат тартибида амалга оширилади. Бу ҳақда Uzbekistan Airways ўз Телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.

Авиаширкатга кўра, чипталарни қайтариш ёки уларни чекловлар бекор қилинганидан сўнг амалга ошириладиган авиакомпаниянинг қатновларига қайта бронлаш жарималар ва санкцияларсиз амалга оширилади.

Uzbekistan Airways сотиб олинган авиачипта бир йил давомида амал қилишини ҳам урғулаган.

Наманганда коронавирусга чалинган онахон вафот этди, шифокорлар унга инфаркт ташхиси қўйди

Коронавирус инфекцияси ташхиси билан 26 март куни Наманган вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган 72 ёшли Р. бугун тонгги соат 4:30 да оламдан ўтган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълумот тарқатди.

Вафот этган беморга ушбу инфекция 12 март куни Туркия сафаридан қайтган ва касаллиги тасдиқланиб, карантинга олинган қизи М.дан юққани далилланган.

Наманганлик онахон узоқ йиллар давомида қандли диабет, сурункали ўткир юрак етишмовчилиги ва бошқа касалликлар билан даволаниб келган.

ССВ хабарномасида қайд этилишича, у “шифокорларнинг реанимацион муолажаларига қарамасдан ўткир миокард инфарктидан вафот этган”.

Коронавирус инфекцияси яна 8 кишида тасдиқланди

Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 83 нафарга етди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотида қайд этилишича, 27 март ҳолатига кўра яна 8 кишида коронавирус инфекцияси тасдиқланган.

Улардан беш нафари Тошкент шаҳрида, уч нафари эса Андижонда қайд қилинган.

Республика бўйлаб COVID-19 вирусини юқтириб олган беморлардан 7 нафарининг аҳволи оғир экани айтилмоқда.

Навоий ва Зарафшон шаҳарлари кириш-чиқиш учун ёпилади

Зарафшон шаҳри.

Навоий ва Зарафшон шаҳарлари, шунингдек, Учқудуқ, Томди, Конимех ва Хатирчи туманларига вилоятнинг барча ҳудудларидан кириш ва чиқиш ҳар қандай транспорт воситаларида (автобус, микроавтобус ва енгил автотранспорт) 27 март куни соат 12.00 дан бошлаб тўхтатилади.

Бу ҳақда маълумот тарқатган Навоий вилояти ҳокимлигига кўра, мазкур тадбир вилоят аҳолисининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш ҳамда коронавирус инфекциясининг вилоят ҳудуди бўйлаб тарқалишининг олдини олиш мақсадида амалга оширилмоқда.

Ҳокимлик мазкур ҳудудларга кириш ва чиқишдаги чекловлар юк ташиш билан боғлиқ ҳолларга, шунингдек, шаҳар ва туманларда (Навоий, Зарафшон шаҳарлари, Учқудуқ, Томди, Конимех ва Хатирчи туманлари) доимий яшовчи (рўйхатдан ўтган) шахсларга, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, бошқарма, идора ва ташкилот (нодавлат ташкилот)ларда меҳнат (хизмат) фаолиятини амалга ошираётган раҳбар ва ходимлар, шифокор ва ҳамширалар, давлат санитария ва эпидемиологик осойишталик маркази ходимлари ҳамда вилоят ҳокимининг алоҳида топшириғига асосан вилоят туманларига бириктирилган масъул ходимларига нисбатан татбиқ этилмаслигини билдирган.

Айни пайтда жума куни соат 12.00 бошлаб ушбу ҳудудларда автобуслар ҳаракати тўхтатилиши айтилган.

Ҳокимлик вилоятнинг шаҳар ва туманлари ҳудудларига киришга қўйилган чекловлар ва карантин қоидаларини бузган шахсларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилиши ҳақида огоҳлантирган.

Бухоро шаҳрига кириш-чиқиш тўхтатилди

Бухоронинг эски шаҳар қисми.

Жорий йил 27 март куни соат00:01 дан бошлаб Бухоро шаҳрига вилоятнинг барча ҳудудларидан кириш ва Бухоро шаҳридан республиканинг барча ҳудудларига, шу жумладан вилоят туманларига чиқиш ҳар қандай транспорт воситаларида (автобус, микроавтобус ва енгил автотранспорт) тўхтатилди. Бу ҳақда Бухоро шаҳар ҳокимлиги маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, Бухоро шаҳрига кириш ва чиқишдаги чекловлар юк ташиш билан боғлиқ ҳолларга, шунингдек, Бухоро шаҳрида доимий яшовчи (рўйхатдан ўтган) шахсларга Бухоро шаҳрига кириш учун, вилоят туманларидан Бухоро шаҳридаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, бошқарма, идора ва ташкилот (нодавлат ташкилот)ларда меҳнат (хизмат) фаолиятини амалга ошираётган раҳбар ва ходимлар, шифокор ва ҳамширалар, давлат санитария ва эпидемиологик осойишталик маркази ходимлари ҳамда вилоят ҳокимининг алоҳида топшириғига асосан вилоят туманларига бириктирилган масъул ходимларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг номи яна алмашади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистонда Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги сифатида қайта ташкил этилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида 26 март куни коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишни кучайтириш масалаларига бағишланиб ўтказилган видеоселектор йиғилишида билдирилди.

Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги президент фармони билан 2019 йилнинг 10 январида қайта ташкил этилганди. Бундан аввал мазкур вазирлик Иқтисодиёт вазирлиги, деб номланган.

Пайшанба кунги йиғилишда коронавирус пандемияси шароитида аҳолини ижтимоий ва тиббий муҳофаза қилишни кучайтиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар белгиланган.

Мажлис чоғида, президент матбуот хизмати маълумотига кўра, янги иш ўринлари яратишни қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли даромадини ошириш ва камбағалликни қисқартириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Коронавирус юқтириб олганлар сони 75 га чиқди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони 75 нафарга етди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўз Телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.

Вазирлик COVID-19 вирусига чалингани тасдиқланган сўнгги 10 кишининг хасталикни қаердан ва қачон юқтириб олгани ҳамда беморлар айни пайтда қаерда сақланаётганига аниқлик киритмаган.

Президент аҳолини ижтимоий ва тиббий муҳофаза қилиш чора-тадбирларини белгилаб берди

Карантинни назорат қилишга жалб этилган ИИВ ходимлари.

26 март куни коронавирус пандемиясига қарши курашга оид қатор ҳужжатга қўл қўйиб¸ бу ҳақда халққа ҳисоб берган президент Шавкат Мирзиёев ҳукуматга аҳолини ижтимоий ва тиббий муҳофаза қилишни кучайтиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирларни белгилаб берди.

Бу чора-тадбирлар орасида 300 мингта экспресс-тест ва 500 та сунъий нафас олдириш аппарати харид қилиш, хавф юқори бўлган аҳоли пунктларида кўчма лабораториялар ташкил этиш; Тиббиёт ниқоблари ишлаб чиқаришни кунига 5 миллион донага етказиш бор.

Карантин туфайли мажбурий таътилга чиқарилган давлат ва нодавлат сектори ишчиларига¸ президент белгилаган топшириққа кўра¸ иш ҳақининг камида 50 фоизини ҳақ тўланади, қолганлар масофадан ишлашга ўтказилади.

26 март куни эълон қилинган чора-тадбирлар дастурига мувофиқ¸
1 октябрга қадар тадбиркорларнинг фойдаланилмаётган объектларига нисбатан мол-мулк ва ер солиғининг оширилган ставкалари қўлланилмайди; 1 ноябрга қадар коронавирус пандемияси туфайли молиявий қийинчиликларни бошидан кечираётган корхоналар банкрот деб эълон қилинмайди; карантин муддати давомида тадбиркорлик субъектлари фойдаланаётган 3 минг 600 дан ортиқ давлат мулки объектлари бўйича ижара ҳақларини ундириш тўхтатилади.

Шунингдек¸ барча лойиҳалар доирасида инвестициявий мажбуриятларни бажариш муддатлари 6 ойга узайтирилади; карантин даврида тадбиркорларнинг ҳисоб рақамини тўхтатиб қўйиш тақиқланади; aҳолига товарларни етказиб бериш ҳамда ташиш хизматларини кўрсатиш учун лицензия олиш талаби вақтинчалик бекор қилинади.

Президент: Kасаллар сони 100 тага ҳам етмайди, хавотирга ўрин йўқ, деб хотиржам бўлиш хиёнат!

Ўзбекистондаги карантин устидан назорат асосан ҳарбийларга топширилди.

26 март куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кураш вазияти бўйича Ўзбекистон халқига яна бир бор мурожаат қилди.

Халқимиз жипслашиб, шифокорларнинг барча тавсияси, кўрсатмаларига амал қилсалар, одамларимиз карантин даврида ҳаётий заруратсиз ўз хонадонларини тарк этмаса, касалликнинг илк белгилари аниқланганда уни яширмай шифокорларга ўз вақтида мурожаат қилса, биз бу касалликни, албатта, енгамиз.

Бир нарсани аниқ тушуниб олиш лозим. Бизда аниқланган касаллар сони кам-ку, 100 тага ҳам етмайди, хавотирга ўрин йўқ, деб хотиржам бўлиш хиёнат ҳисобланади¸ деб иқтибос келтирди президент матбуот хизмати.

26 март кунги махсус йиғилишда президент жамоатчиликка коронавирус пандемияси даврида Тошкент ҳукуматининг аҳоли саломатлигини асраш ва пандемиянинг иқтисодиëтга салбий таъсирини камайтириш мақсадида қилаëтган ишлари ҳақида қисқа ҳисоб берди.

Президент ўз чиқишида хусусан¸ пандемияга қарши қарши курашиш ва унинг оқибатларини юмшатиш учун Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилиб¸ унга 10 триллион сўм миқдорида маблағ йўналтирилгани¸ касаллик аниқланган илк кунданоқ барча таълим ва диний муассасалар фаолияти, халқаро ва ички жамоат транспортлари қатнови тўхтатилгани¸ одамлар гавжум бўладиган жойлар, хусусан, барча буюм бозорлари, умумий овқатланиш шохобчалари вақтинча ёпилгани ва мулкчилик шаклидан қатъи назар барча корхона ва ташкилотлар ходимларига таътил берилиб, масофавий ишлашга ўтказилганини тилга олди.

Бевосита соғлиқни сақлаш тизимидаги ишларга тўхталган Мирзиëев барча тиббиёт муассасаларининг кучайтирилган иш режимига ўтказилиб, 11 та тиббиёт муассасаси ва 97 та сиҳатгоҳ, оромгоҳ ва ётоқхоналар карантинга ихтисослаштирилгани¸ 80 мингга яқин одамнинг уй шароитида¸ 12 минг фуқаронинг эса стационарда карантинга олинганини билдирди.

Пандемияга қарши курашиш бўйича 100 минг атрофида тиббиёт ходимлари мобилизация қилиниб, уларга ҳокимиятлар, ички ишлар тизими, Мудофаа ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари яқиндан кўмаклашмоқда”¸ деди жумладан президент.

Хорижда қолган ўзбекистонликларни ватанга қайтариш бўйича тизимли ишлар амалга оширилаëтганини таъкидлаган Мирзиëев охирги 10 кун ичида 20 та чартер рейслар амалга оширилгани¸ Россия, Туркия, Эрон, Бирлашган Араб Амирликлари, Жанубий Корея, Миср, Малайзия, Ҳиндистон, Таиланд, Индонезия ва Германиядан тўрт мингга яқин фуқаро олиб келингани, қўшни давлатлар билан чегаралардан 80 мингдан ортиқ ўзбекистонликнинг ўтказилгани ва профилакторий, санаторий ва бошқа шифо масканларида карантинга олинганини маълум қилди.

Ўз чиқишида президент коронавирус юқтирган 65 нафар бемор орасида 11 нафар врач борлиги¸ беморларни даволаш пайтида вирус юқтирган тиббиёт ходимларига 100 миллион сўмдан компенсация тўланишини билдирди.

Марказий банк аҳоли ва тадбиркорларга 1 октябрга қадар кредит таътили бериш тавсиясини такрорлади

Марказий банкнинг бош офиси.

26 март куни Ўзбекистон Марказий банки “коронавирус инфекцияси тарқалиши оқибатида қарздорларнинг кредит тўловлари билан боғлиқ рискларни юмшатиш мақсадида барча кредит ташкилотларига 17 март кунги тавсияларини яна қайтарди.

“Жорий қилинган карантин режими фаолиятига салбий таъсир кўрсатган қарздор – жисмоний шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг мурожаатларига асосан, 2020 йил 1 октябрга қадар кредит тўловларини қайтаришда имтиёзли давр бериш ва мос равишда якуний тўловлар муддатларини узайтириш; муддати ўтган қарздорликларни кечиктирилишида жарима санкцияларини қўлламаслик ҳамда ундирувни кредит таъминотига қаратмаслик тавсия этилди”¸ дейилади Марказий банк берган ахборотда.

Марказий банк шунингдек¸ тижорат банкларига жорий эпидемиологик вазиятда банкларнинг кредит тўловларини кечиктириш масалалари бўйича мурожаатларни масофавий тарзда кўриб чиқиш тизимини яратиш чораларини кўришни ҳам тавсия қилди.

Янги қонун: Карантин қоидаларини бузганлик учун 10 йилгача қамоқ жазоси берилaди

24 мартдан бошлаб Ўзбекистон бўйлаб коронавирус тарқашини тўхтатишга қаратилган кескин чоралар жорий қилинди.

26 март куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев “Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонунни имзолади.

Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Мазкур қонунга мувофиқ¸ “карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида аҳоли орасида асоссиз ваҳима тарқалишининг олдини олиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда мутасадди идораларнинг нормал фаолият юритиши учун шароит яратиш мақсадида Жиноят кодекси 244-5-модда билан тўлдирилди”.

Янги қонунга кўра¸ “карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг 200 бараваригача (айни кунда 44 млн 600 минг сўм) миқдорда жарима; 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ëки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади".

Бундай маълумотларни нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёки оммавий ахборот воситалари, шунингдек Интернет орқали тарқатиш БҲМнинг 200 бараваридан (44 млн 600 минг сўмдан) 400 бараваригача (89 млн 200 минг сўм) миқдорда жарима; 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари; 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари; 3 йилгача озодликни чеклаш ëки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Янги қонун¸ шунингдек карантин қоидаларини бузганлик учун жазони кескинлаштирди ва бундай қоидабузарлик учун 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўллашни кўзда тутади.

Хусусий касалхоналарнинг коронавирус юқтирганларга хизмат кўрсатишига рухсат берилди. Хизмат пулини давлат тўлайди

Ўзбекистондаги энг йирик хусусий касалхона - Akfa Medline Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев оиласига қарашли.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев 26 март куни имзолаган 4649-сонли “Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор билан нодавлат тиббиёт ташкилотларига коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларга, истисно тариқасида, 2020 йил 1 сентябрга қадар тиббий хизмат кўрсатишга рухсат берилди.

Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Huquqiy axborot Telegram канали хабар берди.

"Нодавлат тиббиёт ташкилотлари томонидан коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларга тиббий хизмат кўрсатиш фақат Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва нодавлат тиббиёт ташкилоти ўртасида тузиладиган шартномага кўра амалга оширилади.

Коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларга тиббий хизмат кўрсатиш учун нодавлат тиббиёт ташкилотлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан, истисно тариқасида, танлов (тендер) ўтказмасдан аниқланади.

Нодавлат тиббиёт ташкилотларининг коронавирус билан касалланганларга тиббий хизмат кўрсатиш билан боғлиқ харажатлари Инқирозга қарши кураш жамғармаси ҳисобидан қопланади.

Эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, заруратга кўра, нодавлат тиббиёт ташкилотлари билан келишган ҳолда уларнинг лаборатор-диагностика хизматларидан фойдаланилади"¸ дейилади вазирликнинг президент янги қарори ҳақидаги расмий хабарида.

Ўзбекистондаги энг йирик хусусий касалхоналар тармоғи Akfa Medline Тошкент шаҳар ҳокими¸ президент ва оиласига яқин кўрилган бадавлат тадбиркор¸ мамлакатдаги энг йирик Akfa/Аrtel компаниялари эгаси Жаҳонгир Ортиқхўжаевга қарашли.

Мустақил таҳлилчилар¸ коронавирусга қарши кураш ва пандемиянинг иқтисодий оқибатлатларини бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар доирасида яна олий ҳокимиятга яқин шахс ва гуруҳларнинг монополия мақомидаги ширкатларига янги имтиëзлар берилишидан хавотир билдирмоқда.

Дунëнинг аксар давлатларида коронавирус пандемияга қарши кураш доирасида хусусий касалхоналарга вирус юқтирганларга хизмат кўрсатиш ваколати ҳозирча берилган эмас.

Марказий банк пандемия оқибатида сўмнинг кескин қадрсизланиш эҳтимолини «юқори эмас» деб баҳолади

Марказий банк бошқаруви раиси Мамаризо Нурмуродов.

25 март куни Ўзбекистон Марказий банки «Ички валюта бозоридаги жорий ҳолат бўйича» расмий баëнот эълон қилди.

Пандемиянинг дунë¸ хусусан¸ постсовет ҳудуди давлатлари иқтисодиëти ва миллий пул бирлигига кўрсатаëтган салбий оқибатлари ўзбек сўмининг яқин келажакда кескин қадрсизланиши ҳақидаги фикрларни кучайтириб юборди.

Бундай вазиятда «вужудга келиши мумкин бўлган спекулятив ҳолатнинг олдини олиш мақсадида Марказий банк» «рубль ва тенге қадрсизланиши, меҳнат ресурслари ҳаракатига чекловлар жорий этилишига ва бунинг натижасида четдан кириб келадиган пул ўтказмаларининг вақтинча пасайишига қарамай, алмашув курсининг ҳозирги динамикаси ҳамда ички валюта бозорида кескин тебранишлар кузатилмагани»ни маълум қилди.

Бу ҳолатни тўртта сабабга кўра изоҳлаган Марказий банк¸ пандемия сабаб иқтисодий фаолликнинг пасайиши ортидан Ўзбекистонда хорижий валютага бўлган талабнинг ҳам пасайиши; банк кредитларига бўлган талабнинг аввал прогноз қилинган кўрсаткичларга нисбатан сезиларли даражада камайиши; пандемия сабаб бошланган инқирозга қарши кураш учун ташқаридан қарз олиниши « валюта бозорига қўшимча таклиф олиб келиши ва доимий валюта интервенциялари ҳажмининг ўтган йилдагига нисбатан ўртача 30 фоизга ошишини қайд этади.

Бу ва бошқа омилларни санаб ўтган Марказий банк¸ «бугунги кунгача қилинган таҳлиллар миллий валюта алмашув курси динамикасида маълум бир кичик тўғирланишлар бўлиши мумкинлигини ва сўмнинг кескин девальвацияси бўйича эҳтимолларнинг юқори эмаслигини кўрсатмоқда»¸ дея хулоса қилади.

«Асоссиз спекулятив кутилмаларнинг пайдо бўлишини олдини олиш мақсадида ички валюта бозоридаги ҳолат ва унга таъсир этувчи омиллар тўғрисидаги маълумотлар»¸ Марказий банк таъкидича¸ бундан сўнг ҳам мунтазам эълон қилиб борилади.

Давлат мулкини ижарага олганлар 24 мартдан бошлаб тўловдан озод этилди

Ҳукумат қарори билан Ўзбекистондаги барча емакхоналар 24 мартдан бошлаб бутунлай ëпилди.

Давлатга қарашли объектларни ижарага олиб ишлаëтган ва ҳукумат киритган кескин чекловлар ортидан фаолиятини тўхтатган тадбиркорлардан карантин даври учун ижара пули олинмайди.

Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги 25 март куни ўз расмий сайтида хабар қилди.

Шу кунга қадар давлат мулки объектларидан ижара шартномаси асосида умумий овқатланиш, ўқув марказлари, жисмоний тарбия, спорт, туризм ва бошқа соҳаларда фойдаланиб келаётган аммо, карантин сабабли Республика махсус комиссияси қарорига кўра, фаолияти вақтинча тўхтатилган тадбиркорлик субъектларига фойдаланмаган даври учун ҳеч қандай ижара пули ҳисобланмайди ва тўланмайди”¸ дейилади агентлик расмий баëнотида.

Пандемия оқибатида оғир аҳволга тушиб қолган тадбиркорларга Агентлик томонидан берилгани айтилган имтиëзлар орасида “инвестиция мажбуриятининг бажарилишини кечиктирганлик учун пеня ҳамда жарималар ҳисобламаслик ва мажбурият бажарилмагани учун шартномаларни бекор қилмаслик” ҳам бор.

Айтилишича¸ жорий вазиятда Инқирозга қарши кураш Республика комиссияси ва унинг ҳудудий штабларининг қарорларига кўра, тадбиркорлар томонидан инвестиция мажбуриятлари бажарилиши муддатлари узайтириб берилади.

Бундан ташқари¸ жорий эпидемиологик вазиятда “давлат активларини хусусийлаштириш бўйича амалда бўлган шартномаларга асосан харид тўловлари ўз вақтида бажарилмаса Инқирозга қарши кураш Республика комиссияси ва унинг ҳудудий штабларининг қарорларига кўра, муддат қайта кўриб чиқилади”.

Шунингдек¸ Агентлик бир ой ичида “ хўжалик жамиятларининг кузатув кенгаши мажлислари ва акциядор (иштирокчи)ларнинг умумий йиғилишларини онлайн режимда масофадан туриб, замонавий ахборот коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда овоз бериш орқали ўтказиш тизими” жорий этилишини билдирган.

Ўзбекистон президентининг 20 март кунги фармони билан мамлакатда коронавирус пандемияси тарқаши олдини олиш ва унинг иқтисодий оқибатларини юмшатиш билан шуғулланувчи Инқирозга қарши кураш комиссияси ташкил этилди.

10 триллион сўм маблағ берилиши айтилган бу комиссияга Бош вазир Абдулла Арипов раислик қилмоқда.

Москвадан Бухорога 249 нафар ўзбекистонлик қайтарилди

Шу йилнинг 25 март куни кечга яқин Россия Федерацияси пойтахтидан Бухорога бортида249 нафар ўзбекистонлик бўлган самолёт учиб келган. Йўловчилар фавқулодда ҳолатдан келиб чиққан ҳолда карантин тартиб-қоидалари асосида кутиб олинди, дея маълум қилади Бухоро вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Москвадан келганларнинг 213 нафари эркак, 36 нафари аёл бўлиб, улар орасида вояга етмаганлар 31 нафарни, 60 ёшдан ошганлар эса 7 нафарни ташкил этган.

“Фуқароларнинг 10 нафарида кўнгил айниши ва ўзларини ҳолсиз сезиш ҳолатлари кузатилганлиги боис зудлик билан вилоят юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилган”, дейилган ҳокимлик хабарномасида қолган йўловчиларнинг ҳар бирига нисбатан тиббий-профилактик нуқтаи назаридан қаттиқ назорат ўрнатилгани урғуланади.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG