Линклар

Шошилинч хабар
25 май 2020, Тошкент вақти: 23:49

Ўзбекистон хабарлари

Ўзбекистон Беларусдан миллионлаб долларлик юк машинаси харид қилмоқда

Минск автомобиль заводи.

Беларусь Ўзбекистонга Минск автозаводида (МАЗ) ишлаб чиқарилган юк машиналарини етказиб бериш ҳажмини оширмоқда. Бу ҳақда Беларуснинг Ўзбекистондаги элчиси Леонид Маринич “Беларусь 1” телеканалига маълум қилган.

Элчига кўра, Беларусь корхоналарида ишлаб чиқарилган техника қарийб 20 йил мобайнида Ўзбекистонга мутлақо экспорт қилинмаган. Ўтган йили Ўзбекистонга 2 миллион долларлик автомобил етказиб берилганини айтган Маринич жорий йил бошидан бери бу мамлакатга қиймати 18 миллион АҚШ доллари бўлган 180 та машина етказиб берилганини қайд этади ва буни Беларуснинг биринчилардан бўлиб юк машиналарини иқлим сертификациясидан ўтказгани билан изоҳлайди.

Элчининг таъкидлашича, Ўзбекистонда техника жазирама чидамлилик бўйича энг оғир синовларга дучор бўлади ва МАЗлар юқори сифати билан бу синовдан ўтган.

Дипломат ўтган йили Тошкентда 3 минг 300 та Беларусь трактори йиғилганини, бу йил 5 мингтагача трактор йиғиш режаланганини ҳам қўшимча қилган.

Кун янгиликлари

Ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгилаш муддати 2021 йил охиригача узайтирилди

Янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси.

Эски намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларини янги намунадаги гувоҳномага мажбурий алмаштириш муддати 2021 йил 31 декабргача узайтирилди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм-канали маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгилаш муддати ҳукуматнинг шу йил 22 майидаги қарори билан ўзгартирилган (аввалги қарорда гувоҳномаларни 2020 йил 31 декабригача алмаштириш шарт қилиб қўйилган эди).

Янги қарорга мувофиқ, эски намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари ҳамда автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномалар 2022 йил 1 январдан бошлаб ҳақиқий эмас, деб ҳисобланади (аввалги муддат 2021 йил 1 январигача эди).

Айни пайтда автомототранспорт воситасини 12 ой мобайнида бошқарганликни тасдиқловчи ҳужжатлар қаторига транспорт воситаси эгасининг яқин қариндошлари учун автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ва транспорт воситаси эгасининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полиси ҳам қўшилган.

ХТВ: Йўқолган дарсликлар учун китоб нархининг 4 баробаригача пул ундирилиши мумкин

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги мактаб ўқувчиларига ижарага берилган дарсликлар йўқолган тақдирда, қанча жарима тўланиши юзасидан изоҳ берди.

Қайд этилишича, фойдаланишга яроқсиз ҳолатга келган ёки йўқотилган дарсликлар учун тўланадиган жарима миқдори ХТВ ва бир қатор ҳамкор ташкилотларнинг 2014 йил 20 мартидаги “Умумтаълим мактабларини дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмалар билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қўшма қарори билан тасдиқланган низомнинг 51-бандида акс этган.

Мазкур бандга мувофиқ, дарслик йўқолгудек бўлса, ўқувчининг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ёхуд ҳомийлар ёки ўқитувчилар зарарни худди шундай дарслик ёки ўқув методик қўлланмалар билан қоплайди ёхуд унинг бирламчи ҳужжатларда (ҳисоб-фактурада, юк хатида) кўрсатилган қийматини қуйидаги миқдорларда тўлайди:

  • 1-синф ўқувчиларининг ҳар бир дарслик ва (ёки) ўқув методик қўлланмалари учун — унинг бир баравари миқдорида;
  • 2-4-синф ўқувчиларининг ҳар бир дарслик ва (ёки) ўқув методик қўлланмалари учун — унинг икки баравари миқдорида;
  • 5-9-синф ўқувчиларининг ҳар бир дарслик ва (ёки) ўқув методик қўлланмалари учун — унинг тўрт баравари миқдорида.

Ўзбекистонда 15 март куни коронавирусни юқтириб олган илк бемор аниқланиши ортидан расмийлар барча давлат ва нодавлат таълим муассасалари - мактаблар, олий ўқув юртлари ва боғчалар (16 мартдан) баҳорги таътилга чиқариш ҳақида қарор қабул қилган. Икки ҳафталик таътилдан сўнг (30 мартдан бошлаб) ўқувчилар мактабга қайтмай, масофавий таълим асосида уйдан туриб ўқий бошланганлар.

Ҳукумат ҳар бир вилоятда Ёшлар технопарклари ташкил этишга оид қарор қабул қилди

Президент Ш.Мирзиёев Андижондаги Digital City технопаркига ташрифи чоғида, 2020 йил 21 майи.

Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида босқичма-босқич Ёшлар технопарклари ташкил этилади. Бу ҳақда ҳукуматнинг 22 май куни қабул қилинмиш “Республика ҳудудларида Ёшлар технопаркларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида қайд этилган.

Билдирилишича, технопарклар Инновацион ривожланиш вазирлиги муассислигидаги ҳамда масъулияти чекланган жамият шаклидаги юридик шахс ҳисобланади.

Технопарклар фаолияти вазирлик ҳузуридаги Ёшлар академияси томонидан мувофиқлаштирилади.

Технопаркларнинг бино ва иншоотларини қуриш, қайта таъмирлаш ва уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш харажатлари Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан амалга оширилиши кўзда тутилган.

Қарор билан 2020-2023 йилларда республика ҳудудларида Ёшлар технопаркларини босқичма-босқич ташкил этиш режа-жадвали тасдиқланган.

Аввалроқ Озодлик Ўзбекистон президенти Ш. Мирзиёев Андижон вилоятига сафари чоғида у ерда очилган Digital City технопаркига ташриф буюргани ҳақида хабар қилган эди.

“Ўзмиллийбанк”нинг "Чорсу" бозоридаги биноси кимошдига қўйилди

"Ўзмиллийбанк" биноси.

“Ўзмиллийбанк” АЖнинг Эски Жўва бозоридаги биноси кимошди савдосига қўйилди. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги маълумот тарқатди.

Электрон онлайн аукционларни ташкил этиш маркази маълумотига кўра, лот рақами 0208485 бўлган икки қаватли бинода 73 та хона мавжуд. Бино қайси йилда қурилгани маълум эмас.

Умумий майдони 0,2455 гектар, фойдали майдони 4249,85 квадрат метр бўлган мулкнинг бошланғич нархи 22 млрд 528 млн 151 минг сўм қилиб белгиланган.

Кимошдида қатнашиш учун аризалар 22 июнгача қабул қилинади, савдонинг ўзи эса 24 июнь куни ўтказилади.

Марказий банк доллар ва еврони қимматлатди

Ўзбекистон Марказий банки жорий йил 26 майидан валюталарнинг сўмга нисбатан янги қийматини белгилади.

МБ маълумотига кўра, сешанбадан АҚШ долларининг расмий курси ўтган ҳафтага нисбатан 9 сўм 74 тийинга қимматлаб, 10 минг 139 сўм 30 тийинни ташкил этади (ўтган ҳафта 10 минг 129 сўм 56 тийин бўлган).

Евронинг расмий курси эса олдинги курсга нисбатан 96 сўм 72 тийинга кўтарилиб, 11 минг 51 сўм 84 тийинга тенг бўлади (ўтган ҳафта 10 минг 955 сўм 12 тийин эди).

Валюта қийматини белгилаш чоғида Марказий банк мазкур валюталарни ушбу қийматда сотиш ёки сотиб олиш мажбуриятини зиммасига олмаган.

Паркентга кириш-чиқиш учун чеклов жорий қилинди

Паркент кўчаларидан бири (архив сурати).

Коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши чора сифатида Паркент туманига кириш ва чиқиш чекланди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги ўз Телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.

Вилоят ҳокимлиги иддаосига кўра, ҳозирда туман ҳудудини хавфли инфекциядан батамом тозалашда туман ҳокимлиги, СЭОМ, ИИБ, ҳарбийлар ва бошқа мутасадди ташкилотлар томонидан муҳим ишлар амалга оширилмоқда.

Бундай шароитда карантин қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда фаолиятни давом эттириш ўта муҳимлиги урғуланган хабарномада туман марказига олиб кирадиган кўчаларда ортиқча автомобиль ҳаракатини чеклаш ва аҳолини мақсадсиз кўчага чиқишининг олди олинаётгани билдирилган.

Ўзбекистонга келган украиналиклардан ҳам коронавирус аниқланди

Ҳозирда касалхоналарда 602 нафар бемор даволанмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 25 май соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони расман 3180 кишига етганини билдирди. Бу 24 май соат 23:00даги ҳолатдан 16 кишига кўпдир.

“Янги касалланиш ҳолатларининг 4 нафари Қорақалпоғистон Республикасида аниқланиб, улардан 3 нафари хориждан келган халқаро юк ташувчи автомобил ҳайдовчилари (улардан 2 нафари украиналик), 1 нафари чегара божхона пости ходими. 5 нафари эса Самарқанд вилоятида аниқланган. Уларнинг 4 нафари касалликка чалинганлар билан мулоқотда бўлиб юқтирган. 1 нафари эса аҳоли орасидан аниқланган. Ҳозирда эпидемиологик суруштирув ишлари олиб борилмоқда. Яна 1 нафар Тошкент вилоятида чегара божхона пости ходимида аниқланган. Қолган 6 нафари Карантин марказидаги фуқаролар орасида қайд этилди”, дейилади вазирлик баёнотида.

Хабарда таъкидланишича,беморларнинг 2565 нафари бутунлай соғайган. Ҳозирда касалхоналарда 602 нафар бемор даволанмоқда. Улардан 3 нафарининг аҳволи оғир. 13 бемор вафот этди.

МТРК раиси "Ўзбекистон 24" каналини танқид қилган журналистларни танқид қилди (ВИДЕО)

Ўзбекистон Милиий телерадиокомпанияси (МТРК) раиси Алишер Хўжаев.

Ўзбекистон Милиий телерадиокомпанияси (МТРК) раиси Алишер Хўжаев “Ўзбекистон 24” телеканали кўрсатувларини танқид қилган журналистларни танқид қилди. Бу ҳақда 24 май куни “Газета уз” хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, Sport телеканали муҳаррири Бобур Акмалов ва бош режиссёри Жамолиддин Бобожонов Oriat Dono радиосининг Futbol+ эшиттиришида “Ўзбекистон 24” телеканалида Сардоба сув омборининг ўпирилиши билан боғлиқ вазиятни ёритганини танқид остига олган. Ҳар душанба куни эфирга узатиладиган Futbol+ эшиттириши бошловчиларидан яна бири Ҳайрулла Ҳамидовдир.

“Газета уз”га кўра, ижтимоий тармоқларда 18 май куни мазкур эшиттириш чоғида Жамолиддин Бобожонов ва Бобур Акмалов “Ўзбекистон 24” телеканалини танқид қилгани видеоси тарқалган.

Видеода Жамолиддин Бобожонов “Бизда қоғозда ва “Ўзбекистон 24” каналида ҳамма нарса зўр. Аммо ҳаёт бутунлай бошқа нарсани кўрсатяпти. Мен сардобаликлар сув тошқинидан хурсанд бўляпти, деб ўйлаб қолдим. Улар фалокатдан хурсанд бўлишяпти”, деб айтган. Бунга жавобан Бобур Акмалов: “”Ўзбекистон 24” қандайдир Сусамбил давлатида ташкил этилганми?” тариқасида жавоб берган.

“Газета уз”нинг ёзишича, МТРК раиси Алишер Хўжаев ўзининг Facebook саҳифасида журналистларни бу гаплари учун танқид қилган. Аммо кейинроқ у Facebook саҳифасидаги мазкур постни ўчириб ташлаган.

Хабарда айтилишича, Алишер Хўжаев МТРК таркибида ишлаб келаётган Бобур Акмалов ва Жамолиддин Бобожоновни корпоратив этикага риоя қилмаганликда, мутлақо асоссиз ва ҳақиқатдан узоқ фикрларни айтганликда айблаган. Алишер Хўжаев ўз постида номи тилга олинган журналистлар ўз аризасига асосан ишдан бўшаши ёки бўшамаслиги “уларнинг виждонига ҳавола” эканини таъкидлаган.

Хабарда таъкидланишича, Futbol+ эшиттиришининг 18 май, 11 май, 4 май ва 27 апрелдаги эшиттиришлари Oriat Dono радиосининг YouTube саҳифасидан ўчириб ташланган.

ОАВ: Шаҳрисабзда Улуғбек қурдирган 600 йиллик масжид гумбазининг бир қисми ўпирилиб тушди

Аввалроқ Бухородаги уч асрлик масжид новвойхонага айлантирилгани хабар қилинган эди.

Бундан 600 йил аввал Мирзо Улуғбек томонидан Амир Темур шарафига қурилган Кўк гумбаз масжидининг гумбаз атрофидаги деворининг бир қисми ўпирилиб тушди. Бу ҳақда “Дарё” нашри 24 май куни ўз манбасига таянган ҳолда хабар берди.

“Маълум қилинишича, мазкур воқеага икки-уч кун бўлган. Аммо масъуллар ҳалигача бунга эътибор қаратмаган”, дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, “Дор ут-тиловат” мажмуаси таркибидаги Кўк гумбаз масжиди 2016 йилда реставрация қилинган.

Мазкур масжид Мирзо Улуғбек томонидан 1434—1435 йилларда қурилгани айтилади.

“Масжид гумбази икки қават бўлиб, диаметрининг катталиги жиҳатидан Ўрта Осиёда биринчи ўринда туради. Пештоқининг олд томонида ҳам геометрик сержило безаклар кўп ишлатилган ва уларда ‘Аллоҳ’, ‘Муҳаммад’ ва ‘мулк Аллоҳникидир’ каби сўзлар битилган”, деб иқтибос келтиради “Дарё” нашри ўз манбаси сўзларидан.

Озодлик радиоси ҳам Ўзбекистондаги қатор тарихий обидаларга ҳукумат ва масъул ташкилотлар томонидан эътиборсиз муносабатда бўлинаётгани тўғрисида қатор мақолаларни чоп этган.

Жумладан, 22 май куни Бухоро вилояти Бухоро тумани “Хонобод” МФЙ ҳудудида 1717 йил масжид ва хонақо учун қурилган бино новвойхонага айлантирилгани ҳақида хабар берилганди.

Озодлик 2017 йилда Фарғона вилояти Данғара туманидаги "Кичик бойбуча" қишлоғида жойлашган икки асрлик масжиднинг мебель ишлаб чиқариш цехига айлантирилгани ҳақида ëзган эди.

Бош санитар врач қатъий карантин чоралари қайта жорий этилиши мумкинлигини айтди

Ўзбекистонда кунига камида 30 киши коронавирусга чалинмоқда.

Ўзбекистонда коронавирусдан касалланиш кўрсаткичи пасаймаса, қатъий карантин чоралари яна қайта тикланади. Бу ҳақда “Кун уз”га 24 май куни интервью берган Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари – вазирлик ҳузуридаги санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳодир Юсупалиев маълум қилди.

Унга кўра, Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш бўйича кунига 30-40та, айрим ҳолатларда 60та ҳолат тасдиқланмоқда. Баҳодир Юсупалиев бу вазиятда аҳоли карантин талаблари ва санитария қоидаларига риоя қилмаса, вазият мураккаблашиб кетиши мумкинлигини таъкидлади.

“Президент томонидан сўнгги йиғилишда айнан шу масалаларда топшириқ ҳам берилди. Бу бўйича биз талаб ишлаб чиқдик. Махсус комиссияга киритяпмиз. Aгар касалланиш ҳолатлари шу тарзда давом этса, албатта, қатъий карантин чоралари қайтарилади”, деб билдирди Баҳодир Юсупалиев.

Мирзиёев Ўзбекистон халқини Ҳайит билан табриклади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Рамазон ҳайити муносабати билан табригида ўз халқи бошига тушган коронавирус пандемияси, табиий офатлар билан боғлиқ қийинчиликлар ўтиб кетишини урғулади.

Лекин, президент Мирзиёев ўз табригида Сардоба сув тошқинини алоҳида тилга олмади.

​"Табиий офатлар туфайли уй-жойидан айрилган, лекин давлатимиз ва эл-юртимизнинг катта ёрдами ва кўмаги билан ўз ҳаётини янгитдан йўлга қўйиб олаётган минглаб ватандошларимиз қалбдан ҳис этмоқдалар", - дейилади президент табригида.

Ўзбекистон Бош прокуратураси Сардоба сув омборидаги тошқин билан боғлиқ тўртта тахминни тилга олган. Шулардан бири табиий офат билан боғлиқ тахминдир.

Бош прокуратура Сардоба сув омбори билан боғлиқ жиноят иши бўйича икки киши гумонланувчи сифатида қамоққа олинганини билдирган.

Озодлик Сардоба сув омборида 1 май куни юзага чиққан техноген фалокат юзасидан жиноят иши терговини олиб бораëтган Давлат хавфсизлик хизмати 19 май куни “Сардоба” сув омбори объектларидан фойдаланиш ва ривожлантириш дирекцияси бошлиғи Фахриддин Данабоевни ҳибсга олгани ҳақда хабар берган эди.

Қамоққа олинган иккинчи шахснинг кимлиги номаълум.

Томорқасида кўкнори етиштираётган 80 ёшли отахон қамоққа олинди

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасининг хабар беришича, Шофиркон туманида кўп миқдорда кўкнор ва каннабис гиёҳванд моддасини етиштириб, сотишни мақсад қилган 80 ёшли отахонга жиноят иши қўзғатилган.

"Қалмақон" маҳалласида яшовчи Р.Р.нинг яшаш уйи кўздан кечирилганда уч сотих ерга 2524 туп кўкнор, 4 туп каннабис гиёҳванд ўсимлиги экилиб, парваришланаётгани аниқланган.

Отахон ўсимликлардан 19 килограмм ҳосил олиб, сотишни мақсад қилганлигини таъкидлаган.

Бундан олдин Самарқанднинг Жомбой тумани Ғоровтепа қишлоғида яшовчи 96 ёшли Ғ.Т. кўкнор етиштиришда айбланиб қамоққа олинганди.

Самарқанд ИИБсининг 19 майда хабар беришича, чолнинг яшаш уйи ҳовлисидаги томорқаси холислар иштирокида кўздан кечирилган ва томорқада экилган жами 122 туп яшил рангли, ўткир ҳидли, «кўкнор» гиёҳвандлик ўсимлигини етиштириб келаётганлиги аниқланди. Ушбу 122 туп ўсимлик холислар иштирокида ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинган.

Ўзбекистон ҳукумати цемент импортига бир ой аввал жорий этган тақиқни бекор қилди

“Пойтуғ цемент савдо” МЧЖ

Ўзбекистон ҳукумати цемент импортига тақиқни бекор қилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 22 май куни қабул қилган қарорида мамлакатдаги қурилиш ишларини тақчил қурилиш материаллари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида цементга импорт чеклови олингани айтилади.

Цемент импортига тақиқни бекор қилиш ҳақидаги ҳукумат қарори
Цемент импортига тақиқни бекор қилиш ҳақидаги ҳукумат қарори

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 апрелдаги қарорига мувофиқ Ўзбекистонга цемент импорти вақтинча тўхтатилган эди.

Бунинг оқибатида цемент нархи йигирма фоизга ошганди.

Ўзбекистондаги барча цемент ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг умумий салоҳияти йилига 16.7 млн тонна маҳсулот етказиб беришга етади.

Лекин, ўтган йили мамлакатда 10 миллион тоннага яқин цемент ишлаб чиқарилган.

Ўзбекистонда цемент ишлаб чиқарувчи 5та йирик цемент заводи бор.

Қишда газ йўқлиги сабаб бу йил ҳам Ўзбекистонда бир қанча цемент заводлари бир муддат ишини тўхтатган эди.

Санкт-Петербургдан чартерда Ўзбекистонга келтирилганлардан 38 нафарида коронавирус аниқланди

Ўзбекистонда яна 42 кишида коронавирус аниқланган. Уларнинг 38 нафари Санкт-Петербургдан чартер рейс билан келганлардир.

Бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 23 май куни маълум қилди.

Вазирликка кўра, 23 май соат 10:00 ҳолатига кўра коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 3078 нафарни ташкил қилмоқда.

Янги касалланиш ҳолатларининг барчаси чет элдан келган фуқароларда аниқланган, — дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборотида.

"Жумладан, 38 нафар Санкт-Петербургдан чартер рейс билан, 2 нафар Тожикистондан келган ва карантин марказига жойлаштирилган фуқароларда ҳамда 2 нафар Қозоғистон орқали кириб келган халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиларида инфекция қайд этилган", деб билдирди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Ўзбекистонда даволанаётганлар сони 573 нафар бемор, улардан 4 нафарининг аҳволи оғирлиги айтилади.

Вафот этганлар сони 13 киши.

Бош прокуратура Сардоба фожиаси бўйича икки шахс қамоққа олинганини расман тасдиқлади

Ўзбекистон Бош прокуратураси Сирдарё вилоятидаги “Сардоба” сув омбори билан боғлиқ жиноят иши юзасидан олиб борилаётган тергов ҳаракатлари доирасида 2 нафар шахс қамоққа олинганини тасдиқлади.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов бу ҳақда 22 май куни Инстаграм саҳифасида маъулум қилди.

Баёнотда қамоққа олинган шахслар кимлар экани айтилмаган.

"Гумонланувчи тариқасида ишга жалб қилиниб, уларга нисбатан "қамоққа олиш" эҳтиёт чораси қўлланилди.

Иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида бошқа тафсилотлар ошкор қилинмайди", дея баёнот берди Шамсутдинов.

Бир кун аввал Озодлик Сардоба сув омборида 1 май куни юзага чиққан техноген фалокат юзасидан жиноят иши терговини олиб бораëтган Давлат хавфсизлик хизмати 19 май куни “Сардоба” сув омбори объектларидан фойдаланиш ва ривожлантириш дирекцияси бошлиғи Фахриддин Данабоевни ҳибсга олгани ҳақда хабар берган эди.

Қамоққа олинган иккинчи шахснинг кимлиги номаълум.




Мирзиёев Андижонда қурилаётган кўп қаватли уйлар сифатини танқид қилди

Ш.Мирзиёев Андижон вилоятининг Хўжобод туманидаги кўп қаватли уйлар қурилаётган майдонда, 2020 йил 22 майи.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 22 май куни Андижон вилояти Хўжаобод туманида қурилаётган кўп қаватли уйларни бориб кўрди ва қурилиш ишларидаги камчиликларни кўрсатиб ўтди.

Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, Ш. Мирзиёев бундай жойларда уйлар бунёд этиш Ўзбекистонда янги тажриба эканини, уларни халқаро стандартлар асосида пишиқ, сифатли қуриш зарурлигини таъкидлаган.

Хўжаобод туманининг Иттифоқ массивида 35 та уй қурилмоқда. Улар Андижон шаҳри, Андижон, Хўжаобод, Булоқбоши ва Жалақудуқ туманларидаги уй-жойга муҳтож оилаларга берилиши кўзда тутилган.

Президент лойиҳани такомиллаштириш, аҳолига қулай транспорт йўналишлари ташкил этиш бўйича ҳам кўрсатмалар берган.

Шу куни Ш. Мирзиёев Андижон вилоятига сафарини якунлаб, Тошкентга қайтган.

Мактабларда ўқитувчилар юритадиган ҳужжатлар сони қисқаради

Ўзбекистонлик ўқитувчилар.

Ўзбекистонда умумтаълим мактабларининг ўқитувчилари томонидан юритиладиган ҳужжатлар сонини 3 тадан (синф журнали, йиллик тақвим-мавзуий режa, кундалик дарс ишланмалари (конспект) дафтари) 1 тагача (синф журнали (босма ёки электрон) қисқартириш кўзда тутилмоқда.

Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, бу ўзгартишлар ўқитувчиларнинг педагогик юкламасини оптималлаштириш, уларни асосий юкламадан ташқари бошқа ҳисобот ва ортиқча қоғозбозликдан озод қилиш ҳамда дарс ўтиш сифати ва мазмунига кўпроқ вақт ажратиши учун шароит яратади.

“Online maktab” лойиҳасини муваффақиятли давом эттириш, бундан барча мактабларда фанлар бўйича тақвим мавзуий режаларни бир хилликка келтириш мақсадида, эндиликда тақвим мавзуий режалар Республика таълим маркази томонидан ишлаб чиқилиб, тасдиқланади ва ўқув йили олдидан вазирликнинг расмий веб-сайтларига жойлаштирилади”, дейилади ХТВ хабарномасида.

Юқорида таъкидланган Давлат дастурига мувофиқ ишлаб чиқилаётган умумий ўрта таълимнинг “Миллий ўқув дастури” доирасида барча фанлардан “Ўқитувчи китоби”ни яратиш ва жорий этилиши орқали мактаб ўқитувчилари томонидан кунлик дарс ишланмаси (конспект) ёзиш талаби босқичма-босқич бекор қилиниши режалаштирилган.

Эндиликда яратилган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда ўқитувчилардан ўз устида кўпроқ ишлаш, мавжуд таълим ресурсларини, жумладан электрон ресурсларни тўлиқ ўзлаштириш ва дарс жараёнида кенг қўллаш талаб этилади.

Коронавирусга қарши кураш доирасида АҚШ Ўзбекистонга яна 3 миллион доллар ажратади

COVID-19 пандемиясига қарши кураш бўйича комплекс чора-тадбирлар доирасида АҚШ ҳукумати Тараққиёт агентлиги (USAID) орқали Ўзбекистонга қўшимча 3 миллион доллар ажратади.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълумотига кўра, шу билан АҚШ ҳукуматининг Ўзбекистонда коронавирусга қарши саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашда кўрсатган бевосита ёрдами 5,92 миллион долларга етади. бунинг тахминан 3,8 миллиони эса USAID ҳиссасига тўғри келади.

Қайд этилишича, USAID ушбу қўшимча маблағни коронавирусга қарши кураш ва уни назорат қилишда лабораториялар ҳамда соғлиқни сақлаш ходимлари имкониятини кенгайтиришни давом эттиришга сарфлайди.

USAIDнинг Ўзбекистондаги дастурлари кенг кўламли тест ўтказиш учун лаборатория тизимларини тайёрлаш ҳамда вирус юқтириб олган беморларга оид ҳолатни яхшилашга ҳам ёрдам беряпти.

“Бундан ташқари, USAID дастурлари коронавирус тарқалишини тўхтатишга кўмаклашиш ва дезинформация ёйилишининг олдини олиш мақсадида аҳолининг заиф қатламларига аниқ ва тўғри маълумот етказиш орқали маҳаллий жамоалар билан муносабатларда ҳамкорлик қилмоқда”, дейилади элчихона хабарномасида.

Туркия Ўзбекистонга ўзи ишлаб чиқарган ўпка сунъий вентиляцияси аппаратидан 50 тасини тақдим қилди

Коронавирус тарқалиши ортидан дунё бўйлаб ўпка сунъий вентиляцияси аппаратига эҳтиёж кучайиб кетган.

Туркия томонидан тақдим этилган инсонпарварлик юки ортилган "Uzbekistan Airways" авиакомпаниясига қарашли учоқ 22 май куни Тошкентга етиб келди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар қилади.

Қайд этилишича, ёрдам юки Туркияда ишлаб чиқарилган 50 та ўпка сунъий вентиляцияси аппаратидан иборат. Мазкур аппарат, Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Халқаро алоқалар бош бошқармаси раҳбари Селами Қиличга кўра, Arçelik, Aselsan, Baykar Makine ва Biosys каби йирик ширкатларнинг 120 нафар етакчи муҳандиси томонидан яратилган. Мулозим бу каби аппаратларга Туркиянинг ўзида ҳам талаб юқори эканига қарамасдан Анқара қардош Ўзбекистонга зарур тиббий ускуналарни тақдим этишга қарор қилганини урғулаган.

Тиббий ускуналар Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига Covid-19 коронавирусига қарши курашишда фойдаланиш учун топширилади.

Ўзбекистон Қирғизистонга яна ёрдам юки йўллади

Ўзбекистон Қирғизистонга апрель ойи бошида ҳам гуманитар жўнатган эди.

Ўш шаҳрида 20 май куни коронавирусга қарши курашда кўмак учун Ўзбекистондан Қирғизистонга йўлланган инсонпарварлик ёрдами иккинчи партиясини топшириш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълум қилади.

Ёрдам юки орасида тиббий кроватлар (440 дона), электрон пирометрлар (1000 дона), ҳимоя комбинезонлари (2500 дона), тиббий қўлқоплар (150 мингта) ҳамда тиббий ниқоблар (150 минг дона) бор. Ёрдам юкининг умумий қиймати 248 минг долларга тенг бўлган.

Ўзбекистон апрель ойи бошида Қирғизистонга озиқ-овқат маҳсулотлари ва тиббий воситаларни ўз ичига олган гуманитар ёрдамнинг биринчи партиясини йўллаганди.

Андижонда йилига 2 минг киши ўқиши мумкин бўлган технопарк очилди

Президент Ш. Мирзиёевнинг Андижондаги технопаркка ташрифи, 2020 йил 21 майи.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 21 май куни Андижонга ташрифи доирасида Digital City технопарки билан танишди.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, 5,6 гектар майдонда яқинда қуриб битказилган ушбу мажмуа ахборот технологиялари ва инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, дастурий маҳсулотлар экспортини йўлга қўйишга қаратилган.

Технопаркда коворкинг маркази, дата-центр, конференц-зал, кутубхона, инновацион лаборатория ва ўқув хоналари, бизнес инкубатор, медиа марказ, киберспорт хонаси ташкил этилган.

Қайд этилишича, туманларда ахборот технологиялари бўйича бошланғич ўқув курслари бўлади. Улардан танлаб олинган ёшлар Digital Cityда интенсив равишда инглиз тилига ўқитилиб, IT хизматлар кўрсатишга тайёрланади. Технопаркдаги 76 нафар тингловчига мўлжалланган залда йил мобайнида 2 мингдан ортиқ кишини ўқитиш мумкин.

Мирзиёев технопаркка ташриф чоғида мажмуада ётоқхона ва ошхона ташкил этиб, шароитларни янада яхшилаш, бундай технопаркларни Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам очиш бўйича кўрсатмалар берган.

Коронавирусга чалинганлар сони уч мингдан ошди. Бир кунда 39 бемор аниқланди

Ҳозирда касалхоналарда 586 нафар бемор даволанмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 22 май соат 10:00 ҳолатига кўра, яна 39 киши коронавирусга чалингани аниқланди. Бу билан Ўзбекистонда коронавирус юқтирганлар сони камида 3006 кишига етди.

“Аниқланган янги касалланиш ҳолатларининг 5 нафари олдиндан карантинда бўлган фуқаролар, 6 нафари хориждан келган шахслар (барчаси халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиси), 28 нафари эса аҳоли орасидан қайд этилди. Аҳоли орасидан аниқланган ҳолатларнинг 13 нафари Самарқанд, 15 нафари эса Навоий вилоятларига тўғри келади. Ҳозирда ушбу беморлар билан мулоқотда бўлган барча фуқаролар белгиланган тартибда қатъий карантинга олинган”, дейилади хабарда.

Айни пайтда коронавирусга чалинган 2407 нафар бемор бутунлай соғайди. Ҳозирда касалхоналарда 586 нафар бемор даволанмоқда. Улардан 4 нафарининг аҳволи оғир. 13 бемор вафот этган.

Болалар Омбудсмани ақли заиф ўсмирни калтаклаганларга енгил жазо берилганидан норози бўлди (ВИДЕО)

Тенгдошини калтаклаган ўсмирларга нисбатан суд қарори ўқилмоқда. Бош прокуратура жамоатчиликка тақдим этган фотосурат.

Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Алия Юнусова ақли заиф экани айтилган болани калтаклаганларга ва калтаклаш видеосини ижтимоий тармоқларда тарқатганларга нисбатан суд томонидан енгил жазо белгиланганига норозлик билдирди.

“Бундай ҳолатларда аслида жазо инсоннинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаганлиги учун белгиланиши керак. Бу вазиятда эса қонунбузарлик қилган ўсмирларнинг асосий қилмиши бир четда қолиб, улар “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодекснинг 54-моддаси (эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш) учун ва 183-моддаси (майда безорилик) билан жазоланган. Бошқача айтганда, қўпол қилмиш карантин билан хаспўшланган. Ваҳоланки, бунга йўл қўйиш мумкин эмас. Қилмиш учун етарли жазо берилмаслиги ушбу ҳолатларнинг кўпайишига олиб келади”, деган Алия Юнусова ЎзАга берган интервьюсида.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда икки ўсмир Тошкентда ақли заиф болани уриб, ҳақорат қилаётгани акс этган видео тарқалиб кетган эди.

(Диққат!!! Видеода зўравонлик саҳналари мавжуд!)

Мазкур воқеа қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлгани ортидан, Бош прокуратура ўсмирлар топилгани ва жазолангани тўғрисида хабар берган.

Бош прокуратурага кўра, мазкур воқеа 2020 йил 25 март куни юз берган. Хабарда айтилишича, ақли заиф экани айтилаётган ўсмирни калтаклаганлар Тошкент шаҳридаги 54-мактаб ўқувчиси, 2002 йилда туғилган Д.Х. ва унинг мактабдоши, 2003 йилда туғилган О.И., экани аниқланган.

23 апрель куни Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман маъмурий судида ўсмирларга нисбатан иш кўриб чиқилган ва жазо белгиланган.

Сардоба тошқинида эвакуация қилинганлардан 23 мингга яқини ҳали уйларига қайтарилгани йўқ

Сардоба тошқини оқибатларини бартараф этиш ишларига ҳарбийлар ҳам жалб этилган.

Сардоба сув омбори ўпирилиши ортидан юзага келган тошқин сабаб Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларидан хавфсиз ҳудудга кўчирилган 89 минг 450 кишидан. 22 минг 870 нафари ҳалигача эвакуация қилинган ҳудудда қолмоқда. Эвакуация қилинганларнинг 74,4 фоизи, яъни 66 минг 580 нафари ўз уйларига қайтган.

Бу ҳақда 21 май куни ўтган брифингда Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов маълум қилди.

Унга кўра, Сирдарё вилоятида олиб борилган қидирув ишлари натижасида 5 160 бош тирик ва 5 940 бош нобуд бўлган катта ва кичик шохли чорва топилди.

Тирик қолган чорва молларининг 5 154 таси таниб олиш далолатномаси ва тилхатлар асосида ўз эгаларига қайтарилди.

Бундан ташқари 3 448 нафар фуқаронинг фуқаролик паспортлари йўқлиги аниқланган. Шундан 1116 нафар фуқаронинг паспортлари топилиб, ўз эгаларига қайтарилган. 1349 нафар фуқарога янги биометрик паспортлар расмийлаштирилган, 983 нафар шахсга фуқаролик паспортлари расмийлаштирилиш жараёнида.

Ўзбекистон Уламолар кенгаши ҳайит намози ўқилмаслиги тўғрисида фатво берди

Ўзбекистондаги масжидлардан бири.

Жорий йилда Рамазон ҳайити намозини ўқиш мусулмонлар зиммасидан соқит бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши 22 май куни эълон қилган баёнотида маълум қилди.

Баёнотда айтилишича, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши фатвоси асосида масжидларда карантин даврида вақтинча жамоат намозлари тўхтатилганини инобатга олган ҳолда Рамазон ҳайити (Ийдул фитр) намозини ўқиш ҳам мўмин-мусулмонларнинг зиммасидан соқит бўлади.

“Юртдошларимизга ҳайит куни қуёш терак бўйи кўтарилгандан кейин ўз хонадонларида тўрт ракатли нафл намози ўқишлари тавсия этилади”, дейилади баёнотда.

Айни пайтда ҳайит арафаси ва байрам кунларида кесаларнинг ҳамда беморларнинг ҳолидан хабар олиш, миллий урф-одатлар билан боғлиқ анъаналар карантин талабларидан келиб чиқиб, амалга оширилиши белгиланган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 21 май куни “Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорни имзолаганди. Қарорга асосан Рамазон ҳайити 24 май куни нишонланади.

Аввалроқ Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида ҳам Рамазон ҳайити 24 майга белгилангани хабар қилинганди.

Бир неча кун олдин Тожикистон ва Қирғизистон уламолар кенгаши ҳам жорий йилда Рамазон ҳайити намозини ўқиш мусулмонлар зиммасидан соқит бўлганини билдирган.

Саудия Арабистони муфтийси эса ҳайит намозини уйда адо этишга фатво берган.

Давомини ўқинг

OzodTa'sir

XS
SM
MD
LG