Линклар

Шошилинч хабар
22 август 2019, Тошкент вақти: 05:31

Халқаро янгиликлар

Покистон журналистлари цензурага қарши намойишга чиқди

Исломободдаги намойишлар.

16 июль куни Покистон Журналистлар уюшмаси “мисли кўрилмаган цензурага қарши” мамлакат бўйлаб норозилик намойишлари уюштирди.

Намойишчилар¸ қудратли ҳарбийлар ва хавфсизлик хизмати ходимларининг журналистларга кўрсатаëтган босимини қоралади¸ оммавий ахборот воситалари ходимлари сонининг қисқартирилиши¸ уларга иш ҳақи беришнинг кечикаëтганига норозилик билдирди.

Журналистлар уюшмаси президенти Афзал Батт¸ сешанба кунги намойишларни “норозилик ҳаракатининг бошланиши” деб атади.

Унга кўра¸ кейинги саккиз ой ичида 5000 нафардан кўпроқ журналист цензура оқибатида ишидан ажраган.

Чегара билмас мухбирлар (RSF) ташкилоти ўтган ҳафта мухолифат ўтказган матбуот анжуманини намойиш қилган уч телеканалнинг ҳукумат томонидан кабель тармоғидан олиб ташланганини кескин қоралади.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси сентябрь ойида эълон қилган ҳисоботида Покистон армиясини журналистларни қўрқитиш орқали матбуот эркинлигини бўғиб келаëтганликда айблаган эди.

Чегара билмас мухбирлар ташкилотининг матбуот эркинлигига оид сўнгги ҳисоботида Покистон 180 давлат рўйхатининг 142-поғонасига қўйилган.

Кун янгиликлари

Дональд Трамп Россиянинг G7 га қайтиши "ўринли" бўлади деб ҳисоблашини билдирди

Владимир Путин Жорж Буш билан G8 саммитида. Санкт-Петербург, 2006, 19 июль.

АҚШ президенти Дональд Трамп сешанба куни Россиянинг "Катта еттилик"ка (G7)ка қайтиши "ўринли" бўлур эди деб баёнот берди.

“Катта еттилик”ка АҚШ, Буюк Британия, Германия, Италия, Канада, Франция ва Япония киради.

АҚШ маъмурияти вакилига таянган ҳолда CNN телеканалининг маълум қилишича, Трамп ва Франция президенти Эммануэль Макрон телефон орқали суҳбатларида Россия 2020 йилда бўлиб ўтадиган “еттилик” саммитида иштирок этишга таклиф қилиниши кераклигини айтишган. Бундан аввал Россия президенти Владимир Путин билан бўлиб ўтган учрашувда Макрон, агар Украина инқирозини барқарорлаштириш бўйича керакли қадамларни ташлагудек бўлса Россияни музокаралар столида кутишини айтган эди.

Шу кунларда Францияда G7нинг навбатдаги саммити бўлиб ўтади, бу тадбирга Россия таклиф қилинмаган. Россиянинг гуруҳга (у вақтда "Катта саккизлик" деб аталарди) аъзолиги Қрим аннексияси туфайли 2014 йилда тўхтатилган эди.

"Менинг фикримча, бу катта саккизлик бўлиши керак, чунки биз муҳокама қиладиган кўп масалаларнинг Россияга алоқаси бор”, – деди президент Трамп.

Бу Россиянинг бу ташкилотга қайтарилиши лозимлиги борасидаги Трампнинг биринчи фикрлари эмас. 2018 йилнинг июнь ойида Трамп Москвага мурожаат қилиб, G7 нинг Канадада бўлиб ўтадиган саммитида иштирок этишга чақирган эди. Ўшанда Кремль матбуот котиби Дмитрий Песковбаёнот бериб, Россия бошқа форматларга мойиллик билдиришини айтган эди. Аммо орадан икки кун ўтиб президент Владимир Путин баёнот берар экан, Россия гуруҳ аъзоларини Москвада қабул қилишдан хурсанд бўлишини таъкидлаган эди. Трампнинг таклифи таниқли америкалик сиёсатчилар томонидан танқид билан кутиб олинди.

Жаҳонда иқтисодий ва молиявий улуши катта бўлмаслигига қарамай Россия G7 га 1997 йилда АҚШ президенти Билл Клинтон ва Буюк Британия бош вазири Тони Блэр таклифи билан қабул қилинган эди. Бу гуруҳга Россиянинг аъзолиги демократик Россияга нисбатан дўстона муносабат сифатида кўрилган ва унинг бозор иқтисодиёти ва демократик институтларининг бундан кейинги ривожланишини қўллаб-қувватлаш ва имкониятларини тан олиш сифатида кўрилган эди. Унинг G8 аъзолигининг тўхтатилиши ва санкциялар жорий қилиниши Россиянинг Қримни аннексия қилишига нисбатан биринчи жавоб сифатида кўрилган эди.

Афғонистонда тўйга қилинган ҳужум қурбонлари сони 80 нафардан ортди

17 август куни ҳужум қилинган тўйхонада олинган сурат. Кобул, 2019, 18 август.

Афғонистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати вакили Насрат Раҳимий худкуш ҳужумидан ҳалок бўлганлар сони 80 нафардан ортганини маълум қилди.

17 август куни кечқурун Кобулдаги тўйхонада содир этилган худкуш ҳужум оқибатида 63 киши қурбон бўлган ва 182 киши яраланган эди.

Толибон бу ҳужумга алоқаси йўқлигини эълон қилган. Бироқ Ашраф Ғани Толибонни “ваҳшийларча” ҳужумга камида шерик, деб атади.

Айрим хабарларда айтилишича, ҳужум учун масъулиятни "Ислом давлати" гуруҳининг Афғонистондаги шўъбаси ўз зиммасига олган.

Бу жорий йилдаги энг кўп одам ўлган террор бўлди.

Камерунда ўғирланган денгизчиларнинг тирик экани маълум бўлди

"Мармалайта" юк ташувчи кемаси.

Камерун қирғоқларида номаълум одамлар томонидан ўғирланган “Мармалайта” кемаси экипажи соғ-саломат. Бу ҳақда кема хўжайини билан алоқа ўрнатган қароқчилар гуруҳи маълум қилди.

Россия денгизчилар касаба уюшмасининг билдиришича, "Мармалайта" кемасига ўтган ҳафтада ҳужум қилинган.

Қароқчилар томонидан гаровга олинган 8 денгизчидан уч нафари Россия, тўрт нафари Филиппин ва бир нафари Украина фуқаросидир.

ТАССнинг хабар беришича, қароқчилар гаровга олинганларни озод қилиш учун товон пули миқдорини ҳозирча эълон қилмаганлар. Камерун расмийлари қароқчилар алоқага чиққани тўғрисидаги маълумотни ҳали тасдиқлаганлари йўқ.

Новости агентлиги ўғирланган денгизчилар Нигерияда сақланаётган бўлиши эҳтимолини билдирди.

"Мармалайта" юк ташувчи кемасига 15 август куни Дуала порти яқинида ҳужум қилинган эди. Мазкур кема Германия ширкатига қарашли. У Антигуа ва Барбуди байроғи остида сузган.

Дональд Трамп Кашмир масаласида воситачи бўлишга тайёрлигини билдирди

Кашмир чегарасидаги ҳарбийлар.

АҚШ президенти Дональд Трамп Кашмирдаги “портловчи вазият”нинг олдини олиш мақсадида Ҳиндистон ва Покистон ўртасида воситачилик қилишга тайёр. Трамп бу ҳақда 20 август куни эълон қилди.

Трампнинг билдиришича, у бу масалани Францияда ўтадиган "Катта йигирматалик" саммити доирасида Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди билан муҳокама қилади.

Ҳиндистон 5 август куни Кашмирнинг ўзига қарашли қисмида минтақанинг мухторият мақомини бекор қилганидан сўнг вазият кескинлашган эди.

20 август куни Ҳиндистон Кашмирда Покистон ҳарбийлари бир ҳинд аскарини отиб ўлдиргани, тўрт нафарини яралаганини билдирган. Покистон ҳам Ҳиндистон ҳарбийларини аҳолига ўқ узганликда айбламоқда.

-Ҳиндистондан олинаётган маълумотлардан келиб чиққан ҳолда, Покистон доимо сергак бўлиши керак, мудофаага тайёргарликни тезлатиш лозим. Ҳиндистон Озод Кашмирни (Кашмирнинг Покистонга қарашли қисми-муҳаррир) тинимсиз ўққа тутмоқда. Мендаги маълумотга қараганда маҳаллий аҳолидан 35 киши ҳалок бўлди, юзлаб одам яраланди,-деб баёнот берди 20 август куни Кашмирнинг Покистонга қарашли қисми раҳбари Сардор Маъсуд Хон.

Путинни ҳақорат қилган грузин журналисти ишдан бўшатилди

"Рустави-2" телеканалининг эндиликда собиқ журналисти Георгий Габуния.

Россия президенти Владимир Путинни жонли эфир пайтида ҳақорат қилган Грузиянинг "Рустави-2" телеканали журналисти Георгий Габуния ишдан бўшатилди. Бу ҳақда телеканалнинг янги раҳбари Паати Сали Тбилисида ўтган брифингда маълум қилди.

Бундан ташқари телеканал янгиликлар хизмати раҳбари Нодар Меладзе ва унинг қўл остидаги қатор ходимлар ҳам ишдан бўшатилган. Телеканал уларни рекламаларни иш берувчи манфаатларига зид равишда бўлиштирганликда айбламоқда.

Грузиянинг мухолифатчи «Рустави-2» телеканали мухбири Георгий Габуния 7 июлда жонли эфирда Россия президенти Владимир Путин ва унинг ота-онасини ҳақорат қилган эди. Шу куни юзлаб одам телеканал олдига тўпланиб, норозилик намойиши ўтказган. Журналист икки ойга эфирдан четлаштирилган.

Грузия президенти Саломе Зурабишвили, Тбилиси мэри Кахи Каладзе, Бош вазир Мамука Бахтадзе журналист Габуниянинг чиқишини “фитна” сифатида баҳоладилар.

Ҳонконг ҳокими норозиларни муросага келишга чақирди

Ҳонконг ҳокими Кэрри Лэм.

Ҳонконг ҳокими Кэрри Лэм норозиларни муросага келиш учун музокаралар ўтказишга чақирди.

-Бизнинг мақсадимиз ўзаро келишмовчиликлар ва конфликтларни ҳал этиш устида жонкуярлик билан ишлашдир. Биз ўзаро мулоқот орқали бир-биримизни тушуниб, юзага келган ижтимоий тупикдан биргаликда чиқишимиз лозим,-деди Лэм 20 август куни қилган чиқишида.

Ҳонконгда қонунни бузган ҳонконгликларни Хитойга экстрадиция қилишга рухсат берувчи қонун лойиҳасига қарши намойишлар 9 июнда бошланган ва шу кунгача тўхтамаяпти.

1842 йилдан бери Британия бошқарувида бўлган Ҳонконг 1997 йилда Хитой тасарруфига ўтказилган. Ўшанда Хитой Ҳонконг суд ва ҳуқуқ тизимига камида 50 йил мустақил бошқарув берилишини кафолатлаган. Бироқ сўнгги йилларда Хитой бу ваъдасини эсидан чиқармоқда ва мухторият ишларига аралашмоқда.

Ҳонконгда сўнгги марта бу каби йирик намойиш 2014 йилда бўлиб ўтганди. Ўшанда шаҳар аҳолиси Пекиннинг Ҳонконг маҳаллий ҳокимиятига ўтказилган сайловни ўз назоратига олиш уринишига қарши норозилик билдирган. 2014 йилнинг 28 сентябрида бошланган бу намойиш 79 кун давом этганди.

Facebook ва Twitter Ҳонгконг намойишларини дискредитация қилган Хитой акаунтларини ўчирди

Facebook асосчиси ва бошқарувчиси Марк Цукерберг.

Twitter ижтимоий тармоғи маъмурияти¸ ўтказилган ички суриштирув хулосасига кўра¸ 936 та акаунтни ўчиришга қарор қилганини эълон қилди.

Айтилишича¸ Хитой ҳукуматига бориб тақалган бу акаунтлар Ҳонгконгдаги норозилик намойишлари ва уларда қўйилган талабларнинг қонунийлигини шубҳа остига олиш орқали Ҳонгконгдаги сиëсий можарони мувофиқлаштирилган ҳолда кучайтириш билан шуғулланган.

Хусусан¸ давлат кўмагида ишлаган бу акаунтлар Ҳонгконгдаги намойиш қатнашчиларини зўравонлик ва вандализмда айблаш орқали¸ уларни дискредитация қилишга уринган.

Айни пайтда¸ Facebook тармоғи ҳам айни шундай асосда бешта акаунт¸ етти саҳифа ва учта гуруҳни ўчирди. Бундай саҳифалардан биттасида¸ 15 мингдан ошиқ фоловери бўлгани айтилмоқда.

Ҳонгконг ўз фуқароларини Хитойга экстрадиция қилишга рухсат берувчи қонун лойиҳасини қабул қилгани ортидан бошланган норозилик намойишлари бир неча ойдан бери давом этмоқда.

Намойишчилар¸ бу қонун ҳонгконглик диссидентларни Хитой қўлига топширишга асос яратишига норозилик билдирмоқда.

Миллионлаб одам қатнашаëтган бу намойишлар ортидан Ҳонгконг раҳбарияти қонунни кучга киритишни кечиктирди¸ аммо ундан ҳозирча расман воз кечганича йўқ.

Бишкек суди собиқ президент Атамбаевни 26 октябрга қадар ҳибсда сақлашга қарор қилди

Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбаевни ҳибсда сақлаш муддати 26 октябрга қадaр узайтирилди.

Бишкек шаҳар Биринчи Май район суди 20 август куни терговчиларнинг ҳибс муддатини узайтириш сўровини қондирди. Дастлабки суд Атамбаевни 26 августгача судга қадар ҳибсда сақлаш ҳақида қарор чиқарган эди.

Атамбаевнинг адвокати Замир Жоошев¸ ҳибс муддати узайтирилгани устидан юқори инстанцияга шикоят киритажагини билдирди.

Ички ишлар вазирлигининг уч марта сўроққа чақирув талабини инобатга олмаганидан сўнг Бишкек ҳукумати собиқ президентни ҳибсга олишга қарор қилган ва Атамбаев¸ икки кунлик қаршиликдан сўнг¸ 8 август куни полицияга таслим бўлган эди.

Атамбаев¸ 2011-2017 йиллардаги президентлиги пайтида давлат ваколатини суистеъмол қилиш билан боғлиқ бешта жиноятда айбланмоқда.

Қозоғистонда куйдирги аниқланган қишлоқ карантин қилинди

Иллюстратив сурат.

Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Акмўла вилоятидаги Ольгинка қишлоғида куйдирги касаллиги аниқлангани муносабати билан мазкур ҳудудда карантин эълон қилди. Қишлоққа кириш-чиқиш йўлларига тўсиқлар қўйилиб, бу ерга келиш ва кетиш тақиқланди.

Август ойининг бошларида қишлоқда яшовчилардан тўрт нафари мол сўяётганда куйдиргига чалингани аниқланган эди.

Қишлоқ ҳўжалик вазирлиги айни пайтда Ольгино қишлоғида куйдиргига чалинган чорва моллари йўқ эканини билдирмоқда.

Ольгинка қишлоғи пойтахт Нурсултондан 80 километр олисликда жойлашган. Ижтимоий тармоқларда ҳукумат тузилмалари куйдирги билан боғлиқ сўнгги вазият тўғрисида маълумот бермаётгани қозоғистонликлар томонидан танқид қилинмоқда.

Қозоғистонда чорва моллари орқали одамларнинг куйдиргига чалиниши ҳолатлари йил сайин такрорланиб туради.

АҚШ Россия билан шартномадан чиққанидан сўнг биринчи марта қанотли ракета синовини ўтказди

Сан-Николас оролида синовдан ўтказилган ракета.

Қўшма Штатлар Россия билан бундан ўттиз йил олдин имзоланган ракеталарни тарқатмаслик шартномасидан чиққанидан бери биринчи марта ер усти қанотли ракетасини синовдан ўтказди.

Мудофаа вазирлигининг билдиришича, синов 18 август куни Калифорния штатидаги Сан-Николас оролида ўтказилган.

“Синалаётган ракета ўзининг ер усти мобил ускунасидан учиб чиқди ва 500 километр олисликдаги нишонга аниқ бориб урилди”, дейилади вазирлик баёнотида.

АҚШ 1987 йилда имзоланган Ўртача масофага учувчи ядровий ракеталарни тарқатмаслик шартномасидан расман 2 август куни чиққанини билдирган эди. Мазкур шартномага асосан 500 километрдан 5500 километргача учувчи қанотли ва баллистик ракеталарни ишлаб чиқариш тақиқланганди.

Президент Трамп 1 февраль куни Россияни шартномага амал қилмаётганликда айблаган ва АҚШ шартномадан чиқишини билдирганди.

АҚШнинг билдиришича, Россия тақиққа қарамай, SSC-8 деган ном билан танилган 9М729 ракетасини синовдан ўткизганини билдирган. Аммо Москва бу айбловларни инкор қилган.

Исроил ва Украина раҳбарлари оммавий қатлиом жойи бўлган Бабий Ярни зиёрат қилди

Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу Украина президенти Володимир Зеленский билан Киевда 19 августда учрашди.

Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу Украинага ташрифи доирасида президент Володимир Зеленский билан бирга Бабий Яр мемориалини зиёрат қилди.

Бу ерда Нетаняҳу "Бабий Яр фожиаси қайта такрорланмаслиги учун жаҳон ҳамжамияти қўлидан келган барча ишни амалга ошириши лозим", деб айтди. Зеленский ўз навтабида:

-Биз халқаро ҳамжамиятни кучларни бирлаштиришга ҳамда антисемитизм, ирқий ва миллий асосдаги нафрат кўринишларига йўл қўймасликка чақирамиз,-деб билдирди.

Иккинчи Жаҳон уруши пайтида Киев немис фашистлари томонидан босиб олинган 1941-1943 йилларда Бабий Яр нацистлар томонидан яҳудийлар ва ромалар, ҳарбий асирлар, Сирецк концлагери асирлари, украин миллатчи ташкилотлари аъзоларини оммавий равишда қатл қилиш жойига айланган эди.

Биргина 1941 йилнинг 29 ва 30 сентябрь кунлари бу ерда 34 мингга яқин яҳудий отиб ташланган. Икки йил давомида Бабий Ярда 150 мингга яқин одам қатл қилинган.

Зеленский 19 август куни Нетаняҳу билан Киевда ўтган музокаралар чоғида Исроилни Ҳлодоморни украин халқини йўқ қилиш учун уюштирилган геноцид деб тан олишга чақирди.

Макрон Путин билан Украина шарқидаги вазиятни муҳокама қилади

Россия президенти Владимир Путин ва Франция президенти Эммануэл Макрон.

19 августда Франция президенти Эммануэл Макрон Брегансон ёзги резиденциясида Россия президенти Владимир Путин билан учрашади. Сўзлашувлар чоғида Украина шарқида ҳукумат кучлари билан Россияпараст кучлар ўртасидаги тўқнашувларга барҳам бериш масаласи кўтарилиши хабар қилинди.

Бундан ташқари Эроннинг ядровий дастури ҳамда Суриядаги вазият муҳокама қилиниши айтилди.

Макрон билан Путин илк бор 2017 йили Париж яқинидаги Версаль саройида учрашган.

Жорий ой бошида Украина президенти Володимир Зеленский Владимир Путинга телефон қилиб, Донбассдаги сепаратчиларга таъсир ўтказишни сўраган эди.

Украинанинг шарқида 2014 йилдан бери давом этаётган тўқнашувларда 13 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлди.

Нью-Йоркда 500 млн. долларлик ноқонуний сигарет ва ароқ сотаётганда ушланган аёл ўзбекистонлик экани айтилди

Бруклин

Нью-Йорк шаҳрининг Бруклин туманидаги озиқ-овқат дўконида ўтган ҳафтанинг чоршанбасида ўтказилган рейд давомида умумий қиймати 500 млн. долларлик солиғи тўланмаган тамаки маҳсулотлари ва спиртли ичимликлар мавжудлиги фош қилинди.

Бу ҳақда NewYorkPost нашри шаҳар шерифи Жозеф Фуситога таяниб хабар қилди. Шерифнинг айтишича, бундай кўп миқдордаги контрабанда маҳсулоти битта магазинда бўлиши биринчи марта аниқланган.

Ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбанинг нашрга билдиришича, тамаки ва алкоголли маҳсулотлар сотишга лицензияси бўлмаган магазинда ўтказилган рейд давомида минерал сув шишаларига қуйилган самогон ҳам топилган.

Рейд ўтказилаётган пайтда магазинда сотувчилик қилаётган Муҳаббат Эжалолова контрабанда маҳсулотлари билан савдо қилганликда айбланмоқда.

Муҳаббат Эжалолованинг шахсига оид маълумотлар очиқланмади. Бироқ NewYorkPost хабарига эътибор қаратган АҚШдаги баъзи ўзбекистонликлар унинг ўзбекистонлик эканини айтмоқда.

Туркманистонда мактаб формаси ҳам қарзга сотила бошланди

Ашхабоддаги мактаб ярмаркаси.

Ашхабоддаги савдо марказларида ота-оналарга мактаб формасини қарзга сотиб олиш таклиф этилмоқда. Бу ҳақда "Хроника Туркменистана" нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, савдогарлар мактаб формаси қарзга сотилиши ҳақидаги эълонларни кўп қаватли уйларнинг кириш эшикларига ёпиштириб кетмоқда. Туркманистонда бундай ҳолат биринчи марта кузатилмоқда.

“Савдогарлар зарар кўриб қолмаслик учун қарзга сотишга мажбурлар, бунга аҳоли харид қувватининг заифлашгани сабаб бўлмоқда”, дейилади хабарда.

Мактаб формаси муайян талаблар асосида ота-оналарга уч ойда тўлаш шарти билан қарзга берилмоқда. Мактаб формасининг энг арзони ўтган йили 600 манатдан сотилган эди.

Сўнгги ойларда Туркманистонда маҳсулотларни қарзга харид қилиш анъанага айланиб бормоқда.

Мамлакатда расмий курс бўйича ҳисоблаганда, ўртача ойлик иш ҳақи 228 долларни, пенсия 72 долларни, ногиронлик бўйича нафақа 100-200 долларни, бола парвариши учун оналарга бериладиган пособия 40-90 долларни ташкил қилади.

Озодлик радиоси туркман хизматининг ҳукуматдаги манбаси мамлакатда ишсизлар аҳолининг 60 фоизини ташкил этиши ҳақида билдирган.

Туркманистон ҳукумати ишсизлик бўйича расмий маълумотларни сир тутади ва мамлакатдаги иқтисодий таназзул ҳақида гапирмайди.

Собиқ Бош вазир ва амалдаги депутат Иссиқкўлни сузиб ўтди

Иссиқкўлни сузиб ўтиш мусобақасида қатнашганлар.

Қирғизистонда 18 август куни Иссиқкўлни сузиб ўтиш бўйича халқаро мусобақада собиқ Бош вазир Темир Сариев ва парламент депутати Бакитбек Турусбеков ҳам иштирок этди.

«Issyk-Kul Swim Challenge 2019» мусобақасида Қирғизистон, Қозоғистон ва Россиядан жами 22 киши иштирок этди. Улар Тўнг туманининг Қораталаа қишлоғидан Иссиқкўл туманининг Тўруайғир қишлоғигача бўлган 14 километр масофани сузиб ўтишди.

Биринчи ўринни мазкур масофани 4 соат 48 минутда сузиб ўтган Эмил Турусбеков, иккинчи ўринни эса парламент депутати Бакитбек Турусбеков эгаллади. Собиқ Бош вазир Темир Сариев маррага 11-бўлиб етиб келди.

Мусобақани уюштирган «Nomad sport» жамоат жамғармаси раиси Канат Келсинбековга кўра, жорий йилда бу мусобақа учинчи марта ўтказилмоқда. Уюштирувчилар мусобқа иштирокчилари сонини яқин йилларда 200 кишига еткизмоқчи.

Иссиқкўлнинг узунлиги ғарбдан шарққа 182 километрни, жанубдан шимолга 58 километрни ташкил қилади.

Исландиядаги 700 йиллик Окйекудль музлиги эриб кетди

Окйекудль музлиги билан абадий ҳайрлашув маросими.

Исландияда 18 август куни Окйекудль музлиги билан абадий ҳайрлашув маросими ўтказилди. Ёши 700 йил бўлган музлик бир неча йилда эриб кетди.

Олимлар 2014 йилда Окйекудль музлигида муз қатламининг ўсиши тўхтаб қолганини қайд этган эдилар. Ўшанда музлик ўз мавжудлигини тўхтатган деб ҳисоблана бошланганди.

Тадбирда Бош вазир ва Атроф-муҳитни ҳимоя қилиш вазири иштирок этди. Исландия парламенти раиси Катрин Якобсдоуттирнинг нутқидан сўнг йиғилганлар пойтахт Рейкьявикнинг шимоли-шарқида жойлашган вулқон ёнбағрига чиқиб, келажак авлодлар учун мактуб битилган мемориаль лавҳани ўрнатдилар.

“Яқин 200 йил ичида барча музликларимизни мана шундай тақдир кутмоқда. Бу лавҳани бу ерга ўрнатганимизнинг сабаби, биз нима бўлаётганини ва нима қилиш кераклигини билмаяпмиз. Бу муаммони ҳал эта оламизми ёки йўқми, буни фақат келажакда сизлар биласизлар”, дейилади мактубда.

Покистонда тўрт ёшли боланинг ўлдирилганидан ғазабланган оломон полиция бўлимига ўт қўйди

Лакки Марват туманидаги ғазабланган оломон.

Покистонда 4 ёшли боланинг ўлдириб кетилишидан норозилик билдирган маҳаллий аҳоли 18 август куни Хайбар-Пахтунхва вилоятида полиция бўлимига ўт қўйди. Аҳоли ғазабига, улар наздича, полициячилар мазкур жиноятни фош этишда сусткашликка йўл қўйганлари сабаб бўлди.

4 ёшли ўғил боланинг жасади 17 август куни Лакки Марват туманида ўз уйидан унча узоқ бўлмаган жойда топилган эди. Полиция бу болакай бир ой аввал йўқолганидан хабардор бўлган.

“Биз уни дафн этмаймиз. Биз унинг жасадини ва суякларини полиция қотилларни топмагунича дафн қилмай сақлаймиз”, деди унинг опаси Озодлик радиосига.

Туман полицияси раҳбари Қосим Али Хон аҳолининг полиция болани қидиришда сусткашлик қилгани тўғрисидаги иддаоларни инкор қилди ва “биз профессионал ишладик”, деб баёнот берди.

Жорий йил бошида Исломободда 10 ёшли қизнинг йўқолиши ва кейин жасади топилиши ортидан минглаб одамлар норозилик намойиши ўтказган эдилар.

Покистонда болаларга нисбатан жиноятлар одатий ҳолат бўлиб қолган ва кўпинча болаларга қарши жиноятларни содир этганлар жазоланмай қолади.

Афғонистон президенти Кобулдаги террорни кескин қоралади

Афғонистон президенти Ашраф Ғани.

Афғонистон президенти Ашраф Ғани Кобулдаги тўйхонага қилинган ҳужумни кескин қоралади. Президент хавфсизлик юзасидан қўшимча чораларни кўришга бағишланган йиғилишда:

-Тўйлар, мактаблар, масжидлар, бозорлар ва жамоат жойларининг нишонга олиниши террор гуруҳларининг ваҳшийлигидан, бегуноҳ одамларни ўлдиришдан қўрқмаслигидан дарак беради. Толибон мазкур ҳужумлар учун ўз зиммасидан масъулиятни соқит қила олмайди, чунки Толибон террорчилар учун платформани яратиб бермоқда,-деб айтди.

17 август куни кечқурун Кобулдаги тўйхонада содир этилган худкуш ҳужум оқибатида 63 киши қурбон бўлган ва 182 киши яраланган эди.

Толибон бу ҳужумга алоқаси йўқлигини эълон қилган. Бироқ Ашраф Ғани Толибонни “ваҳшийларча” ҳужумга камида шерик, деб атади.

Айрим хабарларда айтилишича, ҳужум учун масъулиятни "Ислом давлати" гуруҳининг Афғонистондаги шўъбаси ўз зиммасига олган.

Бу жорий йилдаги энг кўп одам ўлган террор бўлди.

Кобулдаги тўйхонага қилинган ҳужумда 63 киши ўлди, президент Толибонни айблади

Кобулдаги тўйхона, 18 август, 2019 йил

Афғонистон ҳукумати вакиллари 17 август куни кечқурун Кобул тўйхонасидаги никоҳ тўйи маросимида рўй берган худкушлик ҳужуми оқибатида 63 киши қурбон бўлгани, яна 182 киши яраланганини маълум қилди.

Афғонистон президенти Ашраф Ғани Толибон радикал фундаменталист ташкилотнинг бу ҳужумга алоқаси йўқлиги тўғрисидаги баёнотини рад этди. Президент ташкилотни “ваҳшийларча” ҳужумга камида шерик, деб атади ва келгусида бундай “хато”га йўл қўймаслик учун фавқулодда мажлис чақирганини билдирди.

Бу жорий йилдаги энг кўп одам ўлган фожиа бўлди ҳамда Вашингтон бу гуруҳ билан 18 йиллик урушга барҳам бериш хусусида битим тузишга яқин турган пайтда содир бўлди.

Толибон ҳужум учун жавобгарликни зиммасига олмади.

Гуруҳ воизи Забиҳуллоҳ Мужоҳид WhatsApp хабарлар иловаси орқали ҳужумни қоралади, дейилади DPA ахборот агентлиги хабарида.

“Толибон айбни зиммасидан соқит қила олмайди, чунки улар террорчилар учун платформа вазифасини ўтамоқда”, дея ёзди президент Ғани Твиттер саҳифасида.

“Мен кеча кечқурун Кобул шаҳридаги тўйхонада рўй берган ваҳшийларча ҳужумни кескин қоралайман”, дейилади унинг бошқа баёнотида.

Маълум қилинишича, 1200 киши таклиф этилган тўйда яраланганлар орасида аёллар ва болалар бор.

Худкушлик бомба ҳужуми Қурбон ҳайитидан сўнг ва Афғонистон мустақиллигининг 100 йиллигини нишонлаш арафасида рўй берди.

Эронда эркаклар футболини томоша қилмоқчи бўлганда ушланган 4 аёл озод бўлди

Теҳрон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари тўрт аёлни ҳибсдан озод қилди.

Human Rights Watch ходимига кўра, улар ислом республикасида аёлларнинг стадионларга бориб, футбол томоша қилиши тақиқланганига қарамасдан, эркаклар кийимини кийиб, стадионга боргани учун қамоққа олинган эди.

12 августда ушбу тақиқни бузгани учун қўлга олинган яна 2 аёлнинг тақдири нима бўлгани тўғрисида ҳеч қандай хабар берилмади.

Қароргоҳи АҚШда жойлашган HRW ташкилоти Теҳрон жанубида жойлашган ҳамда гигиена ва хавфсизлик шароити ёмон бўлган Қарчак қамоқхонасидан аёлларни озод қилишга даъват этганди.

HRW глобал ташаббуслар бўйича бош директори Минки Уорден 16 августда футбол бошқаруви бўйича халқаро ташкилот ФИФАдан Эронга нисбатан гендер камситишига йўл қўйгани учун санкциялар қўллашни талаб қилган.

Ҳонгконглик фаоллар Пекин огоҳлантиришига қарамай яна намойишга йиғилди

Ҳонгконг марказидаги намойиш, 18 август, 2019 йил

18 августда минглаб киши, нисбатан осойишта ўтган тундан сўнг, норозилик билдириш учун яна Ҳонгконг марказига йиғила бошлади.

Хитойнинг махсус бошқарувдаги бу туманга сиёсий ва ҳуқуқий таъсирини кучайтириш уринишларига қарши 11 ҳафтадан бери норозилик намойишлари тўхтовсиз давом этмоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича ватандошлик фронти (CHRF) полиция онда-сонда одамларни калтаклаш ва ёш оқизувчи газни қўллаш билан зўравонлик қилаётганига қарамай, кўпроқ одам намойишга чиқишига умид қилаётганини билдирди.

Пекин ушбу намойишларни “террорчиликка яқин” хатти-ҳаракатлар, дея огоҳлантирмоқда.

Ҳисоб-китобларга кўра, 50 000 киши 17 августда Пекиннинг намойиш қилмаслик тўғрисидаги огоҳлантиришига қарамай, кўчаларга чиққан. Намойишлар умумиятла тинч ўтди, деб хабар қилинди. Аммо, полиция билан намойишчилар ўртасида баъзи кичик тўқнашувлар юз берди.

Хитойнинг намойишларга оид қонунчилиги идораси воизи Ю Вензе, исми айтилмаган АҚШ қонун чиқарувчиларини намойишларга боғлаб, уларни “қонун устуворлиги руҳини поймол қилгани, қўпол иккиюзламачилиги ва Хитойнинг ички ишларига сурбетларча аралашгани” учун қоралади.

Ўтган ҳафтада АҚШ Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси Ҳонгконг ҳокимият идораларини “Ҳонгконг аҳолисининг “Бир мамлакат, икки тизим” принципига биноан кафолатланган қонуний ва демократик интилишларига тўлиқ мос бўлиш”га чақирган эди.

Йўловчи учоғини жўҳоризорга қўндирган учувчиларга "Россия қаҳрамони" унвони берилди

"Уральские авиалинии" ширкатининг Москвадан Симферополга учаётган Airbus A321 самолёти ғилдираклари чиқарилмаган ва моторлари ўчирилган ҳолатда Москва вилоятидаги маккажўҳори экилган далага қўндирган учувчиларга "Россия қаҳрамони" унвони берилди.

Бу ҳақдаги фармонни Россия президенти Владимир Путин 17 август куни имзолади.

15 август куни учоқнинг маккажўҳори даласига фавқулодда қўнишига қушлар галаси билан тўқнашгани сабаб бўлган.

Самолётда экипажнинг 7 аъзосини қўшиб ҳисоблаганда 233 киши бўлган. 23 киши, шу жумладан 5 бола лат еб жабрланди.

Жабрланганларнинг ҳаммаси врачлар кўригидан ўтказилгани, касалхонага ётқизилмаганини Москва вилоят соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилди.

Америкалик актёр Питер Фонда 79 ёшида Лос Анжелес шаҳрида оламдан ўтди

Питер Фонда ўзбек томошабинига "Хавфсиз чавандоз" филмидаги роли билан таниш. У ўзининг актёрлик фаолияти давомида икки марта "Олтин глобус" мукофтини олган ва икки марта "Оскар" мукофотига номзод бўлган.

Америкалик актёр Питер Фонда 79 ёшида Лос Анжелес шаҳрида оламдан ўтди.

Reuters хабарига кўра, сўнгги йилларда актёр ўпка саратони касаллигидан даволанаётган бўлган.

Питер Фонда ўзбек томошабинига "Хавфсиз чавандоз" филмидаги роли билан таниш. У ўзининг актёрлик фаолияти давомида икки марта "Олтин глобус" мукофотини олган ва икки марта "Оскар" мукофотига номзод бўлган.

Питер таниқли Холливуд юлдузи Ҳенри Фонданинг ўғлидир.

ОАВ: Трамп Даниядан Гренландияни сотиб олиш имкониятига қизиқмоқда

Гренландия ороли яқинидаги айсберг

The Wall Street Journal газетасининг Оқ уйдаги манбасига таяниб ёзишича, АҚШ президенти Дональд Трамп ўз маслаҳатчилари билан Қўшма Штатларнинг Гренландияни сотиб олиш имкониятларини бир неча бор муҳокама қилган.

Гренландия Даниянинг мухтор вилояти ҳисобланади ва орол ҳудуд жиҳатидан Дания қироллигидан салкам 50 баробар катта бўлса-да, бу ерда доимий равишда атиги 56 минг киши истиқомат қилади.

The Wall Street Journal манбаларининг сўзларига қараганда, расмий учрашув ва яқинлари билан бўлиб ўтадиган суҳбатларда Трамп маслаҳатчиларидан АҚШ қонунан Гренландияни олиши мумкинми деб сўраган, жавобларни қизиқиш билан тинглаган ҳамда Шимолий Атлантика ва Шимолий Муз океани ўртасида жойлашган Дания ҳудудининг катта табиий ресурсларига ва геосиёсий аҳамиятига эътибор қаратган. Президент ҳатто Оқ уй юристларига мурожаат қилиб эҳтимолий битимнинг хуқуқий асосларини ўрганиб чиқишларини илтимос қилган.

Сентябрь ойи бошларида Трампнинг Данияга расмий ташрифи режалаштирилган. Бироқ, The Wall Street Journalнинг ёзишича, кун тартибига Гренландия масаласини муҳокама қилиш киритилмаган.

The Wall Street Journalнинг таъкидлашича, президент Копенгагенда ўзининг мухтор ҳудудларини бир йилда 591 миллион долларлик молия билан таъминлашда мураккабликлар пайдо бўлгани ҳақида хабар топганидан кейин, Трампнинг Гренландияга қизиқиши пайдо бўлган.

Гренландияни сотиб олиш ғояси - янги эмас. 1867 йилда АҚШ Россиядан Аляскани сотиб олганида Давлат департаменти Гренландия ва Исландияга эгалик қилиш имкониятларини ҳам ўрганиб чиққан эди. Аммо иш битимгача етиб бормаган. Иккинчи жаҳон урушидан кейин Гренландиянинг стратегик аҳамиятини эътиборга олган президент Гарри Труман орол учун Данияга 100 миллион доллар таклиф қилган. Копенгаген рад жавобини берган эди. Бироқ, Гренландияда АҚШнинг энг шимолдаги ҳарбий-ҳаво базаси бор.

Швецияда терактга алоқадорликда гумон қилинган яна бир ўзбек қўлга олинди

2017 йилнинг 7 апрелида Раҳмат Оқилов Стокҳольм марказидаги пиёдалар юрувчи кўчада юк машинасини қасддан одамлар устига ҳайдагани оқибатида 5 одам ўлган, 10 нафари жароҳатлаган эди

Швециянинг Остерсунд шаҳрида 14 август куни одамларни машинаси билан бостириб террор акти уюштиришга уринганликда гумон қилинган 32 яшар ўзбек қўлга олинди.

Бу ҳақда таҳририяти Швецияда жойлашган eltuz.com сайти маҳаллий “Афтонбладет” (Aftonbladet) нашрига таяниб хабар қилди.

Айтилишича, 32 яшар ўзбек ўзининг шахсий ширкатига расмийлаштирилган “Volvo” автомобилида кўчанинг гавжум қисмида одамларни бостиришга ҳаракат қилган.

Ekot швед радиоси бу шахснинг ўзбекистонлик эканини очиқлади. У эндиликда қотиллик режасига тайёргарликда айбланиб, полицияга топширилган.

Швед нашрлари, шунингдек, воқеа гувоҳлари шубҳали ҳаракатлар қилаётган ҳайдовчи ҳақида хабар беришгани, полиция машина бетон бордюрга бориб урилганидан кейин бу шахсни қўлга олишга муваффақ бўлгани, унинг ёнидан тергов версиясига алоқадор далиллар чиққанини ёзмоқда.

“Элтуз” нашрининг ўз манбалари орқали ўрганишича, қўлга олинган шахс Швециянинг Ямтленд вилояти Фолинг (Föllinge) шаҳрида яшовчи 1983 йил туғилган Дилшод Усмоновдир.

Швед нашрларининг мамлакат хавфсизлик хизмати (SÄPO) дан иқтибос қилиб билдиришларича, полицияда Усмоновни террор актига алоқадорлигини тасдиқловчи жиддий далиллар бор.

Бироқ ҳозирча мазкур ҳодиса юзасидан иш бошлаган швед полицияси ва хавфсизлик хизмати терговга ва гумонланувчининг шахсига оид маълумотларни очиқламаяпти.

Шу йилнинг январида швед суди “Исломий давлат” (ИШИД террор ташкилоти)ни молиялаш ва терактлар тайёрлашда айбланган олти нафар ўзбек – Акромжон Эргашев, Ғулом Тожиев , Фарҳод Тошмуҳаммедов, Шоаҳмад Маҳмудов, Бахтиёр Умаров, қирғизистонлик Отабек Абдуллаев устидан ҳукм чиқарган эди.

Уларнинг икки нафари айни Усмонов яшаётган Швециянинг Ocтерсунд шаҳридан эканини “Элтуз” нашри очиқлаганди.

Жумладан, ўзбекистонликлар Стокгольм суди қарори билан «Исломий давлат»ни молиялаш ва Европа давлатларида кенг миқёсда террор актларига тайёргарлик кўришда айбланиб, узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

Швед нашрларининг хавфсизлик хизматларидан иқтибос келтириб билдиришича, Усмоновнинг бошқа бир ўзбекистонлик террорчи Раҳмат Оқилов билан ҳам алоқалари бўлган.

2017 йилнинг 7 апрел куни Раҳмат Оқилов юк машинасида Стокгольм марказий кўчаси Дроттнинггатанда бир неча одамни босиб, теракт содир этган. Тўрт киши, жумладан, 11 яшар қизалоқ ҳалок бўлган, 15 одам жароҳатланган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG